Қишлоқ хўжалиги, ТИФ иштирокчилари ва савдо шохобчалари учун - янги НҲҲ лойиҳалари

preview

Сувни тежайдиган технологияларидан фойдаланадиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашга доир навбатдаги чора-тадбирлар қабул қилинади. ДБҚ божхона божларини йиғиш тизимини такомиллаштиради, Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан эса пойтахт бозорлари ва савдо марказлари учун янги тарифларни тасдиқлаш режалаштирилмоқда. ҚҲТБТ порталида эълон қилинган НҲҲ лойиҳалари ҳақида батафсил buxgalter.uz шарҳида ўқинг:


Суғоришда сув тежалганлиги учун субсидия

Молия вазирлиги томонидан «Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ВМҚ лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳужжат ўзгартиришлар киритилмасдан қабул қилинадиган бўлса, пахта, донли экинлар, сабзавот экинлари ва картошка, полиз экинлари ва озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликларни етиштирадиган ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига 2021 йил 1 январдан бошлаб субсидиялар берилади.

Мевали экинлар ва узум учун 2019 йилда ва ундан кейинги йилларда ташкил этилган янги интенсив боғ ва токзорларда сувни тежайдиган технологиялар бўйича харажатларга субсидиялар ажратилади.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар бир марта – сувни тежайдиган технологиялардан камида 5 йил фойдаланилганда берилади.

Бунинг учун талабгорлар сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича 2021 йилда 1 мартга қадар (келгуси йилдан бошлаб ҳар календарь йилининг 1 ноябрига қадар) туман (шаҳар) ишчи  комиссиясига ёзма шаклда ариза билан мурожаат қилади. Аризада талабгорнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли, солиқ тўловчининг идентификация рақами, жойлашган жойи (почта манзили), фаолият амалга ошириладиган жойи, хизмат кўрсатувчи банк бўлинмаси номи ва банк ҳисобварағи, ер майдони, балл бонитети, экин тури, сув олиш манбаи, жорий қилинадиган суғориш технологияси тури, боғланиш учун маълумотлар (телефон рақами, электрон почта манзили) кўрсатилади. Талабгорни келгуси йилда манзилли дастурга киритиш тўғрисидаги қарор 3 иш куни ичида қабул қилинади.

Иккинчи босқичда – манзилли дастурга кирган талабгорлар субсидия ажратилиши учун ҳар календарь йилнинг 15 июлига қадар ариза билан ёзма шаклда мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

  • сувни тежайдиган суғориш технологиясини қуриш бўйича пудрат ташкилоти билан тузилган шартнома нусхаси (агар сувни тежайдиган технологияни ўз кучи ва имкониятлари орқали қурган бўлса, бошқа тегишли ҳужжатлар тақдим этилади);
  • сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш комиссиясининг далолатномаси нусхаси;
  • амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси.

Комиссия мурожаатни келиб тушган кундан эътиборан 10 кун ичида кўриб чиқади.

Лойиҳа муҳокамасида 12 февралга қадар иштирок этиш мумкин.


Божхона тўловлари автоматлаштирилган тизим орқали назорат қилинади

Тегишли лойиҳа Давлат божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган. Божхона тўловлари тўланишини таъминловчи ваколатли шахслар реестрини юритиш тўғрисидаги низом  қабул қилинганидан кейин уч ой муддатда божхона тўловлари тўланишини реал вақт режимида таъминлашни кузатиб бориш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилади. Реестрга банклар, кредит ва суғурта ташкилотлари киритилади (рўйхат ДБҚ сайтида жойлаштирилади).

Реестрга киритиш учун эркин шаклдаги ариза тақдим этилиши лозим. Ариза 10 кун муддатда, қўшимча ўрганишлар талаб этилганда эса 15 кун муддатда божхона органлари томонидан кўриб чиқилади. Аризани кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди.

Реестрга киритиш учун ўрганиб чиқиладиган асосий мезонлар қуйидагилар ҳисобланади:

1) тўланмаган божхона тўловлари бўйича қарздорлик мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги;

2) солиқ органлари олдида қарздорлиги мавжуд эмаслиги;

3) банклар, кредит ва суғурта ташкилотларига қўйиладиган талабларга мувофиқлиги.

Реестрга киритилгандан сўнг иштирокчи ва божхона органлари ўртасида битим тузилади, ўзаро ҳамкорлик эса реал вақт режимида электрон маълумотлар алмашиш орқали амалга оширилади.

Лойиҳада ваколатли шахсларнинг ҳуқуқлари, Реестрдан чиқариш шартлари ва бошқа жиҳатлар баён этилган. Муҳокамада 11 февралга қадар иштирок этиш мумкин.


Тошкент шаҳар ҳокимияти бозорлар ва савдо марказлари учун янги тарифларни ишлаб чиқди

Тошкент шаҳар ҳокимининг «Тошкент шаҳридаги бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг янги миқдорларини жорий этиш тўғрисида»ги қарори лойиҳасида қуйидаги маълумотлар келтирилган:

  • бозорлар ва савдо марказлари маъмурияти томонидан ундириладиган бир марталик йиғимлар суммалари;
  • қуйидагилар бўйича тарифлар ва йиғимлар:

– бозорлар ва савдо марказларида инвентарларини ижарага бериш;

– бозорлар ва савдо комплекслари балансидаги бино ва иншоотлардан  фойдаланганлик учун;

– бозорлар ва савдо марказлари ҳудудидаги омборхоналардан фойдаланганлик учун.

Лойиҳа бўйича таклифларни бу ерда киритиш мумкин.


Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.