Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Улгуржи ва чакана савдо корхоналари ўғитлар ва пестицидларни қандай маркировкалашади
Улгуржи ва чакана савдо корхоналари ўғитлар ва пестицидларни маркировкалашнинг пилот лойиҳаси иштирокчилари таркибига киради. Улар бундай маҳсулотларни маркировкалаш барчага мажбурий бўлгунга қадар – 2026 йил 1 майдан бошлаб – ихтиёрий равишда унинг иштирокчиси бўлишлари ҳам, ундан чиқишлари ҳам мумкин.
Батафсил — buxgalter.uz шарҳида:
Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
2025 йил 1 майдан бошлаб – пилот лойиҳа доирасида – минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситалар истеъмолчи маҳсулотида GS1 DataMatrix икки ўлчовли штрих-код кўринишида рақамли маркировка кодини шакллантириш йўли билан Вақтинчалик низомга мувофиқ маркировкаланади.
Минерал ўғитлар ва ўсимликларни кимёвий ҳимоя қилиш воситаларини маркировкалаш бўйича пилот лойиҳада иштирок этиш учун нималар талаб этилади
Улгуржи ва чакана савдо корхоналари пилот лойиҳада иштирок этиш учун қуйидагиларни таъминлаши керак
:
1) ташкилот раҳбарининг номига (ишончномасиз имзо чекиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг номига) берилган ЭРИ;
2) минерал ўғитлар ва пестицидлар сақланадиган омборхоналар ва савдо хоналарида интернетга кириш нуқталари;
3) ММК МАТ («Аsl belgisi» маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатилиши бўйича миллий ахборот тизими) билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун зарур бўлган электрон ҳужжатларни яратиш ва қабул қилиш имконини берувчи компьютер тизими (шу жумладан ЭҲФ билан ишлашда);
4) рақамли идентификация воситаларини сканерлаш ва таниш учун, НКТга уланган асбоб-ускуналар (чакана савдо корхоналари учун);
5) минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситаларни улгуржи ва чакана савдо қилиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия (олиш қиймати – БҲМнинг 2 баравари миқдорида);
6) минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома.
Эътибор беринг
Минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситалар иштирокчисини иштирокчилар регистридан чиқариб ташлаш оператор томонидан иштирокчининг шахсий кабинети орқали тақдим этилган ариза асосида бундай ариза тақдим этилганидан кейин 5 иш куни ичида амалга оширилади
.
Ўғитлар ва пестицидларни қандай маркировкалаш керак 
- рақамли идентификация воситалари бевосита ишлаб чиқариш линиясида омборга юборишдан олдин махсус ажратилган майдончага (ўлчами камида 10 х 10 мм) босмахона усулида туширилади;
- рақамли идентификация воситаларининг ўлчамлари ва жойлашиши истеъмолчи қадоғини очмасдан туриб, маълумотлар йиғиш терминаллари, махсус (мобил) иловалар, лазерли сканерлар орқали бевосита визуал кўздан кечириш ва рақамли идентификация воситаларини тўғри ўқиш имконини таъминлаши керак;
- маркировка минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситаларнинг бутун яроқлилик муддати давомида уни истеъмолчи қадоғидан ажратиш имкониятини истисно этувчи усулда туширилади;
- маркировка коди шаффоф қадоқлаш плёнкаси ёки бошқа ташқи қадоқлаш материаллари устидан босилмаслиги ва бошқа ахборот билан беркитилмаслиги керак;
- маркировка истеъмолчи қадоғидаги маълумотларнинг яхлитлигини бузмайдиган усулда жойлаштирилади.
Рақамли идентификация воситаларини тушириш усулини танлашда корхоналарнинг қадоқлаш материали ва маркировкалаш учун ишлатиладиган асбоб-ускуналарга нисбатан ҳеч қандай чекловлари йўқ
.
Бундай маҳсулотни айланмага қандай киритиш ва чиқариш керак 
Пилот лойиҳа иштирокчиси – импортёр импорт қилинаётган маҳсулотни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиради. Бунинг учун у БЮД рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 30 кун муддатда ММК МАТга электрон шаклда қуйидаги маълумотларни акс эттирган олиб келиш (импорт) тўғрисида хабарномани юборади:
- эркин муомалага чиқариш (импорт) учун божхона органи томонидан олинган БЮД тўғрисида;
- олиб келинаётган минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилиш кимёвий воситаларининг идентификация кодлари ёки жамланган божхона коди тўғрисида.
Хабарнома олингандан кейин оператор реал вақт режимида ММК МАТда рақамли идентификация воситасининг айланмага киритилишини акс эттиради.
Минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситаларни айланмадан чиқариш мақсадида:
а) чакана савдода реализация қилишда:
- маҳсулотни чакана савдо қиладиган товарлар айланмаси иштирокчиси ўрнатилган ва рўйхатдан ўтказилган назорат-касса техникаси билан боғланган техник воситалар ёрдамида рақамли идентификация воситаларини сканерлаштиради ва ўқийди (НКТни сканерлаш воситалари ёки алоҳида ўрнатилган сканерлаш асбоб-ускуналари);
- фискал маълумотлар операторлари реал вақт режимида ММК МАТга реализация қилинган ҳар бир маҳсулот бирлиги тўғрисидаги маълумотларни (электрон фискал ҳужжат шаклида) узатади;
- маҳсулот чакана савдоси тўғрисида хабарнома (электрон фискал ҳужжат шаклида) олингандан кейин оператор реал вақт режимида ММК МАТда рақамли идентификация воситасининг айланмадан чиқарилишини акс эттиради;
б) товарни бошқа сабабларга кўра (бузилиш, ўғирланиш, яроқлилик муддати тугаши ва ҳоказо) ҳисобдан чиқаришда:
- минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситаларни ҳисобдан чиқарувчи айланма иштирокчиси:
– айланмадан чиқарилган товар қадоғидаги рақамли идентификация воситаларини текширади ва танийди;
– ММК МАТга ҳар бир ҳисобдан чиқарилган маҳсулот бирлиги тўғрисидаги, шу жумладан айланмадан чиқарилган идентификация кодлари, айланмадан чиқариш сабаблари, минерал ўғитлар ва ўсимликларни ҳимоя қилишда ишлатиладиган кимёвий воситаларни йўқ қилиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги бошланғич ҳужжат реквизитлари тўғрисидаги маълумотни электрон шаклда узатади;
- оператор ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги маълумотлар олингандан кейин реал вақт режимида ММК МАТда рақамли идентификация воситасининг айланмадан чиқарилганлиги фактини акс эттиради.
Buxgalter.uz тавсия қилади:
- Рақамли маркировкалаш воситалари билан қандай ишлаш керак;
- Товарлар қандай маркировкаланади ва бу қоидаларни бузганлик учун жарима солмасликлари учун нима қилиш керак;
- Улгуржи ва чакана савдо корхоналарига (дорихоналар ва жамоат овқатланишини ҳам қўшганда) рақамли маркировкалаш қоидаларини бузганлик учун жарима олмаслик қандай мумкин;
- Маркировкаланган товар айланмадан қандай чиқарилади;
- Маркировкаланган товарларнинг сотилиши онлайн-НКТ чекларида қандай акс эттирилади;
- Мажбурий рақамли маркировкаланиши керак бўлган товарларга ЭҲФ қандай расмийлаштирилади.
![]()