Янги йил совғалари: ҳисобга олиш ва солиқ оқибатлари

preview

Кўп ташкилотлар декабрь ойида ўз ходимларига совғалар беради. Бу директор ва бош бухгалтернинг ортиқча бош оғриғига айланмаслиги учун buxgalter.uz йўриқномасидан фойдаланинг:

 

Ҳар куни бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ва ҳисобот бўйича янги материалларни ўқиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

Ҳужжатларни қандай расмийлаштириш керак

1. Совғалар миқдори, қиймати ва етказиб берувчиларини аниқлаганингиздан сўнг раҳбар харид қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Унда ташкилот совғаларга қанча сумма ажратишини, уларни харид қилиш ва тарқатиш учун ким масъул эканини қайд этиши лозим.

2. Ходимларингиз ва уларнинг фарзандларига совға улашсангиз, тарқатиш қайдномасини расмийлаштиринг. Унда совғалар миқдори ва қийматини кўрсатинг. Ходимлар уларни олганликлари ҳақида имзо қўйишлари керак. 

3. Агар сиз ташкилотда ишламайдиган шахслар: амалий ҳамкорлар, муассис жисмоний шахслар ёки пенсияга чиққан собиқ ходимларингизни қутлаётган бўлсангиз – бундай олувчиларнинг рўйхатини тузиб, буйруққа илова қилинг. ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича ҳисоботни тўлдириш учун сизга уларнинг ЖШШИР керак бўлади. 

4. Совғаларни харид қилиш ва тарқатиш учун масъул шахс уларни тарқатгач, эркин шаклда тузилган ҳисоботни бухгалтерияга тақдим этади. Бизнинг намунадан фойдаланишингиз мумкин. Совғаларни харид қилиш ва топшириш билан боғлиқ барча ҳужжатларни унга илова қилинг.

 

Қандай солиқ оқибатлари юзага келади

Барча санаб ўтилган ҳужжатлар асосида совғаларни корхона балансидан ҳисобдан чиқаринг, уларнинг қийматини олувчи жисмоний шахсларнинг жами даромадига киритинг, унга ЖШДС солинг ёки имтиёзни қўлланг. Ушбу ҳаракатларнинг барчаси ўзига хос нозик жиҳатларга эга бўлиши мумкинлигини инобатга олинг.

 

Buxgalter.uz тавсия қилади!

Экспертлар Buxgalter Pro учун қуйидагилар учун корпоратив совғаларга қандай солиқ солиш юзасидан тушунтиришлар тайёрлашган:

 

Илгари корхонада ишлаган ходимлар ва пенсионерларга йилига 2,11 МҲЭКМгача бўлган қийматдаги натура (пулсиз) шаклида берилган совғаларга солиқ солинмайди . 2023 йилда ушбу сумма бир йилда қуйидаги миқдорни ташкил этади:

1 050 000 х 2,11 = 2 215 500 сўм.

Бир йил давомида ҚҚС ҳисобга олинган совғаларнинг қиймати 2,11 МҲЭКМ чегаравий миқдордан ошган бўлса, ошган суммага ЖШДС солинг.

Совғаларнинг ҳар қандай миқдордаги суммасига ижтимоий солиқ солинмайди, сабаби у меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланмайди .

 

Ҳисоботда қандай акс эттирилади

Жисмоний шахсларга совғаларнинг қиймати ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида акс эттирилади:

  • ходимнинг даромади сифатида – Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида, Ҳисоб-китобга 5-илованинг 5, 6 ва 7-устунларида;
  • солиқ солишдан озод қилинган, 2,11 МҲЭКМгача бўлган совға суммасига даромад сифатида – Ҳисоб-китобга 2-илованинг 0301-сатрида. Бу ерда имтиёзлар маълумотномасидан шуни танлаш лозим: «102913 – (СК 378-м. 10-банди 2-хатбошиси) иш берувчидан солиқ даври мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги ходимлар натура шаклида олган совғалар… ».
  • Ҳисоб-китобнинг 030-сатрида имтиёз суммаси автоматик равишда акс эттирилади.

Корхонадан олинган совғалар – ходим учун моддий наф тарзида олинган даромад ҳисобланиши боис , фойда солиғини тўловчилар учун бу  чегириб ташланмайдиган харажат . Уни Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0119-сатри 3 ва 4-устунларида, шунингдек 2.1-илованинг 0318-сатрида акс эттиринг.

 

ҚҚС бўйича нимани ҳисобга олиш муҳим

Муаллифнинг фикрига кўра, амалиётда иккита вазият юз бериши мумкин.

Вазият
ҚҚС бўйича ҳисобга олиш қўлланди ва реализация қилиш бўйича айланма акс эттирилди
Корхона ходимлар учун совғаларни ҚҚС билан харид қилди. Бунда – ҚҚС тўловчиси бўлган етказиб берувчи корхонанинг ЭҲФ асосида ҚҚС бўйича ҳисобга олишни қўллади . Ходимларга бундай совғаларни бериш пайтида (санасида) ҚҚС солинадиган реализация қилиш бўйича айланма юзага келади .

Бундай вазиятда ҚҚС ҳисоблаш учун икки томонлама стандарт ЭҲФни расмийлаштириш лозим. 

Бухгалтерия ўтказмалари:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Янги йил совғалари учун ҳисобрақамидан пул ўтказилди (100% олдиндан тўлов)

4310

5110

Янги йил совғалари кирим қилинди

1090

6010

 Харид қилинган совғалар бўйича ҚҚС

4410

6010

Етказиб берувчиларга қарзни сўндириш ҳисобига бўнак ҳисобга олинди

6010

4310

Совғаларнинг қиймати ҳисобдан чиқарилди

9220

1090

ҚҚС ҳисобланди

9220

6410

ҚҚС билан ходимларга совғаларнинг берилиши акс эттирилди (буйруқ ва тарқатиш қайдномасига асосан)

4290

9220

ҚҚС ҳисобга олинди (ҚҚС ҳисоб-китобига мувофиқ)

6410

4410

Моддий наф тарзидаги даромаднинг ҳисобланиши акс эттирилди (ҚҚС ҳисобга олинган ҳолда сумма)

9430

6710

Ҳисобланган ҚҚС суммасини ҳисобга олган ҳолда, 2,11 МҲЭКМдан ошган суммадан ЖШДС ушлаб қолинди   

6710

6410

Натура (совға бериш) тарзидаги тўловни ҳисоблаш бўйича қарз ҳисобга олинди 

6710

4290

 

Вазият
ҚҚС ҳисобга олинмади, ҚҚСни ҳисоблаш керакми?
Корхона ходимлар учун қатъий белгиланган миқдорда янги йил совғаларини харид қилди. Бунда – ҚҚС бўйича ҳисобга олишни қўлламади ва солиқни совғалар таннархига киритди.

Бундай вазиятда савол туғилади: СКнинг 239-моддаси нормаларига асосан ҚҚС бўйича реализация қилиш айланмаси юзага келадими?

Бундай вазиятда СКнинг 239-моддаси 4-қисми 6-банди қўлланади, деб ҳисоблаймиз:

  • “Ушбу бўлимни қўллаш мақсадида қуйидагилар ҳам товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланмадир:

6-бандга кўра солиқ тўловчи томонидан ўзига тегишли мол-мулкни (хизматларни), агар бундай мол-мулк (хизматлар) бўйича солиқ суммаси тўлиқ ёки қисман ҳисобга ўтказилган бўлса, бошқарув органи аъзоларига, ходимларга, уларнинг оила аъзоларига ёхуд бошқа шахсларга солиқ тўловчининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган шахсий мақсадларда фойдаланиш учун бериш (хизматлар кўрсатиш)”.

Муҳим сўзлар: “агар бундай мол-мулк (хизматлар) бўйича солиқ суммаси тўлиқ ёки қисман ҳисобга ўтказилган бўлса”.

Шу тариқа, корхона янги йил совғаларини харид қилиш чоғида ҚҚС бўйича ҳисобга олишни қўлламаган бўлса, ушбу совғалар ходимларга тарқатиш қайдномаси асосида уларни харид қилиш таннархи бўйича берилган тақдирда ҳисобланадиган ҚҚС юзага келмайди деб ҳисоблаймиз.

Бундай вазиятда корхона бундан ўзини эҳтиёт қилиб, Янги йил совғаларини харид қилиш учун буйруқда дарҳол “СКнинг 239-моддаси 4-қисми 6-бандига асосан ҚҚС ҳисобга олинмайди” деб кўрсатгани маъқул.

ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботида уларнинг қийматини 4-иловада (ҚҚС бўйича электрон ҳисоботнинг 1-жадвали 8 ва 9-устунларида) акс эттиринг.

 Бухгалтерия ўтказмалари:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

дебет

кредит

Янги йил совғалари учун ҳисобрақамидан пул ўтказилди (100% олдиндан тўлов)

4310

5110

Янги йил совғалари кирим қилинди

1090

6010

Етказиб берувчиларга қарзни сўндириш ҳисобига бўнак ҳисобга олинди

6010

4310

Совғаларнинг қиймати ҳисобдан чиқарилди

9220

1090

ҚҚС билан ходимларга совғаларнинг берилиши акс эттирилди (буйруқ ва тарқатиш қайдномасига асосан)

4290

9220

Моддий наф тарзидаги даромаднинг ҳисобланиши акс эттирилди

9430

6710

2,11 МҲЭКМдан ошган суммадан ЖШДС ушлаб қолинди  

6710

6410

Натура (совға бериш) тарзидаги тўловни ҳисоблаш бўйича қарз ҳисобга олинди  

6710

4290

 

 

Татьяна ЛИМАРЕВА,

«Норма» эксперти