Камерал текширув натижалари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига тушиб қолса

preview

Корхонада камерал текширув солиқ органи томонидан талабнома юбориш билан якунланди, тадбиркор эса солиқчиларнинг хулосалари ва қўшимча солиқ ҳисоблашга уринишларига ёзма равишда норозилик билдирди. Икки йилдан сўнг уни худди шу масала бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига чақиришди.

Бундай вазиятда нима қилиш кераклиги ҳақида buxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА гапириб берди:

Мутахассисларнинг керакли тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Менга амалиётда худди шундай вазиятга дуч келишга тўғри келди. Аввало айтмоқчиман: агар сизни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига чақиришса - қабулга боринг ва ўз позициянгизни асослашга тайёр бўлинг.

Бу воқеада мени солиқ тўловчининг камерал текширув натижалари ва қўшимча солиқ ҳисоблашга уринишига норозилигидан сўнг далолатнома тузилмагани ва қарор чиқарилмагани ҳайрон қолдирди. Солиқчилар фақат талабнома юборишди, солиқ тўловчи эса унга ўзининг асослари ва солиқчилар хулосаларига норозилигини тақдим этди. Устига-устак, камерал текширув ва Департаментга чақирув ўртасида бир йилдан кўп вақт ўтди.

Эътибор беринг: даъво муддати 3 йилни ташкил этади, шу муддат доирасида сизга нисбатан даъволар қўйилиши мумкин.

Гарчи, солиқ органи тадбиркорнинг ёзма асосларига қисман ёки тўлиқ рози бўлмаса, СК 138-моддаси ва 07.01.2021 йилдаги ВМҚ-1-сон қарорига мувофиқ тафсилотларни аниқлаш мақсадида солиқ аудитини тайинлаш ҳуқуқига эга. Лекин бу содир бўлмади. Бу ҳаракатларнинг йўқлигини солиқ тўловчи "масала ҳал бўлди" деб талқин қилди. Лекин бундай эмас экан...

 

Солиқ тўловчини департаментда нима кутмоқда

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида тадбиркорга икки вариант таклиф этилади:

1) солиқ органига бориб, ўз масаласини охиригача аниқлаштириш;

2) қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлаш.

Бунга роппа-роса 30 кун берилади. Агар у буни эътиборсиз қолдирса ёки муддатларни ўтказиб юборса, ЖК 184-моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилиши хавфи туғилади.

Вақт имкон берганлиги сабабли, биз   нимада нотўғри иш қилганимизни ва нима нотўғри кетганини тушуниш учун солиқ органига бориш вариантини танладик. Ва текширув жараёнида инспектордан оғзаки тушунтириш олдик - қўшимча ҳисобланган солиқ суммаси жуда кам бўлгани учун бизга аудит тайинланмаган экан. Лекин солиқ органларининг хавф-таҳлил тизими ҳамон номувофиқликларни кўрсатаётгани учун иш департаментга тушган.

Айтганча, бундай ишларнинг кўпчилиги ҳисобварақ-фактуралардаги номувофиқликлар билан боғлиқ бўлади. Бу айнан МХИКни ва ўлчов бирликлари бўйича янги қоидаларни фаол жорий этиш даври эди, тадбиркорлар бу янгиликлар қанчалик жиддий эканини англаб, ўрганаётган эди. Хусусан, менинг воқеаларимдан бирида ЭҲФ маълумотлари асосида солиқчилар корхона 1 литрлик идишлар харид қилгани, лекин ёғни 5 литрлик идишларга қуйиб сотганини аниқлашди. Бу ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштиришда ўлчов бирликларига етарли эътибор бермаган бухгалтернинг хатоси эди, натижада номувофиқликлар келиб чиқди.

Солиқ органида, албатта, бизни ҳеч ким кутмаётган эди, идора вакиллари билан учрашувга эришишга тўғри келди. Лекин бизнинг қатъиятлилигимиз натижа берди. Биргаликдаги текширувлар давомида солиқ тўловчининг хатолари ҳам, солиқчиларнинг хулосаларидаги ноаниқликлар ҳам холисона исботланди ва ҳужжатлар билан тасдиқланди. Охир-оқибат тадбиркор барибир қўшимча солиқларни тўлашига тўғри келди, лекин – тўлов солиқ текшируви натижалари бўйича қарордагидан уч баравар кам суммани ташкил этди.

 

Хулосалар:

1. Агар сизга камерал текширувдан кейин солиқ аудити тайинланмаса, бу солиқчилар сизнинг ишингиздан рози бўлишди, дегани эмас.

2. Исталган вақтда ўз ҳаракатингиз ва позициянгизни асослаш ва ҳужжатлар билан тасдиқлашга тайёр бўлинг.

3. Департаментга чақирув жиноий иш бошланиши билан тенг эмас. Лекин агар сиз 30 кун ичида солиқ органи билан масалангизни ҳал қилмасангиз ёки қўшимча ҳисобланган суммаларни тўламасангиз, бу юз бериши мумкин.

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ru/publish/doc/text203875_kameral_tekshiruv_natijalari_iqtisodiy_jinoyatlarga_qarshi_kurashish_departamentiga_tushib_qolsa