Солиқлар яна ўзгарди. Нима қилиш лозим?

preview

Президент “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Энг муҳим ўзгартиришлар ҚҚС, ЯИТ ва фойда солиғига тегишли.

ҚҚС ставкаси пасайтирилди

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ҚҚС ставкаси 20%дан 15%гача пасаяди.

Ушбу ўзгартиришлар солиқ тўловчилар, Молия вазирлиги ва ДСҚ томонидан муайян ҳаракатларни талаб этади. Улардан энг муҳимларига эътибор қаратамиз.

Солиқ тўловчи нима қилиши керак:

1. 2019 йил 1 октябргача тузилган хўжалик шартномаларига, башарти уларда 20% ҚҚСга ҳавола берилган бўлса, нархни шакллантириш қисмида ўзгартиришлар киритиш. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб 15% ҚҚСни инобатга олган ҳолда етказиб бериш қийматига ўзгартиришлар киритган ҳолда қўшимча келишувлар тузиш.

2. 20% ҚҚС билан нарх шакллантиришда олдиндан тўлов бўйича олинган аванс тўловларини харидорларга қайтариш, башарти ушбу ставка шартномада кўрсатилган бўлса.

3. ҚҚСнинг божхона ставкаси ва хизматлар импортида ҚҚС ставкаси ҳам ўзгарди, демак, юқорида 1 ва 2-бандларга нисбатан айтилган барча ҳаракатларни импорт контрактлари ва хизматлар бўйича экспорт контрактларига нисбатан ҳам амалга ошириш зарур.

4. Бажарилган ва бажарилмай қолган иш ҳажмларига боғлиқ ҳолда қурилиш бўйича узоқ муддатли контрактлар юзасидан шартнома (смета) қийматини қайта ҳисоблаб чиқиш.

5. 1 октябрга қадар ҚҚС 20% ставка бўйича ажратилган НКМ, товар чеклари, чипталарни қайта созлаш.

Солиқ тўловчи қайси саволлар юзасидан Молия вазирлигининг тушунтиришини эшитишни хоҳлайди:

1. Агар ТМЗ ва АВ 20% ҚҚС билан харид қилинган бўлса, 2019 йил 1 октябрь ҳолатига уларнинг қолдиқлари юзасидан ҚҚС бўйича ҳисобга ўтказишга тузатишлар киритиш зарурми?

2. Ҳисобга ўтказишдан чиқарилган ҚҚСга тузатиш суммаси мол-мулк таннархини оширадими ёки чегириладиган давр харажатларига бир марта киритиладими?

3. Январь-октябрь учун ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботини топширишда ўзгартиришларни қандай акс эттириш зарур? Ҳисоботларнинг иккита тўплами бўладими (январь-сентябрь учун ва октябрь-декабрь учун)?

4. 1 октябрдан кейин солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган айланмалар мавжуд бўлганда ҚҚС бўйича ҳисобга ўтказиш суммаси қандай тузатилади?

5. Илгари 20% ҚҚС билан сотилган товар 1 октябрдан кейин қайтарилганда қўшимча ҳисобварақ-фактура ёзишда ҚҚС суммаси қайси ставка бўйича тузатилади?

6. Товарни 1 октябрга қадар ИМ-70 режимида олиб киришди, у 1 октябрдан кейин ИМ-40 режимига расмийлаштирилади. Унга нисбатан 15% ҚҚС қўлланиладими?

7. Маълумотнома-ҳисобварақ-фактура ўсиш тартибида тўлдирилади, ҳажмларни иккита ставка бўйича ажратиш зарурми? Шаклга ўзгартиришлар киритиладими?

Яна нима ўзгарди?

Фармонга мувофиқ бу йил солиқ тўловчиларни бошқа янгиликлар ҳам кутади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиби бекор қилинди. Унинг ўрнига Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасида давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни “таҳлика-таҳлил” натижалари ва олдини олиш чораларини кўриш асосида 30 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тартиби назарда тутилади.

ҚҚС, ЯИТ ва фойда солиғи 2020 йилда ҳам ўзгаради

2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда қуйидагилар назарда тутилади:

  • давлат корхоналари, устав жамғармаси (устав капитали)да давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, шунингдек, устав жамғармаси (устав капитали)нинг 50%и ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25%дан 12%гача пасайтириш;
  • дивиденд шаклидаги тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 15% миқдорида белгилаш;
  • ҚҚСни соддалаштирилган тартибда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашни бекор қилиш.