Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
2021 йилда ишловчи пенсионерлар учун хушхабар!
2021 йил учун Давлат дастури тўғрисидаги қонун лойиҳасида пенсия ёшигача бўлган ва ишловчи пенсионерларга нисбатан узоқ кутилган бир қатор ўзгартиришлар эълон қилинди. Бу ҳақда батафсил - buxgalter.uz шарҳида.
Хуллас, қонун лойиҳасининг 10 ва 11-бандларига асосан 2021 йил 1 июндан бошлаб:
1. Электрон база юритилмаган 2005 йилга қадар ишлаган йиллар учун иш стажини тасдиқлаш учун қўшимча маълумотномаларни тўплаш зарур бўлмайди. Меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар етарли бўлади.
2. 3 йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади.
3. Текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 январь ҳолатига қарздорлиги ҳисобдан чиқарилади.
4. Ишловчи пенсионерлар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.
5. Пенсияни фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича олиш мумкин бўлади.
6. Пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар Пенсия жамғармасининг бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда:
а) банкларда пластик карталарни очиш жараёнида; б) банк мобиль иловалари орқали берилиши мумкин.
7. Buxgalter.uz роппа-роса 10 кун олдин ишловчи пенсионерларнинг мажбурияти - пенсия олишга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаш учун ҳар 6 ойда Пенсия жамғармасига шахсан ташриф буюриши ҳақида ёзганди. Хайрият, пенсияни пластик картага оладиган пенсионерлар бундай заруратдан озод этиладилар!
Сиз лойиҳа бўйича ўз таклифларингизни 25 январга қадар киритишингиз мумкин.
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади