Чет элда бино ва ускуналар ижарага олинса, солиқ оқибатлари юзага келадими

preview

“ЎзРнинг резиденти бўлган корхонамиз, айланмадан олинадиган солиқ тўловчиси – Қирғизистонда хизматлар кўрсатади. Фаолиятни амалга ошириш учун Қирғизистон Республикасининг юридик шахсидан ускуналар ва бинони ижарага оламиз. Ижара учун АҚШ долларида тўловни амалга оширамиз.

Чет элда ижара хизматларидан фойдаланишда солиқ оқибатлари юзага келадими? Бундай операцияларда қандай бухгалтерия ўтказмалари бўлади?”

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар учун солиқ солиш объекти – Солиқ кодексининг фойда солиғи тўғрисидаги бўлимида белгиланган қоидаларга асосан аниқланадиган жами даромад .

Айланмадан олинадиган солиқни тўлаш солиқ тўловчини унинг зиммасига Солиқ кодекси билан юклатилган солиқ агенти мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди . Аммо сизнинг вазиятингизда норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқни ва чет эллик ҳамкорнинг хизматларидан ҚҚСни тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди.

 

Норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ

Ўзбекистондан ташқарида ишларни бажаришдан, хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбаларидан олинган даромадлари жумласига кирмайди .

Сиз Ўзбекистондаги манбалардан амалга оширадиган тўловларга қарамай, бино ва ускуналар ижараси бўйича хизматлар ЎзРдан ташқарида кўрсатилади. Шу боис корхонангизда норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқни тўлаш бўйича мажбурият юзага келмайди.

 

ҚҚС

Кўриб чиқилаётган вазиятда ҚҚСни тўлаш бўйича мажбурият юзага келмайди.

Агар Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи деб эътироф этилса, чет эл компанияси томонидан кўрсатиладиган хизматлардан ҚҚСни тўлаш мажбурияти юзага келади .

Кўчмас мулк  ва кўчар мулкни  ижарага беришда, сизнинг вазиятингизда Ўзбекистон хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланмайди, сабаби мол-мулк Қирғизистонда жойлашган. Бинобарин, ҚҚС юзага келмайди.

 

Бухгалтерия ҳисоби ва ўтказмалар

Бино ва ускуналар Қирғизистон ҳудудида жойлашганлиги боис, бухгалтерия ҳисоби ва ўтказмалар улар юзасидан тузилган ижара шартномаси шартларига боғлиқдир.