Полезное для бухгалтера в декабре:
Контрактлар учун тўловга ЖШДС бўйича имтиёз қандай қўлланилади
Агар компаниянгиз ходими профессионал ва олий таълим ташкилотларига таълим олиш учун тўловни амалга оширса, унинг иш ҳақи ва бошқа даромадларининг шу суммасидан ЖШДС ундирилмайди. Имтиёзни қандай қўллаш бўйича асосий жиҳатларни эслатиб ўтамиз.
СКнинг 378-моддаси 16-бандида назарда тутилган имтиёз ходимнинг иш ҳақи ва солиқ солинадиган бошқа даромадлари суммасидан солиқ чегирмасини намоён қилади. Имтиёз ходимнинг таълим кредити, шу жумладан фоизларни сўндиришга йўналтириладиган даромадлари суммасига ҳам татбиқ этилади.
Имтиёзни қўллаш чоғида махсус Низомга (АВ рўйхат рақами 2107-сон, 27.05.2010 й.) амал қилинг.
Ким имтиёздан фойдаланишга ҳақли
Ўзбекистоннинг таълим ташкилотларида таълим олиш учун:
- ўзи;
- ўзининг фарзандлари;
- 26 ёшга тўлмаган эри/хотини учун тўловни амалга оширадиган шахслар имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.
Олий таълим муассасаси имтиёз татбиқ этиладиган ўқув муассасалари рўйхатига кириши ёки кирмаслигини Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида аниқлаштириш мумкин.
Агар ходим пуллар иш берувчи томонидан ўтказилишини истаса
Ходим иш берувчига ариза билан мурожаат қилиши керак. Аризада ходимнинг иш берувчи унинг иш ҳақидан маблағларни таълим ташкилотига ёки олинган таълим кредитини (шу жумладан фоизларни) сўндириш ҳисобига банкка ўтказиши ва ушбу маблағларга ЖШДС солмаслик илтимоси акс эттирилади.
Ходим аризадан ташқари қуйидагиларни тақдим этиши керак:
- талаба (талабалар) билан Ўзбекистон Республикаси профессионал ёки олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
- банк билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси.
Агар ходим контрактни мустақил равишда нақд шаклда ёки карта орқали тўлаган бўлса
Агар ишга жойлашган ходим контрактни мустақил равишда (нақд шаклда ёки карта орқали) тўлаган бўлса, у тўланган солиқни қайтариш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун у тўлов амалга оширилган йилдан кейин йилнинг 1 апрелига қадар жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши лозим.
Декларацияга у қуйидагиларни бириктиради:
- талаба (талабалар) билан Ўзбекистон профессионал ёки олий таълим ташкилотлари ўртасида тўлов-контракт асосида ўқитиш тўғрисида тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
- банк билан таълим кредитини олиш учун тузилган шартнома (шартномалар) нусхаси;
- Ўзбекистон профессионал ва олий таълим ташкилотлари ҳисоб рақамига (таълим кредитини (фоизлари билан) қоплаганда тижорат банки ҳисоб рақамига) пул маблағларини мустақил тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.
Агар таълим қиймати ходимнинг жами йиллик даромадидан ортиқ бўлса
Таълим қийматининг етишмаётган қисмини бошқа оила аъзоси тўлаши мумкин ва у ҳам башарти имтиёзга бўлган ҳуқуққа эга бўлса, имтиёздан фойдаланиши мумкин. Булар унинг отаси/онаси, эри/хотини бўлиши мумкин. Бошқа оила аъзоси имтиёздан фойдаланиши учун солиқ органига қўлланилган имтиёз суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши керак.
Агар оила аъзолари турли ҳудудлардаги солиқ органларида рўйхатдан ўтган бўлса, у ҳолда имтиёзни қўлламоқчи бўлган шахс солиқ органига бошқа ҳужжатлар билан бирга оиланинг қолган аъзолари ушбу имтиёзни ҳали қўлламаганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этади.
- Олий ўқув юртида таълим бўйича имтиёзни қўллашда йўл қўйиладиган 5 та муҳим хато;
- Таълим олиш учун тўлов: солиқ чегирмасидан тўлиқ ҳажмда қандай фойдаланиш мумкин;
- ЖШДС бўйича имтиёз васийларга татбиқ этиладими;
- Резидентга айланган чет эллик ходимнинг даромадига ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми;
- Ходимда ОТМ билан икки томонлама ёки уч томонлама контракт бўлса, солиқ чегирмалари бўладими;
- Ўриндош ходим таълим хизматларига ҳақ тўлашда ЖШДС имтиёзидан қандай фойдаланади.