Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 12 "Фойда солиқлари" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 7-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

7-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 12 "ФОЙДА СОЛИҚЛАРИ"



Мақсад


Мазкур стандартнинг мақсади фойда солиқларини ҳисобга олиш тартибини белгилашдан иборат. Фойда солиқлари ҳисобининг асосий масаласи қуйидагиларга нисбатан жорий ва келгуси солиқ оқибатларини қандай ҳисобга олинишидир:

(а) ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботида тан олинган активлар (мажбуриятлар) баланс қийматининг келгусида қопланиши (сўндирилиши); ва

(б) ташкилотнинг молиявий ҳисоботида тан олинган жорий даврдаги операциялар ва бошқа ҳодисалар.

Одатда, актив ёки мажбуриятнинг тан олиниши ташкилот томонидан ушбу актив ёки мажбуриятнинг баланс қийматини қопланиши ёки сўндирилишини назарда тутади. Агар ушбу баланс қийматининг қопланиши ёки сўндирилиши келгуси солиқ тўловлари суммасини бундай қоплаш ёки сўндиришнинг солиқ оқибатлари бўлмаган тақдирда аниқланадиган суммасидан кўпроқ (камроқ) бўлиши эҳтимоли бўлса, мазкур стандарт, муайян чегараланган истисно ҳолатлардан ташқари, ташкилот томонидан кечиктирилган солиқ мажбурияти (кечиктирилган солиқ активи) тан олинишини талаб этади.

Мазкур стандарт ташкилотдан операциялар ва бошқа ҳодисаларнинг солиқ оқибатларини бундай операциялар ва бошқа ҳодисаларнинг ўзини қандай ҳисобга олган бўлса, шу тарзда ҳисобга олишни талаб қилади. Шунинг учун, фойда ёки зарар таркибида тан олинган операциялар ва бошқа ҳодисалар бўйича ҳар қандай тегишли солиқ таъсирлари ҳам фойда ёки зарар таркибида тан олинади. Фойда ёки зарар таркибида тан олинмаган (яъни бошқа умумлашган даромадда ёки бевосита хусусий капиталда тан олинган) операциялар ва бошқа ходисалар бўйича ҳар қандай тегишли солиқ таъсирлари ҳам фойда ёки зарар таркибида тан олинмайди (яъни мос равишда бошқа умумлашган даромадда ёки бевосита хусусий капиталда тан олинади). Шу каби бизнес бирлашувида кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларининг тан олиниши бундай бизнес бирлашувида юзага келадиган гудвил суммасига ёки манфаатли харид қилишдан тан олинадиган фойда суммасига таъсир кўрсатади.

Мазкур стандарт, шунингдек, фойдаланилмаган солиқ зарарларидан ёки фойдаланилмаган солиқ имтиёзларидан келиб чиқадиган кечиктирилган солиқ активларини тан олиш, фойда солиқларини молиявий ҳисоботда акс эттириш ва фойда солиқларига тегишли маълумотларни ёритиб беришни қамраб олади.



Қўллаш доираси


1. Мазкур стандарт фойда солиқларини ҳисобга олишда қўлланиши лозим.


2. Мазкур стандарт мақсадларида, фойда солиқлари ўз ичига солиқ солинадиган фойдалардан олинадиган барча миллий ва чет элдаги фаолият бўйича солиқларни олади. Фойда солиқлари ўз ичига шўъба ташкилотлар, таъсир остидаги ташкилотлар ёки қўшма корхоналар томонидан ҳисобот берувчи ташкилот фойдасига тақсимланадиган суммалардан олинадиган ва тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқларни ҳам олади.


3. [Чиқариб ташланган]


4. Мазкур стандартда давлат грантлари (20-сон БҲХС "Давлат грантлари ҳисоби ва давлат ёрдами тўғрисидаги маълумотларни ёритиб бериш" га қаранг) ёки инвестицияга оид солиқ имтиёзларини ҳисобга олиш усуллари қўриб чиқилмайди. Лекин мазкур стандарт бундай грантлардан ёки инвестицияга оид солиқ имтиёзларидан юзага келадиган вақтинчалик фарқларнинг ҳисобга олиш тартибини белгилайди.



Таърифлар


5. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:

Бухгалтерия фойдаси давр учун фойда солиғи харажати чегириб ташланишидан олдинги фойда ёки зарардир.

Солиқ солинадиган фойда (солиқ зарари) - бу солиқ органлари томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ аниқланган(аниқланадиган) ва натижада фойда солиқлари тўланадиган (қопланадиган) давр учун фойда (зарар) ҳисобланади.

Фойда солиғи харажати (фойда солиғи даромади) -бу жорий ва кечиктирилган солиқ бўйича давр фойдаси ёки зарарини аниқлашда ҳисобга олинган жамланган суммадир.

Жорий солиқ - бу давр учун солиқ солинадиган фойда (солиқ зарари) бўйича тўланадиган (қопланадиган) фойда солиқлари суммасидир.

Кечиктирилган солиқ мажбуриятлари - бу солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар бўйича келгуси даврларда тўланадиган фойда солиқлари суммасидир.

Кечиктирилган солиқ активлари - қуйидагилар бўйича фойда солиқларининг келгуси даврларда қопланадиган суммасидир:

(а) чегириладиган вақтинчалик фарқлар;

(б) келгуси даврларга ўтказилган фойдаланилмаган солиқ зарарлари; ва

(в) келгуси даврларга ўтказилган фойдаланилмаган солиқ имтиёзлари.

Вақтинчалик фарқлар - бу молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда акс эттирилган активнинг ёки мажбуриятнинг баланс қиймати ва унинг солиқ базаси ўртасидаги фарқлардир. Вақтинчалик фарқлар қуйидагича бўлиши мумкин:

(а) cолиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар - тегишли актив ёки мажбуриятнинг баланс қиймати қопланадиган ёки сўндириладиган келгуси даврларнинг солиқ солинадиган фойдасини (солиқ зарарини) ҳисоблашда солиқ солинадиган суммаларни юзага келтирадиган вақтинчалик фарқлар; ёки

(б) чегириладиган вақтинчалик фарқлар - тегишли актив ёки мажбуриятнинг баланс қиймати қопланадиган ёки сўндириладиган келгуси даврларнинг солиқ солинадиган фойдасини (солиқ зарарини) ҳисоблашда чегириладиган суммаларни юзага келтирадиган вақтинчалик фарқлар.

Актив ёки мажбуриятнинг солиқ базаси - тегишли актив ёки мажбуриятнинг солиқ мақсадларида аниқланадиган қийматидир.


6. Фойда солиғи харажати (фойда солиғи даромади) жорий фойда солиғи бўйича харажатни (жорий фойда солиғи бўйича даромадни) ҳамда кечиктирилган фойда солиғи бўйича харажатни (кечиктирилган фойда солиғи бўйича даромадни) қамраб олади.



Солиқ базаси


7. Активнинг солиқ базаси - бу активнинг баланс қиймати қопланганда ташкилотга келадиган ҳар қандай солиқ солинадиган иқтисодий нафлардан солиқ мақсадларида чегириладиган суммадир. Агар бундай иқтисодий нафларга солиқ солинмаса, активнинг солиқ базаси унинг баланс қийматига тенг бўлади.

         


        

Мисоллар:


1. Ускунанинг таннархи 100 га тенг. Солиқ мақсадларида 30 га тенг эскириш қиймати жорий ва ўтган даврларда чегириб ташланган, қолган қиймати келгуси даврларда ускунанинг эскириши суммаси тарзида ёки унинг чиқиб кетишида чегириладиган сумма тарзида чегирилиши мумкин. Ускунадан фойдаланиш натижасида олинадиган тушумга солиқ солинади, ускунани ҳисобдан чиқиришдан олинадиган ҳар қандай фойдага солиқ солинади, бундай ҳисобдан чиқаришдан кўриладиган ҳар қандай зарар эса солиқ мақсадларида чегирилади. Ускунанинг солиқ базаси 70 га тенг.


2. Олинадиган фоизнинг баланс қиймати 100 га тенг. Тегишли фоиз тушумларига касса усули бўйича солиқ солинади. Олинадиган фоизларнинг солиқ базаси нолга тенг.


3. Савдо дебиторлик қарзларининг баланс қиймати 100га тенг. Тегишли тушум солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) киритилган. Савдо дебиторлик қарзларининг солиқ базаси 100га тенг.


4. Шўъба ташкилотдан олинадиган дивидендларнинг баланс қиймати 100га тенг. Дивидендларга солиқ солинмайди. Моҳиятан, активнинг тўлиқ баланс қиймати иқтисодий нафлардан чегирилади. Шу тариқа, олинадиган дивидендларнинг солиқ базаси 100га тенг (а).


5. Берилган қарзнинг баланс қиймати 100га тенг. Қарзнинг сўндирилиши солиқ оқибатларини келтириб чиқармайди. Берилган қарзнинг солиқ базаси 100га тенг.


а) Қуйидаги таҳлил бўйича солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ мавжуд эмас. Муқобил таҳлил асосида ҳисобланган дивидендларнинг солиқ базаси нолга тенг. Натижада 100 га тенг бўлган солиқ солинадиган вақтинчалик фарққа нолга тенг бўлган солиқ ставкаси қўлланилади. Ҳар иккала таҳлилда ҳам кечиктирилган солиқ мажбурияти юзага келмайди.

           


      

8. Мажбуриятнинг солиқ базаси - мажбуриятнинг келгуси даврларда ушбу мажбурият бўйича солиқ мақсадларида чегириладиган ҳар қандай қийматга камайтирилган баланс қийматидир. Тушумни олдиндан олиш натижасида юзага келадиган мажбуриятнинг солиқ базаси унинг келгуси даврларда солиқ солинмайдиган ҳар қандай тушум қийматига камайтирилган баланс қийматидир.

          


        

Мисоллар:

        

1. Жорий мажбуриятлар баланс қиймати 100 га тенг бўлган ҳисобланган харажатлар бўйича мажбуриятни ўз ичига олади. Тегишли харажатлар солиқ мақсадларида касса усули бўйича чегирилади. Ҳисобланган харажатлар бўйича мажбуриятнинг солиқ базаси нолга тенг.

2. Жорий мажбуриятлар баланс қиймати 100 га тенг бўлган олдиндан олинган фоиз тушумларини ўз ичига олади. Тегишли фоиз тушумларига касса усулида солиқ солинади. Олдиндан олинган фоизларнинг солиқ базаси нолга тенг.

3. Жорий мажбуриятлар баланс қиймати 100 га тенг бўлган ҳисобланган харажатлар бўйича мажбуриятни ўз ичига олади. Тегишли харажатлар солиқ мақсадларида чегирилган. Ҳисобланган харажатлар бўйича мажбуриятнинг солиқ базаси 100га тенг.

4. Жорий мажбуриятлар баланс қиймати 100га тенг ҳисобланган жарималар ва пеняларни ўз ичига олади. Жарима ва пенялар солиқ мақсадларида чегирилмайди. Ҳисобланган жарима ва пенялар бўйича мажбуриятнинг солиқ базаси 100га тенг (а).

5. Олинган қарзнинг баланс қиймати 100га тенг. Қарзнинг сўндирилиши солиқ оқибатларини келтириб чиқармайди. Берилган қарзнинг солиқ базаси 100га тенг.


(а) Қуйидаги таҳлил бўйича солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ мавжуд эмас. Муқобил таҳлил асосида, ҳисобланган жарима ва пеняларнинг солиқ базаси нолга тенг. Натижада 100 га тенг бўлган чегириладиган вақтинчалик фарққа нолга тенг бўлган солиқ ставкаси қўлланилади. Ҳар иккала таҳлилда ҳам кечиктирилган солиқ активи юзага келмайди.

         


      

9. Баъзи моддалар солиқ базасига эга бўлсада, молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда актив ва мажбуриятлар сифатида тан олинмайди. Масалан, тадқиқот бўйича сарфлар, улар юзага келган даврда бухгалтерия фойдасини аниқлашда харажат сифатида тан олинади, бироқ солиқ солинадиган фойдани (солиқ зарарини) аниқлашда кейинги давргача чегирилишига йўл қўйилмаслиги мумкин. Тадқиқот бўйича сарфларнинг солиқ базаси, яъни солиқ органлари томонидан келгуси даврларда чегирилишига рухсат бериладиган қиймат ва нолга тенг баланс қиймати ўртасидаги фарқ чегириладиган вақтинчалик фарқ бўлиб, унинг натижасида кечиктирилган солиқ активи юзага келади.


10. Актив ёки мажбуриятнинг солиқ базаси яққол намоён бўлмаганда, мазкур стандартдаги фундаментал тамойилни эътиборга олиш мақсадга мувофиқ. Бу тамойилга кўра, актив ёки мажбурият баланс қийматининг қопланиши ёки сўндирилиши келгуси солиқ тўловлари суммасини бундай қоплашнинг ёки сўндиришнинг солиқ оқибатлари бўлмаган тақдирда аниқланадиган суммасидан кўпроқ (камроқ) бўлиши эҳтимоли бўлса, ташкилот, муайян чегараланган истисно ҳолатлардан ташқари, кечиктирилган солиқ мажбуриятини (кечиктирилган солиқ активини) тан олиши лозим. 51А-банддан кейин келтирилган В мисолида актив ёки мажбуриятнинг солиқ базаси унинг баланс қиймати қопланиши ёки сўндирилишига боғлиқ бўладиган ҳолат бўйича ушбу фундаментал тамойилни эътиборга олиш мақсадга мувофиқ бўладиган вазиятлар кўрсатилган.


11. Консолидациялашган молиявий ҳисоботда вақтинчалик фарқлар ушбу консолидациялашган молиявий ҳисоботдаги актив ва мажбуриятларнинг баланс қийматларини уларнинг тегишли солиқ базалари билан таққослаш орқали аниқланади. Консолидациялашган гуруҳ бўйича солиқ ҳисоботи топширадиган тегишли юрисдикцияларда солиқ базаси бундай ҳисоботдан келиб чиқиб аниқланади. Бошқа юрисдикцияларда солиқ базаси гуруҳ таркибига кирадиган ҳар бир ташкилот томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботи асосида аниқланади.



Жорий солиқ мажбуриятлари

ва жорий солиқ активларини тан олиш


12. Жорий ва ўтган даврлар учун жорий солиқнинг тўланмаган қисми мажбурият сифатида тан олиниши лозим. Агар жорий ва ўтган даврлар учун тўланган солиқ суммаси ушбу даврларда тўланиши лозим бўлган солиқ суммасидан кўп бўлса, ошган сумма актив сифатида тан олиниши лозим.


13. Олдинги давр учун жорий солиқни қоплаш мақсадида солиқ зарарини олдинги даврларга ўтказиш имконияти мавжудлиги натижасида олинадиган наф актив сифатида тан олиниши лозим.


14. Солиқ зараридан олдинги даврга тегишли жорий солиқни қоплаш учун фойдаланилганда, ташкилот бунинг оқибатида келиб чиқадиган нафни солиқ зарари юз берган даврда актив сифатида тан олади, чунки ташкилотга келгуси иқтисодий наф келиши ва у наф ишончли баҳоланиши мумкин.



Кечиктирилган солиқ мажбуриятлари

ва кечиктирилган солиқ активларини тан олиш


Солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар


15. Кечиктирилган солиқ мажбурияти жами солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар бўйича тан олиниши лозим. Қуйидагилар натижасида юзага келадиган кечиктирилган солиқ мажбурияти бундан мустасно:

(а) гудвилни дастлабки тан олиш; ёки

(б) актив ёки мажбуриятни қуйидаги операциялар натижасида дастлабки тан олиш:

(i) бизнес бирлашуви бўлмаган операцияларда; ва

(ii) операция содир бўлиши пайтида бухгалтерия фойдасига ҳам солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) ҳам таъсир кўрсатмайдиган операцияларда.

Лекин, шўъба ташкилотлар, филиаллар, таъсир остидаги ташкилотларга инвестиция ҳамда биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушлари билан боғлиқ бўлган солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган солиқ мажбурияти 39-бандга мувофиқ тан олиниши лозим.


16. Активнинг тан олиниши ташкилотга келгуси даврларда келиб тушадиган иқтисодий наф кўринишида қопланадиган баланс қийматини назарда тутади. Активнинг баланс қиймати унинг солиқ базасидан ортиқ бўлса, солиқ солинадиган иқтисодий наф суммаси солиқ мақсадларида чегирилиши мумкин бўлган суммадан ортиқ бўлади. Ушбу фарқ солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ ҳисобланади ва келгуси даврларда фойда солиқларини тўлаш бўйича келиб чиқадиган мажбурият кечиктирилган солиқ мажбурияти ҳисобланади. Ташкилот томонидан активнинг баланс қиймати қопланиши билан солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ қайта тикланади ва ташкилотда солиқ солинадиган фойда юзага келади. Натижада, ташкилотдан иқтисодий наф солиқ тўловлари шаклида чиқиб кетиш эҳтимоли вужудга келади. Шунинг учун, мазкур стандарт барча кечиктирилган солиқ мажбуриятлари тан олинишини талаб этади, 15 ва 39-бандларда тавсифланган айрим ҳолатлар бундан мустасно.

            


        

Мисол.

Бошланғич қиймати 150 га тенг бўлган активнинг баланс қиймати 100. Солиқ мақсадларида жамғарилган эскириш 90 ва солиқ ставкаси 25% га тенг.


Активнинг солиқ базаси 60ни ташкил этади (150га тенг бошланғич қийматдан 90 га тенг жамғарилган эскириш чегирилганда). 100 га тенг бўлган баланс қийматини қоплаш учун ташкилот 100 га тенг бўлган солиқ солинадиган фойда олиши лозим, лекин ундан солиқ бўйича фақат 60 га тенг бўлган эскириш суммаси чегирилиши мумкин. Бунинг натижасида, ташкилот, активнинг баланс қийматини қоплаганида, 10 га тенг бўлган фойда солиғини тўлайди (40 дан 25%). 100 га тенг баланс қиймати ва 60 тенг солиқ базаси ўртасидаги фарқ 40 га тенг солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ ҳисобланади. Шунинг учун, ташкилот 10 га тенг (40 дан 25%) кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олади ва у ташкилот томонидан активнинг баланс қиймати қопланганида тўланадиган фойда солиқларини акс эттиради.

     


      

17. Баъзи вақтинчалик фарқлар даромад ва харажатларнинг бир даврда бухгалтерия фойдаси таркибида, бошқа даврда эса солиқ солинадиган фойдада акс эттирилиши натижасида юзага келади. Бундай вақтинчалик фарқлар кўпинча вақтга боғлиқ фарқлар деб тавсифланади. Қуйида солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар ва кечиктирилган солиқ мажбуриятларини юзага келтирадиган бундай вақтинчалик фарқларга мисоллар келтирилган:

(а) фоиз тушуми бухгалтерия фойдаси таркибига даврга мутаносиб асосда киритиб борилади, лекин, баъзи юрисдикцияларда пул маблағлари олинганда солиқ солинадиган фойдага киритилади. Молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда бу каби тушумлар бўйича тан олинган ҳар қандай дебиторлик қарздорлигининг солиқ базаси нолга тенг, чунки тушумлар солиқ солинадиган фойдага пул маблағлари олинмагунча таъсир кўрсатмайди;

(б) солиқ солинадиган фойдани (солиқ зарарини) аниқлашда фойдаланиладиган эскириш суммаси бухгалтерия фойдасини аниқлашда фойдаланиладиган эскириш суммасидан фарқ қилиши мумкин. Вақтинчалик фарқ активнинг баланс қиймати ва унинг солиқ базаси ўртасидаги фарқ бўлиб; бунда активнинг солиқ базаси жорий ва ўтган даврлар учун солиқ солинадиган фойдани (солиқ зарарини) аниқлашда ушбу активга нисбатан солиқ органлари томонидан рухсат этилган барча қийматлар чегирилган бошланғич қийматдир. Солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ солиқ мақсадларидаги эскириш тезлаштирилган тарзда ҳисобланганда, келиб чиқади ва кечиктирилган солиқ мажбурияти юзага келади (агар солиқ мақсадларидаги эскириш бухгалтерия ҳисоби мақсадларидаги эскиришдан кўра, кам жадалроқ бўлса, чегириладиган вақтинчалик фарқ келиб чиқади ва кечиктирилган солиқ активи юзага келади); ва

(в) тажриба-конструкторлик ишлари бўйича сарфлар, бухгалтерия фойдасини аниқлашда капиталлаштирилиши ва келгуси даврларда харажатларга олиб борилиши мумкин, лекин солиқ солинадиган фойдани аниқлашда улар юзага келган даврда чегирилиши мумкин. Бундай тажриба-конструкторлик ишлар бўйича сарфларнинг солиқ базаси нолга тенг, чунки улар солиқ солинадиган фойдадан чегирилган. Вақтинчалик фарқи -тажриба-конструкторлик ишлари бўйича сарфларнинг баланс қиймати ва уларнинг нолга тенг солиқ базаси ўртасидаги фарқдир.


18. Вақтинчалик фарқлар қуйидаги ҳолларда ҳам юзага келади:

(а) бизнес бирлашувида харид қилинган идентификацияланадиган активлар ва қабул қилинган идентификацияланадиган мажбуриятлар 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари"га мувофиқ уларнинг ҳаққоний қиймати бўйича тан олинганда, лекин уларга солиқ мақсадларида ҳеч қандай эквивалент тузатиш киритилмаганда (19-бандга қаранг);

(б) активлар қайта баҳоланиб, уларга солиқ мақсадларида ҳеч қандай эквивалент тузатиш киритилмаганда (20-бандга қаранг);

(в) бизнес бирлашувида гудвил юзага келганда (21-бандга қаранг);

(г) актив ёки мажбуриятнинг дастлабки тан олинишида ушбу актив ёки мажбуриятнинг солиқ базаси унинг бошланғич қийматидан фарқ қилганида, масалан, ташкилот активларга тегишли бўлган солиқ солинмайдиган давлат грантларидан наф кўрганда (22 ва 33-бандларга қаранг); ёки

(д) шўъба ташкилотлар, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотлардаги инвестицияларнинг ёки биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушларининг баланс қиймати бундай инвестиция ёки улушларнинг солиқ базасидан фарқ қилганда (38 - 45-бандларга қаранг).



Бизнес бирлашувлари


19. Чегараланган истисно ҳолатлардан ташқари, бизнес бирлашувида харид қилинган идентификацияланадиган активлар ва қабул қилинган идентификацияланадиган мажбуриятлар уларни харид қилиш санасида ҳаққоний қиймати бўйича тан олинади. Харид қилинган идентификацияланадиган активларг ва қабул қилинган идентификацияланадиган мажбуриятларнинг солиқ базалари бизнес бирлашуви натижасида ўзгармай қолганда ёки фарқли тарзда таъсирланганда, вақтинчалик фарқлар юзага келади. Масалан, активнинг баланс қиймати ҳаққоний қийматгача оширилганда, лекин унинг солиқ базаси олдинги эгаси учун бошланғич қийматда қолганда солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади ва у кечиктирилган солиқ мажбуриятини келтириб чиқаради. Натижада ҳосил бўлган кечиктирилган солиқ мажбурияти гудвилга таъсир кўрсатади (66-бандга қаранг).



Ҳаққоний қиймат бўйича ҳисобга олинадиган активлар


20. МҲХСлар айрим активларни ҳаққоний қиймат ёки қайта баҳоланган қиймат бўйича ҳисобга олинишини талаб этади ёки рухсат беради (масалан, 16-сон БҲХС "Асосий воситалар", 38-сон БҲХС "Номоддий активлар", 40-сон БҲХС "Инвестиция кўчмас мулки" ва 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"га қаранг). Баъзи юрисдикцияларда активнинг ҳаққоний қийматигача қайта баҳоланиши ёки бошқа тарзда қайта ҳисобланиши жорий давр учун солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) таъсир кўрсатади. Натижада активнинг солиқ базасига тузатиш киритилади ва ҳеч қандай вақтинчалик фарқ юзага келмайди. Бошқа юрисдикцияларда активнинг қайта баҳоланиши ёки бошқа тарзда қайта ҳисобланиши ушбу қайта баҳолаш ёки қайта ҳисоблаш амалга оширилган даврда солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) таъсир кўрсатмайди, бунинг натижасида активнинг солиқ базасига тузатишлар киритилмайди. Шунга қарамасдан, баланс қийматининг келгусида қопланиши ташкилотга солиқ солинадиган иқтисодий наф келтиради, ҳамда солиқ мақсадларида чегириладиган сумма ушбу иқтисодий наф суммасидан фарқ қилади. Қайта баҳоланган активнинг баланс қиймати ва унинг солиқ базаси ўртасидаги фарқ вақтинчалик бўлиб, кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки активини келтириб чиқаради. Бу қуйидаги ҳолатлар мавжудлигида ҳам ўринли ҳисобланади:

(а) ташкилотнинг активни ҳисобдан чиқариш нияти бўлмаганда. Бундай ҳолларда, активнинг қайта баҳоланган баланс қиймати ушбу активдан фойдаланиш орқали қопланади, бу эса келгуси даврларда чегирилиши мумкин бўлган эскириш суммасидан ошадиган солиқ солинадиган даромадни ҳосил қилади; ёки

(б) агар активнинг ҳисобдан чиқарилишидан олинадиган пул маблағлари тушуми унга ўхшаш активларга инвестиция қилинганда, капиталдан фойдага солинадиган солиқ кечиктирилади. Бундай ҳолларда солиқ актив сотилганда ёки ўхшаш активлардан фойдаланганда охир-оқибат тўланади.



Гудвил


21. Бизнес бирлашувида юзага келадиган гудвил қуйидаги (а)-банднинг (б)-банддан ошган суммасида баҳоланади:

(а) қуйидагиларнинг жамланмаси:

(i) 3-сон МҲХСга мувофиқ, баҳоланган ва одатда харид қилиш санасидаги ҳаққоний қиймат аниқланишини талаб қиладиган ўтказилган товон;

(ii) 3-сон МҲХСга мувофиқ тан олинадиган, харид қилиш объектида назорат кучига эга бўлмаган ҳар қандай улуш суммаси; ва

(iii) босқичма-босқич амалга оширилган бизнес бирлашувида харид қилувчининг харид қилинадиган объектнинг хусусий капиталидаги олдинги улушининг харид қилиш санасидаги ҳаққоний қиймати.

(б) 3-сон МҲХСга мувофиқ баҳоланадиган, харид қилинган идентификацияланадиган активлар ва қабул қилинган идентификацияланадиган мажбуриятларнинг харид қилиш санасидаги соф қиймати.

Аксарият солиқ органлари солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда гудвилнинг баланс қийматини чегириладиган харажат сифатида камайтирилишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, бундай юрисдикцияларда шўъба ташкилоти тегишли бизнесини ҳисобдан чиқарганда гудвилнинг қиймати кўпинча солиқ мақсадларида чегирилмайди. Бундай юрисдикцияларда, гудвилнинг солиқ базаси нолга тенг бўлади. Гудвилнинг баланс қиймати ва унинг нолга тенг бўлган солиқ базаси ўртасидаги ҳар қандай фарқ солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ ҳисобланади. Лекин мазкур стандартда бунинг натижасида юзага келадиган кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олишга йўл қўйилмайди, чунки гудвил қолдиқ қиймат сифатида баҳоланади ва кечиктирилган солиқ мажбуриятининг тан олиниши гудвилнинг баланс қиймати ошишига олиб келади.


21А. Гудвилнинг дастлабки тан олинишидан келиб чиққан тан олинмайдиган кечиктирилган солиқ мажбуриятини кейинги камайтиришлар гудвилнинг дастлабки тан олинишидан юзага келган деб қаралади, шунинг учун, 15(а)-бандга мувофиқ тан олинмайди. Масалан, ташкилот бизнес бирлашувида солиқ базаси нолга тенг бўлган гудвилни 100га тенг қиймат бўйича тан олса, 15(а)-банд ташкилот томонидан бунинг натижасида юзага келадиган кечиктирилган солиқ мажбурияти тан олинишини тақиқлайди. Агар ташкилот ушбу гудвил бўйича кейинчалик қадрсизланишидан юзага келган 20га тенг зарарни тан олса, гудвилга тегишли бўлган солиқ солинадиган вақтинчалик фарқнинг қиймати 100дан 80га камаяди, бунинг натижасида тан олинмаган кечиктирилган солиқ мажбуриятининг қиймати ҳам камаяди. Ушбу тан олинмаган кечиктирилган солиқ мажбуриятининг бундай камайиши гудвилнинг дастлабки тан олинишидан келиб чиқади деб қаралади ва шунинг учун унинг тан олиниши 15(а)-бандга мувофиқ тақиқланади.


21Б. Лекин гудвилга тегишли бўлган солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган солиқ мажбуриятлари, улар гудвилнинг дастлабки тан олинишидан келиб чиқмаган даражада тан олинади. Масалан, ташкилот бизнес бирлашувида 100 га тенг бўлган гудвилни тан олса ва бу қиймат солиқ мақсадларида харид қилиш санасидан бошлаб ҳар йили 20 фоизли ставкада чегирилса, дастлабки тан олинганда гудвилнинг солиқ базаси 100 га ва харид қилинган йилнинг охирида эса 80 га тенг бўлади. Агар гудвилнинг баланс қиймати харид қилинган йилнинг охирида 100 га тенг ҳолда ўзгармасдан қолса, ушбу йилнинг охирида 20 га тенг солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади. Солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ гудвилнинг дастлабки тан олинишига тегишли бўлмаганлиги сабабли, унинг натижасида келиб чиқадиган кечиктирилган солиқ мажбурияти тан олинади.



Актив ёки мажбуриятни дастлабки тан олиш


22. Актив ёки мажбуриятнинг дастлабки тан олинишида вақтинчалик фарқ, масалан, актив бошланғич қийматининг бутун ёки айрим қисми солиқ мақсадларида чегирилмайдиган бўлса, юзага келиши мумкин. Бундай вақтинчалик фарқни ҳисобга олиш усули актив ёки мажбуриятнинг дастлабки тан олинишига олиб келган операциянинг характерига боғлиқ бўлади:

(а) бизнес бирлашувида, ташкилот ҳар қандай кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки активини тан олади ва бу ташкилот томонидан тан олинадиган гудвил ёки манфаатли хариддан олинадиган фойданинг суммасига таъсир кўрсатади (19-бандга қаранг);

(б) операция бухгалтерия фойдаси ёки солиқ солинадиган фойдага таъсир кўрсатса, ташкилот ҳар қандай кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки активини тан олади ва натижада юзага келадиган кечиктирилган солиқ харажати ёки даромадини фойда ёки зарар таркибида тан олади (59-бандга қаранг);

(в) операция бизнес бирлашуви бўлмаса ва бухгалтерия фойдасига ҳам солиқ солинадиган фойдага ҳам таъсир кўрсатмаса, ташкилот 15 ва 24-бандларда келтирилган озод этиш ҳолатлари мавжуд бўлмаганда юзага келадиган кечиктирилган солиқ мажбуриятини ёки активини тан олган, ҳамда актив ёки мажбуриятнинг баланс қийматига худди шу суммадаги тузатишни киритган бўлар эди. Бундай тузатишлар молиявий ҳисоботнинг шаффофлигини камайтириши мумкин. Шунинг учун, мазкур стандарт ташкилот томонидан юзага келган кечиктирилган солиқ мажбуриятини ёки активини дастлабки ва қейинги тан олинишига йўл қўймайди (қуйидаги мисолга қаранг). Бундан ташқари, ташкилот актив эскириши билан тан олинмаган кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки активдаги кейинги ўзгаришларни тан олмайди.

            


        

22(в)-бандга оид мисол


Ташкилот бошланғич қиймати 1000 га тенг бўлган активни 5 йиллик фойдали хизмат муддати мобайнида фойдаланиш ва кейин ноль тугатиш қийматида ҳисобдан чиқаришни режалаштирган. Солиқ ставкаси 40% ни ташкил этади. Активнинг эскириши солиқ мақсадларида чегирилмайди. Активни ҳисобдан чиқаришдан юзага келадиган фойдага солиқ солинмайди ёки юзага келадиган зарар солиқ мақсадида чегирилмайди.


Ташкилот активнинг баланс қийматини қоплаганда 1000 га тенг бўлган солиқ солинадиган даромад олади ва 400 га тенг солиқ тўлайди. Ташкилот келиб чиққан 400 га тенг бўлган кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олмайди, чунки у активнинг дастлабки тан олинишидан юзага келган.


Кейинги йил активнинг баланс қиймати 800 ни ташкил қилади. 800 га тенг бўлган солиқ солинадиган даромадни олганда, ташкилот 320 га тенг солиқ тўлайди. Ташкилот 320 га тенг бўлган кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олмайди, чунки у активнинг дастлабки тан олинишидан юзага келган.

     


      

22A. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]


23. 32-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тақдим этиш"га мувофиқ, таркибли молиявий инструментнинг (масалан, конвертацияланадиган облигациянинг) эмитенти ушбу инструментнинг мажбуриятга оид қисмини мажбурият сифатида, хусусий капиталга оид қисмини хусусий капитал сифатида таснифлайди. Баъзи юрисдикцияларда, мажбурият компонентининг солиқ базаси дастлабки тан олишда мажбурият ва хусусий капитал компонентининг дастлабки баланс қийматига тенг бўлади. Солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ хусусий капитал компонентини мажбурият компонентидан алоҳида тан олиш натижасида юзага келади. Шунинг учун 15(б)-бандда белгиланган истисно ҳолат бунга нисбатан қўлланмайди. Натижада, ташкилот юзага келган кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олади. 61А-бандга мувофиқ, кечиктирилган солиқ бевосита хусусий капитал компонентининг баланс қийматига уни камайтириш тарзида олиб борилади. 58-бандга мувофиқ, кечиктирилган солиқ мажбуриятидаги кейинги ўзгаришлар фойда ёки зарар таркибида кечиктирилган солиқ харажати (даромади) сифатида тан олинади.



Чегириладиган вақтинчалик фарқлар


24. Қуйидаги шартларга жавоб берадиган операцияда мажбуриятни ёки активни дастлабки тан олишдан юзага келмаса, кечиктирилган солиқ активи чегириладиган вақтинчалик фарқни чегириш учун етарли солиқ солинадиган фойда бўлиши эҳтимоли мавжуд бўладиган даражада барча чегириладиган вақтинчалик фарқлар бўйича тан олиниши лозим:

(а) бизнес бирлашуви бўлмаса; ва

(б) операция пайтида бухгалтерия фойдасига ҳам, солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) ҳам таъсир кўрсатмаса.

Лекин шўъба ташкилотлари, филиаллар, таъсир остидаги ташкилотларга инвестиция ва бирлагикдаги фаолиятда иштирок этиш улушлари билан боғлиқ бўлган чегириладиган вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган солиқ активи 44-бандга мувофиқ тан олиниши лозим.


25. Мажбуриятнинг тан олиниши ташкилотдан келгуси даврларда иқтисодий нафнинг чиқиб кетиши кўринишида сўндириладиган баланс қийматини назарда тутади. Ресурслар ташкилотдан чиқиб кетишида қийматининг бутун ёки айрим қисми мажбурият тан олинган даврдан кейинги даврда солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда чегирилиши мумкин. Бунда мажбуриятнинг баланс қиймати ва унинг солиқ базаси ўртасида вақтинчалик фарқ бўлади. Шунга кўра, мажбуриятнинг айрим қисми солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда чегирилиши мумкин бўлган келгуси даврларда қопланадиган фойда солиғи бўйича кечиктирилган солиқ активини юзага келтиради. Шу тариқа активнинг баланс қиймати унинг солиқ базасидан камроқ бўлса, бунинг натижасида вужудга келадиган фарқ келгуси даврларда қопланадиган фойда солиқлари бўйича кечиктирилган солиқ активини юзага келтиради.

              


        

Мисол.


Ташкилот маҳсулотнинг кафолати бўйича ҳисобланган сарфларга оид 100 га тенг бўлган мажбуриятни тан олди. Солиқ мақсадларида маҳсулотнинг кафолати бўйича сарфлар ташкилот уларни тўламагунча чегирилмайди. Солиқ ставкаси 25% ни ташкил этади.


Мажбуриятнинг солиқ базаси нолга тенг (ушбу мажбурият бўйича келгуси даврларда чегирилиши мумкин бўлган суммага камайтирилгандан кейинги 100 га тенг баланс қиймати). Мажбурият баланс қийматига тенг бўлган суммада сўндирилганда, ташкилот ўзининг келгуси солиқ солинадиган фойдасини 100 га камайтиради ва натижада унинг келгуси солиқ тўловлари 25 (100 дан 25%) га камаяди. 100га тенг баланс қиймати билан нолга тенг солиқ базаси ўртасидаги фарқ 100га тенг чегириладиган вақтинчалик фарқни ифодалайди. Шунинг учун, ташкилот келгуси даврларда солиқ тўловларининг камайишидан наф кўриши учун етарлича солиқ солинадиган фойда олиш эҳтимоли мавжудлиги шарти билан 25 га (100 дан 25%) тенг бўлган кечиктирилган солиқ активини тан олади.

     


      

26. Қуйида кечиктирилган солиқ активини вужудга келтирадиган чегириладиган вақтинчалик фарқларга мисоллар келтирилган:

(а) пенсия бўйича сарфлар бухгалтерия фойдасини ҳисоблашда ходимлар томонидан хизмат кўрсатилиши билан чегирилиши мумкин, лекин солиқ солинадиган фойдани аниқлашда ташкилот томонидан бадаллар пенсия жамғармасига тўланганда ёки пенсия тўловлари ташкилот томонидан тўланганда чегирилади. Вақтинчалик фарқ мажбуриятнинг баланс қиймати ва солиқ базаси ўртасида юзага келади; мажбуриятнинг солиқ базаси одатда нолга тенг бўлади. Бундай чегириладиган вақтинчалик фарқ бадаллар ёки пенсия тўловлари ташкилот томонидан тўланганда, солиқ солинадиган фойдадан чегириладиган қиймат кўринишида ташкилотга иқтисодий наф келиб тушиши билан кечиктирилган солиқ активини келтириб чиқаради;

(б) тадқиқот сарфлари, улар юзага келган даврда бухгалтерия фойдасини ҳисоблашда харажат сифатида тан олинади, лекин кейинроқ келадиган давргача солиқ солинадиган фойдани (солиқ зарарини) аниқлашда чегирилишига йўл қўйилмаслиги мумкин. Тадқиқот бўйича сарфларнинг солиқ базаси, яъни солиқ органлари томонидан келгуси даврларда чегирилишига рухсат бериладиган қиймат ва нолга тенг баланс қиймати ўртасидаги фарқ чегириладиган вақтинчалик фарқ бўлиб, унинг натижасида кечиктирилган солиқ активи юзага келади;

(в) чегараланган истисно ҳолатлардан ташқари, бизнес бирлашувида харид қилинган идентификацияланадиган активлар ва қабул қилинган идентификацияланадиган мажбуриятлар уларни харид қилиш санасида ҳаққоний қиймати бўйича тан олинади. Қабул қилинган мажбурият харид қилиш санасида тан олинганда, лекин тегишли сарфлар солиқ солинадиган фойдани ҳисоблашда келгуси давргача чегирилмайдиган бўлса, чегириладиган вақтинчалик фарқ юзага келади ва кечиктирилган солиқ активини келтириб чиқаради. Шунингдек, харид қилинган идентификацияланадиган активларнинг ҳаққоний қиймати унинг солиқ базасидан кам бўлганда ҳам кечиктирилган солиқ активи юзага келади. Иккала ҳолатда ҳам юзага келадиган кечиктирилган солиқ активи гудвилга таъсир кўрсатади (66-бандга қаранг); ва

(г) айрим активлар солиқ мақсадларида ҳеч қандай эквивалент тузатишлар киритилмаган ҳолда, ҳаққоний қиймати бўйича ҳисобга олиниши ёки қайта баҳоланиши мумкин (20-бандга қаранг). Агар активнинг солиқ базаси унинг баланс қийматидан ошиб кетса, чегириладиган вақтинчалик фарқ юзага келади.

          


        

26(г)-бандга оид мисол


Иккинчи йил якунида чегириладиган вақтинчалик фарқни аниқлаш:

А ташкилот биринчи йил бошида, номинал қиймати 1,000 п.б.га тенг бўлган 5 йил муддатга ҳар йил охирида тўланадиган 2% ли фоиз ставкада қарз инструментини 1,000 п.б.га харид қилди. Эффектив фоиз ставкаси 2% га тенг. Қарз инструменти хаққоний қиймат бўйича баҳоланади.

Иккинчи йил охирида бозор фоиз ставкаларининг 5% га ошиши натижасида қарз инструментининг ҳаққоний қиймати 918 п.б.га тенг бўлди. Агар А ташкилот ушбу қарз инструментини сақлашда давом этса, шартнома бўйича барча пул оқимларини ундириш эҳтимоли мавжуд.

Қарз инструменти бўйича ҳар қандай фойда (зарар) реализация қилинганда солиқ солинадиган (чегириладиган) ҳисобланади. Қарз инструментини сўндириш ёки сотиш натижасидаги фойда(зарарлар) солиқ мақсадларида ундирилган суммалар ва қарз инструментининг бошланғич қиймати ўртасидаги фарқ тарзида ҳисобланади.

Шунга кўра, қарз инструментининг солиқ базаси унинг бошланғич қиймати ҳисобланади.


А ташкилот қарз инструментини баланс қийматини сотиш ёки фойдаланиш орқали қоплаши, яъни уни сақлаган ҳолда ва шартномавий пул оқимларини ундириш йўли билан қоплашни ёки иккаласининг комбинациясини қўллашидан қатъи назар, А ташкилотнинг молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботидаги қарз инструментининг 918 п.б.га тенг баланс қиймати ва унинг 1000 п.б.га тенг солиқ базаси ўртасидаги фарқ иккинчи йил охирида 82 п.б.га тенг суммада чегириладиган вақтинчалик фарқни юзага келтиради (20 ва 26(д)-бандларга қаранг).

Бунинг сабаби чегириладиган вақтинчалик фарқлар - бу молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботдаги актив ёки мажбуриятнинг баланс қиймати ва унинг солиқ базаси ўртасидаги фарқлар бўлиб, натижада келгуси даврларнинг солиқ солинадиган фойдасини (солиқ зарарини) аниқлашда актив ёки мажбурият қиймати қопланганда ёки сўндирилганда чегириб ташланадиган суммаларни келтириб чиқаради (5-бандга қаранг). А ташкилот сотишдан ёки сўндириш муддати якунланишидан келиб чиқадиган солиқ солинадиган фойдани (солиқ зарарини) аниқлашда 1,000 п.б.га тенг суммадаги активнинг солиқ базасига тенг бўлган чегириладиган суммага эга бўлади.

     


             

27. Чегириладиган вақтинчалик фарқларнинг қайта тикланиши келгуси даврларда солиқ солинадиган фойдани аниқлашда чегириладиган суммаларни келтириб чиқаради. Лекин, ташкилотга солиқ тўловларининг камайиши шаклида юзага келадиган иқтисодий наф фақат ташкилот томонидан келгусида чегириладиган суммаларни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш учун етарли солиқ солинадиган фойда олинса, келиб тушади. Шунинг учун ташкилот, кечиктирилган солиқ активи чегириладиган вақтинчалик фарқни чегириш учун етарли солиқ солинадиган фойда бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлганда, кечиктирилган солиқ активларини тан олади.


27А. Ташкилот солиқ солинадиган фойдага нисбатан фойдаланиши мумкин бўлган чегириладиган вақтинчалик фарқни баҳолашда, солиқ қонунчилиги ушбу чегириладиган вақтинчалик фарқни қайта тиклаш мумкин бўлган солиқ солинадиган фойда манбаларини чеклаб қўйиш-қўймаслигини инобатга олади. Агар солиқ қонунчилигида бундай чекловлар назарда тутилмаса, ташкилот чегириладиган вақтинчалик фарқни унинг барча бошқа вақтинчалик фарқлари билан умумлашган ҳолда баҳолайди. Лекин, солиқ қонунчилиги маълум бир турдаги даромадга нисбатан чегириладиган вақтинчалик фарқлардан фойдаланишни чекласа, чегириладиган вақтинчалик фарқлар фақат тегишли турдаги бошқа чегириладиган вақтинчалик фарқлар билан умумлашган ҳолда баҳоланади.


28. Айни бир солиқ органи ва айни бир ташкилотга тегишли бўлган етарли солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар мавжуд бўлса ва қуйидаги даврларда қайта тикланиши кутилаётган бўлса, чегириладиган вақтинчалик фарқни чегириш учун етарли солиқ солинадиган фойда бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлади:

(а) чегириладиган вақтинчалик фарқ қайта тикланиши кутилаётган даврнинг ўзида; ёки

(б) кечиктирилган солиқ активидан келиб чиқадиган солиқ зарари келгуси ёки олдинги даврларга ўтказилиши мумкин бўлганда.

Бундай ҳолатларда кечиктирилган солиқ активи чегириладиган вақтинчалик фарқлар юзага келган даврда тан олинади.


29. Айни бир солиқ тўловчи ва айни бир ташкилотга тегишли бўлган етарли солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар мавжуд бўлмаганда кечиктирилган солиқ активи қуйидагилар бажарилганда тан олинади:

(а) ташкилот айни бир солиқ органи ва солиққа солинадиган айни бир ташкилотга тегишли бўлган, чегириладиган вақтинчалик фарқ қайта тикланадиган даврнинг айнан ўзида (ёки кечиктирилган солиқ активидан келиб чиқадиган солиқ зарари ўтказилиши мумкин бўлган келгуси ёки олдинги даврларда), етарли солиқ солинадиган фойдага эга бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлган даражада. Келгуси даврларда солиққа солинадиган фойданинг етарли бўлишини баҳолашда ташкилот:

(i) чегириладиган вақтинчалик фарқларни уларни қайта тикланиши натижасида юзага келадиган чегириладиган суммаларни ҳисобга олмайдиган келгуси солиқ солинадиган фойда билан таққослайди. Ушбу таққослаш келгуси солиқ солинадиган фойда ташкилотга ушбу чегириладиган вақтинчалик фарқларни қайта тиклаш натижасида юзага келган суммаларни чегириш учун қай даражада етарли эканлигини кўрсатади; ва

(ii) чегириладиган вақтинчалик фарқлардан ҳосил бўладиган кечиктирилган солиқ активи фойдаланиш учун келгуси солиқ солинадиган фойдани талаб этиши сабабли, келгуси даврларда юзага келиши кутиладиган чегириладиган вақтинчалик фарқлардан келиб чиқадиган солиқ солинадиган суммаларни инобатга олмайди.

(б) ташкилотнинг тегишли даврларда солиқ солинадиган фойдани келтириб чиқарадиган солиқларни режалаштириш имкониятлари мавжуд бўлиши.


29А. Келгуси солиқ солинадиган фойдани юзага келиш эҳтимолини баҳолаш, агар ташкилот бунга эришиши эҳтимоли тўғрисида етарли далилларга эга бўлса, баланс қийматидан кўпроқ бўлган қопланадиган суммада ташкилотнинг баъзи активларини ўз ичига олиши мумкин Масалан, актив ҳаққоний қийматда баҳоланганда, ташкилот активини унинг баланс қийматидан ортиқ суммада қоплаш эҳтимоли мавжудлиги тўғрисида хулосага келиши учун етарли далиллар мавжудлигини инобатга олиши лозим. Бундай ҳолат, масалан, ташкилот қатъий белгиланган ставка бўйича қарз инструментини сақлаб туриш ва шартнома бўйича пул оқимларини ундиришни режалаштирганда юзага келиши мумкин.


30. Солиқларни режалаштириш имкониятлари - бу солиқ зарарини ёки солиқ имтиёзини келгуси даврларга ўтказиш муддати тугамасдан, ташкилот томонидан солиқ солинадиган фойдани муайян даврда шакллантириш ёки кўпайтириш учун амалга оширилиши мумкин бўлган чоралардир. Масалан, баъзи юрисдикцияларда солиқ солинадиган фойда қуйидаги йўллар билан шакллантирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин:

(а) фоизли даромадга солиқ солишнинг олинган ёки олинадиган даромадга нисбатан солиқ солиш усулларидан бирини танлаш;

(б) солиқ солинадиган фойдадан чегириладиган айрим қийматларга бўлган даъво муддатини узайтириш;

(в) қиймати ошган, лекин бундай ошишни акс эттириш учун солиқ базасига тузатишлар киритилмаган активларни сотиш ва эҳтимол қайтадан ижарага олиш; ва

(г) солиқ солинмайдиган даромадни ҳосил қилувчи активни (масалан, баъзи юрисдикцияларда, давлат облигацияларини) солиқ солинадиган даромадни ҳосил қилувчи бошқа инвестицияни харид қилиш мақсадида сотиш.

Солиқларни режалаштириш имкониятлари солиқ солинадиган фойдани кейинги даврдан олдинроқ даврга ўтказишга олиб келадиган бўлса, солиқ зараридан ёки солиқ имтиёзидан фойдаланиш келгусида юзага келадиган вақтинчалик фарқлардан бошқа манбалардан келиб чиқадиган келгуси солиқ солинадиган фойданинг мавжудлигига боғлиқ бўлади.


31. Ташкилот яқинда зарар кўрган ҳолатда, у 35 ва 36-бандларда келтирилган кўрсатмаларни инобатга олади.


32. [Чиқариб ташланган]



Гудвил


32А. Бизнес бирлашувида юзага келадиган гудвилнинг баланс қиймати унинг солиқ базасидан кам бўлса, ўртадаги фарқ кечиктирилган солиқ активини юзага келтиради. Гудвилни дастлабки тан олишдан юзага келадиган кечиктирилган актив чегириладиган вақтинчалик фарқни чегириш учун етарли солиқ солинадиган фойда бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлиши шарти билан бизнес бирлашувини ҳисобга олиш жараёнининг бир қисми бўлиб тан олиниши лозим.



Актив ёки мажбуриятни дастлабки тан олиш


33. Активни дастлабки тан олишда кечиктирилган солиқ активининг пайдо бўлишига мисол бўлиб, активларга тегишли бўлган солиқ солинмайдиган давлат гранти активнинг баланс қийматини аниқлашда чегирилиши, лекин солиқ мақсадларида активнинг эскириш ҳисобланадиган қийматидан (яъни унинг солиқ базасидан) чегирилмаслиги ҳисобланади; активнинг баланс қиймати унинг солиқ базасидан кам бўлади ва натижада чегириладиган вақтинчалик фарқ юзага келади. Давлат грантлари кечиктирилган даромад сифатида ҳам ҳисобга олиниши мумкин, бу ҳолда кечиктирилган даромад ва унинг нолга тенг бўлган солиқ базаси ўртасидаги фарқ чегириладиган вақтинчалик фарқни ифодалайди. Ташкилот, давлат грантини тақдим этишнинг қайси усулини қўллашидан қатъи назар, юзага келадиган кечиктирилган солиқ активини 22-бандда кўрсатилган сабабга кўра тан олмайди.



Фойдаланилмаган солиқ зарарлари

ва солиқ имтиёзлари


34. Кечиктирилган солиқ активи келгуси даврларга ўтказиладиган фойдаланилмаган солиқ зарарлари ва фойдаланилмаган солиқ имтиёзлари бўйича улардан фойдаланиш имконини берадиган етарли даражада келгуси солиқ солинадиган фойдага эга бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлганда тан олиниши лозим.


35. Фойдаланилмаган солиқ зарарлари ва солиқ имтиёзларини келгуси даврларга ўтказиш натижасида вужудга келадиган кечиктирилган солиқ активини тан олиш мезонлари чегириладиган вақтинчалик фарқлар натижасида юзага келадиган кечиктирилган солиқ активларини тан олиш мезонлари билан бир хил бўлади. Лекин, фойдаланилмаган солиқ зарарининг мавжудлиги келгуси солиқ солинадиган фойданинг мавжуд бўлмаслиги мумкинлигига асосли далил бўлади. Шунинг учун, ташкилот яқин даврдаги фаолияти давомида зарар кўрганда, фойдаланилмаган солиқ зарарлари ёки солиқ имтиёзларидан келиб чиқадиган кечиктирилган солиқ активини, фақат етарли солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлари мавжуд бўлган ёки фойдаланилмаган солиқ зарарлари ёки солиқ имтиёзларидан ташкилот келгусида фойдаланиши мумкин бўлиши учун етарли солиқ солинадиган фойда мавжуд бўлишига бошқа ишончли далил бўлганда тан олади. Бундай ҳолатларда, 82-бандда кечиктирилган солиқ активининг суммаси ва унинг тан олинишини исботлайдиган далилнинг характерини ёритиб бериш талаб этилади.


36. Ташкилот фойдаланилмаган солиқ зарарлари ва солиқ имтиёзларидан келгусида фойдаланиш мумкин бўлиши учун етарли солиқ солинадиган фойдага эга бўлиш эҳтимолини баҳолашда қуйидаги мезонларни инобатга олади:

(а) ташкилот айни бир солиқ органи ва айни бир ташкилотга тегишли бўлган етарли солиқ солинадиган вақтинчалик фарқларга эга бўлиши, бу эса фойдаланилмаган солиқ зарарлари ёки солиқ имтиёзларининг муддати тугашидан олдин улардан фойдаланиш имконини берадиган солиқ солинадиган суммаларнинг юзага келиши;

(б) ташкилот фойдаланилмаган солиқ зарарлари ёки солиқ имтиёзларининг муддати тугашидан олдин солиқ солинадиган фойдага эга бўлиши эҳтимолининг мавжудлиги;

(в) фойдаланилмаган солиқ зарарлари такрорланиши эҳтимоли кам бўлган аниқ сабаблардан келиб чиқиши; ва

(г) ташкилот солиқларни режалаштириш имкониятларига (30-бандга қаранг) эга бўлиши ва бу имкониятлар фойдаланилмаган солиқ зарарлари ёки солиқ имтиёзларидан фойдаланиш мумкин бўлган даврда солиқ солинадиган фойда юзага келишига олиб келиши.

Фойдаланилмаган солиқ зарарлари ва солиқ имтиёзларидан келгусида фойдаланиш мумкин бўлиши учун етарли солиқ солинадиган фойдага эга бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлмаганда, кечиктирилган солиқ активи тан олинмайди.



Тан олинмаган кечиктирилган солиқ активлари

баҳоланишини қайта кўриб чиқиш


37. Ҳар ҳисобот даврининг охирида ташкилот тан олинмаган кечиктирилган солиқ активлари баҳоланишини қайта кўриб чиқади. Ташкилот тан олинмаган кечиктирилган солиқ активини, ушбу кечиктирилган солиқ активи қопланиши учун келгуси солиқ солинадиган фойда етарли бўлиши эҳтимоли мавжудлиги даражасида тан олади. Масалан, савдо шароитларининг яхшиланиши ташкилот кечиктирилган солиқ активини 24 ва 34-бандларда белгиланган тан олиш мезонларига жавоб берадиган етарли солиқ солинадиган фойда олиш эҳтимолини ошириши мумкин. Бошқа мисол сифатида ташкилот кечиктирилган солиқ активлари баҳоланишини бизнес бирлашуви санасида ёки кейинчалик кўриб чиқишини кўрсатиш мумкин (67 ва 68-бандларга қаранг).



Шўъба ташкилотлар, филиаллар ва таъсир остидаги

ташкилотларга инвестиция ва биргаликдаги

фаолиятда иштирок этиш улушлари


38. Вақтинчалик фарқлар шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестиция ва биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушларининг баланс қийматлари (яъни, бош ташкилот ёки инвесторнинг шўъба ташкилоти, филиал, таъсир остидаги ташкилоти ёки инвестиция объектининг соф активларидаги улуши, шу жумладан, гудвилнинг баланс қиймати) ушбу инвестициянинг ёки улушнинг солиқ базасидан (кўпинча солиқ базаси бўлиб уларнинг бошланғич қиймати хизмат қилади) фарқ қилганда юзага келади. Бундай фарқлар турли вазиятларда юзага келиши мумкин, масалан:

(а) шўъба ташкилотлар, филиаллар, таъсир остидаги ташкилотлар ва биргаликдаги фаолиятларнинг тақсимланмаган фойдаси мавжуд бўлиши;

(б) бош ташкилот ва унинг шўъба ташкилоти турли мамлакатларда жойлашганда валюта айрибошлаш курсларидаги ўзгаришлар; ва

(в) таъсир остидаги ташкилотга инвестициянинг баланс қийматини унинг қопланадиган қийматигача камайиши.

Консолидациялашган молиявий ҳисоботда инвестиция билан боғлиқ вақтинчалик фарқ, агар бош ташкилот ушбу инвестицияни алоҳида молиявий ҳисоботда унинг бошланғич қиймати ёки қайта баҳоланган қиймати бўйича ҳисобга олса, бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботидаги вақтинчалик фарқ билан бир хил бўлмаслиги мумкин.


39. Ташкилот шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестицияр ва биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушларига тегишли бўлган барча солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олиши лозим, қуйидаги икки шарт бир вақтда бажариладиган ҳолатлар бундан мустасно:

(а) бош ташкилот, инвестор, қўшма корхона иштирокчиси ёки биргаликдаги операция иштирокчиси вақтинчалик фарқларнинг қайта тикланиши муддатларини назорат қила олиши; ва

(б) вақтинчалик фарқ яқин келажакда қайта тикланмаслиги эҳтимоли мавжуд бўлиши.


40. Бош ташкилот шўъба ташкилотининг дивиденд сиёсатини назорат қилиши сабабли, ушбу инвестиция билан боғлиқ бўлган вақтинчалик фарқнинг (шу жумладан, нафақат тақсимланмаган фойда натижасида, балки ҳисоботни бир валютадан бошқа валютага ўтказишдаги фарқлардан ҳам келиб чиқадиган вақтинчалик фарқларнинг) қайта тикланиши муддатларини назорат қилиши мумкин. Бундан ташқари, кўп ҳолларда бундай вақтинчалик фарқлар қайта тикланганда тўланадиган фойда солиқларининг суммасини аниқлашнинг амалий имкони бўлмайди. Шунинг учун, бош ташкилот ушбу фойда яқин келажакда тақсимланмаслигини аниқлаганда кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олмайди. Бу каби ёндашув, филиалларга бўлган инвестицияларга нисбатан ҳам қўлланади.


41. Ташкилотнинг номонетар актив ва мажбуриятлари унинг функционал валютасида баҳоланади (21-сон БҲХС "Валюта курсларидаги ўзгаришларнинг таъсирлари"га қаранг). Агар ташкилотнинг солиқ солинадиган фойдаси ёки солиқ зарари (ўз навбатида, номонетар актив ва мажбуриятларнинг солиқ базаси) бошқа валютада аниқланадиган бўлса, валюта курсларидаги ўзгаришлар вақтинчалик фарқлар келиб чиқишига сабаб бўлади, бу эса кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки (24-бандни ҳисобга олган ҳолда) кечиктирилган солиқ активи тан олинишига олиб келади. Натижада кечиктирилган солиқ фойда ёки зарарнинг дебети ёки кредитига олиб борилади (58-бандга қаранг).


42. Таъсир остидаги ташкилотнинг инвестори ушбу ташкилотни назорат қилмайди ва одатда унинг дивиденд сиёсатини белгиламайди. Шунинг учун, таъсир остидаги ташкилотнинг фойдаси яқин келажакда тақсимланмаслигини талаб этадиган келишув мавжуд бўлмаганда, инвестор ушбу таъсир остидаги ташкилотдаги инвестицияси билан боғлиқ солиқ солинадиган вақтинчалик фарқлардан келиб чиқадиган кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олади. Баъзи ҳолларда, инвестор таъсир остидаги ташкилотга инвестициясининг бошланғич қийматини қопласа, тўланадиган солиқ суммасини аниқлай олмаслиги, лекин муайян минимал суммага тенг бўлиши ёки ундан ошишини аниқлаши мумкин. Бунда кечиктирилган солиқ мажбурияти ушбу суммада баҳоланади.


43. Биргаликдаги фаолият томонлари ўртасидаги келишувда, одатда, фойдани тақсимлаш масаласи кўриб чиқилади ва бу масала бўйича қарор қабул қилишда барча томонларнинг ёки томонлар гуруҳининг розилиги талаб этилиши белгиланади. Қўшма корхона иштироқчиси ёки биргаликдаги операция иштирокчиси унинг биргаликдаги фаолиятдан олинадиган фойдасидаги улуши қачон тақсимланишини назорат қила олганда ва ушбу фойдадаги улуш яқин келажакда тақсимланмаслиги эҳтимоли мавжуд бўлганда, кечиктирилган солиқ мажбурияти тан олинмайди.


44. Ташкилот шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестиция ва биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушларидан келиб чиқадиган барча чегириладиган вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган солиқ активини, фақат ва фақат қуйидагиларнинг эҳтимоли мавжуд бўлиши даражасида тан олиши лозим:

(а) вақтинчалик фарқ яқин келажакда қайта тикланиши; ва

(б) вақтинчалик фарқдан фойдаланиш имконини берадиган солиқ солинадиган фойданинг мавжуд бўлиши.


45. Ташкилот шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларига инвестиция ва биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушларига тегишли чегириладиган вақтинчалик фарқлар бўйича кечиктирилган солиқ активи тан олиниши лозимлиги тўғрисида бирор қарорга келишда 28 - 31-бандларда келтирилган кўрсатмаларни инобатга олади.



Баҳолаш


46. Жорий ва олдинги даврлар учун жорий солиқ мажбуриятлари (активлари) амалдаги ёки ҳисобот даври охирига моҳиятан белгиланган солиқ ставкалари (ва солиқ қонунчилиги) бўйича солиқ органларига тўланиши (солиқ органларидан қайтарилиши) кутилаётган суммада баҳоланиши лозим.


47. Кечиктирилган солиқ актив ва мажбуриятлари амалдаги ёки ҳисобот даври охирига моҳиятан белгиланган солиқ ставкалари (ва солиқ қонунчилиги) асосида актив қопланадиган ёки мажбурият сўндириладиган даврга нисбатан қўлланиши кутилаётган солиқ ставкалари бўйича баҳоланиши лозим.


48. Жорий ва кечиктирилган солиқ актив ва мажбуриятлари одатда амалдаги солиқ ставкалари (ва солиқ қонунчилиги) бўйича баҳоланади. Лекин, баъзи юрисдикцияларда, тегишли давлат органи томонидан солиқ ставкаларининг (ва солиқ қонунчилигининг) эълон қилиниши бир неча ойдан кейин расмий кучга кирса ҳам моҳиятан бир хил таъсирга эга бўлади. Бундай вазиятда, солиқ актив ва мажбуриятлари эълон қилинган солиқ ставкаси (ва солиқ қонунчилиги) бўйича баҳоланади.


49. Турли даражадаги солиқ солинадиган фойдага нисбатан турли солиқ ставкалари қўлланганда, кечиктирилган солиқ актив ва мажбуриятлари вақтинчалик фарқларнинг қайта тикланиши кутилаётган даврлардаги солиқ солинадиган фойда (солиқ зарари)га нисбатан қўлланиши кутилаётган ўртача солиқ ставкалари бўйича баҳоланади.


50. [Чиқариб ташланган]


51. Кечиктирилган солиқ мажбуриятлари ва солиқ активларини баҳолаш ташкилот томонидан ҳисобот даври охирида унинг активлари ва мажбуриятларининг баланс қийматлари қопланиши ёки сўндирилиши кутиладиган тарзда келиб чиқадиган солиқ оқибатларини акс эттириши лозим.


51А. Баъзи юрисдикцияларда ташкилот активи (мажбурияти)нинг баланс қиймати қай тарзда қопланиши (сўндирилиши) қуйидагиларнинг бирига ёки иккаласига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин:

(а) ташкилот активининг (мажбуриятининг) баланс қиймати қопланганда (сўндирилганда) қўлланадиган солиқ ставкаси; ва

(б) активнинг (мажбуриятнинг) солиқ базаси.

Бундай ҳолатларда ташкилот кечиктирилган солиқ активлари ва солиқ мажбуриятларини актив (мажбурият)нинг қопланиши (сўндирилиши) кутилаётган тарзига мувофиқ бўлган солиқ ставкаси ва солиқ базаси асосида баҳолайди.

            


        

А Мисол

   

Асосий воситанинг баланс қиймати 100га ва солиқ базаси 60га тенг. Асосий восита сотилганда 20% ва бошқа даромадларга 30% солиқ ставкаси қўлланган бўларди.


Ташкилот активдан ортиқ фойдаланмасдан уни сотишни мўлжаллаган бўлса, у 8 га (40 дан 20%) тенг кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олади ва агар у активни ўзида қолдириб, ушбу активдан фойдаланиш орқали унинг баланс қийматини қоплашни мўлжаллаган бўлса, 12га (40 дан 30%) тенг кечиктирилган солиқ мажбуриятини тан олади.

     


  

           


        

Б Мисол


Бошланғич қиймати 100 ва баланс қиймати 80 га тенг бўлган асосий восита 150 га қайта баҳоланди. Солиқ мақсадларида эквивалент тарзда тузатишлар киритилмайди. Солиқ мақсадларида жамғарилган эскириш суммаси 30 га тенг ва солиқ ставкаси 30% ни ташкил этади. Агар асосий восита бошланғич қийматидан юқори бўлган қийматга сотилса, солиқ мақсадларидаги 30 га тенг жамғарилган эскириш солиқ солинадиган даромадга киритилади, лекин сотишдан келиб тушган пул маблағларининг бошланғич қийматдан ошган суммаси солиққа тортилмайди.


Асосий воситанинг солиқ базаси 70 га тенг ва бунда 80га тенг солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади. Агар ташкилот асосий воситанинг баланс қийматини ундан фойдаланиш орқали қоплашни мўлжаллаган бўлса, 150 га тенг бўлган солиқ солинадиган даромадни олиши лозим, лекин ундан фақат 70 га тенг бўлган эскириш суммасини чегириши мумкин. Бу асосга кўра, 24га (80 дан 30%) тенг бўлган кечиктирилган солиқ мажбурияти юзага келади. Агар ташкилот асосий воситани дарҳол 150га сотиш орқали унинг баланс қийматини қоплашни мўлжаллаган бўлса, кечиктирилган солиқ мажбурияти қуйидагича ҳисобланади:

     



Солиқ солинадиган

вақтинчалик фарқ

Солиқ ставкаси


Кечиктирилган солиқ

мажбурияти

Солиқ мақсадларида жамғарилган эскириш

         

30

30%

9

Пул маблағлари келиб тушишининг бошланғич қийматдан ошган қисми

      

50

Ноль

-

Жами

     

80


9

(Изоҳ: 61А-бандга мувофиқ, қайта баҳолашдан келиб чиқадиган қўшимча кечиктирилган солиқ бошқа умумлашган даромадда тан олинади).

                    

       

         


        

В Мисол


Дастлабки шартлар Б мисоли билан бир хил, лекин, асосий восита бошланғич қийматидан юқори нархга сотиладиган бўлса, солиқ мақсадларида жамғарилган эскириш солиқ солинадиган даромадда (30% солиқ ставкаси бўйича) ҳисобга олинади ва сотишдан келиб тушган пул маблағларига инфляция ҳисобига 110гача тузатиш киритилган бошланғич қиймат чегирилгандан кейин 40% ставка бўйича солиқ солинади.


Агар ташкилот баланс қийматини асосий воситадан фойдаланиш орқали қоплашни мўлжалласа, 150 га тенг бўлган солиқ солинадиган даромадни ҳосил қилиши керак, лекин ундан фақат 70 га тенг бўлган эскириш суммасини чегириши мумкин. Бу асосга кўра, Б мисолида келтирилганидек, 80 га тенг солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади ва 24 га (80 дан 30%) тенг бўлган кечиктирилган солиқ мажбурияти юзага келади.


Агар ташкилот асосий воситани дарҳол 150га сотиш орқали унинг баланс қийматини қоплашни мўлжаллаган бўлса, асосий воситанинг 110га тенг индексланган бошланғич қийматини чегириши мумкин. 40га тенг соф пул маблағлари тушишига 40% ставка бўйича солиқ солинади. Бундан ташқари, солиқ мақсадларида 30 га тенг жамғарилган эскириш солиқ солинадиган даромадга киритилади ва 30% ставка бўйича солиқ солинади. Бу асосга кўра, солиқ базаси 80 га тенг (110 минус 30) бўлади, 70 га тенг солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади ва 25 тенг кечиктирилган солиқ мажбурияти(40 дан 40% плюс 30 дан 30%) юзага келади. Агар бу мисолда солиқ базаси яққол намоён бўлмаса, 10-бандда келтирилган фундаментал тамойилни инобатга олиш мақсадга мувофиқ бўлади.


(Изоҳ: 61А-бандга мувофиқ, қайта баҳолашдан келиб чиқадиган қўшимча кечиктирилган солиқ бошқа умумлашган даромадда тан олинади)

           


       

51Б. Агар кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки солиқ активи 16-сон БҲХСдаги қайта баҳолаш модели бўйича баҳоланадиган эскириш ҳисобланмайдиган активга нисбатан келиб чиқса, бундай активнинг баланс қийматини баҳолаш асосидан қатъи назар, кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки солиқ активи ушбу эскириш ҳисобланмайдиган активнинг баланс қийматини сотиш орқали қоплашнинг солиқ оқибатларини акс эттириши лозим. Шунга кўра, агар солиқ қонунчилигида активни сотишдан олинган солиқ солинадиган даромадга тегишли солиқ ставкасини активдан фойдаланиш натижасида ҳосил бўладиган солиқ солинадиган суммага қўлланадиган ставкадан фарқли тарзда белгиланган бўлса, эскириш ҳисобланмайдиган активга тегишли бўлган кечиктирилган солиқ мажбурияти ва активини баҳолаш учун келтирилган ставкалардан биринчиси қўлланади.


51В. Агар кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки активи 40-сон БҲХСга мувофиқ ҳаққоний қиймат моделидан фойдаланиб баҳоланадиган инвестиция кўчмас мулкига нисбатан юзага келса, бундай инвестиция кўчмас мулкининг баланс қиймати уни сотиш орқали қопланиши тўғрисида рад этилиши мумкин бўлган фараз мавжуд бўлади. Шунга кўра, агар бундай фараз рад этилмаса, кечиктирилган солиқ активи ёки кечиктирилган солиқ мажбурияти инвестиция кўчмас мулкини фақат сотиш орқали баланс қийматини қопланишининг солиқ оқибатларини акс эттириши лозим. Агар инвестиция кўчмас мулкига эскириш ҳисобланадиган бўлса ва бу инвестиция кўчмас мулки уни сотишдан эмас, балки ўзида мужассамлаштирган иқтисодий нафнинг аҳамиятли қисмини муайян давр мобайнида ундан фойдаланиш орқали олишни назарда тутадиган бизнес модели доирасида сақлаб турилган бўлса, бундай фараз рад этилади. Агар ушбу фараз рад этилса, 51 ва 51А-бандларда келтирилган талабларга риоя этилиши лозим.

          


        

51В-бандга оид мисол


Инвестиция кўчмас мулкининг бошланғич қиймати 100 ва ҳаққоний қиймати 150 га тенг. У 40-сон БҲХСга мувофиқ ҳаққоний қиймат бўйича ҳисобга олиш моделидан фойдаланиб баҳоланади. Унинг таркибига бошланғич қиймати 40 га тенг ва ҳаққоний қиймати 60 га тенг ер ва бошланғич қиймати 60 га тенг ва ҳаққоний қиймати 90 га тенг бино киради. Ернинг фойдали хизмат муддати чекланмаган.


Бинонинг солиқ мақсадларида жамғарилган эскириши 30 ни ташкил этади. Инвестиция кўчмас мулкининг ҳаққоний қийматидан келиб чиқадиган реализация қилинмаган ўзгаришлар солиқ солинадиган фойдага таъсир кўрсатмайди. Агар инвестиция кўчмас мулки бошланғич қийматидан юқори нархга сотилса, 30 га тенг бўлган солиқ мақсадларидаги жамғарилган эскиришнинг қопланиши солиқ солинадиган фойдага киритилади ва 30% бўлган одатий солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади. Сотишдан тушган пул маблағларининг бошланғич қийматдан ошган суммасига солиқ қонунчилигига биноан 2 йилгача ташкилот эгалигида бўлган активлар бўйича 25% лик солиқ ставкаси ҳамда 2 йил ва ундан ортиқ муддат давомида ташкилот эгалигида бўлган активлар бўйича 20% лик солиқ ставкаси қўлланади.


Инвестиция кўчмас мулки 40-сон БҲХСга мувофиқ ҳаққоний қиймат моделидан фойдаланиб баҳоланса, ташкилот инвестиция кўчмас мулкининг баланс қийматини тўлиқ сотиш орқали қопланиши бўйича рад этилиши мумкин бўлган фараз мавжуд. Бу фараз рад этилмаса, кечиктирилган солиқ, ҳатто ташкилот сотишдан олдин ижара ҳақи кўринишидаги даромадларни олишни мўлжаллаган тақдирда ҳам, кўчмас мулкнинг баланс қийматини тўлиқ сотиш орқали қопланишининг солиқ оқибатларини акс эттиради.


Агар ер сотилса, унинг солиқ базаси 40га тенг бўлади ва 20 (60 - 40) га тенг бўлган солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади. Агар бино сотилса, унинг солиқ базаси, 30 (60 - 30) га тенг бўлади ва 60 (90 - 30) га тенг солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ юзага келади. Натижада, инвестиция кўчмас мулкига тегишли бўлган жами солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ 80 (20 + 60) га тенг бўлади.


47-бандга мувофиқ, солиқ ставкаси - бу инвестиция кўчмас мулкини қоплаш даврида қўлланиши кутилаётган ставкадир. Шунинг учун, агар ташкилот мулкка икки йил эгалик қилгандан кейин сотишни режалаштирса, кечиктирилган солиқ мажбурияти қуйидагича ҳисобланади:

     



Солиқ солинадиган

вақтинчалик фарқ


Солиқ ставкаси

Кечиктирилган солиқ

мажбурияти

Солиқ мақсадларида жамғарилган эскириш

        

30

30%

9

Пул маблағлари келиб тушишининг бошланғич қийматдан ошган қисми

       

50

20%

10

Жами

       

80


19


Агар ташкилот мулкни икки йил эгалик қилгандан кейин сотишни режалаштирса, юқоридаги ҳисоблашга пул маблағлари тушишининг бошланғич қийматдан ошган суммасига 20% ўрнига 25% ставкани қўллаш орқали тузатиш киритилади.


Агар, бунинг ўрнига, ташкилот бинода мужассамлашган деярли барча иқтисодий нафни бинони сотиш орқали эмас, вақт ўтиши билан фойдаланиш орқали олишни назарда тутадиган бизнес модели доирасида эгалик қилса, унда юқоридаги фараз бинога нисбатан рад этилиши мумкин. Лекин, ерга нисбатан эскириш ҳисобланмайди. Шунинг учун, бундай фараз ерга нисбатан рад этилмайди. Кечиктирилган солиқ мажбурияти бинонинг баланс қиймати ундан фойдаланиш орқали ва ернинг баланс қиймати уни сотиш орқали қопланиши натижасидаги солиқ оқибатларини акс эттиради.


Бинодан фойдаланилганда, унинг солиқ базаси 30 га (60 - 30) тенг бўлади, солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ эса 60га (90 - 30) тенг бўлади ва натижада 18 га (60 дан 30%) тенг кечиктирилган солиқ мажбурияти юзага келади.


Агар ер сотилса, унинг солиқ базаси 40 га тенг бўлади, солиқ солинадиган вақтинчалик фарқ эса 20 га (60 - 40) тенг бўлади ва натижада 4 (20 дан 20%) га тенг кечиктирилган солиқ мажбурияти юзага келади.


Натижада, бинонинг баланс қиймати сотиш орқали қопланиши бўйича фараз рад этилса, инвестиция кўчмас мулкига тегишли кечиктирилган солиқ мажбурияти 22га (18 + 4) тенг бўлади.

     


            

51Г. 51В-бандда келтирилган рад этилиши мумкин бўлган фараз, агар ташкилот ушбу инвестиция кўчмас мулкини кейинги баҳолашда ҳаққоний қиймат моделини қўлласа, кечиктирилган солиқ мажбурияти ёки солиқ активи инвестиция кўчмас мулкини бизнес бирлашувида баҳолаш натижасида юзага келганда ҳам қўлланади.


51Д. 51Б - 51Г-бандлари кечиктирилган солиқ активини тан олиш ва баҳолашга нисбатан мазкур стандартнинг 24 - 33-бандлари (чегириладиган вақтинчалик фарқлар) ва 34 - 36-бандларидаги (фойдаланилмаган солиқ зарарлари ва солиқ имтиёзлари) тамойилларни қўллаш бўйича талабларни ўзгартирмайди.


52. [51А-бандга ўтказилган ва қайта рақамланган]


52А. Баъзи юрисдикцияларда ташкилот акциядорларига соф фойда ёки тақсимланмаган фойданинг бутунлигича ёки унинг бир қисмини дивиденд шаклида тўлаганда, фойда солиқлари юқорироқ ёки пастроқ ставка бўйича тўланади. Бошқа юрисдикцияларда ташкилот акциядорларига соф фойда ёки тақсимланмаган фойдани бутунлигича ёки унинг бир қисмини дивиденд шаклида тўлаганда, фойда солиқлари тўланиши ёки бюджетдан қайтарилиши мумкин. Бундай ҳолларда жорий ва кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятлари фойданинг тақсимланмаган суммасига нисбатан қўлланадиган солиқ ставкаси бўйича баҳоланади.


52Б. [Чиқариб ташланган]

         


        

52А ва 57А-бандларга оид мисоллар


Қуйидаги мисолда, фойда солиғи фойданинг тақсимланмаган суммаси бўйича юқорироқ (50%) ставкада тўланадиган ва фойда тақсимланганида қайтариб бериладиган юрисдикцияда иш юритадиган ташкилотнинг жорий ва кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятлари кўриб чиқилади. Тақсимланган фойдадан 35% ставка бўйича солиқ ҳисобланади. Ҳисобот даврининг охирида, яъни 20X1й 31 декабрда ташкилот ҳисобот даври тугаганидан кейин таклиф қилинган ёки эълон қилинган дивидендлар бўйича мажбуриятни тан олмайди. Натижада 20X1 йилда ҳеч қандай дивидендлар тан олинмайди. 20X1 йил учун солиқ солинадиган фойда 100 000 тенг. 20X1 йил учун солиқ солинадиган соф вақтинчалик фарқ 40 000 ни ташкил этади.


Ташкилот 50 000 га тенг жорий солиқ мажбуриятини ва жорий фойда солиғи бўйича харажатни тан олади. Келгуси дивидендлар натижасида қопланиши эҳтимоли мавжуд бўлган сумма бўйича ҳеч қандай актив тан олинмайди. Шунингдек ташкилот 20 000 га (40 000 дан 50%) тенг бўлган кечиктирилган солиқ мажбурияти ва солиқ харажатини тан олади. Бу харажат ва мажбурият ташкилот активлари ва мажбуриятларининг баланс қийматлари қопланганида ёки тўланганида, ташкилот томонидан тақсимланмаган фойдага нисбатан қўлланадиган солиқ ставкаси бўйича тўланадиган фойда солиғини ифодалайди.


Кейинчалик ташкилот 20X2й 15 мартда операцион фаолиятдан олинган фойдадан 10 000 га тенг дивидендларни тан олади.


20X2й 15 мартда ташкилот фойда солиғининг 1 500 га (мажбурият сифатида тан олинган дивидендларнинг 15%) тенг бўлган қопланадиган суммасини жорий солиқ активи ва 20X2й учун жорий фойда солиғи бўйича харажатини камайтириш тарзида тан олади.

     


        

53. Кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятлари дисконтланмаслиги лозим.


54. Кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларини дисконтлаш йўли билан ишончли аниқлаш ҳар бир вақтинчалик фарқ қайта тикланиш муддатларининг батафсил графигини тузишни талаб этади. Аксарият ҳолларда, бундай графиқларни тузишни амалий қўллаш имконсиз ёки жуда мураккаб ҳисобланади. Шунинг учун, кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларининг дисконтланишини талаб этиш мақсадга мувофиқ эмас. Дисконтлашга рухсат берилиши, лекин талаб этилмаслиги, ташкилотлар ўртасида қиёслаш мумкин бўлмайдиган кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятлари юзага келишига олиб келади. Шунинг учун мазкур стандартда кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларининг дисконтланиши талаб қилинмайди ва рухсат этилмайди.


55. Вақтинчалик фарқлар актив ёки мажбуриятнинг баланс қийматидан келиб чиқиб аниқланади. Ушбу баланс қиймати дисконтлаш орқали аниқланганида, масалан, пенсия тўловлари бўйича мажбуриятларга (19-сон БҲХС "Ҳодимларнинг даромадлари" га қаранг) ҳам ўринли ҳисобланади.


56. Кечиктирилган солиқ активининг баланс қиймати ҳар ҳисобот даврининг охирида қайта кўриб чиқилиши лозим. Ташкилот кечиктирилган солиқ активидан кутилаётган нафнинг бутунлигича ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш учун етарли солиқ солинадиган фойда мавжуд бўлиш эҳтимоли камайиши даражасида кечиктирилган солиқ активининг баланс қийматини камайтириши лозим. Бундай камайтиришнинг ҳар қандай суммаси етарли солиқ солинадиган фойда мавжуд бўлиш эҳтимоли кўпайиши даражасида қайта тикланиши лозим.



Жорий ва кечиктирилган солиқни тан олиш


57. Операция ёки бошқа ҳодисанинг жорий ёки кечиктирилган солиқ оқибатларини ҳисобга олиш тартиби ушбу операция ёки бошқа ҳодисанинг ўзини ҳисобга олиш тартиби билан мувофиқ бўлади. Ушбу тамойилнинг қўлланиши 58 - 68-бандларда изоҳланган.


57А. Ташкилот дивидендларни тўлаш мажбуриятини тан олганда, 9-сонли МҲХСда таърифланганидек, дивидендларнинг фойда солиғи оқибатларини тан олиши лозим. Дивидендларнинг фойда солиғи оқибатлари, мулкдорларга активлар тақсимланишидан кўра кўпроқ бевосита тақсимланадиган фойда келтирадиган операциялар ёки ҳодисалар билан боғлиқ. Шу сабабли, ташкилот ўтган операциялар ёки ҳодисаларни дастлаб қаерда тан олганига қараб, дивидендларнинг фойда солиғи оқибатларини фойда ёки зарар таркибида бошқа умумлашган даромад ёки хусусий капиталда тан олиши лозим.



Фойда ёки зарар таркибида тан олинадиган моддалар


58. Жорий ва кечиктирилган солиқ даромад ёки харажат сифатида тан олиниши лозим ва давр фойдаси ёки зарари таркибига киритилиши лозим. Ушбу солиқ қуйидагилар натижасида юзага келадиган ҳолатлар бундан мустасно:

(а) айни шу ёки бошқа даврда фойда ёки зарарда эмас, балки бошқа умумлашган даромадда ёки бевосита хусусий капиталнинг ўзида тан олинадиган операция ёки бошқа ҳодиса (61А - 65-бандларга қаранг); ёки

(б) бизнес бирлашуви (10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"га мувофиқ фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда баҳолаш талаб этиладиган шўъба ташкилотнинг инвестиция ташкилоти томонидан сотиб олиниши ҳолатларидан ташқари) (66 - 68-бандларга қаранг).


59. Аксарият кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятлари даромад ёки харажат сифатида бухгалтерия фойдасига бир даврда, солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) бошқа даврда киритилганида юзага келади. Натижада юзага келадиган кечиктирилган солиқ фойда ёки зарар таркибида тан олинади. Бунга мисоллар:

(а) фоиз, роялти ёки дивиденд кўринишидаги даромадлар тан олинганда ва 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум", 39-сон БҲХС "Молиявий инструментлар: тан олиш ва баҳолаш" ёки 9-сон МҲХС "Молиявий инструментлар"га мувофиқ бухгалтерия фойдасига киритилганда, лекин солиқ солинадиган фойдага (солиқ зарарига) касса усулида киртилганда; ва

(б) номоддий активлар бўйича сарфлар 38-сон БҲХСга мувофиқ капиталлаштирилганда ҳамда фойда ва зарар таркибига амортизациялаш тарзида олиб борилганда лекин солиқ мақсадларида, бу сарфлар юзага келганда солиқ солинадиган фойдадан чегирилганда.


60. Кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларининг баланс қиймати уларга тегишли бўлган вақтинчалик фарқлар ўзгармаса ҳам ўзгариши мумкин. Бу қуйидагилар натижасида содир бўлиши мумкин, масалан:

(a) солиқ ставкалари ёки солиқ қонунчилигининг ўзгариши;

(б) кечиктирилган солиқ активлари қопланишининг қайта кўриб чиқилиши; ёки

(в) активнинг кутилган қопланиши тарзидаги ўзгариш.

Бунда юзага келган кечиктирилган солиқ фойда ёки зарар таркибидан ташқари моддаларда (63-бандга қаранг), тан олинадиган операция ёки бошқа ҳодисаларга тегишли бўлмаса, фойда ёки зарар таркибида тан олинади.



Фойда ёки зарар таркибида тан олинмайдиган моддалар


61. [Чиқариб ташланган]


61А. Агар жорий ва кечиктирилган солиқ айнан ушбу ёки бошқа даврда фойда ёки зарар таркибида тан олинмайдиган моддаларга тегишли бўлса, фойда ёки зарар таркибида тан олинмаслиги лозим. Шунинг учун, айнан ушбу ёки бошқа даврда тан олинган моддаларга тегишли бўлган жорий ва кечиктирилган солиқ қуйидагича акс эттирилади:

(а) ушбу моддалар бошқа умумлашган даромадда тан олинган бўлса, солиқ ҳам бошқа умумлашган даромадда тан олиниши лозим (62-бандга қаранг).

(б) ушбу моддалар бевосита хусусий капиталда ҳисобга олинган бўлса, солиқ ҳам бевосита хусусий капиталда тан олиниши лозим (62А-бандга қаранг).


62. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари айрим моддаларнинг бошқа умумлашган даромадда ҳисобга олинишини талаб қилади ёки рухсат беради. Бундай моддаларга мисоллар:

(а) асосий воситаларни қайта баҳолаш натижасида уларнинг баланс қийматидаги ўзгариш (16-сон БҲХСга қаранг); ва

(б) [Чиқариб ташланган]

(в) чет элдаги бўлинманинг молиявий ҳисоботини бошқа валютага ўтказишда юзага келадиган курс фарқлари (21-сон БҲХСга қаранг).

(г) [Чиқариб ташланган]


62А. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари айрим моддаларнинг бевосита хусусий капиталда ҳисобга олинишини талаб қилади ёки рухсат беради. Бундай моддаларга мисоллар:

(а) ҳисоб сиёсати ўзгаришини ретроспектив қўллаш ёки хатоларни тузатиш натижасида тақсимланмаган фойданинг давр боши қолдиғига тузатиш киритиш (8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳолардаги ўзгаришлар ва хатолар" га қаранг); ва

(б) таркибли молиявий инструментнинг хусусий капиталга оид компонентини дастлабки тан олишдан юзага келадиган суммалар (23-бандга қаранг).


63. Истисно ҳолларда жорий ва кечиктирилган солиқ суммасини фойда ёки зарар таркибида тан олинмайдиган (бошқа умумлашган даромад таркибида ёки бевосита хусусий капиталда тан олинадиган) моддаларга тегишлилигини аниқлаш қийин бўлиши мумкин. Қуйидаги ҳолатлар бунга мисол бўлади:

(а) фойда солиғининг прогрессив ставкалари мавжуд ва солиқ солинадиган фойда (солиқ зарари)нинг муайян компонентига тегишли бўлган ставкани аниқлаш имконияти мавжуд бўлмаслиги;

(б) солиқ ставкаси ёки солиқ қонунчилигидаги ўзгаришнинг олдин фойда ёки зарар таркибида тан олинмаган моддага тегишли бўлган кечиктирилган солиқ активи ёки мажбуриятига (бутунлигича ёки қисман) таъсир қўрсатиши; ёки

(в) ташкилот, кечиктирилган солиқ активи тан олиниши ёки бундан буён бутунлигича тан олинмаслигини аниқлаши ва кечиктирилган солиқ активи (бутунлигича ёки қисман) аввал фойда ёки зарар таркибида тан олинмаган моддага тегишли бўлиши.

Бундай ҳолатларда фойда ёки зарар таркибида тан олинмаган моддаларга тегишли жорий ва кечиктирилган солиқ ташкилотнинг жорий ва кечиктирилган солиқнинг маълум солиқ қонунчилигига мувофиқ ёки мутаносиб равишда мақсадли тақсимланишида ўринлироқ бўладиган тақсимлашнинг бошқа усулига асосланади.


64. Ташкилот асосий воситаларни қайта баҳолашдан кейинги эскириш суммаси билан унинг бошланғич қийматининг эскириш суммаси ўртасидаги фарқни, қайта баҳолаш натижасида шаклланган бошланғич қийматига нисбатан қайта баҳолаш натижасида қиймат ўсишидан тақсимланмаган фойдага ҳар йили ўтказиш ёки ўтказмаслигини 16-сон БҲХС белгиламайди. Ташкилот бундай ўтказишни амалга оширадиган бўлса, ўтказиладиган қиймат унга тегишли бўлган ҳар қандай кечиктирилган солиқ чегирилгандаги соф қийматга тенг бўлади. Бу каби ёндашув асосий восита моддаларини ҳисобдан чиқаришдаги ўтказишларга ҳам қўлланади.


65. Актив солиқ мақсадларида қайта баҳоланганда ва бу олдинги даврда амалга оширилган ёки келгуси даврда амалга оширилиши кутилаётган ҳисоб мақсадларидаги қайта баҳолаш билан боғлиқ бўлганда, активнинг қайта баҳоланиши ва солиқ базасининг ўзгариши натижасида юзага келадиган солиқ таъсирлари улар юзага келган даврлардаги бошқа умумлашган даромад таркибида тан олинади. Лекин, солиқ мақсадларида қайта баҳолаш олдинги даврда амалга оширилган ёки келгусида амалга оширилиши кутилаётган ҳисоб мақсадларидаги қайта баҳолаш билан боғлиқ бўлмаса, активнинг солиқ базасидаги ўзгаришнинг солиқ таъсирлари фойда ёки зарар таркибида тан олинади.


65А. Ташкилот акциядорларига дивидендлар тўлаганда, акциядорлар номидан уларнинг бир қисмини солиқ органларига ўтказиш талаб этилиши мумкин. Кўп юрисдикцияларда бу сумма тўлов манбаида ушлаб қолинадиган солиқ деб номланади. Солиқ органларига тўланган ёки тўланадиган бундай сумма дивидендларнинг бир қисми сифатида хусусий капитални камайтириш тарзида акс эттирилади.



Бизнес бирлашувидан юзага

келадиган кечиктирилган солиқ


66. 19 ва 26(в)-бандларда тушунтирилганидек, бизнес бирлашувида вақтинчалик фарқлар юзага келиши мумкин. Ташкилот 3-сон МҲХСга мувофиқ, бизнес бирлашуви натижасида юзага келадиган ҳар қандай кечиктирилган солиқ активлари (24-банддаги тан олиш мезонларига жавоб бериши шарти билан) ёки кечиктирилган солиқ мажбуриятларини идентификацияланадиган активлар ва мажбуриятлар сифатида харид қилиш санасида тан олади. Натижада ушбу кечиктирилган солиқ активлари ва солиқ мажбуриятлари ташкилот томонидан тан олинадиган гудвил суммасига ёки манфаатли харид бўйича фойда суммасига таъсир кўрсатади. Лекин, 15(а)-бандга мувофиқ, ташкилот гудвилни дастлабки тан олишдан юзага келадиган кечиктирилган солиқ мажбуриятларини тан олмайди.


67. Бизнес бирлашуви натижасида, бизнесни харид қилувчининг харид қилишдан олдинги кечиктирилган солиқ активидан фойдаланиш эҳтимоли ўзгариши мумкин. Бизнесни харид қилувчи бизнес бирлашувидан олдин тан олинмаган кечиктирилган солиқ активи қопланиши мумкин деб ҳисоблаши мумкин. Масалан, бизнесни харид қилувчи фойдаланилмаган солиқ зарарлари бўйича нафни харид қилинган ташкилотнинг келгуси солиқ солинадиган фойдасига нисбатан фойдаланиши мумкин. Муқобил тарзда, бизнес бирлашуви натижасида келгуси солиқ солинадиган фойда кечиктирилган солиқ активини қоплаш имконини бериши эндиликда эҳтимолдан йироқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда, бизнесни харид қилувчи бизнес бирлашуви содир бўлган даврда кечиктирилган солиқ активидаги ўзгаришни тан олади, лекин бизнес бирлашувини ҳисобга олишнинг бир қисми сифатида эмас. Шунинг учун, бизнесни харид қилувчи бу солиқ активини бизнес бирлашувида юзага келадиган гудвил ёки манфаатли харид бўйича фойдани баҳолашда эътиборга олмайди.


68. Харид қилинадиган ташкилотнинг фойда солиғи бўйича зарарини келгуси даврларга ўтказиш имкониятлари ёки бошқа кечиктирилган солиқ активлари алоҳида тан олиш мезонларига бизнес бирлашуви дастлаб ҳисобга олинганда жавоб бермаслиги мумкин, лекин кейинчалик бу мезонларга тўғри келиши мумкин. Ташкилот харид қилинган ва бизнес бирлашувидан кейин фойдаланиладиган кечиктирилган солиқ бўйича нафларни қуйидагича тан олиши лозим:

(а) Харид қилиш санасида мавжуд бўлган далил ва холатлар тўғрисидаги янги маълумотлар асосида баҳолаш даврида тан олинган, харид қилинган кечиктирилган солиқ нафлари ушбу харидга тегишли бўлган гудвилнинг баланс қийматини камайтириш тарзида акс эттирилиши лозим. Ушбу гудвилнинг баланс қиймати нолга тенг бўлса, ҳар қандай кечиктирилган солиқ нафларининг қолган қисми фойда ёки зарар таркибида тан олиниши лозим.

(б) Бошқа барча харид қилинган кечиктирилган солиқ нафларининг реализация қилиниши фойда ёки зарар таркибида (ёки мазкур стандарт талаб этса, фойда ёки зарар таркибидан ташқарида) тан олиниши лозим.



Акцияга асосланган тўловлар бўйича юзага

келадиган жорий ва кечиктирилган солиқлар


68А. Баъзи солиқ юрисдикцияларида, ташкилотнинг акциялари, акция опционлари ёки бошқа улушли инструментлари кўринишида тўланадиган даромадлар, ташкилотнинг солиқ солинадиган фойдасини аниқлашда чегирилиши мумкин. Бундай солиқ мақсадларида чегириладиган сумма даромад бўйича тегишли жамғарилган харажат суммасидан фарқ қилиши мумкин ва харажат тан олинганидан кейинги ҳисобот даврида чегирилиши мумкин. Масалан, баъзи юрисдикцияларда, ташкилот ходимларининг хизматлари эвазига уларга акция опционларини бериши мумкин ва бунда 2-сон МҲХС "Акцияга асосланган тўлов" га мувофиқ ходимлар хизмати бўйича харажатни тан олиши мумкин. Бу харажатлар акция опционларининг эгалари улар берадиган ҳуқуқлардан фойдаланмагунча солиқ мақсадларида чегирилмайди ва бундай чегириш акция опционларидан фойдаланилган санада ташкилот акциясининг нархи асосида баҳоланади.


68Б. Мазкур стандартнинг 9 ва 26(б)-бандларида кўриб чиқилган тадқиқот сарфлари каби, ходимлар томонидан маълум санагача кўрсатилган хизматларнинг солиқ базаси (яъни солиқ органи томонидан келгуси даврларда чегирилишига рухсат этилган сумма) ва уларнинг нолга тенг баланс қиймати ўртасидаги фарқ чегириладиган вақтинчалик фарқ ҳисобланади ва унинг натижасида кечиктирилган солиқ активи юзага келади. Агар солиқ органи томонидан келгуси даврларда чегирилиши рухсат этилган сумма давр охирида маълум бўлмаса, давр охирида мавжуд маълумотлар асосида тахминий баҳоланиши лозим. Масалан, солиқ органи томонидан келгуси даврларда чегирилиши рухсат этиладиган сумма ташкилот акциясининг келгуси санадаги нархига боғлиқ бўлганда, чегириладиган вақтинчалик фарқ ташкилот акциясининг ҳисобот даври охиридаги нархи асосида баҳоланиши лозим.


68В. 68А-бандда қайд этилганидек, солиқ мақсадларидаги чегириладиган сумма (ёки келгусида солиқ мақсадларида чегириладиган 68Б-бандга мувофиқ баҳоланган сумма) даромад бўйича тегишли жамғарилган харажат суммасидан фарқ қилиши мумкин. Мазкур стандартнинг 58-бандида жорий ва кечиктирилган солиқлар даромад ва харажат сифатида тан олиниши ҳамда давр фойдаси ёки зарари таркибида ҳисобга олиниши талаб этилади, ушбу солиқлар (а) айнан шу ёки бошқа даврда фойда ёки зарарда эмас, балки бошқа умумлашган даромадда ёки бевосита хусусий капиталнинг ўзида тан олинадиган операция ёки бошқа ҳодиса бўлиши ёки (б) бизнес бирлашуви (фойда ёки зарар орқали ҳаққоний қийматда ҳисобга олиниши талаб этиладиган шўъба ташкилотнинг инвестиция ташкилоти томонидан харид қилиниши ҳолатларидан ташқари) натижасида юзага келиши холатлари бундан мустасно. Солиқ мақсадларидаги чегирадиган сумма (ёки солиқ мақсадларида келгусида чегириладиган баҳоланган сумма) даромад бўйича тегишли жамғарилган харажат суммасидан ошганда, бу нафақат ходимларга даромадлар тўлаш бўйича харажатга, балки хусусий капиталда акс эттириладиган моддага ҳам тегишлилигини кўрсатади. Бундай ҳолатда тегишли жорий ёки кечиктирилган солиқнинг ошган суммаси бевосита хусусий капиталда тан олиниши лозим.



СОЛИҚ АКТИВЛАРИ ВА СОЛИҚ МАЖБУРИЯТЛАРИ


69 - 70. [Чиқариб ташланган]



Ўзаро ҳисоб-китоб (Оффсеттинг)


71. Ташкилот, фақат ва фақат қуйидаги ҳолатларда жорий солиқ активлари ва солиқ мажбуриятларини ўзаро ҳисоб-китоб қилиши лозим:

(а) ташкилот тан олинган суммаларни ўзаро ҳисоб-китоб қилишга қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлса; ва

(б) соф асосда ҳисоб-китобни амалга оширишни ёки бир вақтнинг ўзида активни сотиш ва мажбуриятни ҳисоб-китоб қилишни мўлжаллаган бўлса.


72. Жорий солиқ активлари ва мажбуриятлари алоҳида тан олиниши ва баҳоланишига қарамасдан, улар молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда 32-сон БҲХСдаги молиявий инструментларга нисбатан белгиланган мезонларга ўхшаш мезонлар асосида ўзаро ҳисоб-китоб қилинади. Одатда, жорий солиқ активлари ва солиқ мажбуриятлари айни бир солиқ органи томонидан олинадиган фойда солиқларига тегишли бўлса ва ушбу солиқ органи ташкилотга соф асосда ҳисобланган ягона тўловни амалга ошириш ёки олишга рухсат берса, ташкилот уларни ўзаро ҳисоб-китоб қилишга қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлади.


73. Консолидацияланган молиявий ҳисоботда гуруҳ таркибига кирадиган бир ташкилотнинг жорий солиқ активи гуруҳдаги бошқа ташкилотнинг жорий солиқ мажбурияти билан фақат ва факат, агар ушбу ташкилотлар соф асосда ҳисобланган ягона тўловни амалга ошириш ёки олишга қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлса ва ташкилотлар бундай соф тўловни амалга ошириш ёки олиш ёхуд активни қоплаш билан мажбуриятни тўлашни бир вақтда амалга оширишни мўлжаллаган бўлса, ўзаро ҳисоб-китоб қилинади.


74. Ташкилот фақат ва фақат қуйидаги ҳолатларда кечиктирилган солиқ активлари ва солиқ мажбуриятларини ўзаро ҳисоб-китоб қилиши лозим:

(а) ташкилот жорий солиқ активлари ва солиқ мажбуриятларини ўзаро ҳисоб-китоб қилишга қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлса; ва

(б) кечиктирилган солиқ активлари ва солиқ мажбуриятлари айни бир солиқ органи томонидан қуйидаги ташкилотлардан олинадиган фойда солиқларига тегишли бўлса:

(i) солиқ солинадиган айни бир ташкилот; ёки

(ii) тўланиши ёки қопланиши кутилаётган кечиктирилган солиқ мажбуриятлари ёки активларининг аҳамиятли суммаларини ҳар бир келгуси даврда жорий солиқ мажбуриятлари ва активларини соф асосда сўндиришни ёки активларни қоплашни ва мажбуриятларни сўндиришни бир вақтда амалга оширишни мўлжаллаган солиқ солинадиган турли ташкилотлар.


75. Ҳар бир вақтинчалик фарқ қайта тикланиш муддатларининг батафсил графигини тузмаслик мақсадида, кечиктирилган солиқ активлари ва солиқ мажбуриятлари айни бир солиқ органи томонидан олинадиган фойда солиқларига тегишли бўлса ва ташкилот уларни ўзаро ҳисоб-китоб қилишга қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлса, мазкур стандарт солиқ солинадиган айни бир ташкилотга тегишли кечиктирилган солиқ активлари ва солиқ мажбуриятларини ўзаро ҳисоб-китоб қилишни талаб этади.


76. Камдан-кам ҳолатларда, ташкилот ҳамма даврларда эмас, фақат айрим даврларда ўзаро ҳисоб-китоб қилишга қонун билан ҳимояланган ҳуқуққа эга бўлиши ва соф асосда ҳисоблашиш нияти бўлиши мумкин. Бундай камдан-кам ҳолатларда, солиқ солинадиган бир ташкилотнинг кечиктирилган солиқ мажбурияти унинг солиқ тўловлари кўпайишига солиқ солинадиган бошқа ташкилотнинг кечиктирилган солиқ активи унинг солиқ тўловлари камайишига айни бир даврда олиб келишини ишончли аниқлаш учун батафсил график тузилиши талаб этилиши мумкин.



СОЛИҚ ХАРАЖАТИ


Одатдаги фаолиятдан олинадиган фойда ёки

зарарга тегишли фойда солиғи харажати (даромади)


77. Одатдаги фаолиятдан олинадиган фойда ёки зарарга тегишли бўлган фойда солиғи харажати (даромади) фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда фойда ёки зарар таркибида тақдим этилиши лозим.


77A. [Чиқариб ташланган]



Кечиктирилган хорижий солиқ мажбуриятлари

ва активлари бўйича курс фарқлари


78. 21-сон БҲХС муайян курс фарқларини даромад ёки харажат сифатида тан олинишини талаб қилади, лекин бу фарқлар умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботнинг қайси бўлимида тақдим этилиши лозимлигини белгиламайди. Шунга кўра, кечиктирилган хорижий солиқ мажбуриятлари ёки активлари бўйича курс фарқлари умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботда тан олинганда, уларнинг бундай тақдим қилиниши молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун фойдали деб ҳисобланса, ушбу фарқлар кечиктирилган солиқ харажати (даромади) сифатида таснифланиши мумкин.



Маълумотларни ёритиб бериш


79. Фойда солиғи харажати (даромади)нинг асосий компонентлари алоҳида ёритиб берилиши лозим.


80. Фойда солиғи харажати (даромади)нинг компонентлари қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:

(а) жорий фойда солиғи харажати (даромади);

(б) олдинги даврларга тегишли жорий фойда солиғи бўйича тан олинган ҳар қандай тузатишлар;

(в) вақтинчалик фарқларнинг юзага келиши ва қайта тикланишига тегишли кечиктирилган солиқ харажати (даромади)нинг суммаси;

(г) солиқ ставкаларидаги ўзгаришлар ёки янги солиқ тури киритилиши билан боғлиқ бўлган кечиктирилган солиқ харажати (даромади)нинг суммаси;

(д) жорий фойда солиғи харажатини камайтириш учун фойдаланиладиган, олдин тан олинмаган солиқ зарари, солиқ имтиёзи ёки олдинги давр вақтинчалик фарқидан келиб чиқадиган наф суммаси;

(е) кечиктирилган солиқ харажатини камайтириш учун фойдаланиладиган, олдин тан олинмаган солиқ зарари, солиқ имтиёзи ёки олдинги давр вақтинчалик фарқидан келиб чиқадиган наф суммаси;

(ё) кечиктирилган солиқ активининг қийматини 56-бандга мувофиқ, камайтириш ёки олдин камайтирилган қийматининг қайта тикланишидан келиб чиқадиган кечиктирилган фойда солиғи харажати; ва

(ж) 8-сон БҲХСга мувофиқ, ретроспектив тарзда ҳисобга олиниши мумкин эмаслиги сабабли, фойда ёки зарар таркибига киритилган ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар ёки хатоларнинг тузатилиши билан боғлиқ бўлган солиқ харажати (даромади).


81. Қуйидагилар ҳам алоҳида ёритиб берилиши лозим:

(а) бевосита хусусий капиталга дебетланадиган ёки кредитланадиган моддаларга тегишли бўлган жорий ва кечиктирилган солиқнинг жами суммаси (62А-бандга қаранг);

(аб) бошқа умумлашган даромаднинг ҳар бир компонентига тегишли бўлган фойда солиғининг суммаси (62-бандга ва 1-сон БҲХС (2007 таҳририда) га қаранг);

(б) [Чиқариб ташланган]

(в) солиқ харажати (даромади) ва бухгалтерия фойдаси ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг қуйидаги шакллардан бири ёки ҳар иккиси орқали тушунтирилиши:

(i) бухгалтерия фойдасини қўлланган солиқ ставкаси (ставкалари)га кўпайтмаси ва солиқ харажати (даромади)нинг миқдорий солиштирмаси, шунингдек қўлланган солиқ ставкаси (ставкалари) қайси асосда ҳисобланганлигини ёритиб бериш; ёки

(ii) ўртача эффектив солиқ ставкаси ва қўлланган солиқ ставкаси ўртасида миқдорий солиштирма, шунингдек қўлланган солиқ ставкаси (ставкалари) қайси асосда ҳисобланганлигиини ёритиб бериш;

(г) қўлланган солиқ ставкасининг (ставкаларининг) олдинги ҳисобот даврига нисбатан ўзгаришларига изоҳ;

(д) молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олинган кечиктирилган солиқ активи бўйича чегириладиган вақтинчалик фарқлар, фойдаланилмаган солиқ зарарлари ва солиқ имтиёзларининг суммаси (мавжуд бўлса, муддати тугаши санаси);

(е) кечиктирилган солиқ мажбуриятлари тан олинмаган шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестициялар ҳамда биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушлари бўйича вақтинчалик фарқларнинг жами суммаси (39-бандга қаранг);

(ё) вақтинчалик фарқларнинг ва фойдаланилмаган солиқ зарарлари ҳамда фойдаланилмаган солиқ имтиёзларининг ҳар бир тури бўйича:

(i) тақдим қилинган ҳар бир давр учун молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олинган кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларининг суммаси;

(ii) агар молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олинган суммалар бўйича ўзгаришлар яққол намоён бўлмаса, фойда ёки зарар таркибида тан олинган кечиктирилган солиқ харажати ёки даромади суммаси;

(ж) қуйидагиларга тегишли тугатилган фаолият бўйича солиқ харажати:

(i) фаолиятни тугатиш бўйича фойда ёки зарар; ва

(ii) ташкилотнинг фаолияти тугатилаётган қисмининг одатдаги фаолиятидан олинган давр фойдаси ёки зарари ва олдин тақдим қилинган ҳар бир давр учун шундай фойда ёки зарар тўғрисидаги маълумотлар билан бирга;

(з) ташкилот акциядорларига молиявий ҳисоботни эълон қилиш учун маъқулланишидан олдин таклиф қилинган ёки эълон қилинган, лекин молиявий ҳисоботда мажбурият сифатида тан олинмаган дивидендларнинг фойда солиғига таъсирининг суммаси;

(и) бизнес бирлашувида ташкилот харид қилувчи бўлиб, ушбу бизнес бирлашувини харид қилишдан олдин тан олинган кечиктирилган солиқ активининг (67-бандга қаранг) суммасида ўзгариш келтириб чиқарса, ушбу ўзгаришнинг суммаси; ва

(й) бизнес бирлашувида харид қилинган кечиктирилган фойда солиғи бўйича нафлари харид қилиш санасида тан олинмасдан ушбу санадан кейин тан олинса (68-бандга қаранг), кечиктирилган фойда солиғи нафлари тан олинишига сабаб бўлган ҳодисага ёки ҳолатлар ўзгаришига тавсиф бериш.


82. Ташкилот кечиктирилган солиқ активи суммаси ва унинг тан олинишига асос бўлган далилнинг характерини ёритиб бериши лозим, агар:

(а) кечиктирилган солиқ активидан фойдаланиш, мавжуд солиқ солинадиган вақтинчалик фарқларнинг қайта тикланишидан юзага келадиган фойдадан ортиқ бўлган келгуси солиқ солинадиган фойданинг мавжуд бўлишига боғлиқ бўлса; ва

(б) солиқ қонунчилиги доирасида ташкилот жорий ёки ундан олдинги даврда кечиктирилган солиқ активига тегишли бўлган зарар кўрган бўлса.


82А. 52А бандда тавсифланган ҳолатда, ташкилот унинг акциядорларига тўланадиган дивидендлар натижасида юзага келиши мумкин бўлган фойда солиғи оқибатларини ёритиб бериши лозим. Шунингдек, ташкилот амалий жиҳатдан аниқланиши мумкин бўлган фойда солиғи оқибатларининг суммасини ва амалий жиҳатдан аниқлаб бўлмайдиган фойда солиғи оқибатлари мавжудлигини ёритиб бериши лозим.


83. [Чиқариб ташланган]


84. 81(в)-бандда ёритиб берилиши талаб этилган маълумотлар молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга солиқ харажати (даромади) ва бухгалтерия фойдаси ўртасидаги боғлиқлик ноодатий ёки ноодатий эмаслигини ва ушбу боғлиқликка келгусида таъсир кўрсатиши мумкин бўлган аҳамиятли омилларни тушунишга ёрдам беради. Солиқ харажати (даромади) ва бухгалтерия фойдаси ўртасидаги боғлиқликка солиқ солинмайдиган даромадлар бўлиши, солиқ солинадиган фойда (солиқ зарарини) ҳисоблашда чегирилиши мумкин бўлмаган харажатлар мавжудлиги, солиқ зарарларининг таъсири ҳамда хорижий солиқ ставкаларининг таъсири каби омиллар таъсир кўрсатиши мумкин.


85. Солиқ харажати (даромади) ва бухгалтерия фойдаси ўртасидаги боғлиқликни тушунтиришда, ташкилот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчиларга энг мазмунли маълумотларни тақдим этиш учун қўлланадиган солиқ ставкасидан фойдаланади. Одатда, энг мазмунли ставка ташкилот юридик жиҳатдан рўйхатдан ўтган мамлакатнинг солиқ ставкасидир. Ушбу ставка миллий солиқларга нисбатан қўлланадиган солиқ ставкаси бўлиб, деярли бир хил даражадаги солиқ солинадиган фойда (солиқ зарари)дан ҳисобланадиган ҳар қандай маҳаллий солиқларга қўлланадиган солиқ ставкаларини умумлаштиради. Лекин, бир нечта мамлакатларда фаолият олиб борадиган ташкилот учун ҳар бир мамлакатдаги ички ставкалар бўйича тайёрланган алоҳида солиштирма маълумотларни умумлаштириш мақсадга мувофиқ бўлиши мумкин. Қуйидаги мисолда қўлланадиган солиқ ставкасини танлаш миқдорий солиштирма тақдим этилишига қандай таъсир этиши кўрсатилган.

           


        

85-бандга оид мисол


19X2 йилда ташкилот жойлашган юрисдикциясида (А мамлакат) 1 500 (19X1 йилда 2 000) тенг бухгалтерия ҳисоби бўйича фойдага ва Б мамлакатда 1 500 (19X1 йилда 500) тенг бўлган бухгалтерия фойдасига эга бўлган. Солиқ ставкаси А мамлакатда 30% ва Б мамлакатда 20% ни ташкил этади. А мамлакатда солиқ мақсадларида чегирилмайдиган харажатлар 100 (19X1 йилда 200) га тенг.


Қуйида тегишли мамлакатнинг солиқ ставкаси бўйича солиштирмага мисол келтирилган.

     



19х1г.


19х2г.

Бухгалтерия фойдаси


2,500


3,000

Солиқ ставкаси 30%


750

900

Солиқ мақсадларида чегирилмайдиган харажатларнинг солиқ таъсири


60

30

Б мамлакатдаги пастроқ солиқ ставкасининг таъсири


(50)

(150)

Солиқ харажати

760

780


        

Қуйида ҳар қайси юрисдикция бўйича алоҳида солиштирмаларни умумлаштириш орқали тайёрланган солиштирмага мисол келтирилган. Бу усулда ташкилотнинг ички солиқ ставкаси билан бошқа юрисдикцияда ички солиқ ставкаси ўртасидаги фарқлар таъсири солиштирмада алоҳида моддалар сифатида кўрсатилмайди. Ташкилот солиқ ставкаларидаги аҳамиятли ўзгаришлар ёки ҳар хил юрисдикцияларда олинган фойда комбинацияси таъсирига 81(г)-бандда талаб этилганидек, қўлланадиган солиқ ставкаларидаги ўзгаришларни тушунтириш мақсадида изоҳ бериши талаб этилиши мумкин.

     


Бухгалтерия фойдаси


2,500

3,000

Тегишли юрисдикциядаги фойдага нисбатан қўлланадиган ички ставкалар бўйича ҳисобланган солиқ


700

750

Солиқ мақсадларида чегирилмайдиган харажатларнинг солиқ таъсири


60

30

Солиқ харажати


760

780

        

86. Ўртача эффектив солиқ ставкаси солиқ харажатини (даромадини) бухгалтерия фойдасига бўлиш орқали аниқланади.


87. Шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестиция ва биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушлари бўйича юзага келган ва тан олинмаган кечиктирилган солиқ мажбуриятларининг суммасини амалда кўпинча ҳисоблаб бўлмайди (39-бандга қаранг). Шунинг учун, мазкур стандарт ташкилотдан кечиктирилган солиқ мажбуриятларини эмас, балки уларни келтириб чиқарувчи вақтинчалик фарқларнинг умумий суммасини ёритиб беришни талаб этади. Бунга қарамасдан, амалий имкони бўлганда ташкилот томонидан тан олинмаган кечиктирилган солиқ мажбуриятларининг суммаси ёритиб берилиши маъқулланади, чунки бундай маълумот молиявий ҳисоботдан фойдаланувчилар учун фойдали бўлиши мумкин.


87А. 82А-бандда ташкилот томонидан акциядорларга дивидендлар тўланишидан келиб чиқиши мумкин бўлган фойда солиғи оқибатларининг характерини ёритиб берилиши талаб этилади. Ташкилот дивидендларнинг фойда солиғи учун эҳтимолий оқибатларига таъсир қиладиган омиллар ва фойда солиғи тизимининг муҳим жиҳатларини ёритиб беради.


87Б. Баъзан акциядорларга дивидендлар тўланишидан келиб чиқадиган фойда солиғи учун эҳтимолий оқибатларининг умумий суммасини ҳисоблашнинг амалий имкони бўлмайди. Бу, масалан, ташкилот кўп сонли чет эл шўъба ташкилотларига эга бўлган ҳолатда ўринли бўлиши мумкин. Лекин, бундай ҳолатда ҳам, мазкур сумманинг айрим қисмларини осон аниқлаш мумкин. Масалан, консолидациялашган гуруҳда бош ташкилот ва унинг баъзи шўъба ташкилотлари фойда солиқларини тақсимланмаган фойдадан юқорироқ ставкалар бўйича тўлаган бўлиши мумкин ҳамда консолидациялашган тақсимланмаган фойдадан келгусида акциядорларга дивидендлар тўланганда қопланадиган солиқ суммасидан хабардор бўлиши мумкин. Мазкур ҳолатда бундай қопланадиган сумма ёритиб берилади. Агар қўллаш мумкин бўлса, ташкилот аниқлашни амалий имкони бўлмаган қўшимча эҳтимоли бор бўлган солиқ оқибатларининг мавжудлигини ҳам ёритиб беради. Бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботида, агар мавжуд бўлса, эҳтимоли бор бўлган солиқ оқибатлари тўғрисидаги маълумот бош ташкилотнинг тақсимланмаган фойдасига нисбатан ёритиб берилади.


87В. 82А-банддаги маълумотларни ёритиб бериш талаб этилган ташкилотдан шўъба ташкилотлари, филиаллар ва таъсир остидаги ташкилотларга инвестиция ёки биргаликдаги фаолиятда иштирок этиш улушларига тегишли бўлган вақтинчалик фарқлар тўғрисида маълумотлар ҳам ёритиб берилиши талаб қилиниши мумкин. Бундай ҳолатларда, ташкилот 82А-бандга мувофиқ ёритиб бериладиган маълумотларни аниқлашда юқоридагиларни инобатга олади. Масалан, ташкилот кечиктирилган солиқ мажбуриятлари тан олинмаган (81(е)-бандга қаранг) шўъба ташкилотидан инвестициялар билан боғлиқ бўлган вақтинчалик фарқларнинг умумий суммасини ёритиб беришни талаб этиши мумкин. Агар тан олинмаган кечиктирилган солиқ мажбуриятлари суммасини ҳисоблашнинг амалий имкони бўлмаса (87-бандга қаранг), ушбу шўъба ташкилотларига тегишли бўлган дивидендларнинг амалий ҳисоблаш имкони бўлмаган эҳтимолли солиқ оқибатлари мавжуд бўлиши мумкин.


88. Ташкилот солиқ билан боғлиқ ҳар қандай шартли мажбуриятлар ва шартли активларни 37-сон БҲХС "Баҳоланган мажбуриятлар, шартли мажбуриятлар ва шартли активлар" га мувофиқ ёритиб беради. Шартли мажбуриятлар ва шартли активлар, масалан, солиқ органлари билан ҳал бўлмаган мунозарали масалалар бўйича юзага келиши мумкин. Шу каби солиқ ставкалари ёки солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар ҳисобот даври тугагандан кейин эълон қилинганида ёки киритилганида, ташкилот ушбу ўзгаришларнинг жорий ва кечиктирилган солиқ активлари ва мажбуриятларига бўлган ҳар қандай аҳамиятли таъсирини ёритиб беради (10-сон БҲХС "Ҳисобот давридан кейинги ҳодисалар" га қаранг).



Кучга кириш санаси


89. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 1998 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларни қамраб оладиган молиявий ҳисобот учун қўлланиши лозим, 91-бандда белигиланган ҳолат бундан мустасно. Ташкилот мазкур стандартни 1998 йил 1 январдан олдин бошланадиган даврларга тегишли молиявий ҳисобот учун қўллаганда, у мазкур стандартни 1979 йилда тасдиқланган 12-сон БҲХС "Фойда солиғини ҳисобга олиш" ўрнига қўллаганлиги фактини ёритиб бериши лозим.


90. Мазкур стандарт 1979 йилда тасдиқланган 12-сон БҲХС "Фойда солиғини ҳисобга олиш" ўрнини эгаллайди.


91. 52А, 52Б, 65А, 81(i), 82А, 87А, 87Б, 87В-бандлари киритилиши ҳамда 3 ва 50-бандларнинг чиқариб ташланиши 2001 йил 1 январдан ёки ундан кейин бошланадиган даврларга тегишли йиллик молиявий ҳисобот учун кучга киради. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади. Агар олдинроқ санадан бошлаб қўллаш молиявий ҳисоботга таъсир кўрсатса, ташкилот ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


92. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳририда) бўйича МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Бундан ташқари, у бўйича 23, 52, 58, 60, 62, 63, 65, 68В, 77 ва 81-бандларга ўзгартиришлар киритилди, 61-банд чиқариб ташланган ва 61A, 62A ва 77A-бандлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳриридаги)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


93. 68-банд перспектив тарзда, 3-сон МҲХС (2008 йил таҳририда) кучга кириш санасидан бошлаб бизнес бирлашувида харид қилинган кечиктирилган солиқ активларининг тан олинишига нисбатан қўлланиши лозим.


94. Шунинг учун, фойда солиғи бўйича нафлар харид қилиш санасида алоҳида тан олиш мезонларига жавоб бермаса ва харид қилиш санасидан кейин тан олинган бўлса, бундай нафлар баҳолаш даври мобайнида тан олинган бўлмаса ва харид қилиш санасида мавжуд бўлган далиллар ва ҳолатлар тўғрисидаги янги маълумотлар асосида тан олинганмагунча, ташкилот олдинги бизнес бирлашувларининг ҳисобга олинишига ўзгартиришларни киритмаслиги лозим. Бошқа тан олинадиган фойда солиғи бўйича нафларни фойда ёки зарар таркибида (ёки, мазкур стандартда талаб қилинган бўлса, фойда ёки зарар таркибидан ташқарида) тан олиниши лозим.


95. 3-сон МҲХС (2008 йил таҳририда) бўйича 21 ва 67-бандларга ўзгартиришлар киритилган ва 32А ва 81(ё) ва (з)-бандлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июлдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 3-сон МҲХС (2008 йил таҳририда)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


96. [Чиқариб ташланган]


97. [Чиқариб ташланган]


98. 52-банднинг рақамланиши 51A га ўзгартирилган, 10-банд ва 51A-банддан кейин келтирилган мисолларга ўзгартириш киритилган, ҳамда 51Б ва 51В-бандлари ва улардан кейинги мисоллар, шунингдек, 51Г, 51Д ва 99-бандлар 2010 йил декабрда эълон қилинган "Кечиктирилган солиқ: тегишли активларнинг қопланиши" бўйича киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2012 йил 1 январдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


98А. 2011 йил май ойида эълон қилинган 11-сон МҲХС "Биргаликдаги фаолият бўйича келишувлар" бўйича 2, 15, 18(д), 24, 38, 39, 43 - 45, 81(е), 87 ва 87В-бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 11-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


98Б. 2011 йил июнь ойида эълон қилинган "Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 77-бандга ўзгартириш киритилган ва 77А-банд чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2011 йил июнда ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


98В. 2012 йил октябрь ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) асосида 58 ва 68В-бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2014 йил 1 январ ёки ундан кейинги йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. "Инвестиция ташкилотлари"ни бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у шу даврга нисбатан "Инвестиция ташкилотилари"га киритилган барча ўзгартиришларни ҳам қўллаши лозим.


98Г. [Чиқариб ташланган]


98Д. 2014 йил май ойида эълон қилинган 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум" бўйича 59-бандга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 15-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


98Е. 2014 йил июль ойида эълон қилинган 9-сон МҲХС бўйича 20-бандга ўзгартириш киритилган ва 96, 97 ва 98Г-бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 9-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


98Ё. 2016 йил январь ойида эълон қилинган 16-сон МҲХС бўйича 20-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 16-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


98Ж. 2016 йил январ ойида эълон қилинган "Реализация қилинмаган зарарлар бўйича кечиктирилган солиқ активларини тан олиш" (12-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 29-бандга ўзгартириш киритилган ва 27А, 29А-бандлар киритилган ҳамда 26-бандга тегишли миссолар ҳам келтирилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2017 йил 1 январдан бошланадиган ва ундан кейинги йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 8-сонли БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ ретроспектив равишда қўллайди. Лекин, ўзгартиришнинг дастлабки қўлланишида қиёсий давридаги бошланғич ҳусусий капиталнинг ўзгариши тақсимланмаган фойданинг давр бошидаги қолдиғида (ёки хусусий капиталнинг бошқа тегишли компонентида) бундай ўзгаришни тақсимланмаган фойда ва хусусий капиталнинг бошқа компонентлари ўртасида тасимламасдан тан олиш мумкин. Агар ташкилот ушбу енгилликни қўлласа, у бу фактни ёритиб бериши керак.


98З. 2017 йил декабрь ойида эълон қилинган "2015-2017 йилларда МҲХСларни такомиллаштиришлар" бўйича 57А-банд киритилган ва 52Б-банд чиқариб ташланган. Ташкилотлар мазкур ўзгартиришларни 2019 йил 1 январдан ёки ундан кейинги даврларга нисбатан қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгаришларни дастлаб қўллаганда, уларни энг олдинги қиёсий давр бошидан ёки ундан кейин тан олинган дивидендларнинг фойда солиғи оқибатларига нисбатан қўллайди.


98З - 98Й. [Ушбу бандлар кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]



21-сон ШДҚнинг ўз кучини йўқотиши


99. 2010 йил декабрда эълон қилинган "Кечиктирилган солиқ: тегишли активларнинг қопланиши" 21-сон ШДҚ "Фойда солиқлари - қайта баҳоланган, эскириши ҳисобланмайдиган активларнинг қопланиши"нинг ўрнини эгаллайди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь