Солиқ ҳисоби сиёсатини қандай тузиш керак: 1. Кириш қисми

preview

Солиқ кодекси солиқ тўловчига солиқ ҳисоби сиёсатини (СҲС) юритиш мақсадларида ҳисоб сиёсатини тузиш мажбуриятини юклайди . Унга расман ёндашиб, мавжуд намуналардан кўчириб тузилган ҳужжат солиқчилар билан юзага келадиган низоли вазиятларни ҳал этишда корхона манфаатларини ҳимоя қилиш дастаги бўла олмаслиги мумкин. «Норма» эксперти Дилором САИДОВА СҲСни ҳақиқатда фойдали ҳужжатга қандай айлантириш мумкинлиги ҳақида қадамма-қадам тушунтириб беради:


– Солиқ ҳисоби сиёсати (СҲС) – бу солиқ тўловчининг ички ҳужжати бўлиб, унда қабул қилинган солиқ ҳисоби тизими тасдиқланади. Ушбу ҳужжат:

  • солиқ ҳисобини юритишни тартибга солишга имкон беради;
  • бухгалтерия ва солиқ ҳисоби ўртасидаги ўзаро боғлиқни акс эттирувчи солиқ регистрлари шаклини белгилайди;
  • даромадлар ва харажатлар ҳамда уларнинг миқдорини асословчи ҳужжат ҳисобланади;
  • компания томонидан солиқ мажбуриятларини белгилаш чоғидаги хўжалик операцияларида қўлланиладиган нормалар, низомлар ва қоидаларни белгилайди.

СҲС икки қисмга – кириш ва асосий қисмларга бўлинади.


Кириш қисми

Кириш қисмида корхона тўғрисидаги маълумотлар келтирилади (тушунтиришлар билан берилган намунага қаранг):

1) ташкилотнинг номи;

2) ташкилий-ҳуқуқий шакли;

3) давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг рақами ва унинг санаси;

4) ташкилот рўйхатдан ўтказилган манзил;

5) муассислари;

6) фаолият турлари;

7) нотижорат ёки ижтимоий соҳасидаги фаолияти;

8) алоҳида бўлинмалари;

9) ўзаро алоқадор шахслар;

10) бошқа юридик шахсларда иштирок улуши;

11) қўлланиладиган солиқ солиш тартиби;

12) ер ва мол-мулк солиқлари бўйича солиқ солиш объектлари мавжудлиги;

13) тўланадиган солиқлар рўйхати;

14) корхона йирик солиқ тўловчи ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги;

15) СКда кўрсатилганидан ташқари имтиёзлардан фойдаланиши;

16) солиқ ҳисобини юритиш усули;

17) ўтган йил учун соф тушум;

18) ўтган йилда ходимларнинг ўртача йиллик сони;

19) ўтган йил якунларига кўра жорий солиқ даврида кичик тадбиркорлик субъектига мансублиги;

20) давлат субсидиялари ва мақсадли маблағларнинг мавжудлиги.

Ушбу рўйхатни корхона фаолиятига хос жиҳатларни ҳисобга олиш мақсадида қисқартириш ёки кенгайтириш мумкин.

Асосий қисмда – қўлланиладиган солиқ солиш тартиби ва объектларига боғлиқ ҳолда тўлайдиган ҳар бир солиғингизни қайд этишингиз лозим.


СҲСга қачон ўзгартириш киритилиши керак

Қоидаларга кўра СҲС тасдиқланган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан қўлланилади . Бироқ 2020 йилда, ҳужжатни 1 январга қадар тузишнинг имкони бўлмаганлиги сабабли ушбу муддат 1 апрелга қадар узайтирилган.

Календарь йил давомида СҲСга қуйидаги ҳолатларда ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

  • солиққа оид қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилганда;
  • янги солиқ объектлари пайдо бўлганда ёки уларнинг таркиби ўзгарганда – кўчмас мулк, ер участкалари, давлат субсидиялари ва бошқалар.

Масалан, сиз туризм соҳасида – жойлаштириш воситаларини қуриш учун аввал берилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини тўлаш учун давлат субсидияларини олиш ҳуқуқидан фойдалангансиз . Бюджетдан ажратиладиган субсидияларга солиқ солинмаслиги сабабли СҲСга қўшимчалар киритишингиз шарт .


Таклиф этилаётган СҲС намунасидан қандай фойдаланиш керак

Солиқ ҳисоби сиёсатини тайёрлашда СК нормаларини кўчиришдан маъно чиқмайди. Таклиф этилаётган СҲС намунаси фақат зарур кўрсаткичлар кўрсатилган ҳолда ҳужжатни шакллантиришга имкон беради. Бундай кўрсаткичларнинг ҳар бири учун бир нечта эҳтимолий вариантлар келтирилган. Ўзингизга тўғри келганини танлашингиз лозим.