Ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг ота-оналарига ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланилади

preview

2022 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахслар учун ЖШДС бўйича имтиёз МҲЭКМнинг 3 бараваригача оширилди. Шунингдек, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсни тарбияловчи она-оналар учун ҳам имтиёз назарда тутилган. Агар ҳам ота-онаси ишласа, ҳам болаликдан ногиронлиги бўлган шахс, мисол учун, масофадан ишлаш режимида ишга жойлаштирилган бўлса, уларни бир вақтнинг ўзида қўллаш мумкинми? 

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан Молия вазирлиги департаменти директори ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ тушунтирди:

 

– 2022 йил 1 мартдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ЖШДС солинмайдиган даромадлари суммаси МҲЭКМнинг 3 бараварини ташкил қилади . Бу имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади.

 

Бунда СКнинг 380-моддаси иккита алоҳида имтиёзни белгилайди:

  • МҲЭКМнинг 3 баравари миқдорида - ( 1 мартдан бошлаб 2 466 000 сўм, 1 июндан бошлаб - 2 760 000 сўм) - болаликдан ногиронлиги бўлган шахс ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг даромадларига ;
  •  МҲЭКМнинг 1,41 баравари миқдорида (2022 йил 1 июнга қадар - 1 159 020 сўм, 1 июндан бошлаб - 1 297 200 сўм) - болалигидан ногиронлиги бўлган шахс, доимий парваришни талаб этадиган фарзанди билан бирга яшаб, уни тарбиялаётган ота ёки онанинг даромадларига . Имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки соғлиқни сақлаш муассасасининг доимий парвариш зарурлигини тасдиқловчи тиббий маълумотномаси асосида берилади.

 

Бинобарин, юқорида келтирилган тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда сиз болалигидан ногиронлиги бўлган шахснинг ота ёки онаси даромадларига МҲЭКМнинг 1,41 баравари миқдорида имтиёзни қўллайсиз.

Агар корхонада болаликдан ногиронлиги бўлган шахс ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг ўзи ишга жойлаштирилган бўлса, 2022 йил 1 мартдан бошлаб сиз унинг даромадларига МҲЭКМнинг 3 баравари миқдорида ЖШДС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақлисиз.

Эътибор беринг

ЖШДСдан қисман озод қилишни қўллаш қоидаларини эслатиб ўтамиз:

1. Имтиёзларни уларга бўлган ҳуқуқ юзага келган пайтдан эътиборан ва фақат тегишли ҳужжатлар асосида қўлланг.

2. Агар жисмоний шахс бир нечта асос бўйича имтиёзга доир ҳуқуққа эга бўлса, жисмоний шахсга хоҳишига қараб фақат битта имтиёзни қўлланг .

3. Солиқ имтиёзини қўллаш жисмоний шахснинг асосий иш (хизмат, ўқиш) жойи бўйича, асосий иш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда эса - декларация асосида амалга оширилади.

4. Имтиёзлар фоизлар, дивидендлар тарзида олинган даромадларга, шунингдек мол-мулкни ижарага топширишдан олинган даромадларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Эътибор беринг
Имтиёзга бўган ҳуқуқ йўқотилган тақдирда солиқ тўловчи 15 кун давомида бу ҳақда хабар бериши шарт.