Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Туризм учун навбатдаги имтиёзлар, «яшил» тадбиркорлик, иссиқлик энергияси учун тарифларнинг ўсиши ва 2025 йил сентябрда бизни кутаётган бошқа муҳим ўзгаришлар – buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун Teлeграм-каналимизга обуна бўлинг.
Шундай қилиб, Ўзбекистонда 2025 йил сентябрдан:
1. Иш берувчиларга қўйиладиган талаблар соддалаштирилади 
Иш берувчиларга бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилишни рад этганлик учун маъмурий жавобгарлик қўлланилмайди. Ва улар бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.
2. Меҳнат инспекцияси текширувлари олдиндан хабардор қилинмасдан бошланади 
2025 йил 1 сентябрдан эътиборан давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш бекор қилинади.
«Хавфни таҳлил этиш» тизимининг таҳлил натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга татбиқ этилмайди.
3. «Яшил тадбиркор» мақоми бир қатор имтиёзларни беради 
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига «яшил тадбиркор» мақомини бериш юзасидан платформа ишга туширилади. Уни қуйидаги йўналишларда кўрсаткичларни бажарган тадбиркорлик субъектлари олади:
- кўкаламзорлаштириш, шу жумладан — корхонани «яшил белбоғ» билан ўраш, суғориш тизимларини ўрнатиш, томчилатиш, ёмғирлатиш ва контейнерли (қопли) суғориш тизимини жорий этиш;
- энергия тежамкорлигини таъминлаш, жумладан – энергия тежовчи ускуналар ва технологияларни жорий этиш;
- корхоналарнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, жумладан – экологик ҳуқуқбузарлик содир этмаслик, атмосферага ташламаларни онлайн мониторинг қилиш тизимини жорий этиш;
- ишлаб чиқаришга циркуляр иқтисодиётни жорий қилиш («7R») тамойилини татбиқ этиш;
«Яшил тадбиркорлар» қуйидагиларга эга бўлади:
- «Шаффоф қурилиш» платформасида устуворлик бериш;
- муайян муддат давомида экологик текширувлардан озод этиш;
- халқаро бозорларга чиқиш учун қўллаб-қувватлаш;
- Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги доирасида қўшимча балл бериш.
4. Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун квоталар аукцион орқали берилади 
1 сентябрдан бошлаб қуйидагиларни электрон аукцион орқали бериш тартиби жорий этилади:
- ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун тасдиқланган квоталар;
- ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар.
Квоталар ва рухсатномалар Экология вазирлиги томонидан тасдиқланиб, аукционга чиқарилади.
5. Кичик ва ўрта бизнес субъектларини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви бекор қилинади 
Бизнес қуйидаги барча учта шартга жавоб берган тақдирда, ихтиёрий равишда тугатишда солиқ текшируви ўтказилмайди:
- 3 йилда даромад < 10 млрд сўм;
- қарздорлик мавжуд эмас ва ҳисоботлар мунтазам равишда топширилади;
- «Хавфни таҳлил қилиш» тизимида хавф паст даражада.
Эслатма:
6. Туризм субсидиялар ва компенсациялар билан қўллаб-қувватланади 
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар туризм соҳаси корхоналарига:
- видеоконтент ишлаб чиқариш ва тарғиб қилиш харажатларининг 50%и (50 млн сўмгача) қоплаб берилади;
- чет элда ўзбек ошхонаси ресторанларини ташкил этиш (25 минг АҚШ долларигача) субсидияланади;
- транспорт харажатлари (бир тадбиркорлик субъекти учун таомлар тайёрлаш учун бир йилда 300 кг маҳсулотга 100 млн сўмгача) компенсация қилинади;
- меҳмонхоналар, йирик савдо марказлари ва умумий овқатланиш шохобчаларида замонавий сузиш ҳавзаларини қуришга 100 млн сўмгача ажратилади.
Шунингдек, Миллий туризм ягона платформаси ишга туширилади
.
У орқали қуйидагиларни амалга ошириш мумкин бўлади:
- меҳмонхоналар, экскурсиялар ва транспортни банд қилиш;
- чипталарни харид қилиш (авиа, темир йўл, автобус);
- миллий ва халқаро тўлов тизимлари орқали хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ва бошқалар.
7. Юридик шахслар патруль-пост хизмати бўлинмаларини шартномавий-ҳуқуқий асосда жалб қилиши мумкин 
Юридик шахслар одамлар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида ЯИДХП ва ДХМ орқали ИИО ППХ бўлинмалари хизматларини шартномавий-ҳуқуқий асосда олиши мумкин.
8. Янги фармкомпаниялар учун лицензиялаш шартлари ўзгаради 
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб фармацевтика фаолияти, дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш фаолияти соҳасида янгидан ташкил этилган субъектларга лицензия талабларига қўшимча шартлар киритилади:
- фаолиятни амалга ошириш учун кўчмас мулк бўйича ижара ёки текин фойдаланиш шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш;
- харидорлардан тўловни қабул қилиш бўйича электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш имкониятини яратиш.
Бундан ташқари, 1 сентябрдан бошлаб контрафакт ёки маркировкаланмаган дори воситаларини сотиб олиш, ташиш, сақлаш ёки реализация қилиш ҳолатлари аниқланганда лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилиши мумкин.
Дорихоналар учун янгиликлар ҳақида батафсил бу ерда ўқинг >>>
9. Дори воситалари учун МХИКлар ўзгаради
22 сентябрдан 03004 класс дори воситаларининг 131 та МХИК 03002 классга кўчирилади. Тўлиқ рўйхатни ҳавола бўйича материалдан юклаб олиш мумкин >>>
10. Заргарлик буюмларини импорт қилиш ва реализация қилишдаги янгиликлар 
1 сентябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини чакана реализация қилишга рухсат берилади.
Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизматлар кўрсатилади.
Заргарлик буюмларини импорт қилишни тартибга солиш қисмида 2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 сентябрга қадар:
- заргарлик буюмларини (ТИФ ТН 7113 ва 7114 товар позициясидаги маҳсулотлари) Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи 2% ставкада қўлланилади;
- заргарлик буюмларини "эркин муомалага чиқариш" ва "экспорт" божхона режимларига жойлаштиришда божхона расмийлаштируви учун йиғим буюмларнинг божхона қийматидан қатъи назар, БҲМнинг 1 баравари миқдорида тўланади;
- импорт қилинган заргарлик буюмларини Давлат асиллик даражаси назорати инспекциясида тамғалаш учун ундириладиган йиғим миқдори маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун белгиланган миқдорга тенглаштирилади;
- божхона чегараси орқали олиб кирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган заргарлик буюмларини божхона тўловларини амалга ошириш ва божхона юк декларациясини тўлдириш орқали декларация қилишга рухсат берилади.
11. Иссиқ сув ва иситиш учун тарифлар оширилади
Тошкент вилоятида 10 сентябрдан аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун иссиқ сув ва иситиш учун тарифлар оширилади. Бу ҳақда батафсил бу ерда ёзганмиз >>>
Тошкент шаҳри учун ҳам ошириш миқдорлари белгиланган, лекин сана белгиланмаган. Бу ҳақда бу ерда ёзганмиз >>>
Эътибор беринг
Эслатиб ўтамиз, юридик шахслар учун коммунал хизматлар учун барча долзарб тарифлар алоҳида маълумотномада тўпланган, у мунтазам янгилаб борилади.
12. Этилен ва пропилен полимерларидан маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар учун имтиёз 
2025 йил 1 сентябрдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган полиэтилен гранулалари учун акциз солиғи ноль ставкада қўлланилади.
Батафсил бу ерда ўқинг >>>
13. Рақамли маркировкалаш билан боғлиқ солиқ маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар 
2025 йил 1 сентябрдан бошлаб:
- хавфни таҳлил қилиш тизимида мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш ҳолатлари солиқ хавфи даражасини "юқори" деб баҳолаш учун асос бўлади;
- мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни реализация қилишда маркировка коди бириктирилмаган ЭҲФни расмийлаштиришга йўл қўйилмайди;
- мажбурий рақамли маркировкаланадиган маҳсулотларни чакана реализация қилишда:
1) маркировка коди киритилгандан сўнг онлайн-НКТ чеки шакллантирилади;
2) аввал фойдаланилган маркировка коди киритилганда касса чекини шакллантиришга йўл қўйилмайди.
Саида ЖАНИЗАКОВА тайёрлади