Фаолиятни вақтинча тўхтатиш оқибатларини қандай қилиб юмшатиш мумкин

preview

Раҳбар карантин даврида корхона фаолиятини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Буни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш лозим? Қанча вақт оқибатларсиз ишламаслик мумкин? Солиқ инспекцияси ўз ташаббусига кўра ушбу даврда корхонанинг ҳисобрақамларини блокировкалаб қўя оладими? Мажбурий тугатиш ишлари ўтказилиши мумкинми? Юридик масалалар бўйича «Норма» экспертлари, адвокат Элеонора МАЗУРОВА ва юрист Альберт САФИН вазиятга ойдинлик киритдилар:


– «Фаолиятини вақтинча тўхтатган» расмий мақомини юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда ўз фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорларгина олишлари мумкин. Яъни – якка тартибдаги тадбиркорлар ёки оилавий бизнес субъектлари . Улар ҳисобга қўйилган жойдаги солиқ органини бу ҳақда хабардор қилишлари шарт.

Юридик шахслар учун бундай режим мавжуд эмас. Бироқ амалиётда тижорат корхоналари ҳам зарарларни камайтириш ва мураккаб даврдан ўтиб олиш учун муайян даражада ўз фаолиятларини тўхтатиб турадилар. Бунда юридик шахс мақоми йўқотилмайди, фаолият вақтинча тўхтатилгани давлат органларида қайд этилмайди. Ҳар қандай ҳолатда корхонанинг қуйидаги мажбуриятлари сақланиб қолади:

  • юридик шахс рўйхатдан ўтказилган манзилда бўлиш;
  • давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик доирасида ва амалдаги шартномалар бўйича келиб тушаётган хат-хабарларга жавоб бериш;
  • статистика ва солиқ ҳисоботларини топшириш;
  • барча давлат органларида, шу жумладан – судда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш.  


Фаолиятнинг вақтинча тўхтатилгани қандай расмийлаштирилиши лозим

Биринчидан, муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиб, унда фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинг. Ушбу қарорни баённома билан расмийлаштиринг. Унда тўхтатиб туриш сабабини албатта кўрсатинг. Муассис битта бўлса, буни якка ўзи қабул қилган қарор билан расмийлаштиринг. Корхона фаолият юритишига айнан нима имкон бермаётганини батафсил қайд этинг. Муассислар бир нечта бўлса, уларнинг ҳар бири ўз фикрини билдиргани мақсадга мувофиқ. Буни баённомада қайд этинг.

Иккинчидан, муассислар қарори асосида корхона бўйича буйруқ чиқаринг. Унда қуйидагиларни такроран қайд этинг:

  • фаолиятнинг вақтинча тўхтатилишига олиб келган ҳолатлар;
  • вақтинча тўхтатиш бошланган ва тугаган сана;
  • ушбу давр учун кадрлар бўйича қарор;
  • хизматга оид хат-хабарларни олиш ва жўнатиш мажбурияти кимга юклатилиши;
  • ҳисоботларни топшириш мажбурияти кимга юклатилиши.

Барча ходимларни тилхат олган ҳолда буйруқ билан таништиринг.

Диққат
Вақтинча тўхтатиш муддатини узайтириш учун янги буйруқ чиқариш лозим. Корхонада мўлжалланган муддатдан аввал фаолиятни тиклаш имкони пайдо бўлса, бу ҳам буйруқ билан расмийлаштирилади.

Учинчидан, энг мушкул масала – кадрлар масаласини ҳал қилиш. Корхона келгусида фаолиятни давом эттирмоқчи бўлса, кадрларни сақлаб қолиш лозим. Ёдингизда бўлсин, малакали мутахассислар ишни тиклашингизни пойлаб ўтирмайдилар.

Корхона мураккаб вазиятга тушиб қолган, раҳбарият қабул қилишга тайёр бўлган чоралар ходимларнинг манфаатларига тааллуқли бўлса, умумий йиғилиш чақиришга ҳожат йўқ. Кишилар бир жойга тўпланганда бир кишининг ҳис-ҳаяжонлари бошқаларга юқади, музокаралар қандай оқибатларга олиб келишини назорат қилиш қийин кечади. Шу сабабли ҳар бир ходим билан алоҳида суҳбатлашинг ёки корхонангиз катта бўлса, бўлимлар бўйича суҳбат ўтказинг.

Пул маблағлари захирасига эга бўлсангиз, энг қадрли ходимларга фаолиятни вақтинча тўхтатган пайтда қисман ҳақ тўлашни таклиф қилинг. Захирангиз бўлмаса, фаолиятни тиклагач, ходимларга бирин-кетин муайян бонуслар тўлашни ваъда қилинг.

Йўқотишларни камайтириш учун қолган ходимлар юзасидан:

1) штат жадвалини қайта кўриб чиқинг ва штатни қисқартиринг;

2) ўриндошлар билан тузилган шартномаларни бекор қилинг;

3) фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларнинг амал қилишини тўхтатиб туринг;

4) муддатли ёки муайян ишни бажариш учун тузилган шартномаларни бекор қилинг.

«Фаолият тўхтатиб қўйилган бўлса, ходимни қандай қилиб ишдан бўшатиш мумкин» материалида ишдан бўшатишнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил ўқинг;

5) йиллик меҳнат таътилларини расмийлаштиринг. Йиллик таътилнинг умумий муддати 48 иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас . Бироқ, ходим бир неча йил таътилга чиқмаган бўлса, йиғилиб қолган барча дам олиш кунларидан, улар неча кунни ташкил этишидан қатъи назар, фойдаланишга ҳақлидир ;

6) ходимларнинг розилигини олиб, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътилларни расмийлаштиринг. Бундай таътилнинг максимал муддати 12 ойлик давр мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги керак .

Диққат
Карантин даврида болалар муассасаларининг фаолияти тўхтатиб қўйилганда болалар боғчалари тарбияланувчилари ва бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналарига иш ҳақи сақланмаган ҳолда берилган таътил, унинг давомийлигидан қатъи назар, меҳнат стажига киради. Шунингдек ушбу таътилга унинг максимал давомийлигига доир чеклов ҳам татбиқ этилмайди ;

7) масалан, ҳар ой 1 МҲЭКМ тўлаган ҳолда қисман ҳақ тўланадиган таътилни расмийлаштиринг. Меҳнат қонунчилигида бундай таътил назарда тутилмаган. Бироқ солиқ қонунчилигида асосий иш ҳақи қисман сақлаб қолинган ҳолда мажбурий таътилда бўлган ходимларга бериладиган тўловлар тилга олинган . Бунинг устига, Меҳнат кодексида корхонанинг локал ҳужжатлари ёки жамоа шартномаси билан ходимлар учун қўшимча ҳуқуқ ва кафолатларни белгилаш тақиқланмаган . Шу сабабли қисман ҳақ тўланадиган таътилни расмийлаштиришдан олдин уни корхонанинг локал ҳужжатига киритинг. Бу иккала тараф учун кадрларга оид муаммони ҳал қилишнинг энг мақбул вариантларидан бири эканлигига эътиборингизни қаратамиз.

Тўртинчидан, ҳамкорлар ва давлат олдидаги барча мажбуриятларингизни имкон қадар бажаринг. Сўндирилмаган қарзингиз бўлса, уни ёпиш керак. Акс ҳолда тўхтаб турган даврда пеня ҳисобланади, тўлов муддатини ўтказиб юборганингиз учун жарималардан ҳам сизни ҳеч ким озод қилмайди. Боз устига, кредиторлар қарз суммасини суд тартибида ундириб олишлари мумкин, ана шунда давлат божи ва суд чиқимлари ҳам бўйнингизга юклатилади.

Фаолиятни тўхтатиб туришга мажбур бўлган даврда ижарага олган жойдан фойдаланиш ниятингиз бўлмаса, ижарага берувчи билан ижара муносабатларини тўхтатиб туриш ҳақида келишиб олинг ёки ижара шартномасини бекор қилинг. «Карантин пайтида ижарани қандай қилиб тўхтатиб туриш мумкин» материалида буни қандай қилиб тўғри амалга ошириш ҳақида ўқинг.

Бешинчидан, қонун ҳужжатларида фаолиятни вақтинча тўхтатганлик ҳақида солиқ инспекциясини хабардор қилиш талаб қилинмаганига қарамай, барибир уни хабардор қилиб қўйган маъқул. Солиқ органини огоҳлантиргач, уларнинг ноўрин талабнома ва хатларидан халос бўласиз.

Фаолиятни тўхтатиб қўйган даврингизда солиқ ажратмаларингиз камайиб, тақдим этаётган ҳисоботингиздаги маълумотлар ўзгариши аниқ. Инспекторлар бундай ўзгаришлар сабабини билмасалар, корхона даромадларини яшираяпти деган гумонга борадилар. Оқибатда камерал текширув тайинланиши мумкин. Буларнинг барчасига йўл қўймаслик учун уларга олдиндан эркин шаклда ёзилган хабарнома йўлланг. Буйруқда қандай кўрсатилган бўлса, тўхтатиб туриш сабабини худди шундай қайд этинг. Тахминан қачон фаолиятингизни тўлиқ ҳажмда тикламоқчи эканингиз ҳақида ҳам ёзинг.

Олтинчидан, бухгалтер ёки директорни ишда қолдиришга тўғри келади. Бундай ходим масофадан туриб ёки тўлиқсиз иш куни ишлашини расмийлаштириш мумкин. Корхона ўз фаолиятини тўхтатиб қўйганига қарамай, ҳеч бўлмаганда назарда тутилган барча турдаги ҳисоботларни топширишига ва келаётган хатларга жавоб беришига тўғри келади. Ходимга ҳақиқатда ишлаган вақтига қараб иш ҳақи ҳисоблаш мумкин. «Корхона карантин даврида ишламаётган бўлса, директорга иш ҳақи тўлаш керакми» материалида бу ҳақда батафсил сўз юритилган.


Корхона вақтинча ишламаётган бўлса, солиқ органлари ҳисобрақамлар бўйича операцияларни тўхтатиб қўйишлари ёки мажбурий тугатиш чораларини кўришлари мумкинми?

Корхона фаолиятини вақтинча тўхтатгани учун солиқ органлари ҳисобрақамларингизни блокировкалаб қўя олмайди. Бироқ қуйидаги ҳолларда бунга ҳақли бўлади :

  • белгиланган муддатдан 10 кун ўтгач, молиявий ва солиқ ҳисоботларини топширмасангиз;
  • солиқ органининг талабномасига жавоб бермасангиз;
  • корхона рўйхатдан ўтказилган жойда бўлмасангиз.

Сизни тугата ҳам олмайдилар. Корхонангизга нисбатан мажбурий тугатиш чорасини қўллашлари учун аввал сизни фаолият юритмаётган корхоналар тоифасига ўтказишлари керак. 9 ой ичида :

  • банкдаги ҳисобрақамларингизга пул маблағлари келиб тушмаса;
  • солиқ ҳисоботларини топширмасангиз, сизга нисбатан ушбу чорани қўллашлари мумкин.

Корхона 3 йил давомида фаолият юритмаётган корхоналар тоифасида бўлганидан кейин давлат реестридан чиқариш йўли билан тугатилиши мумкин. Бунда: муҳр, штамплар (мавжуд бўлса), давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома, товар белгиси (мавжуд бўлса) бекор қилинади. Давлат реестрига тугатиш тўғрисида ёзув қайд этилгач, у тугатилган, юридик шахс эса мавжуд эмас деб ҳисобланади.


Тўхтаб тургандан кейин фаолиятни қандай тиклаш мумкин

Корхона фаолияти тескари тартибда тикланади. Муассислар йиғилишида фаолиятни тиклаш тўғрисида баённома имзоланади. Сўнг раҳбар буйруғи, ундан кейин кадрларга оид буйруқлар чиқарилади. Ижара шартномалари тикланади.

Солиқ органларини фаолиятни тиклаганлик ҳақида хабардор қилиш шарт эмас, бу топширилган ҳисоботлардан маълум бўлади.

Шу тариқа, ҳужжатларни тўғри расмийлаштирсангиз, солиқ инспекциясини хабардор қилсангиз, ҳисоботларни вақтида топширсангиз, ҳисобрақамингизда пул маблағларининг бирмунча ҳаракати кузатилса, фаолиятингиз вақтинча тўхтатилган даврда ҳисобрақамларингиз ҳам блокировкалаб қўйилмайди, мажбурий тугатиш чоралари ҳам кўрилмайди.