2022 йил учун жами даромад 1 млрд сўмдан ошганда (ҳаракатлар режаси)

preview

“2022 йил якунлари бўйича жами даромад 1 млрд сўмдан бир неча минг сўмга ошди. Корхона таъсисчининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган, ҳақиқатда эса – ижарага олинган бинода жойлашган. Демак – ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси билан муаммолар бўлади. Биз буёғига қандай ишлашимиз керак?”.

Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА тушунтирди:

 

– Ушбу вазиятда асосийси – 2022 йил учун жами даромад 1 млрд сўмдан ошган. Сиз ушбу суммадан қанчалик кўп ишлаб топганингиз аҳамиятга эга эмас. Барчаси солиқ органларининг ахборот тизимларида қайд этилган ва 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб сиз ҚҚС ва фойда солиғи тўловчиси ҳисобланасиз.

Сиз фақатгина 2024 йилнинг 1 январидан бошлаб айланмадан олинадиган солиққа қайтишингиз мумкин , агар албатта жорий йил учун жами даромаднинг кўрсаткичлари бунга имкон берса.

Сизда ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, сиз 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб барча ҳисоб-китобларни СКда белгиланган ставкалар бўйича ҚҚС ва фойда солиғини ҳисобга олган ҳолда юритишингиз ва ушбу солиқлар бўйича ҳисоботлар топширишингиз керак.

Эътибор беринг: ҚҚС тўловчиси мақоми барча сотилган товарлар ва хизматлардан 12% солиқ тўлаш кераклигини билдирмайди. СКнинг 243-246-моддаларида ҚҚСдан озод қилинган айланмалар белгиланган, СКнинг 260 ва 264-моддаларида ноль даражали ставка қўлланиладиган ҳоллар белгиланган, СКнинг 482-моддасида эса вақтинчалик солиқ имтиёзлари тўпланган. Фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш қоидаларини ҳам диққат билан ўқиб чиқинг, унда ҳам кўп имтиёзлар мавжуд.

 

Сизда қандай режа бор?

1. Сизнинг корхонангизда юқори солиқ хавфи белгилари мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, биринчи навбатда сиз ҚҚС тўловчиси сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисида ариза беришингиз шарт. Акс ҳолда сиз ЭҲФ ва онлайн-НКТ чекларини ҚҚС билан расмийлаштира олмайсиз. Бунинг учун my3.soliq.uz сайтидаги “ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиш” интерактив хизматидан фойдаланинг. Буни имкон қадар тезроқ – қўшимча қиймат солиғини тўлаш бўйича мажбурият юзага келган кундан бошлаб 5 иш куни давомида амалга ошириш зарур . У сизда 2023 йилнинг 1 январида юзага келган.

СКнинг 461-моддасига мувофиқ сиз мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси этиб эътироф этилишингиз асосида сизга ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини автоматик тарзда беришади . Унда сиз 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб ҚҚС тўловчиси ҳисобланишингиз кўрсатилади. Ушбу вазиятда солиқ хавфининг даражаси гувоҳнома бериш тўғрисидаги қарорга таъсир кўрсатмайди.

 

2. Гувоҳномани олгач, қуйидаги вазифаларни ҳал қилинг:

а) Ҳозироқ ЭҲФни ҚҚС билан тақдим этишни бошланг, йил бошидан тақдим этилганларига эса – ҚҚС билан тузатилган ЭҲФ тақдим этинг.

Буни қандай амалга ошириш ҳақида бу ерда ўқинг:

б)  Касса аппаратини қайта созланг ва ҚҚС кўрсатилган чеклар беринг. Йил бошидан ҚҚСсиз тақдим этилган чекларга –  my.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар тўғрисида ахборот” интерактив хизматининг “Чекка тузатиш киритиш” функционали ёрдамида тузатиш киритинг.

Буни қандай амалга ошириш ҳақида биз бу ерда ёзганмиз:

 

3. Буни кўзда тутинг: сиз гувоҳномани олишингиз билан дарҳол солиқ хавфи мавжудлиги борасида текширувга тушасиз. Ва агар солиқ органларининг ахборот тизимлари сизда юқори солиқ хавфининг ҳеч бўлмаганда битта белгисини аниқласа, сизнинг янги гувоҳномангиз тўхтатиб турилади . Шу боис, юқорида санаб ўтилганлар билан параллел равишда ушбу муаммо билан шуғулланишни бошланг.

Қабул қилинган қарор тўғрисида сизни гувоҳнома тўхтатиб турилишидан 5 иш куни олдин огоҳлантиришади . Агарда сиз ушбу 5 кун ичида сизни юқори хавфга эга солиқ тўловчилар жумласига киритишга имкон берган асосларни бартараф этишга улгурсангиз, гувоҳнома тўхтатиб турилмайди.

My.soliq.uzдаги шахсий кабинетнинг “Менинг ҳолатимни текшириш” интерактив хизмати ёрдамида солиқ тўловчининг қандай мезонлари асосида хавфнинг юқори даражасига эга солиқ тўловчилар жумласига киритишганини аниқлаштириш мумкин.

Солиқ тўловчи уни хавфнинг юқори даражаси гуруҳига киритиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этгандан сўнг гувоҳнома автоматик тарзда тикланади. Ҳар бир солиқ тўловчининг ушбу сабабларни бартараф этиш бўйича ўз режаси бўлади.

Кўриб чиқилаётган мисолда корхона рўйхатдан ўтказилган жойда жойлашмаган, сабаби таъсисчининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилган, фаолиятни эса ижарага олинган бинода амалга оширади. Тўловчи солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги нотурар жой бинода жойлашиши керак. Бинобарин, мазкур ҳолда корхонани қайта рўйхатдан ўтказишга тўғри келади. Уставга ўзгартиришларни тайёрланг ва Давлат хизматлари  марказига боринг.

Эътибор беринг

ҚҚС тўловчисининг фаол гувоҳномаси сизга ва сизнинг контрагентларингизга СК томонидан ҚҚС тўловчилари учун белгиланган барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имконини беради. Шу жумладан – солиқни ҳисобга олиш ҳуқуқидан.

СКнинг 266-1-моддасига мувофиқ тўхтатиб турилган гувоҳнома тиклангандан кейин солиқ тўловчи ва унинг контрагентлари тўхтатиб турилган давр учун ҳам ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланишлари мумкин.

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади