Полезное для бухгалтера в ноябре:
Ўзбекистондаги доимий муассасаларда солиққа оид муҳим жиҳатлар
Доимий муассаса мустақил юридик шахс эмас, бироқ солиқ органларида ҳисобга қўйилганидан сўнг солиқ мақомини олади. Ўзбекистонда солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида доимий муассаса концепцияси халқаро амалиётда қабул қилинган асосий қоидаларни ўз ичига олади, аммо айрим ўзига хос хусусиятлар ҳам мавжуд. Айниқса Ўзбекистон бозорига илк марта кираётган компаниялар ушбу ўзига хос хусусиятларга эътибор қаратишлари муҳимдир.
Ўзбекистонда доимий муассасалар концепциясининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида buxgalter.uz ўқувчилари учун Ўзбекистондаги Deloitte компанияси эксперти Айнаш АЛЬПЕИСОВА гапириб беради.
ДМ фақат солиқ мақомини аниқлаш учун қўлланиши боис, у ташкилий-ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишинча, ДМ номидан шартномалар тузиш имконияти, солиқ ва умуман ДМнинг мақоми ҳақида талай саволлар юзага келади.
ДМни рўйхатга олишнинг ўзига хос хусусиятлари
ДМни солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказиш учун ижро этилиши доимий муассаса ташкил этилишига олиб келадиган шартномани (мавжуд бўлган тақдирда) тақдим этиш лозим . Ўзбекистондаги доимий муассаса (ДМ) – ҚҚС тўловчиси ва ДМни рўйхатдан ўтказишдан алоҳида – солиқ органида ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйилиши шарт.
ДМни ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйишда солиқ органи рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиши мумкин. Давлат маълумотлар базасида (ijara.soliq.uz сайтида) рўйхатдан ўтказилган ижара шартномаси шундай тасдиқнома бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бундан ташқари, солиқчилар аксарият ҳолларда ДМнинг рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича ҳақиқатда ҳозирлигини текширадилар.
ДМ Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудида бўлганда
Чет эл юридик шахси айни бир жойда фаолиятни амалга оширадиган ва рўйхатдан ўтказилган ДМга эга. У мазкур ДМ рўйхатдан ўтказилган жойдан фарқланувчи жойда шунга ўхшаш фаолиятни амалга оширади. Шуни инобатга олиш муҳимки, бундай фаолиятни амалга ошириш ҳам мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган ДМни ташкил этишга олиб келади .
Мисол учун, юридик шахс Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтказилган ДМга эга ва Самарқандда шунга ўхшаш фаолиятни амалга оширади. Чет эл юридик шахси ДМни ҳам Самарқанд шаҳридаги солиқ органида СКнинг 130-моддасида белгиланган муддатда рўйхатдан ўтказиши керак.
Солиқ кодексининг ушбу нормаси кўп низо ва саволларга сабаб бўлмоқда, ахир ходимларни сақлаш, офисни ижарага олиш ва бир нечта ДМларнинг ҳаётий фаолиятини қўллаб-қувватлаш зарурияти туфайли ДМнинг операцион харажатлари аҳамиятли равишда ошади.
Халқаро шартномалар бўйича пасайтирилган солиқ ставкасини қўллаш
ДМга тааллуқли яна битта қизиқарли жиҳат – 2023 йил 1 январда қабул қилинган, фаолиятини ДМ орқали амалга оширадиган норезидент дивидендлар тарзидаги даромадлар – ДМнинг соф фойдаси бўйича Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномада назарда тутилган пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли эканлиги ҳақидаги қоида .
Аммо пасайтирилган ставканинг қўлланиши бош компаниянинг резидентлик сертификатининг мавжудлигини талаб қилади. Резидентлик сертификати Солиқ кодексининг талабларига (358-модда) мувофиқ келиши керак. Амалиётда, мисол учун, консуллик легаллаштириши ёки апостилнинг мавжуд эмаслиги пасайтирилган ставкани ноқонуний қўллаш сифатида баҳоланиши мумкин.
Қурилиш майдонида хизматлар кўрсатишда чет эл юридик шахсларининг ўзаро боғлиқлиги
Агар қурилиш майдонида ёки бошқа объектда турли вақт даврларида, бир ёки бир нечта ўзаро боғлиқ чет эл юридик шахси томонидан хизматлар кўрсатиш амалга оширилса, бу даврларнинг ҳар бири алоҳида олинганда ДМни эътироф этиш муддатидан ёки муддатларидан ошмаса, ушбу даврлар мазкур қурилиш майдонида ёки бошқа объектда фаолият амалга оширилган жами вақт даврига қўшилади .
Ушбу қоида солиқ органи томонидан ўзаро боғланган томонда ДМ юзага келганлиги аниқланган ҳолатда амалиётда синовдан ўтказилган. Ҳатто ушбу ўзаро боғланган тараф қурилиш майдонида ходимларининг ҳозир бўлиши орқали ДМни эътироф этишнинг 183 кунлик чегаравий миқдорига етмаган бўлса-да, бошқа ўзаро боғланган тараф билан биргаликда мазкур чегаравий миқдордан ошган. Сабаби Ўзбекистонда ДМ билан боғлиқ масалалар анча оммавий, солиқ органлари ушбу масалаларга эътибор билан қарашмоқда ва бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблари билан тез-тез ахборот ва тажриба алмашиб келишмоқда.
ДМнинг чегириб ташланадиган харажатларини аниқлаш
Ўзбекистонда фойда солиғини ҳисоб-китоб қилишда норезидентнинг ДМда чегириб ташланиши лозим бўлган харажатларини эътироф этиш-катта масала. Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва капиталдан олинадиган солиқларни тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенция (битим) ДМ фойда солиғини ҳисоб-китоб мақсадларида чегирма учун қабул қилишга ҳақли бўлган бошқарув, умумий ва маъмурий харажатлар тўғрисидаги нормаларни ўз ичига олади. Аммо амалиётда бундай чегирмаларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги масала маҳаллий талаб ҳисобланади (СК 348-модда).
Хусусан, ВМнинг 10.03.2022 йилдаги 111-сон қарори мутаносиб ёки алоҳида-алоҳида усулдан фойдаланиш ва тегишинча, солиқ органи томонидан талаб қилиб олиниши мумкин бўлган тасдиқловчи ҳужжатларнинг тақдим этилишини тартибга солади. Улар жумласига, масалан, Ўзбекистондаги ДМга тегишли харажатларни ўз ичига олган норезидент бўлган юридик шахснинг молиявий ҳисоботи, шунингдек, аудиторлик ҳисоботи киради.
Солиқ мажбуриятлари бўйича даъво қилиш муддати доирасида, яъни 5 йил мобайнида мавжуд бўлиши керак бўлган тўлов учун ҳисоб, бажарилган ишлар далолатномалари ва иш вақтини ҳисобга олиш табеллари тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиб хизмат қилиши мумкин .