Иш куни тугагандан кейин солиқ органидан хабарнома олган бўлсангиз, муддатларни қандай ҳисоблаш керак

preview

«Қонун ҳужжатларида турли солиқ мажбуриятларини бажариш муддатлари белгиланган. Уларни қайси соатдан ва қайси дақиқадан бошлаб ҳисоблаш керак? Мисол учун, солиқчилар солиқ қарзини сўндириш тўғрисида талабнома юборишади. Нима учун ҳужжат тарихида фақат хабар жўнатилган сана кўрсатилади, унинг аниқ вақти кўрсатилмайди? Ахир солиқчилар солиқ тўловчидан жавоб қабул қилганда, вақтни сониягача аниқ қайд этадилар!

Соат 18:00 да ташкилотимизда иш куни тугайди. Ва бу вақтдан кейин келадиган ҳар қандай хабарнома камида эртаси тонггача сезилмаслиги мумкин. Бинобарин, ушбу кундан СКнинг 138-моддасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни амалга ошириш учун ҳеч қандай тарзда фойдалана олмаймиз. Баъзан эса шундай бўладики, ҳар бир сония қиммат, чунки солиқчиларнинг сўрови ҳужжатларни қайта ишлаш ва мутахассислар билан маслаҳатлашувлар вақти бўйича харажатларни талаб қилиши мумкин».

Вазиятни buxgalter.uz илтимосига биноан солиқ маслаҳатчиси, «ICONSULTANT» солиқ маслаҳатчилари ташкилоти директори  Иродахон АББОСХОНОВА тушунтирди:

 

Керакли тушунтиришни ўтказиб юбормаслик учун бизнинг Телеграм-каналимизга обуна бўлинг.

 

– Солиқ мажбуриятларини бажариш учун қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларни ҳисоблаб чиқариш учун солиқчилар томонидан ҳужжат жўнатилган сана етарли. СКнинг 5-моддасига мувофиқ календарь санадан ёки рўй бериши керак бўлган воқеадан кейинги кун солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатни ҳисоблаш бошланадиган кун деб ҳисобланади.

Солиқ органидан хат куннинг қайси вақтида келганининг аҳамияти йўқ. Унда кўрсатилган талабларни бажариш учун белгиланган муддатлар у келиб тушган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади. Яъни талабни куннинг исталган вақтида, яъни 4 июль куни олган бўлсангиз, уни бажариш муддати 5 июлдан бошлаб ҳисобланади.

Шу билан бирга, тизим солиқ тўловчилар томонидан хабарларни ўқиш ва жўнатиш санаси ва вақтини акс эттириши, лекин солиқ органлари учун фақат ҳужжатларни жўнатиш ва қабул қилиш санасини қайд этиши нотўғри эканлигига қўшиламан. Бу эса солиқ органлари ва солиқ тўловчилар ўртасида электрон ҳужжат айланишида номутаносибликни юзага келтирмоқда.

Солиқ органлари томонидан хабарларни жўнатиш вақтини мажбурий белгилаш ўзаро ҳамкорликнинг шаффофлигини оширади ва ушбу тенгсизликни бартараф этади. Бундай ўзгариш ахборот алмашинуви жараёнида ҳар икки томон учун янада адолатли шарт-шароитларни таъминлайди.

Аммо яна бир бор таъкидлайман: солиқчилар ўз хатларини жўнатишнинг аниқ вақтини кўрсатмаслиги ижро муддатига ҳеч қандай таъсир қилмайди, чунки ижро муддати, хат қайси вақтда – соат 10:00 ёки 20:00 да келиб тушишидан қатъи назар, кейинги иш кунидан бошлаб ҳисобланади  .

 

 

Олег ГАЕВОЙ тайёрлади


Солиқ назорати Солиқ назорати Солиқ назорати /ul/publish/doc/text201162_ish_kuni_tugagandan_keyin_soliq_organidan_habarnoma_olgan_bulsangiz_muddatlarni_qanday_hisoblash_kerak