Бухгалтерлар учун батафсил тушунтиришлар:
Хитой бўйлаб саёҳат қилар экан, солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА маҳаллий ҚҚС тизимини ичидан ўрганди: QR-кодли касса чекларидан тортиб, экспортда солиқни қайтаришнинг нозик жиҳатларигача.
Buxgalter.uz илтимосига биноан у 2026 йилдан бошлаб ХХРнинг янгиланган солиқ тизими қандай ишлаши ва унинг Ўзбекистон амалиёти билан ўхшашликлари ҳақида ўз фикри билан ўртоқлашди:
Янги материалларни Телеграм-каналимизда кузатиб бориш қулай.
– Хитойда барча жараёнларни шахсий веб-платформалар ва мобиль иловалар орқали рақамлаштириш фаол жорий этилмоқда, электрон чеклар ҳаёт меъёрига айланиб бормоқда. Бунда Хитойдаги харидларни уларнинг миллий иловалари (WeChat / Alipay) орқали амалга ошириш керак.
Қоғоз шаклидаги касса чекларидан ҳам кундалик ҳаётда фойдаланилади, улар супермаркет ва ресторанлардаги касса аппаратларининг термолентасида чоп этилади. Чекларда QR-код, позициялар номи, якуний сумма, ҚҚС ва сана кўрсатилади.
Фапьяо (Fapiao) – бу расмий солиқ ҳисобварақ-фактураси бўлиб, у қатъий юридик ва солиқ кучига эга.
2026 йил 1 январдан бошлаб вақтинчалик низом ўрнига ХХРнинг Қўшилган қиймат солиғи тўғрисидаги расмий Қонуни кучга кирди. Ўзгартиришлар солиқ маъмуриятчилиги ва жараёнларни рақамлаштиришга тааллуқли бўлди.
Мамлакат қонунчилигига кўра, товарлар ва хизматлар сотувчилари сотув вақтида ҳисобварақ-фактура тақдим этишлари ёки ҚҚС алоҳида сатрда кўрсатилган чек беришлари шарт.
ҚҚСнинг асосий ставкалари
Хитойда қўшилган қиймат солиғининг қуйидаги ставкалари амал қилади:
- 13% – аксарият саноат товарлари, мураккаб хизматлар учун, шунингдек, импорт қилиш чоғида қўлланиладиган стандарт ставка;
- 9% – ставка қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ғалла, ўсимлик ёғлари, сув, газ, ўғитлар, китоблар ва транспорт хизматларига нисбатан қўлланилади;
- 6% – ставка замонавий хизматларга (масалан, молиявий, ахборот, технологик) ва номоддий активларга татбиқ этилади;
- 3% – ставка соддалаштирилган тизимдаги компаниялар учун белгиланган;
- 0% – ставка экспорт қилинадиган товарлар учун амал қилади.
Бундан ташқари, барча корхоналар иккита солиқ мақомига бўлинган: кичик айланмага эга корхоналар ва одатий солиқ тўловчилар.
Ушбу мақомларга мувофиқ, бундай савдо корхоналари ҚҚСнинг муайян ставкалари билан ҳисобварақ-фактуралар ёзиб берадилар:
- кичик айланмага эга корхоналар – 3% ставка билан;
- корхоналар – одатий солиқ тўловчилар – 13% ставка билан.
Бюджетдан ҚҚСни қайтариш
Биздаги каби, уларда ҳам Хитойдан товарларни экспорт қилишда ҚҚСни қайтариш тизими ишлайди. Экспорт қилувчи – Хитой компанияси, агар товарларни ички бозордан сотиб олган ёки ишлаб чиқарган бўлса ва кейинчалик, олиб чиқишда Хитойда экспорт божхона декларациясини расмийлаштирган бўлса, ҚҚСни қайтариб олади.
Бунда Хитойда ҚҚСни қайтаришнинг умумий муддати тахминан 3 ойни ташкил этади.
Агар экспорт қилувчи товарни импорт қилган ва олиб киришда ҚҚС тўлаган бўлса, кейин эса ушбу товарни экспорт қилса, у ҚҚСни қайтариб ололмайди.
Қайтаришга фақат солиқ органларида рўйхатдан ўтган ва умумий солиқ тўловчи мақомига эга бўлган Хитой экспорт қилувчи компаниялари даъвогарлик қилиши мумкин. Бунда улар экспорт ва импорт учун лицензияга эга бўлиши ҳамда ҳисобварақ-фактураларни (фапяо) тўғри расмийлаштириши керак.
ҚҚСни қайтариш учун махсус белгиланган ставкалар қўлланилади.
ҚҚСни қайтариш ставкалари солиқ мақомларига эмас, балки товарнинг божхона кодларига боғланган.
Турли тоифадаги товарлар учун ҚҚСни қайтаришнинг турли ставкалари мавжуд. Экспорт ҚҚСни қайтариш ставкаси товар сотиб олинган «кирувчи» ставка билан ҳар доим ҳам мос келавермайди. Хом ашё, материаллар ёки экологик жиҳатдан сезгир товарларнинг айрим тоифалари бўйича давлат пасайтирилган қайтариш ставкаларини белгилайди ёки уларни бутунлай бекор қилади.
Ўзбекистондаги каби, солиқ органлари ариза топширилгандан кейин бир нeча кун ўтгач, олдиндан огоҳлантирмасдан жойига чиққан ҳолда текширувлар ўтказади. Текширувларда компания фаолиятининг ҳақиқатда амалга оширилаётганлиги расмий аломатлар бўйича аниқланади – компаниянинг рўйхатдан ўтган манзилида пешлавҳа мавжудлиги, ходимлар, офис мебели ва ташкилий техника борлиги текширилади. Ҳужжатлардан офис ижараси шартномаси ва офис ижараси бўйича ҳисобварақ-фактуралар ўрганилади. Шунингдек, ҚҚСни қайтариш режалаштирилган битим бўйича ҳужжатлар таҳлил қилинади.
Офисни жойига чиқиб кўздан кечириш якунлангач, солиқ органлари 30–90 кун ичида тақдим этилган ҳужжатлар бўйича кирувчи ҳисобварақ-фактураларни солиштириш ва верификация қилишни амалга оширади.
Бунда товарни экспортга сотиш нархи унинг таннархидан паст бўлмаслиги керак. Зарар кўриб амалга оширилган операциялар бўйича ҚҚС қайтарилмайди.
Хитойлик ҳамкасбларнинг гувоҳлик беришича, экспортда ноль даражали ставка – бу Хитойдан экспорт қилиш тартиб-таомилининг бир қисми бўлиб, кўпроқ давлат томонидан экспорт товар айланмасини ошириш учун тақдим этиладиган преференциядир.
![]()