Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ва импорт қилинадиган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Ҳужжат 14 ноябрдан кучга кирди. Тафсилотларни buxgalter.uz шарҳида кўриб чиқамиз:
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Янги регламент санитария-эпидемиологик хулосаларни бериш, ўзгартириш ва рўйхатдан ўтказиш тартибини, уларнинг амал қилиш муддатларини, тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартибини белгилайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 13.11.2025 йилдаги 720-сон қарорига мувофиқ 2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу хизмат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга давлат хизматлари марказлари ва ЯИДХП орқали кўрсатилади.
Санитария-эпидемиологик хулоса мажбурий бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари рўйхатига киритилган маҳсулотларга санитария-эпидемиологик хулоса қуйидаги ҳолларда берилади:
- янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда;
- унинг таркиби ўзгарганда;
- маҳсулот ишлаб чиқариш технологик жараёнининг конструкциялари ва узеллари ўзгарганда;
- тажриба мақсадларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга;
- бундай назорат қилинадиган маҳсулотларни Ўзбекистонга олиб киришда;
- олдинги хулосанинг амал қилиш муддати тугаганда.
Бунда синовларни такрорламаслик учун аккредитация қилинган лабораториялар бошқа аккредитация қилинган лабораторияларнинг синов натижаларини тан олади.
Санитария-эпидемиологик хулосанинг амал қилиш муддатлари
Ҳужжат умумий қоидалар бўйича – 3 йилга берилади.
Хориждан олиб келинадиган маҳсулотларга санитария-эпидемиология хулосаси маҳсулотнинг яроқлилик муддати кўрсатилган ҳолда, яроқлилик муддати бўлмаган маҳсулотларга эса кўрсатилмасдан берилади.
Битта ташқи савдо контракти доирасида айни бир товарга санитария-эпидемиология хулосаси 1 календарь йилдан кўп бўлмаган муддатга бир марта берилади.
Агар ёрлиқларда кўрсатилган импорт озиқ-овқат маҳсулотларининг яроқлилик муддати Ўзбекистон НҲҲда белгиланган яроқлилик муддатидан фарқ қилса, улар белгиланган яроқлилик муддатлари ва хавфсизлик кўрсаткичларига мувофиқлиги бўйича аккредитация қилинган лабораторияда синовдан ўтказилгандан ва ижобий хулоса олингандан кейин республика ҳудудига олиб киришга рухсат этилади.
Эътибор беринг
Импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотига санитария-эпидемиологик хулоса бериш тўғрисида ариза берилган пайтда унинг яроқлилик муддати умумий яроқлилик муддатининг камида 60 фоизини (ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган умумий яроқлилик муддатига нисбатан фоизларда) ташкил этиши керак.
Қандай ҳужжатлар керак бўлади
Аризага қуйидаги ҳужжатлар PDF, PNG ёки JPEG форматида асл нусхада илова қилинади:
- ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари учун:
– технологик йўриқнома ва рецептура;
– бошқа лабораториялар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш баённомалари, агар синовлар ариза беришдан олдинги охирги ҳафта мобайнида ўтказилган бўлса;
- хориждан олиб келинадиган маҳсулотлар учун:
– агар айнан бир хил маҳсулот битта ташқи савдо контракти доирасида чет элдан олиб келинаётган бўлса, ушбу ташқи савдо контрактининг нусхаси;
– махсус импорт қилинадиган биологик фаол моддалар ва озиқ-овқат қўшимчаларини олиб кириш ва ишлаб чиқаришга рухсатнома, агар уларни Ўзбекистонга олиб киришга рухсатнома ваколатли орган томонидан токсикологик-гигиеник баҳолаш асосида берилган бўлса;
– халқаро аккредитацияга эга бўлган лабораторияларда озиқ-овқат маҳсулотларини синаш баённомалари;
– агар ариза берувчи ишончнома асосида ҳаракат қилса, нотариал тасдиқланган ишончнома (юридик шахс томонидан берилган ишончнома бундан мустасно).
Аризачи аризага зарур маълумотларни киритгандан сўнг, кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширади ва аризани замонавий идентификация воситалари (дактилоскопия, электрон имзо, Mobile-ID ва бошқалар) ёрдамида тасдиқлайди.
Ариза ЯИДХП орқали берилганда уни ЭРИ билан тасдиқлаш шарт эмас.
Давлат хизмати нархи
Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун ариза берувчидан БҲМнинг 1 баравари (412 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда – БҲМнинг 90 фоизи.
Buxgalter.uz тавсия қилади
![]()