Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар эгалари учун кутилаётган ўзгаришлар

preview

2022 йил онлайн-НКМ ва виртуал кассалар эгалари учун ўтиш даври бўлади: мазкур қурилмалар банк карталари орқали тўловларни қабул қилишни “ўрганиши” керак . Техник жиҳатдан бунга мослаштирилмаган касса техникаси эгалари қурилмани алмаштириш ҳақида қайғуришлари керакми? 

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни «Марон» МЧЖ  ТХКМнинг онлайн-НКМга хизмат кўрсатиш бўйича мутахассиси Рустам ЁҚУБОВ тушунтирди:

 

– “Шошилишнинг ҳожати йўқ. Бизнинг марказимиз кассаларнинг бир нечта моделларига, шу жумладан тугмали моделларига хизмат кўрсатади. Уларнинг айримлари  банк карталари орқали ҳисоб-китобни қўллаб-қувватламайди, бунинг учун қўшимча ташқи қурилма - тўлов терминалидан фойдаланишга тўғри келади. Бундай кассаларнинг барча ишлаб чиқарувчилари ҳозирги вақтда уларни  ПҚ-5252-сон қарор талабларига жавоб бериши учун  маромига етказиб қайта ишламоқдалар, айримлари эса қайта ишланган.

Ишлаб чиқарувчилар онлайн-НКМга карталар билан ишлаш учун қурилмани жойлаштирмадилар, балки касса аппаратини алоҳида пин-пад (HUMO терминали) билан улаш вариантини танладилар. Бу харидорга картани бегона қўлларга бермаслик ва пин-кодни айтмаслик имконини беради. Бу айниқса ҳозирги кунда харидорларнинг банк карталаридан пул маблағлари йўқолаётган ва бошқа фирибгарлик турлари тез-тез учраётган вақтда муҳимдир.

Агар онлайн-НКТни модернизация қилиш зарур бўлса, ўзингизнинг ТХКМга мурожаат қилинг. Сизга онлайн-НКМ ва HUMO терминали керак бўлади. Бошқалар қаторида, онлайн-НКТга бир йўла штрих-кодларини ўқийдиган қурилма ва DataMatrix (рақамли маркировкалаш)ни улатиб олиш мумкин. Уларни қўллаш 2022 йил 1 январдан бошлаб мажбурий бўлади .

2021 йилнинг декабрь ойи якунига қадар HUMO процессинг маркази Uzcard билан интеграция қилишни якунлашга ваъда бермоқда. Бу модернизация қилинган онлайн-НКМ бир вақтда HUMO ва Uzcard томонидан хизмат кўрсатиладиган барча банк карталаридан тўловларни қабул қилишини  англатади. Дарвоқе, ҳозир HUMO терминаллари ва уларни қўллаган ҳолда барпо этилган аппарат-дастурий комплекслар Uzcard тизимининг кобейжинг карталаридан тўловни қабул қилмоқда.

Назаримда, ПҚ-5252-сон қарорнинг 4-бандида назарда тутилган  ечим қуйидагилар учун қулай ва амалийдир:

  1. Сотувчи қонунни бузмаслик учун тўловни терминал орқали қабул қилиши, сўнгра сотув тўғрисидаги маълумотларни онлайн-НКТга киритиши ва онлайн-НКМ чекини уриши зарур. Айнан шу пайтда операторлар кўп хатога йўл қўйишган, оқибатда уларни бухгалтерлар тузатишларига тўғри келган. Энди бундай хатолар эҳтимоли ноль даражага туширилган, сабаби харид суммаси онлайн-НКМда (виртуал кассада) шакллантирилади ва тўлов териминалига (пин-падга) узатилади;
  2. Камида битта терминалга хизмат кўрсатиш бўйича харажатларни тежаш имконияти пайдо бўлмоқда. Сотувчининг иш жойида қўшимча жой бўшамоқда;
  3. Алоҳида сим-карта сотиб олиш ёки терминалга алоқа ўтказиш шарт эмас - барчаси сиз учун одатий бўлган касса орқали ишлайди”.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади