2023 йил 1 июндан Ўзбекистонда нималар ўзгаради

preview

Buxgalter.uz 2023 йил 1 июндан кучга кирган миллий қонунчиликдаги асосий ўзгартиришлар тўпламини тайёрлади.

Демак:

 

1. Савдони амалга ошириш вақтига нисбатан чекловлар олиб ташланди

Энди хоҳиш бўлганда куну тун савдони амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш мумкин. Чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш объектлари фаолияти вақтига нисбатан чекловлар 08.05.2023 йилдаги ПФ-67-сон Фармон билан бекор қилинди.

 

2. Телекоммуникация воситаларини ўрнатиш учун ижара шартномалари бўйича регламент жорий этилди

Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган ер участкалари, бино ва иншоотларда телекоммуникация воситаларини ўрнатиш шартномасини расмийлаштиришга қўйиладиган талаблар 25.03.2023 йилдаги 127-сон ВМҚга билан белгиланган. Хусусан:

  • телекоммуникация оператори манзил ва координаталарини кўрсатган ҳолда ер участкалари ёки биноларни ижарага олиш бўйича талабномани тўлдиради;
  • ваколатли органлар 3 кун ичида телекоммуникация воситаларини кўрсатилган манзилда жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилади;
  • телекоммуникация оператори 2 кун ичида ижара шартномаси маълумотларини махсус ахборот тизимига (у 1 майга қадар ишлаб чиқилиши керак эди) киритади ва уни имзолайди. Агар шартномани тизим орқали имзолаш имконияти бўлмаса, буни қоғоз кўринишида амалга оширишга йўл қўйилади;
  • ахборот тизими оператори шартнома тўғрисидаги маълумотларни Солиқ қўмитасига юборади.
  • Солиқ қўмитаси 2 иш куни ичида ижара шартномасини ҳисобдан ўтказади ҳамда гувоҳномани шакллантиради, гувоҳномани  ахборот тизими операторига юборади;
  • ахборот тизими оператори томонларга шартнома ва ҳисобдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани юборади.

 

3. Агросубсидияларни фақат ихтисослаштирилган ахборот тизими орқали олиш мумкин

05.04.2023 йилдаги ПҚ-113-сон қарорга асосан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар фақат Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш” ахборот тизими орқали ажратилади.

 

4. Кескин совуқлар туфайли талафот кўрган тадбиркорлар учун кредит таътиллари якунланди

03.02.2023 йилдаги ПҚ-43-сон қарорга асосан тадбиркорлик субъектларига уларнинг аризаларига кўра 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини (2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар) фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилганди.

Марказий банк ва тижорат банклари об-ҳаво шароитлари туфайли талафот кўрган тадбиркорлик субъектларини 1 июнга қадар қўллаб-қувватлашди, шу жумладан – кредитлар бўйича 2023 йил январь-март ойларига тўғри келадиган тўловлар муддатини узайтирган ҳолда.

 

5. P2P-ўтказмалар учун ЭҲФ расмийлаштириш талаби бекор қилинди

Тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганлиги учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби бекор қилинди .

 

6. Суд-экспертиза ташкилотларига божхона имтиёзлари бекор қилинди

1 июнга қадар суд-экспертиза ташкилотлари уларнинг фаолиятини таъминлаш учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган :

  • асбоб-ускуналар, махсус жиҳозланган автотранспорт воситалари, дастурий таъминотлар, реактивлар, реагентлар ва сарфлаш материаллари;
  • фойдаланишда бўлган асбоб-ускуналарнинг эҳтиёт қисмлари учун божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинганди.

 

7. Алкоголь маҳсулотлари учун янги энг кам нархлар кучга кирди

Нархлар Иқтисодиёт ва молия вазирининг 30.05.2023 йилдаги 3435-сон буйруғи билан тасдиқланди. Ўртача, спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчилар учун улгуржи-сотиш нархлари 20%га, чакана нархлар – 16%га ошди.

Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади


Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text190826_2023_yil_1_iyundan_uzbekistonda_nimalar_uzgaradi