Корхонага солиқ солишда назорат қилинадиган чет эл компаниясининг фойдаси қандай ҳисобга олинади

preview

“Корхонада 100% чет эл шуъба жамияти – назорат қилинадиган чет эл компанияси (НЧК) мавжуд. 2022 йил учун НЧК фойда олади, лекин дивидендларни тақсимламайди. Ушбу фойда СКнинг 204-моддасида назарда тутилган озод қилиш остига тушмайди. 2023 йилнинг бошида НЧКнинг 100% улушини сотиш режалаштирилмоқда. НЧКнинг молия йили календарь йилига тўғри келади. Сотилган тақдирда НЧКнинг фойдасига корхонада солиқ солинадими?”. 

Саволга buxgalter.uz  илтимосига биноан ДСҚ Солиқ солиш департаментининг халқаро солиққа тортиш бўлими бошлиғи Раъно АЛИШАЕВА жавоб берди:

 

– Назорат қилинадиган чет эл компаниясининг (НЧК) фойдасига муайян шартларга риоя қилинган тақдирда сизнинг корхонангизда солиқ солиниши лозим.

СКнинг НЧК фойдасига солиқ солиш тўғрисидаги VII бўлими 2022 йилнинг 1 январидан амалга киритилган .

Чет эл шуъба жамияти солиқ солиш мақсадларида НЧК деб эътироф этилади, сабаби бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя қилинмоқда :

  • чет эл юридик шахси Ўзбекистоннинг солиқ резиденти ҳисобланмайди;
  • Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлган юридик шахс чет эл юридик шахсини назорат қилувчи шахс ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг солиқ резиденти бўлган корхона НЧКнинг тақсимланмаган фойдасидан солиқни тўлаши шарт. Агар Ўзбекистоннинг солиқ резиденти НЧКни назорат қилувчи шахс деб эътироф этилса, у НЧКнинг тақсимланмаган фойдасини фойда солиғи солиниши лозим бўлган ўз даромадлари таркибига киритиши шарт .

Агар фойдани тақсимлаш ҳақидаги қарор бундай компания мансуб бўлган давлатнинг (ҳудуднинг) қонунчилигига мувофиқ молия йили учун молиявий ҳисобот тузиладиган давр охирига тўғри келадиган йилнинг 31 декабрига қадар қабул қилинмаган бўлса, мазкур фойда назорат қилувчи шахснинг тегишли даврнинг охиридаги иштирок этиши улушига тўғри келадиган улушда ҳисобга олинади .

НЧКнинг фойдаси, агар унинг миқдори 300 млн сўмдан ошса, фойда солиғи бўйича солиқ даври учун солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинади .

Агар НЧК молия йили якунлари бўйича фойдани (тўлиқ ёки қисман) ўз давлати (ҳудуди) қонунчилигида ушбу фойдани устав капиталини кўпайтириш учун йўналтириш мажбурияти белгиланганлиги туфайли иштирокчилар ўртасида тақсимлай олмаса, бундай фойда назорат қилувчи шахсда солиқ базасини аниқлашда ҳисобга олинмайди .

Кўриб чиқилаётган вазиятда НЧКнинг фойдаси СКнинг 204-моддасида назарда тутилган озод қилиш остига тушмайди. Корхона молия (2022) йилининг охирида НЧКни назорат қилган. Бинобарин, агар 2022 йил учун НЧК фойдасининг миқдори 300 млн сўмдан ошса ва фойдани УКни кўпайтириш учун йўналтириш зарурати туфайли фойдани тақсимлаш бўйича чекловлар бўлмаса, корхона НЧКнинг фойдасини ўзининг фойда солиғи бўйича солиқ базасига киритиши керак.