Полезное для бухгалтера в ноябре:
Халқаро ташиш солиқ солиш мақсадларида қандай ҳисобга олинади
“Корхона реализация қилинган товарларнинг таннархи асоссиз оширилганлиги тўғрисида хабарнома олди. Таннархни ҳисоб-китоб қилиш формуласидан ДСХО тизими хизматлар импортини ҳисобга олмаслиги кўринади.
Корхона товарларни импорт қилади. Транспорт хизматлари учун импорт шартномаси тузилган. Хизматлар кўрсатиш якунлари бўйича далолатнома расмийлаштирилган. Ҳужжатлар ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказилган. Транспорт хизматлари қиймати бошқа ҳеч қаерда акс эттирилмайди, сабаби хизматларга ҚҚС солинмайди (хизматлар Ўзбекистонда кўрсатилмаган). Ҳисобварақ-фактура бундай хизматлар учун тақдим этилмайди. Бунда хизматлар қиймати 4-сон БҲМСга асосан товарнинг таннархига киритилади.
Солиқ органи мазкур хизматлар бўйича далолатномалар суммасини ҳисобга олиши учун транспорт хизматлари суммасини қандай тўғри акс эттириш керак? Норезидентлар (ХХР резидентлиги сертификати мавжуд) томонидан кўрсатилган хизматлар учун 29 ва 137 кодли ҳисоботларни тўлдириш керакми?”.
Саволларга buxgalter.uz илтимосига биноан Солиқ қўмитасининг Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш бошқармаси бошлиғи Гулнора НИЗАМУТДИНОВА жавоб берди:
1. Кўриб чиқилаётган вазиятда ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмайди . Чет эллик шахсдан хизмат олинганлиги бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) далолатномаси каби бошланғич ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Етказиб бериш бўйича транспорт харажатлари сотиб олинган товарларнинг бошланғич қийматига киритилади , демак, реализация қилинган товарларнинг таннархини шакллантиришда иштирок этади.
Солиқ органи камерал солиқ текшируви ўтказилиши бошлангунига қадар солиқ тўловчининг иштирокисиз солиқ ҳисоботи ва фаолият тўғрисидаги бошқа ахборотнинг текширувдан олдинги (автоматлаштирилган) таҳлилини ўтказиши мумкин . Агар таҳлил чоғида солиқ ҳисоботида солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар билан тафовутлар аниқланса, солиқ тўловчи шахсий кабинети орқали солиқ ҳисоботига тегишли тузатишлар киритиш тўғрисидаги хабарномани олади.
Солиқ тўловчи текширувдан олдинги таҳлил бўйича хабарномага жавоб тариқасида 10 кунлик муддатда аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини ёки аниқланган тафовутларнинг асосномасини тақдим этиши шарт. Акс ҳолда камерал солиқ текшируви ўтказилади.
Шу боис, агар сиз солиқ органининг талабига рози бўлмасангиз, ўз фикрингизни асослаган ҳолда, тасдиқловчи ҳужжатлар ва ҳисоб-китобларни илова қилиб, хабарномага жавоб тақдим этинг.
Агар солиқ органи фикрингизга қўшилмаса, корхона унинг қарори устидан юқори турувчи органга ёки судга шикоят беришга ҳақли.
2. Агар чет эллик шахс юкни транспортда ташиш ва етказиб бериш хизматларини кўрсатган бўлса, жўнатиш пункти эса Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, Ўзбекистон бундай хизматларни реализация қилиш жойи ҳисобланмайди . Бинобарин, хизматларни реализация қилиш бўйича айланма юзага келмайди .
ҚҚС ҳисоб-китобида бундай хизматлар қиймати акс эттирилмайди, бироқ Чет эллик шахслардан сотиб олинган товарлар (хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисоб-китобида (ҳисобот коди 10001_5) акс эттирилади. У Ҳисоб-китобнинг 0102-сатрига қўлда киритилади.
Халқаро ташиш бўйича хизматлар тўлов манбаи сифатида хизматларни олувчида фойда солиғи солинадиган норезидентнинг даромадларига киради – солиқ солиш соҳасида халқаро шартнома қоидаларини ҳисобга олган ҳолда . Солиқ органига Солиқ агенти томонидан тўлов манбаида ушлаб қолинадиган норезидентлар даромадларидан фойда солиғи ҳисоб-китобини тақдим этинг (137 кодли).