Получите быстрые ответы, проверенные экспертами:
«Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга корпоратив назоратнинг иккита янги механизми киритилди:
1) биринчи марта мажоритар акциядор (акцияларнинг йирик пакетига эгалик қилувчи) мақоми белгиланди;
2) бошқарув органлари учун фидуциар мажбуриятлар (бир шахс ёки ташкилотдан бошқа шахснинг энг яхши манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилишни талаб қиладиган ҳуқуқий мажбуриятлар) белгиланди.
АЖ тўғрисидаги Қонунга киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил buxgalter.uz шарҳида ўқинг:
Қонунчиликдаги муҳим ўзгаришларни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.
Тузатишлар 27.11.2025 йилдаги ЎРҚ-1097-сон Қонун билан киритилган ва 2026 йил 28 февралдан бошлаб кучга киради. Ўзгартиришлар суиистеъмолчилик хавфини камайтириш ва миноритарлар ҳимоясини кучайтиришга қаратилган.
Мажоритар акциядор: мақоми, жавобгарлиги (янги 28-1-модда)
АЖ тўғрисидаги қонунда мажоритар акциядорнинг расмий таърифи мустаҳкамлаб қўйилган. Бу – қуйидаги шахс:
- овоз берувчи акцияларнинг 50%дан ортиғига эгалик қилувчи
ёки
• овоз берувчи акциялари миқдори бошқа ҳар бир акциядор улушига нисбатан кўп бўлган ҳамда овози қарор натижасига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиши мумкин бўлган шахс.
Нормага киритилган асосий тамойил: мажоритар ўз таъсиридан жамият ва бошқа акциядорлар манфаатларига зид равишда фойдаланмаслиги керак.
Унга қуйидагилар тўғридан-тўғри тақиқланади:
- жамиятнинг ва бошқа акциядорларнинг манфаатларига зарар келтириши олдиндан аён бўлган қарорларни қабул қилиш;
- бошқарув органларининг йиғилиши кун тартибига жамиятнинг манфаатларига мос келмайдиган масалаларни киритиш;
- зарар етказиши олдиндан аён бўлган қарорларни қабул қилиш ташаббуси билан чиқиш.
Агар бундай ҳаракатлар барибир зарарга олиб келган бўлса, мажоритар акциядор жамият ва бошқа акциядорлар олдида жавобгар бўлади.
Фидуциар мажбуриятлар: ҳалол бошқарувнинг ягона қоидалари (Қонуннинг 81-моддасига тузатишлар)
Қонунда акциядорлик жамияти ва унинг акциядорлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бошқарув органларининг хулқ стандартлари - фидуциар мажбуриятлар комплекси мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Ушбу мажбуриятлар қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:
- кузатув кенгаши аъзолари,
- директор,
- бошқарув аъзолари,
- ишончли бошқарувчи.
Фидуциар мажбуриятларнинг мазмуни:
- виждонан иш олиб бориш ҳамда жамият ва акциядорлар манфаатларини энг яхши тарзда акс эттирадиган қарорлар қабул қилиш;
- жамият мол-мулкидан жамиятнинг устави ва ички ҳужжатларига зид равишда шахсий манфаатларини кўзлаб фойдаланмаслик ва бошқарув органларининг розилигисиз бошқаларнинг ундан шу тарзда фойдаланишига йўл қўймаслик;
- жамият бошқарув органларининг розилигисиз жамиятнинг бизнес имкониятларидан шахсий наф олиш мақсадида ва бошқа шахслар манфаатларини кўзлаб, шундай наф олишга кўмаклашиш мақсадида фойдаланмаслик;
- жамиятнинг асосий фаолияти йўналишларига хос бўлган соҳадаги тадбиркорлик фаолиятини бошқарув органларининг розилигисиз амалга оширмаслик;
- махфийликка риоя қилиш;
- ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш эвазига мукофотлар ёки совғалар олмаслик.
АЖнинг ички ҳужжатлари ушбу мажбуриятларни янада кенгайтириши мумкин.
Фидуциар мажбуриятларни бузганлик учун етказилган зарар учун жавобгарлик мавжуд.
Buxgalter.uz тавсия этади
- АЖ ягона акциядорининг қарорини қандай қабул қилиш ва расмийлаштириш керак;
- Акциядорлик жамияти қандай қилиб очилади ва рўйхатдан ўтказилади;
- Акциялар билан қандай битимларни амалга ошириш мумкин;
- Акциядорлик жамиятининг аффилланган шахслари билан битимларнинг ўзига хос хусусиятлари;
- Акциядорлик жамиятининг алоҳида бўлинмаларини қандай очиш керак.
![]()