Лицензия тўловларида “Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битим” талабларини тўғри қўллаяпмизми

preview

“Компаниямиз – дастурий таъминот дистрибьютори саналади. Ҳуқуқ эгалари – Германиянинг резидентлари билан лицензия битимлари тузилган. Компания-дистрибьютор дастурий таъминотлар ресселерлари билан шартномалар тузади, улар эса ўз навбатида якуний мижозларни топишади. Дастурий таъминотлар учун ҳуқуқ эгаларига тўлов компания-дистрибьютор томонидан амалга оширилади. “Лицензия тўловлари” атамаси ЎзР ва ГФР ўртасидаги Битимнинг 12-моддаси 3-бандига асосан қуйидагилар учун тўланадиган ҳар қандай турдаги ҳақ ҳисобланади:

а) адабиёт ёки санъат асарлари, шу жумладан, кинематографик фильмлар, радио ва телевидение эшиттиришларида фойдаланиш учун тасмага ва бошқа воситаларга ёзувлар учун муаллифлик ҳуқуқларидан фойдаланиш ёки бундай ҳуқуқларнинг берилиши;

b) илмий асарлар, патентлар, савдо белгилари, намуналар ёки моделлар, чизмалар, маҳфий формулалар ёки технологияларга муаллифлик ҳуқуқларидан фойдаланиш ёки бундай ҳуқуқларнинг берилиши ёки саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тегишли ахборотни берганлик учун.

Ушбу бандда дастурий маҳсулотлар (ёки компьютер дастурлари, дастурий таъминот) ҳақида айтилмаган.

Агар ҳуқуқ эгаси – Германиянинг резиденти бўлса, ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олишда лицензия тўловларига Битимнинг 12-моддаси 3-бандини қўллаш мумкинми?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Assistance In Tax” солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори Радмила КАРИМОВА жавоб берди:

 

Ҳар куни бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ва ҳисобот бўйича янги материалларни ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

ДТ учун лицензия тўловларига қандай қаралади

ЎзР ва Германия ўртасидаги Иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги битимнинг (Берлин, 1999 й. 7 сентябрь, 2001 й. 14 декабрдан кучга кирган) 12-моддаси 3-банди b кичик бандида лицензия тўловлари (роялти) атамасининг қуйидаги тушунчаси назарда тутилган:

илмий асарлар, патентлар, савдо белгилари, намуналар ёки моделлар, чизмалар, маҳфий формулалар ёки технологияларга муаллифлик ҳуқуқларидан фойдаланиш ёки бундай ҳуқуқларнинг берилиши ёки саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тегишли ахборотни берганлик учун.

Шу боис, ҳатто атаманинг таърифида дастурий маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқи тўғридан-тўғри кўрсатилмаган бўлса-да, ушбу дастурий маҳсулотга  компьютернинг операцион жараёнлари (операцион дастурий маҳсулот) учун ёки бошқа вазифаларни бажариш учун (амалий дастурий маҳсулот) зарур бўлган компьютер учун йўриқномага эга бўлган дастур ёки дастурлар туркуми сифатида қаралиши мумкин.

Бу ҳолда компьютер дастуридан фойдаланиш ҳуқуқи ҳар бир муайян шартномада айнан қандай ҳуқуқлар мустаҳкамлаб қўйилганлигига қараб, ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи ёки технологиялардан фойдаланиш ҳуқуқи жумласига киради. У ёки бу ҳолда норезидентнинг роялти тарзидаги даромади юзага келади.

 

Норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ

Роялти тўлашда харидор норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ бўйича солиқ агентига айланади . Солиқ агенти даромадни тўлашда солиқни ушлаб қолиши керак. Ушбу даромадларга 20% ставка бўйича норезидентнинг даромадларидан олинадиган солиқ солинади.

Аммо, агар норезидентга даромад тўлашда солиқ агентида қуйидагилар мавжуд бўлса:

  • солиқ резидентлиги тўғрисида ҳужжат  ва
  • даромадларга бўлган ҳуқуққа ҳақиқатда эга эканлигини тасдиқловчи ҳужжат ,

норезидент томонидан олинадиган даромадга пасайтирилган 3% ставка бўйича солиқ солинади.

 

ҚҚС

Интеллектуал мулк объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини беришга, агар Ўзбекистон уларни реализация қилиш жойи ҳисобланса, ҚҚС бўйича хизматларни реализация қилиш бўйича айланма сифатида қаралиши мумкин . Агар ишлар, хизматлар харидори республика ҳудудида фаолиятни амалга оширса, республика реализация қилиш жойи деб эътироф этилади . Агар харидор Ўзбекистон ҳудудида юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш асосида ҳақиқатда ҳозир бўлса, Ўзбекистон харидорнинг фаолиятни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади .

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турган ёки фаолиятни амалга оширувчи шахс томонидан ДТдан фойдаланиш ҳуқуқини Интернет тармоғи орқали сотиб олишда, Ўзбекистон хизматни реализация қилиш жойи деб эътироф этилади ва ҚҚС солинади  .

 

Агар чет эл юридик шахслари реализация қилиш жойи Ўзбекистон деб эътироф этиладиган хизматларни Ўзбекистонда ДМга эга бўлмаган норезидентга кўрсатса, бундай хизматларнинг харидорлари солиқ агентлари деб эътироф этилади . Солиқ агенти ҚҚСни ҳисоблаб чиқариши, у ҚҚС тўловчи эканлигидан ёки солиқ тўловчи эмаслигидан қатъи назар, уни ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт .

Роялтидан солиқни қандай ставкада ушлаб қолиш керак, биз бу ҳақда сайтда алоҳида мақолада батафсил гапириб берганмиз.