Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
МБ шахсий карточкадаги пулларни йўқотмаслик учун нима қилиш кераклигини тушунтириб берди
Аввал Марказий банк томонидан пластик карта сақловчиларига тез-тез учраётган телефондаги фирибгарлик ҳолатлари ҳақида маълум қилинган эди. Вuxgalter.uz илтимосига биноан МБ департаменти директори Акмал НАЗАРОВ фирибгарларни қандай билиб олиш ва улар билан суҳбат чоғида ўзини қандай тутиш ҳақида гапириб берди:
– Келиб тушаётган мурожаатларни ўрганиб чиқиш натижаларига кўра, фирибгарлар кўпинча фуқаронинг мобиль телефонига қўнғироқ қилиб, ўзларини МБ, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизимлари операторининг пластик карталарга хизмат кўрсатиш бўлимининг хавфсизлик хизмати, мижозларга кўмак кўрсатиш хизмати ёки бошқа бўлим ходимлари деб таништиришлари маълум бўлди.
Улар суҳбатнинг бошиданоқ, мижознинг мобиль иловасига кимлардир рухсатсиз кирганлигини, банк картаси блокировка қилинганлигини, картадан ноқонуний равишда пул ечиб олишга уринишлар бўлаётганлигини айтиб руҳий таъсир ўтказишга ҳаракат қиладилар. Мижозга зудлик билан чора кўрилмаса барча маблағларини йўқотиши мумкинлигини хабар қиладилар. Фирибгарлар телефонингизга юборилган бир марталик СМС-кодни сўраб, сизга ёрдам кўрсатишни таклиф қиладилар.
Фирибгарларнинг домига тушиб қолмаслик учун қуйидаги фирибгарликдан далолат берувчи ҳолатларни ёдда тутиш лозим:
- нотаниш ёки яширин рақамлардан қўнғироқ қилинади ёки SMS-хабарлар юборилади;
- «тезроқ бўлинг», «ҳозироқ бир қарорга келинг» каби сўзларни айтиб, сизни зудлик билан қарор қабул қилишга ундайдилар;
- қўнғироқ қилувчи карта сақловчисини зудлик билан ҳаракат қилишга ундовчи усуллардан фойдаланади ва қатъий оҳангда ёки аксинча, ишонтириш учун юмшоқ гапиради;
- фирибгарлар учун ноқулайлик туғдирадиган саволлар берилганда жавобда иккиланишлар ёки чалкашликлар бўлиши мумкин;
- паспорт маълумотлари, карта рақами ва унинг амал қилиш муддати кўрсатилиши, текширув коди ёки бошқа шахсий маълумотлар сўралади. Шунинг ёдда тутингки, аслида картангизга маблағ ўтказиш учун фақат рақамининг ўзи етарли бўлади;
- «танловда ғолиб бўлдингиз» қабилидаги қизиқтирувчи хабарлар юборилади, совринлар, фойдали тарифлар, совғалар таклиф қилинади ва улар учун «қўшимча тўлов тўлаш», «гаров киритиш» ёки бошқа усулларда ҳақ тўлаш сўралади.
– Фирибгарлар қўнғироқ қилганда ўзини қандай тутиш лозим? Қўнғироқни қабул қилмасдан ўчириб қўйиш керакми? Ёки – аввал эшитиб кўриб, кейин рад қилиш керакми? Суҳбатни аудиоёзувга ёзиб олиш лозимми?
– Нотаниш рақамдан қўнғироқ қилинганда:
- хотиржамликни йўқотманг;
- шахсий маълумотларни ошкор қилманг;
- СМС-хабарлардан олинган кодларни маълум қилманг;
- қўнғироқ қилаётган шахснинг йўриқномаларига риоя этилиши талаб қилинганда, ўйлаб кўриш учун вақт берилишини сўранг. Картангиз ҳолатини ва ундаги пул маблағлари ҳақидаги маълумотларни банкнинг расмий веб-сайти ёки мобиль илова орқали шахсий кабинетда текшириб кўришингиз мумкин. Агар сизга зудлик билан қарор қабул қилиниши лозимлигини айтишса, уларга вазиятни аниқлаштириш учун хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилганингизни маълум қилинг;
- нотаниш шахсларга пул маблағларини ўтказманг.
– Фирибгарлар қўнғироқ қилганда қаерга мурожаат қилиш керак: Марказий банк, хизмат кўрсатувчи банк ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органгами? Уларга қайси маълумотлар ва қандай шаклда маълум қилиниши лозим?
– Фирибгарлик эканлигига шубҳа қилсангиз, дарҳол хизмат кўрсатувчи банк билан телефон орқали боғланинг ёки ёзма шаклда мурожаат қилинг ва вазиятни маълум қилинг. Бунда қуйидагилар маълум қилиниши лозим:
1) қайси рақамдан қўнғироқ қилинганлиги;
2) мурожаат қилувчи ўзини ким деб таништирганлиги;
3) қандай маълумот сўралганлиги».
Фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг!
Саида ЖОНИЗОҚОВА тайёрлади.