Меҳмонхона қуришда субсидия қандай олинади

preview

Инвесторларга янги меҳмонхона қуриш ва уни жиҳозлаш учун субсидия ажратиш ҳамда ташкилотларни франчайзинг тўғрисидаги шартнома асосида қисман молиялаштириш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби ҳақидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 27.05.2019 йилдаги 433-сон қарори).

Эслатиб ўтамиз, давлат инвесторларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда:

а) башарти 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилса, 3 юлдузли тоифага ва 50 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга ёки 4 юлдузли тоифага ва 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга бўлган янги меҳмонхоналарни қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисми меҳмонхона тоифаси тасдиқланганидан кейин қопланади. Қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар фонди 50 мингтага етгунига қадар молиялаштириш давом эттирилади. Субсидия миқдори 3 юлдузли меҳмонхонадаги ҳар бир хона учун 40 млн сўмни ва 4 юлдузли меҳмонхонада 65 млн сўмни ташкил этади;

б) франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган пайтдан бошлаб (5.01.2019 йилдан сўнг) 3 йил давомида дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (топ-50 меҳмонхона брендлари рейтингларига кўра) фойдаланиш бўйича ташкилотлар – Ўзбекистон резидентларининг роялти қисман молиялаштирилади:

  • 3 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 50 та меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;
  • 4 юлдузли тоифага эга бўлган дастлабки 30 та меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Роялтини молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.

Инвесторлар ва ташкилотлар ариза топшириш санасига қуйидаги асосий талабларга жавоб бериши зарур:

  • Солиқ кодексига мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи бўлмаслиги;
  • тугатиш ва банкротлик жараёнида бўлмаслиги;
  • Давлат бюджетидан Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари асосида молиявий таъминот ва харажатларни қоплаш мақсадларига маблағларни жалб қилмаслиги, мазкур ҳужжат асосида олинган маблағлар бундан мустасно.

Субсидия олиш ёки қисман молиялаштириш учун аризалар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида кўриб чиқилади, у тегишли қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда Молия вазирлиги – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳисобварақларига, у эса инвесторларнинг банклардаги ҳисобрақамларига маблағ ўтказади. Бутун тартиб-таомил 30 кундан кўп вақтни олмайди. Ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этиш ва уларни такроран кўриб чиқишга тегишинча 2 ой ва 5 иш куни ажратилади.

Меҳмонхонанинг тоифага эгалиги (3 ёки 4 юлдузли) субсидия ажратилганидан кейин камида 5 йил таъминланиши лозим, акс ҳолда тўланган маблағлар Давлат бюджетига қайтарилади. Бироқ 4 юлдузли меҳмонхона 3 юлдузли бўлиб қолса, субсидияларнинг тегишли суммалари ўртасидаги фарқ, яъни ҳар бир хона учун 25 млн сўм қайтарилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.05.2019 йилдан кучга кирди.


Олег Заманов.




Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text151340_mehmonhona_qurishda_subsidiya_qanday_olinadi