Солиқ аудити хулосасига рози бўлмасангиз

preview

“Биз солиқ аудити хулосасига рози эмасмиз.Текширувчи органнинг қарори устидан текширувни ўтказган инспекция орқали шикоят бериш лозим. Суд эса шикоятни кўриб чиқиш учун яна қарорни қабул қилган солиқ органига юбориши мумкин. Бизнинг далил-исботларимизни эшитишлари учун биз қандай ҳаракат қилишимиз керак?”

Ҳаракатлар режасини buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА айтиб берди:

 

– Ҳужжатлар ва сизнинг ҳақлигингиз юзасидан бошқа далиллар билан мустаҳкамланган шикоятни тайёрлаш ва у билан ваколатли органларга мурожаат қилиш лозим. Қўл қовуштириб ўтирган билан иш битмайди!

Солиқ аудити натижалари бўйича қабул қилинган қарорлар устидан шикоят юқори турувчи органга – қарори устидан шикоят қилинаётган солиқ органи орқали берилади . Бундай вазиятга дуч келган кўп солиқ тўловчилар хато тарзда бундан маъно йўқ, деб ҳисоблашади. Аслида норма ишлаяпти! Иш ҳақиқатан юқори турувчи солиқ органига берилади. Агар солиқ тўловчи ҳақиқатан рад қилиб бўлмайдиган далилларни тақдим этган бўлса, қарор унинг фойдасига қабул қилинади. Боз устига, шуни қайд этаманки, амалиётда, кўп ҳолларда текширувчилар томонидан йўл қўйилган хатоларни “тузатиш” етарли бўлади.

Юқори турувчи солиқ органи СКнинг 235-моддасида назарда тутилган қарорлардан бирини қабул қилишга ҳақли:

1) шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш;

2) солиқ органининг норматив хусусиятга эга бўлмаган ҳужжатини бекор қилиш;

3) солиқ органининг қарорини тўлиқ ёки қисман бекор қилиш;

4) солиқ органининг қарорини тўлиқ бекор қилиш ва иш юзасидан янги қарор қабул қилиш;

5) солиқ органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатларини (ҳаракатсизлигини) ноқонуний деб эътироф этиш ва ишнинг моҳияти бўйича қарор чиқариш.

Қарорнинг қатъий СКнинг 235-моддаси доирасида қабул қилиниши муҳимдир. Менда амалиётда юқори турувчи солиқ органи солиқ аудити натижаларини такроран кўриб чиқиш учун уни ўтказган солиқ инспекциясига юборган қалтис ҳолат бўлган. Солиқ инспекцияси эса ўз навбатида қандайдир қарор қабул қилишни рад этган, сабаби СКга мувофиқ бу назарда тутилмаган ва буни қандай амалга ошириш бўйича регламент ҳам мавжуд эмас. Натижада юқори турувчи органнинг қарори устидан судга шикоят беришга тўғри келган.

Эътибор беринг
Агар адолат қарор топишига эришишни истасангиз, ҳеч қандай ҳолда шикоятни чақириб олиш ҳақидаги таклифга рози бўлманг. Шикоятни чақириб олган ҳолда, солиқ тўловчи ўша асосларда шикоят билан такроран мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ушбу норма СКнинг 231-моддасида мустаҳкамланган. Ва бу ерда сизнинг ўйламай қилган ишингиз ва ортиқча ишонувчанлигингиз сизнинг фойдангизга бўлмайди.

Яна битта вариант бор – судга мурожаат қилиш. 2023 йил 1 мартдан бошлаб солиқ тўловчиларга барча текширувлар натижалари устидан юқори турувчи солиқ органини четлаб ўтган ҳолда, тўғридан-тўғри судга шикоят қилиш ҳуқуқи берилди . Бунда эътиборингизни  ОСПнинг “Судлар томонидан солиқ қонунчилигини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги 20.02.2023 йилдаги 4-сон қарорига  қаратмоқчиман. Унинг 32-бандида шундай дейилган:

– “Солиқ органи қарори ҳақиқий эмас, мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) қонунга хилоф деб топилган тақдирда, судлар МСИЮтК 189-моддасининг 5-қисмига мувофиқ, тегишли солиқ органи ёки мансабдор шахснинг зиммасига солиқ текшируви материалларини қайта кўриб чиқиш ёхуд шахснинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларни тиклаш учун қонунда назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш мажбуриятини юклаш масаласини муҳокама қилиши лозим”.

Назаримда, айрим ҳолларда бу тутуриқсиз кўринади. Масалан, солиқ тўловчига солиқ текшируви материалларини кўриб чиқишда шахсан ёки вакили орқали иштирок этиш имкониятини таъминлашмади. Ёки – унга ўз далилларини тақдим этишга имкон беришмади. Агар суд ушбу ҳолатларни аниқласа, у солиқ органига солиқ текшируви материалларини такроран кўриб чиқиш мажбуриятини юклаши кераклиги маълум бўлади. Бундай вазият СКда ёзилмаганлигини ҳисобга олган ҳолда эса, масаланинг натижаси маълум эмасдир. Назаримда, суд низони ушбу масала бўйича келишмовчилик юзага келган ерга юбориши керак эмас, балки ушбу низога нуқта қўйиши керак.

Бошқа томондан, суд ишни солиқ органига юборган экан, демак – жиддий ҳуқуқбузарликларни аниқлаган. Бу солиқ органларига масалага асосли ёндашиш лозимлиги ҳақида ишора бўлиб хизмат қилиши керак.  Аммо бу ҳолда солиқчиларда аниқ ҳаракатлар режаси бўлиши ва масалани кўриб чиқиш чўзилиб кетмаслиги учун тартиб-таомилни солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида батафсил ёзиш керак.

Buxgalter.uz тавсия қилади

Сиз юристларнинг тавсияларида қўшимча йўл-йўриқларни топасиз:

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади

 

Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /uz/publish/doc/text189721_soliq_auditi_hulosasiga_rozi_bulmasangiz