Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилишда чекланган устамалар амал қиладими

preview

“Корхона дори воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи реализация қилиш билан шуғулланади.

2024 йил 1 апрелда 31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон қарорнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилишда чекланган устамалар тўғрисидаги 1-банди ўз кучини йўқотди. Аммо 6.04.2017 йилдаги 185-сон ВМҚда ҳануз дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун чекланган устамалар амал қилмоқда. Бундан ташқари, Референт нарх шакллантириш доирасида дори воситалари нархларини қайд этиш тартиби тўғрисидаги низомда чекланган нархларни рўйхатдан ўтказиш ва қўллаш назарда тутилган.

Бу 2024 йил 1 апрелдан бошлаб чекланган устамаларга эътибор бермасдан, фақат чекланган референт нархларига риоя қилиш етарли эканлигини англатадими? Агар шундай бўлса, тиббиёт буюмлари учун нархлар, референт нархларини шакллантириш талабларидан ташқари, ҳеч қандай назоратдан ўтказилмаслиги маълум бўладими?”

Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Солиқ ва божхона сиёсати бошқармаси бошлиғи Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:

 

Ҳар куни бухгалтерия ҳисоби, солиқлар ва ҳисоботлар бўйича янги материаллар тўғрисида билиш учун бизнинг телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилувчи корхоналар чекланган савдо устамалари ва референт нархларини шакллантириш доирасида чекланган нархларни қўллаш қоидаларига риоя қилишлари керак.

2024 йил 1 апрелдан бошлаб 31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон қарорнинг дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилишда чекланган савдо устамалари тўғрисидаги 1-банди ўз кучини йўқотди . Аммо “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Қонунга асосан дори воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади .

Бундай тартиб 06.04.2017 йилдаги 185-сон ВМҚ билан белгиланган. Ушбу ҳужжатда дори воситалари ва тиббиёт буюмлари бўйича чекланган савдо устамаларининг миқдорлари келтириб ўтилган:

  • улгуржи реализация қилишда –  сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда ;
  • чакана реализация қилишда –улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббиёт буюмлари бўйича –  харид қилиш нархи ёки улгуржи нархнинг 10 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда .

Эътибор беринг

1 апрелдан бошлаб дори воситалари ва тиббиёт буюмлари учун ҚҚС бўйича имтиёзлар бекор қилинган . ҚҚС белгиланган тартибда ҳисобланади.

 

Шунингдек, референт нархларини шакллантириш доирасида дори воситалари учун чекланган нархларни қўллаш бўйича талаблар амал қилади . Тиббиёт буюмларига нисбатан референт нархларини қўллаш бўйича талаблар йўқ.

Ҳозирги вақтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда референт нархлари реестрини шакллантиришни назарда тутувчи 10.06.2020 йилдаги АВ рўйхат рақами 3242-сон Низомга ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.