Қандай қилиб СКнинг 227-1-моддасини бузганлик учун жаримага асос яратмаслик мумкин

preview

Солиқ қўмитаси қонун ҳужжатларининг қандай нормаларини бузганлик учун тадбиркорлик субъектларига Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича жарималар солинишини тушунтирди. 

Buxgalter.uz ахборотни қандай қилиб тегишли ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик юзасидан тавсиялар билан тўлдирди.

 

Мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

1. Фискал белгилар акс эттирилишини бузиш

Харидор – юридик шахс билан ҳисоб-китобларда албатта онлайн-НКТ (онлайн-НКМ, виртуал касса ёки маркетплейс (электрон тўлов иловаси) чеки берилган бўлиши керак. Онлайн-НКТнинг сотиш ва қайтариш чекларида қуйидагилар мажбурий акс эттирилган бўлиши керак  :

  • QR-код
  • фискал белги.

Ушбу реквизитлар фақатгина онлайн-НКТ чекларининг иккита турида акс эттирилмайди: бўнак (олдиндан тўлов) ва кредит (бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан) тўланганда берилган чекларда.

Қандай қилиб қоидани бузмаслик мумкин: харидор билан ҳисоб-китобларда ҳар доим 2019 йил 23 ноябрдаги 943-сон ВМҚ талабларига мувофиқ ўрнатилган онлайн-НКТни қўлланг. Ёдда тутинг: терминал чеки ва ички ҳисобга олиш дастури чеки (масалан, буюртма қилинган таомлар санаб ўтилган умумий овқатланиш муассасаси чеки) онлайн-НКТ чекининг ўрнини босмайди ва улар ҳар доим онлайн-НКТ чеки билан бирга берилиши керак.

Бугунги кунда кўпгина умумий овқатланиш ва чакана савдо муассасалари R-Keeper, JOWi, iiko ва бошқа ҳисобга олиш дастурлари негизида яратилган виртуал кассалар билан жиҳозланган. Улар ҳам касса чекини уриши мумкин. Фискал чекда QR-код ва фискал белгидан ташқари МХИК, фискал модуль ва виртуал касса маълумотлари билан реализация қилинган товарлар (таомлар) рўйхати бўлиши керак.

 

2. Автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш бўйича талабларнинг бузилиши

Тадбиркорлар қуйидагиларни қўллашлари керак:

  • ишлаб чиқариш ҳажмини, омборлардаги қолдиқларни ва маҳсулот реал вақт режимида жўнатилишини назорат қилиш мақсадида истеъмол ва техник этил спирти, шунингдек, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ускуналарини ҳисобга олиш ўлчов воситалари ;
  • АГТКС ва АГҚСда электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камералари .

Қандай қилиб қоидани бузмаслик мумкин: қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келадиган кўрсатилган ускуналар нафақат корхона ёки автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчаларига ўрнатилган бўлиши, балки маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиш жараёнида узлуксиз фойдаланилиши керак.

 

3. Солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилишни таъминламаслик

Қуйидагилар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан мажбурий тартибда интеграция қилиниши керак:

  • чакана савдо ва умумий овқатланиш соҳасининг автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари (ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлари) ;
  • маркетплейслар (электрон тўлов иловалари) ;
  • пахта хом ашёси, ғалла ёки шолини қабул қилиш ва ҳисобини юритиш бўйича ахборот тизимлари ;
  • АГТКС ва АГҚСда электрон ўлчаш ускуналари ва онлайн видео камералари .

Қандай қилиб қоидани бузмаслик мумкин: кўрсатилган ресурслар солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган бўлиши керак.

4. Товарларни (маҳсулотларни) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларига риоя қилинмаслиги

Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларни маркировкалашлари шарт. Мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарларнинг чакана ёки улгуржи савдосини амалга оширувчи корхоналар Asl belgisi маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимига уланган бўлиши керак .

Маҳсулотлар билан чакана савдо қилувчи корхоналарга аҳоли билан ҳисоб-китобларда штрих-кодлар ва рақамли маркировка кодларини эркин ўқиш ва аниқлаш имкониятига эга бўлмаган онлайн-НКТдан фойдаланиш тақиқланган .

Тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш ва уларнинг айланмасини кузатиб бориш қоидаларига риоя қилишлари шарт .

Қандай қилиб қоидани бузмаслик мумкин: сотувчидан мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган маркировкаланмаган маҳсулотни қабул қилмаслик. Рақамли маркировкалаш талаби турли товарлар учун турли вақтда кучга киришини инобатга олинг.

Рақамли маркировкалашни жорий этиш муддатлари ҳақида қуйидагиларда батафсил ўқинг:

 

Манба