Чет элликнинг меҳнатига оид тасдиқнома учун йиғимлар келгуси давр харажатларига киритиладими

preview

“2023 йилнинг март ойида ташкилот чет эллик ходимни ишга қабул қилиш учун харажатларни амалга оширди. Айнан давлат хизматлари маркази томонидан “Лицензия” тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни амалга оширди. Рухсатнома 2023 йилнинг март ойида 1 йилга берилди.

 Ташкилот ушбу харажатларни рухсатноманинг амал қилиш даврида келгуси давр харажатларига олиб бориши мумкинми?”

Вuxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Норма” эксперти Дилором САИДОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

 

– Шуни дарҳол қайд қиламизки, 2021 йил 1 январдан бошлаб Президентнинг 24.08.2020 йилдаги ПФ-6044-сон Фармони асосида хорижий ишчи кучини жалб қилишга рухсатнома олиш бекор қилинган. Шу боис иш берувчи чет эллик ходим учун фақат Ўзбекистонда меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқнома олиши керак.

 

Чет эллик шахснинг Ўзбекистонда меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани қандай олиш мумкин

Тасдиқномани иш берувчи-юридик шахс ҳамда чет элликнинг ўзи олиши мумкин. Тасдиқнома ваколатли орган – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан берилади. Бунинг учун чет эллик ЯИДХПда ёки “Лицензия” ахборот тизимида рўйхатдан ўтиши ва шахсий кабинет очиши лозим. Тасдиқнома олиш учун аризани ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон шаклда бериш лозим. Тизим ариза ва илова қилинадиган ҳужжатларни автоматик тарзда Агентликка юборади.

 

1-босқич – аризани кўриб чиқиш учун йиғим

Ариза ва илова қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун йиғим миқдори – БҲМнинг 1 баравари, бугунги кунда бу 330 000 сўмни ташкил этади.

Йиғимнинг тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади .

15 иш куни мобайнида ариза берувчининг шахсий кабинетига қабул қилинган қарор тўғрисида хабарнома юборилади .

 

2-босқич – тасдиқнома олиш

Сўнгра ариза берувчига тўлов учун ҳисоб тақдим этилади ва Тасдиқнома берилганлиги учун йиғим миқдори кўрсатилади, у қуйидагиларни ташкил этади :

  • юқори малакали мутахассислар учун – БҲМнинг 1 баравари;
  • малакали мутахассислар учун – БҲМнинг 2 баравари;
  • бошқа чет эл фуқаролари учун – БҲМнинг 30 баравари.

Юқори малакали ва малакали мутахассислар тоифасига кирмайдиган чет эллик шифокорлар учун Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома берилганлиги учун йиғим миқдори 6 бараварга камайтирилади ва БҲМнинг 5 баравари миқдорида ундирилади.

Юқори малакали ва малакали чет эллик мутахассисларга берилган тасдиқномаларнинг амал қилиш муддати ариза берувчининг истагига кўра улар берилган кундан бошлаб чексиз миқдорда, бироқ ҳар бир ҳолатда 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатгача узайтириш имконияти билан 3 йилгача бўлган муддатни ташкил қилади . Сизнинг вазиятингизда, афтидан, аризада 1 йил кўрсатилган.

Юқори малакали ва малакали мутахассислар, Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар учун тасдиқноманинг муддати меҳнат шартномалари амал қиладиган муддатга, бироқ 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тенг. Бунда  улар республика ҳудудида тасдиқнома олмасдан ўриндошлик асосида ишлаш ҳуқуқига эгалар.

 

Нимани КДХга олиб бориш мумкин, нимани эса олиб бориш мумкин эмас

Жорий ҳисобот даврида амалга оширилган, бироқ келгуси ҳисобот даврларига тааллуқли бўлган тўловлар келгуси давр харажатларига киради . Бундай харажатларга олдиндан тўланган ижара ҳақи, даврий нашрларга обуна, суғурталаш киради. Харажатларнинг мазкур турлари ушбу хизматларнинг олинишига қараб, харажатлар таркибида тан олинади.

Сизнинг ташкилотингиз аризани кўриб чиқиш ва тасдиқнома берилганлиги учун йиғимлар тўлашни амалга оширган.

Тасдиқномани олиш пайтида давлат хизмати кўрсатилган ва ҳатто чет эллик ходим рухсатноманинг муддати ўтгунга қадар ишдан бўшаб кетган тақдирда ҳам тўланган харажатларнинг ҳужжатнинг фойдаланилмаган муддатига тўғри келадиган бир қисми қайтарилмайди. Шу боис ушбу харажатларни хизматларни олиш пайтида тан олиш тўғрироқ бўларди.

Аммо келгуси давр харажатларининг қонун ҳужжатлари билан белгиланган рўйхати мавжуд эмас. Бинобарин, корхонангизнинг харажатларини йил давомида тан олиш учун чекловлар йўқ. Эҳтимол, ушбу харажатларнинг суммаси корхонангиз учун муҳим бўлиб, шу боис сиз уларни 12 ой давомида қисмларга бўлиб тан олишни истаётгандирсиз.

Шу тариқа, хорижий ишчи кучини Ўзбекистонга жалб қилиш тўғрисида аризани кўриб чиқиш учун йиғимни ушбу хизматлар олинган пайтда харажатлар таркибида тан олиш лозим. Тасдиқнома берилганлиги учун йиғимга тўловни эса, агар бу ҳисоб сиёсатида акс эттирилган бўлса ва корхонангиз мазкур қарорни асослаб беролса, кейинчалик йил давомида мутаносиб равишда харажатларга ҳисобдан чиқарган ҳолда 3190 “Бошқа келгуси давр харажатлари” счётига олиб бориш мумкин.