Молия вазирлиги солиққа оид кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш)ни қўллашни тушунтирди

preview

Расмий тушунтириш Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонларида кўрсатилган нормаларни бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида ҳамда СКнинг 27-моддасига мувофиқ чиқарилди.

Хатда солиқ тўловчилар улар бўйича айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, ижтимоий солиқ бўйича фоизсиз кечиктириш олишлари мумкин бўлган қоидалар мисолларда батафсил баён этилган.

Ким ва қай тарзда кечиктиришнинг иккита турли механизми – ариза бериш ва хабардор қилиш механизмларидан фойдаланишга ҳақли эканлиги тушунтирилди. Биринчи механизм ер, мол-мулк ва сув солиқлари бўйича кечиктиришни тақдим этиш тўғрисида ариза беришни назарда тутади . Ариза маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўриб чиқилиши керак, кечиктириш эса ижобий қарор қабул қилинган пайтдан эътиборан тақдим этилади. Ариза бериш механизмидан қуйидагилар фойдаланиши мумкин:

  • Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони 6-бандида назарда тутилган шартларга жавоб бермайдиган микрофирма ва кичик корхона, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • микрофирма ва кичик корхона, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ПФ-5978-сон Фармоннинг 6-бандида назарда тутилган кечиктириш муддати тугагандан кейин;
  • бошқа солиқ тўловчилар.

    Иккинчи – кечиктиришни тақдим этишнинг хабардор қилиш механизми солиқ органларига хабарнома бериш ва берилган пайтдан эътиборан кечиктиришни олишни назарда тутади. Ундан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига тўғри келадиган микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фойдаланишга ҳақли:

  • ўз фаолиятини 2020 йилнинг 1 апрелига қадар ёки жорий йилнинг II ва III чораклари давомида тўхтатган;
  • товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг I-чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50%дан кўпроққа камайган.

Фоизсиз кечиктириш 2020 йилнинг 1 октябрига қадар қуйидаги солиқлар бўйича (жумладан бўнак ва жорий тўловлар) тақдим этилади:

  • айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мол-мулк солиғи бўйича;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – кейинчалик уларни 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш билан;
  • ижтимоий солиқ бўйича – 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш билан.

2020 йил 16 апрель № 06/04-01-03-32/1107

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат

солиқ қўмитасига

 

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар

давлат солиқ бошқармаларига

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар

молия бошқармаларига 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонларида назарда тутилган нормаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, шунингдек Солиқ кодексининг 27-моддасига мувофиқ Молия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

1. Мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни (шу жумладан бўнак ва жорий тўловларни) тўлашга доир фоизсиз кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) олиш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қуйидагилар мурожаат қилишга ҳақли:

1) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони 6-бандида назарда тутилган шартларга жавоб бермайдиган микрофирма ва кичик корхона, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар;

2) микрофирма ва кичик корхона, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони 6‑бандида назарда тутилган кечиктириш муддати тугагандан кейин;

3) мазкур банднинг 1) ва 2) кичик бандларида санаб ўтилмаган бошқа солиқ тўловчилар.

Юқорида кўрсатилган солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) соддалаштирилган асосда 2020 йилнинг 31 декабрига қадар солиқ тўловчининг аризаси ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг хулосаларига биноан бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда кўпи билан 6 ой муддатга берилади.   

Аризанинг шакли Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг  2020 йил 28 мартдаги 3-2/7-42, 06/04‑01‑03-34/2005 ва 22-09869-сонли хати билан солиқ тўловчилар эътборига етказилган.

Бунда, Солиқ кодексининг 11-бобида белгиланган солиқларни тўлаш бўйича кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) тақдим этиш тартиби мазкур бандда келтирилган кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) тақдим этишнинг тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорларга 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидаги солиқларни (шу жумладан бўнак ва жорий тўловларни) фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) тақдим этилади:

айланмадан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича — уларни кейинчалик 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан;

ижтимоий солиқ бўйича — уни кейинчалик 6 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан.

Солиқ кодексининг 11-бобида белгиланган солиқларни тўлаш бўйича кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) тақдим этиш тартиби мазкур бандда келтирилган кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) тақдим этишнинг тартибига нисбатан татбиқ этилмайди.

Кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) бир солиқ бўйича ёки бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ солиқ турлари бўйича қўллаш мумкин.   

Юқорида кўрсатилган солиқлар бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) солиқ тўловчиларга 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар берилади ҳамда 2020 йилнинг  1-чорагида юзага келган солиқ мажбуриятларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллаш ҳуқуқига қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига мувофиқ келувчи микрофирма, кичик корхона ва якка тартибдаги тадбиркорлар фойдаланиши мумкин:

ўз фаолиятини 2020 йилнинг 1 апрелига қадар ёки жорий йилнинг иккинчи ва учинчи чораклари давомида тўхтатган;

товарлар (хизматлар) реализациясидан тушуми жорий йилнинг 1-чорагидаги ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа камайган.

2020 йилнинг 1-чорагида олинган тушумнинг ўртача ойлик миқдори 2020 йилнинг 1‑чорагида олинган тушум суммасининг 3 га бўлинган суммаси сифатида белгиланади. 

1-мисол
Кичик корхона савдо мажмуаси ёпилиши муносабати билан 2020 йилнинг 24 мартида ўз фаолиятини тўхтатди.
Шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси – фаолиятнинг тўхтатилиши юз берганлиги сабабли солиқ тўловчи 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллаш ҳуқуқига эга. Бунда, биринчи чоракда юзага келган солиқ мажбуриятларга кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) қўлланмайди.
2-мисол
Кичик корхонанинг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан даромади 2020 йилнинг 1-чорагида 150 000 миллион сўмни ташкил этди.
2020 йилнинг 1-чорагида олинган тушумнинг ўртача ойлик миқдори 50 000 миллион сўмни (150 000/3) ташкил этди. Солиқ тўловчи айланмадан олинадиган солиқни тўловчи ҳисобланади. 2020 йилнинг апрель ойида товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 20 750 миллион сўмни ташкил этди, яъни 50 фоиздан кўпга қисқарди. Бу вазиятда солиқ тўловчи 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар даврда солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктиришшни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллаш ҳуқуқига эга бўлади, сабаби товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми жорий йилнинг биринчи чорагида олинган тушумнинг ўртача ойлик миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпга қисқарган.

Мазкур бандда кўрсатилган солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти солиқ тўловчиларга улар томонидан солиқ органларига қуйидагиларни тақдим этиш орқали берилади:

солиқ солиш объектининг жойлашган ери бўйича – мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни кечиктиришни қўллаш тўғрисидаги хабарномани Солиқ кодексининг 417-моддаси олтинчи қисми, 432-моддаси биринчи қисми ва 448-моддаси учинчи қисмида белгиланган муддатлардан кечиктирмай, якка тартибдаги тадбиркорлар эса  – мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича бўлиб-бўлиб тўлашни қўллаш тўғрисидаги хабарномани 2020 йил 1 октябрига қадар;

солиқ ҳисобида турган жойи бўйича – айланмадан олинадиган солиқ ва (ёки) ижтимоий солиқ бўйича кечиктириш тўғрисидаги хабарнома Солиқ кодексида белгиланган солиқларни тўлаш муддатидан кечиктирмай тақдим этиш. 

Хабарноманинг шакли мазкур хатга иловада келтирилган.  

Хабарномани тақдим этган солиқ тўловчилар, агар Солиқ кодексида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, улар томонидан кечиктириш қўлланганидан кейин кечиктирилган солиқлар бўйича қайта ҳисоб-китобларни топширмайдилар. 

Солиқ тўловчилар томонидан солиқ органларини хабардор қилмаган ҳолда солиқларни кечиктириб тўлашни қўллашга йўл қўйилмайди ва бу солиқларни ўз вақтида тўламаслик сифатида баҳоланади. Бундай ҳолда солиқ бўйича қарздорлик мавжуд бўлган тақдирда, солиқ органлари Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ қарздорлиги суммасига пеня ҳисоблайдилар. 

Солиқлар бўйича кечиктирилган суммалар 2020 йилнинг 1 октябридан бошлаб қуйидаги тартибда тўланади:

1) ижтимоий солиқ бўйича – Солиқ кодексининг 407-моддаси бешинчи қисми ва 408‑моддаси тўртинчи қисмида белгиланган солиқларни тўлаш муддатларидан кечиктирмай олти ой давомида тенг улушларда;

2) ўн икки ой давомида тенг улушларда қуйидагилар бўйича:

юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича – Солиқ кодексининг 417‑моддаси олтинчи қисмида белгиланган солиқлар бўйича бўнак тўловларини тўлаш муддатидан кечиктирмай, якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса – ҳар ойнинг 15‑санасидан кечиктирмай;

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича – Солиқ кодексининг 432-моддаси биринчи қисмида белгиланган солиқларни тўлаш муддатидан кечиктирмай, якка тартибдаги тадбиркорлар учун эса – ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – Солиқ кодексининг 448‑моддаси учинчи қисмида белгиланган солиқлар бўйича бўнак тўловларини тўлаш муддатидан кечиктирмай;

айланмадан олинадиган солиқ бўйича – ҳар ойнинг 15-санасидан кечиктирмай.

3-мисол
Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 15 апрелига қадар солиқ органига ижтимоий солиқ ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллаш тўғрисида хабарнома юборди.
Ҳисобланган ижтимоий солиқнинг суммаси:
  • 2020 йилнинг апрель-сентябрь учун 18 000 минг сўмни;
  • 2020 йилнинг октябрь учун 4 000 минг сўмни ташкил қилди.
2020 йилнинг 2-3 чораклари учун ҳисобланган айланмадан олинадиган солиқ суммаси 240 000 минг сўмни ташкил этди.
Бундан ҳолатда октябрь ойидан бошлаб ижтимоий солиқ бўйича 3000 минг сўм (18000/6) ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича 20 000 минг сўмдан (240000/12) кечиктирилган солиқ суммасини тўлайди.
Бунда, октябрь-ноябрь ойлари даврида солиқларни тўлаш қуйидаги тарзда амалга оширилиши керак:
Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 15 октябридан кечиктирмай қуйидагилар бўйича кечиктирилган суммани тўлаши зарур:
ижтимоий солиқни 3 000 минг сўмдан (18000/6) кам бўлмаган миқдорда;
айланмадан олинадиган солиқни 20 000 минг сўмдан (240 000/12) кам бўлмаган миқдорда.
Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 15 ноябридан кечиктирмай қуйидагилар бўйича кечиктирилган суммани тўлаши зарур:
ижтимоий солиқни 3 000 минг сўмдан (18000/6) кам бўлмаган миқдорда ва 4000 минг сўм миқдорида октябрь ойи учун ижтимоий солиқни;
айланмадан олинадиган солиқни 20 000 минг сўмдан (240 000/12) кам бўлмаган миқдорда.

Солиқларни (бўнак ва жорий тўловлар) тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини тақдим этиш даврида солиқ тўловчи тугатилган тақдирда солиқнинг кечиктирилган суммаси бюджет тизимига қонунчиликда назарда тутилган тартибда тўланади.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармонининг 7-банди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 6-бандига мувофиқ солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб) тўлаш тақдим этишнинг такрорланишини истисно этиш мақсадида, солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги солиқ органлари олинган хабарномалар ва солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган аризалар асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига солиқ тўловчилардан мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш бўйича кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) олиш учун тушган аризаларини, башарти мазкур солиқ тўловчилар тоифасига кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг иштирокисиз тақдим этилса, кўриб чиқишни тўхтатиб туриш тўғрисида хабар қилиши  шарт.

4. Солиқ органлари ҳар бир солиқ тўловчи кесимида ҳар бир солиқ тури бўйича кечиктирилган сумма, кечиктиришни қўллаш сабаблари, фаолият тури, шаҳар, туман ва бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллайдиган солиқ тўловчилар реестрини юритади.

Молия вазирлигининг вилоят бошқармалари ҳар ойда ойнинг охирги санасидан кечиктирмай Молия вазирлигига кейинчалик мазкур суммани Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан қоплаш учун солиқларни тўлаш бўйича фоизсиз кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллайдиган солиқ тўловчилар реестрида мавжуд ахборотни киритади.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 15-бандига асосан фойда солиғи тўловчилар фойда солиғини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш бўйича ўрнатилган талабларни бекор қилган ҳолда, 2020 йилнинг 2-чорагидан бошлаб, кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича бўнак тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этишга ҳақли. Мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганда солиқ органларига фойда солиғи бўйича бўнак тўловлар тўғрисида тақдим этилаётган маълумотномаларга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилади.

Бундай маълумотнома солиқ тўловчи томонидан жорий солиқ даврининг биринчи ойи 20-санасидан кечиктирмай тақдим этилиши керак, яъни маълумотномани:

2-чорак учун  - 2020 йилнинг 20 апрелидан кечиктирмай;

3-чорак учун – 2020 йилнинг 20 июлидан кечиктирмай;

4-чорак учун – 2020 йилнинг 20 октябридан кечиктирмай тақдим этиш зарур.

Мисол
2020 йил 1-чоракда ҳисоблаб чиқарилган фойда солиғи суммаси солиқ ҳисоботи бўйича 60 000 минг сўмни ташкил этди. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ 2020 йил 2-чорак учун ҳар ойлик бўнак тўловлари суммаси 20 000 минг сўмни ташкил этади.
Бироқ, товарларни (хизматларни) реализация қилиш ҳажмининг қисқариши муносабати билан солиқ тўловчи томонидан 2020 йилнинг 2-чорагида фойданинг 40%га камайиши кутилмоқда. Бу ҳолда солиқ тўловчи ҳар ойлик бўнак тўловлари миқдорини II чорак учун тахмин қилинаётган фойдадан келиб чиқиб мустақил равишда ҳисоблаб чиқаришга ва 2020 йилнинг 20 апрелидан кечиктирмай солиқ органига бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишга ҳақли (https://my.soliq.uz/ сайтида жойлаштирилган).

6. 2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияларни тақдим этиш  2020 йил 1 августгача узайтирилади.

Шу тариқа солиқ тўловчилар Солиқ кодексининг 393-моддасида кўрсатилган даромадлар бўйича 2019 йил учун жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига 2020 йилнинг 1 августга қадар тақдим этади ва жисмоний шахслардан олинадиган солиқни тўлайди.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 4-бандига асосан 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар даврда туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш хизматлари) кўрсатувчи субъектлар, "Uzbekistan Airways" АЖ ва унинг таркибий бўлинмалари, "Uzbekistan Airports" АЖ ва "Ўзаэронавигация маркази" ДУК:

юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади;

ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида тўлайди.

Юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш солиқ органларига 2020 йилнинг 20 апрелидан кечиктирмай солиқ суммаси тўғрисида солиқ ҳисоботини топшириш йўли билан амалга оширилади. Кўрсатилган муддатга қадар солиқ органлари томонидан жорий йилнинг апрель ойида ҳисобланган солиқ суммаси бўйича солиқ қарзига пеня ҳисоблаш ва (ёки) ундириш амалга оширилмайди.

Юқорида кўрсатилган нормалар туроператорлар ва турагентларга ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия мавжуд бўлганда татбиқ этилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонининг 4-бандига асосан 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар даврда товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмаси ойига 1 млрд сўмдан ошмайдиган ва электрон ҳисоб-фактураларни қўллайдиган қўшилган қиймат солиғи тўловчилар 2020 йилнинг 1 апрелидан 31 декабрига қадар қўшилган қиймат солиғини ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлашга ҳақли.

Солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва ҚҚСни тўлаш тартиби қуйидаги мисолларда кўрсатилган:

1-мисол
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар 2020 йилнинг 2-чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобининг 020-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель – 100 миллион сўм;
  • май – 500 миллион сўм;
  • июнь – 800 миллион сўм.
Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 20 июлидан кечиктирмай солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва ҚҚСни бюджетга тўлашга ҳақли. Бунда 2020 йилнинг март ойи учун ҳисобот тақдим этиш ва ҚҚСни тўлаш 2020 йилнинг 20 апрелидан кечиктирмай амалга оширилади.
2-мисол
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар 2020 йилнинг 2-чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобининг 020-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель – 1 100 миллион сўм;
  • май – 900 миллион сўм;
  • июнь – 700 миллион сўм.
Солиқ тўловчи 2020 йилнинг 20 майидан кечиктирмай солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиши ва 2020 йилнинг апрель ойи учун ҚҚСни бюджетга тўлаши шарт ва 2-чоракда солиқ тўловчи ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади.
3-мисол
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар 2020 йилнинг 2-чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобининг 020-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель – 100 миллион сўм;
  • май – 1 500 миллион сўм;
  • июнь – 800 миллион сўм.
Солиқ тўловчи апрель ойи учун солиқ бўйича ҳисобот тақдим этмаслик ва ҚҚСни бюджетга тўламасликка ҳақли. Май ойи якунларидан бошлаб солиқ тўловчи ҚҚСни ҳар чораклик асосда ҳисоблаш ва тўлаш ҳуқуқини йўқотади ва, тегишинча, у 2020 йилнинг 20 июнидан кечиктирмай апрель ва май ойлари учун солиқ бўйича ҳисоботни тақдим этиши ва ҚҚСни бюджетга тўлаши зарур. Бунда 20 июндан кечиктирмай апрель ойи учун солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва солиқни тўлаш пеня тўлашга сабаб бўлмайди ва солиқ ҳисоботини Солиқ кодексининг 220-моддасига биноан тақдим этмаслик сифатида қаралмайди.
4-мисол
Товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар 2020 йилнинг 2-чораги учун ҚҚС ҳисоб-китобининг 020-сатри бўйича қуйидагиларни ташкил этди:
  • апрель – 0 миллион сўм;
  • май – 500 миллион сўм;
  • июнь – 800 миллион сўм.
Кўриб чиқилаётган ҳолатда, солиқ тўловчи 2020 йилнинг 20 июлидан кечиктирмай солиқ бўйича солиқ ҳисоботини тақдим этиш ва ҚҚСни бюджетга тўлашга ҳақли.

ҚҚСни ҳар чораклик асосда тўловчи солиқ тўловчилар, чоракнинг биринчи ойи учун солиқни тўлашнинг биринчи муддати келганидан кечиктирмай солиқ органларига тегишли хабарномани тақдим этиши шарт (шакл https://my.soliq.uz/ сайтида жойлаштирилган).

9. 2020 йил 1 апрелдан 31 декабргача (31 декабрь ҳам киради) бўлган давр учун қарз берувчига фоизли даромад тўлаш мажбуриятларисиз қарз (молиявий ёрдам) олинганда солиқ солиш мақсадида қайта молиялаштириш ставкаси (асосий ставка) асосида аниқланадиган даромад фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда қарз олувчининг жами даромади таркибига киритилмайди ва тегишинча унга солиқ солинмайди.

Шу тариқа, юқорида кўрсатилган давр мобайнида фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда жами даромад таркибига Солиқ кодексининг 299-моддаси тўртинчи қисмида кўрсатилган даромадлар киритилмайди.

Мисол
2019 йил декабрда фойда солиғи тўловчиси қарз берувчидан 2 йил муддатга фоизли даромад тўлаш мажбуриятисиз 100 миллион сўм миқдорида қарз олган.
Бу ҳолда солиқ тўловчи 2020 йил учун фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботида ҳисоб-китобга 1-илованинг 070-сатрида 2020 йил I чорагига тўғри келадиган пул маблағларидан текинга фойдаланиш ҳуқуқидан олинган 3 978 142,08 сўм (100 000 000*16%*91/365) миқдоридаги даромадни акс эттириши керак.
Бунда, иккинчи чоракдан бошлаб 31.12.2020 йилгача фоизсиз қарз бўйича даромадлар аниқланмайди.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонида белгиланишича, 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.

Солиқ органлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 августдаги «Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 666-сон қарорида назарда тутилган объектларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек кўрсатилган солиқлар бўйича оширилган ставкаларни қўллаш натижасида юзага келган қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартибини 2020 йил 31 декабрга қадар мустақил равишда тўхтатадилар. 

11. Солиқ кодексининг 392 ва 408-моддаларига мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тўхтатиб турган даврда жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммаси ва ижтимоий солиқ ҳисобланишини тўхтатиб туриш мақсадида тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ариза тақдим этиши зарур, у ўз навбатида кейинги иш куни тугагунига қадар солиқ ҳисобида турган жойидаги солиқ органига якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти вақтинчалик тўхтатилганлиги тўғрисида ахборот тақдим этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони 5-бандига мувофиқ карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи қатъий белгиланган суммасини ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилиши назарда тутилган, бунда солиқ органлари солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тўғридан-тўғри хабардор қилиниб, тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказувчи органни хабардор қилиш талаб этилмайди.

Фаолиятини қайта тиклаган якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини бошлагунга қадар фаолиятни амалга оширадиган жойдаги солиқ органларини фаолиятини қайта тиклагани тўғрисида худди шундай тартибда хабардор қилиши шарт.

Якка тартибдаги тадбиркорда ёлланиб ишловчи ходимлар бўлса, улар бўйича ижтимоий солиқ ҳисоблашни тўхтатиб туриш (қайта тиклаш) бир вақтнинг ўзида, якка тартибдаги тадбиркор фаолиятини тўхтатиб тургани (қайта тиклагани) тўғрисида билдиришнома тақдим этаётганда, бундай тадбиркорлик субъекти томонидан амалга оширилади.

Фаолияти қайта тикланган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги ПФ-5969-сон Фармони 5-бандига мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг ойлик энг кам суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизига қадар камайтирилиши назарда тутилган.

12. Карантин тадбирлари амал қиладиган даврда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари давлат мулкидан фойдаланганлиги учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундиришни тўхтатиб туриш назарда тутилади.

Бу ҳолда Солиқ кодексининг 304-моддаси 8-бандига асосан фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқни тўловчиларда солиқ оқибатлари юзага келмайди ҳамда Солиқ кодексининг 299-моддаси нормалари қўлланилмайди.

Ижарага берувчи ва ижарага олувчи карантин тадбирлари амал қиладиган даврда ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлик субъектлари мол-мулкдан фойдаланганлиги учун ижара тўловларини ҳисобламаслик ва тўламасликлари ҳақида келишувга эришган ҳолларда ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди.

13. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларни солиқ солишдан бўшайдиган маблағларни белгиланган мақсадларга йўналтириш шартисиз қўллайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 1 январгача қабул қилинган қарорларида назарда тутилган ҚҚС бўйича солиқ имтиёзлари уларнинг амал қилиш муддати тугагунча амал қилади, бироқ солиқ солишдан бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш тўғрисидаги талаб 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бекор қилинади.

Солиқ солишдан бўшайдиган маблағларни белгиланган мақсадларга йўналтириш шартининг бекор қилиниши товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмалар ҚҚС солишдан озод қилинишини қўллашни англатади.

Бунда, Солиқ кодексининг 267-моддаси биринчи қисми 3-бандига мувофиқ, реализация қилиш бўйича айланмалари солиқдан озод этилган товарлар (хизматлар) ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш (хизматлар кўрсатиш) учун сотиб олинганда солиқ тўловчи тўлаган ҚҚС суммалари ҳисобга олинмайди.

Мисол
Транспорт-логистика компанияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.12.2017 йилдаги «2018-2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3422-сон қарори 4-бандига мувофиқ солиқ имтиёзларидан фойдаланган.
Хусусан, бўшайдиган маблағларни ўз автотранспорт воситалари паркини ривожлантириш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, замонавий омборхона терминалларини барпо этишга ва банк кредитларини тўлашга йўналтириш шарти билан қўшилган қиймат солиғи, мол-мулк солиғи, шунингдек ер солиғи бўйича имтиёзлар қўлланган.
Бу ҳолда ҚҚС бўйича мақсадли имтиёзни қўллашдан бўшайдиган маблағларни белгиланган мақсадларга йўналтириш шарти 01.04.2020 йилдан бошлаб бекор қилинади. Яъни харидорга тақдим этиладиган ҳисобварақ-фактурадаги ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилмайди, ПҚ-3422-сон қарорда назарда тутилган хизматларни кўрсатиш учун товарлар (хизматлар) харид қилинганда тўланган ҚҚС эса ҳисобга олинмайди. Бунда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича имтиёзларни қўллашдан бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш шарти бундай имтиёзлар берилган муддат тугагунча сақланиб қолади. 2020 йил 1 апрелгача фойдаланилмаган ҚҚС бўйича бўшаган мақсадли маблағлар суммаси имтиёзнинг амал қилиши тугаганидан сўнг бир йил мобайнида кўрсатилган мақсадларга йўналтирилиши мумкин.

14. Активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларни ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш 2020 йил якунлари бўйича амалга оширилади.

15. Ўзекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали юбориш учун илова қилинаётган Хабарноманинг электрон шаклини жойлаштирсин.

 

 

Вазир ўринбосари                                                                             Д.Султанов

 

 

 

 

 

 

 


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг ________ даги ________-сон  хатига

ИЛОВА

 

Тақдим этилади

 

 

(солиқ бўйича ҳисобга олиш ёки фаолиятни амалга ошириш жойидаги ёхуд солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги солиқ органи)

 

 

Мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) қўлланиши ҳақида

хабарнома 

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармонида назарда тутилган микрофирмалар, кичик корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун)

 

                                                                                                                                                           

 (асосий (соҳа) фаолият тури)

 

амалга оширувчи, ходимлари сони  __________ кишидан иборат бўлган _____________________________________________________________________________

                  (солиқ тўловчининг тўлиқ номи ва СТИРи)

 

2020 йил “____” __________дан  2020 йил 1 октябргача қуйидаги солиқларни тўлаш муддатини кечиктиришни (бўлиб-бўлиб тўлашни) қўллаши ҳақида Сизни хабардор қилади:

 

  мол-мулк солиғи   ер солиғи   сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ
         
  айланмадан олинадиган солиқ   ижтимоий солиқ    
Қуйидаги сабабларга кўра:   фаолиятини тўхтатиб турганлиги
     
   

товарларни (хизматларни) реализация қилишдан тушган тушуми 2020 йилнинг 1-чорагида олинган ўртача ойлик

тушум миқдорига нисбатан 50 фоиздан кўпроққа қисқаргани

   

Объект __________________________________________________________ да жойлашган,

                                            (республика минтақаси, шаҳар, туман, қишлоқ, кўча, уй  ва квартира рақами)

ер участкасининг умумий майдони -  ______га;

бино, иншоотнинг умумий майдони - ______ кв.м;

кўчмас мулкнинг умумий ўртача йиллик қолдиқ (ўртача йиллик) қиймати  - _________ минг сўм (шу жумладан, тўлиқ эскирган ва солиқ солиш мақсадида қайта баҳоланган).

 

2020 йилда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум қуйидаги миқдорни ташкил этади:

январда   ___________минг сўм апрелда   ___________минг сўм июлда ____________минг сўм
февралда ___________минг сўм майда       ___________минг сўм августда  ___________минг сўм
мартда       __________минг сўм июнда      ___________минг сўм сентябрда________ минг сўм

Билдиришнома тақдим этилган сана (кун/ой/йил)

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконини бериш шартлари билан танишиб чиқдим, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб кечиктирилган солиқ суммаларини белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини ўз зиммамга оламан.

 

 

 

 

Раҳбар

 

 

 

(имзо)

 

 

Бош бухгалтер

 

 

 

(имзо)

 

М.Ў. (муҳр мавжуд бўлганда)

Қонунчиликдаги янгиликлар. Норматив қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар. Қонунчиликдаги янгиликлар Қонунчиликдаги янгиликлар /uz/publish/doc/text159266_moliya_vazirligi_soliqqa_oid_kechiktirish_bulib-bulib_tulashni_qullashni_tushuntirdi