Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

(IAS) 34 "Оралиқ молиявий ҳисобот" Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандарти (АВ томонидан 09.12.2022 й. 3400-сон билан рўйхатга олинган молия вазирининг 10.11.2022 й. 61-сон буйруғига 20-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2022 йил 9 декабрда 3400-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

молия вазирининг

2022 йил 10 ноябрдаги

61-сон буйруғига

20-ИЛОВА



БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИНИНГ

ХАЛҚАРО СТАНДАРТИ


(IAS) 34 "ОРАЛИҚ МОЛИЯВИЙ ҲИСОБОТ"



Мақсад


Мазкур стандартнинг мақсади оралиқ молиявий ҳисоботнинг минимал таркибини белгилаш ҳамда оралиқ даврга тегишли тўлиқ ёки қисқартирилган молиявий ҳисоботда тан олиш ва баҳолаш тамойилларини белгилашдан иборат. Ўз вақтида тақдим этилган ишончли молиявий ҳисобот инвесторларга, кредиторларга ва бошқаларга ташкилотнинг фойда ва пул оқимларини хосил қилиш имкониятини, унинг молиявий ҳолатини ва ликвидлилигини тушуниш имкониятини оширади.



Қўллаш доираси


1. Мазкур стандарт қайси ташкилотлар оралиқ молиявий ҳисоботни эълон қилиши, қандай даврийликда ва оралиқ давр охиридан сўнг қанча муддатда эълон қилиши лозимлигини белгиламайди. Лекин, давлат органлари, қимматли қоғозлар бозори бўйича назорат органлари, фонд биржалари ва профессионал бухгалтерия ташкилотлари одатда қарз ёки улушли қимматли қоғозлари биржада савдо қилинадиган ташкилотлардан оралиқ молиявий ҳисоботни эълон қилишини талаб этади. Агар ташкилотдан Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига (МҲХСлар) мувофиқ оралиқ молиявий ҳисоботни эълон қилиши талаб этилса ёки ўзи шундай қарорга келса, мазкур стандарт қўлланади. Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари қўмитаси* қарз ёки улушли қимматли қоғозлари биржада савдо қилинадиган ташкилотлар томонидан мазкур стандартда белгиланган тан олиш, баҳолаш ва маълумотларни ёритиб бериш тамойилларига мос келадиган оралиқ молиявий ҳисоботни тақдим этилишини маъқуллайди. Хусусан, қарз ёки улушли қимматли қоғозлари биржада савдо қилинадиган ташкилотлар томонидан қуйидагиларни амалга ошириш маъқулланади:

(a) оралиқ молиявий ҳисоботларни молиявий йилнинг камида биринчи ярим йиллиги якуний санаси бўйича тақдим этиш; ва

(б) оралиқ молиявий ҳисоботни оралиқ давр якунидан сўнг 60 кундан кечиктирмасдан эълон қилиш.


2. Йиллик ёки оралиқ бўлишига қарамасдан, ҳар бир молиявий ҳисобот МҲХСларга мувофиқлиги бўйича алоҳида баҳоланади. Ташкилотнинг муайян молиявий йил давомида оралиқ молиявий ҳисоботни тақдим этмаганлиги ёки мазкур стандартга мувофиқ бўлмаган оралиқ молиявий ҳисоботни тақдим этганлиги ташкилотнинг йиллик молиявий ҳисоботини МҲХСларга мувофиқ эмаслигини кўрсатмайди (агар ушбу йиллик ҳисобот бошқа барча жиҳатлари бўйича МҲХСларга мувофиқ бўлса).


3. Агар ташкилотнинг оралиқ молиявий ҳисоботи МҲХСларга мувофиқлиги таъкидланган бўлса, у мазкур стандартнинг барча талабларига мувофиқ бўлиши шарт. Бу борада 19-банд муайян маълумотларни ёритиб берилишини талаб этади.



Таърифлар


4. Мазкур стандартда қуйидаги белгиланган маънодаги атамалардан фойдаланилади:


Оралиқ давр - тўлиқ молиявий йилдан қисқа бўлган молиявий ҳисобот давридир.


Оралиқ молиявий ҳисобот - оралиқ давр учун молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини (1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш" (2007 йил таҳририда) белгиланганидек) ёки қисқартирилган молиявий ҳисоботнинг тўпламини (мазкур стандартда белгилангандек) ўз ичига оладиган молиявий ҳисоботни билдиради.



Оралиқ молиявий ҳисоботнинг таркиби


5. 1-сон БҲХС қуйидаги компонентларни қамраб оладиган молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини белгилайди:

(а) ҳисобот даври охирига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот;

(б) ҳисобот даври учун фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот;

(в) ҳисобот даври учун хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот;

(г) ҳисобот даври учун пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот;

(д) аҳамиятли ҳисоб сиёсати ва бошқа тушунтириш маълумотларидан иборат изоҳлар;

(да) 38 ва 38А бандларда кўрсатилгандек, олдинги давр учун қиёсий маълумот; ва

(е) ташкилот ҳисоб сиёсатини ретроспектив тарзда қўлласа ёки молиявий ҳисоботдаги моддаларни ретроспектив тарзда қайта ҳисоблашни амалга оширса ёки 1-сон БҲХСнинг 40А - 40Г бандларига мувофиқ молиявий ҳисоботдаги моддаларни қайта таснифлаганда, олдинги давр бошига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот.

Ташкилот ҳисоботлар учун мазкур cтандартда фойдаланилган номлардан ташқари бошқа номлардан фойдаланиши мумкин. Масалан, ташкилот "фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот" ўрнига "умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот" номидан фойдаланиши мумкин.


6. Ўз вақтида тақдим қилиш ва сарфлар нуқтаи назаридан ҳамда олдин эълон қилинган маълумотларни такрорланишига йўл қўймаслик учун, ташкилотдан оралиқ даврларга унинг йиллик молиявий ҳисоботига қараганда камроқ маълумот тақдим этиши талаб қилиниши ёки ташкилотнинг ўзи шундай қарор қабул қилиши мумкин. Мазкур стандарт қисқартирилган молиявий ҳисоботни ҳамда танланган тушунтириш изоҳларини қамраб оладиган оралиқ молиявий ҳисоботнинг минимал таркибини белгилайди. Оралиқ молиявий ҳисобот йиллик молиявий ҳисоботнинг сўнгги тўлиқ тўпламига нисбатан янгиланган маълумотни тақдим этиш учун мўлжалланган. Шунга кўра, у янги фаолият турларига, ҳодисаларга ва ҳолатларга қаратилган бўлиб, олдин эълон қилинган маълумотларни такрорламайди.


7. Мазкур стандартдаги ҳеч қайси банд ташкилот томонидан қисқартирилган молиявий ҳисобот ҳамда танланган тушунтириш изоҳлари ўрнига оралиқ молиявий ҳисоботда молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини (1-сон БҲХСда белгилангандек) эълон қилинишини тақиқловчи ёки тўсиқ бўлувчи қоидаларни назарда тутмайди. Шунингдек, мазкур стандарт ташкилот томонидан қисқартирилган молиявий ҳисоботда мазкур стандартда белгиланган минимал моддалардан ёки танланган тушунтириш изоҳларидан кўпроқ маълумотларни эълон қилинишини тақиқловчи ёки тўсиқ бўлувчи қоидаларни назарда тутмайди. Мазкур стандартдаги тан олиш ва баҳолаш бўйича кўрсатмалар оралиқ давр учун тўлиқ молиявий ҳисоботга нисбатан ҳам қўлланади ва бундай ҳисобот мазкур стандартда талаб этилган (хусусан, 16А-банддаги танланган изоҳлар бўйича маълумотларни ёритиб бериш) ҳамда бошқа МҲХСларда ёритиб берилиши талаб этилган барча маълумотларни қамраб олиши мумкин.



Оралиқ молиявий ҳисоботнинг минимал компонентлари


8. Оралиқ молиявий ҳисобот камида қуйидаги компонентларни ўз ичига олиши лозим:

(a) молиявий ҳолат тўғрисидаги қисқартирилган ҳисобот;

(б) фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги қисқартирилган ҳисобот ёки қисқартирилган ҳисоботлар;

(в) хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги қисқартирилган ҳисобот;

(г) пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги қисқартирилган ҳисобот; ва

(д) танланган тушунтириш изоҳлари.


8A. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳририда)нинг 10А-бандида изоҳлангандек, фойда ёки зарар моддаларини алоҳида ҳисоботда тақдим этса, у ушбу алоҳида ҳисоботда қисқартирилган оралиқ маълумотларни тақдим этади.



Оралиқ молиявий ҳисоботнинг шакли ва таркиби


9. Агар ташкилот ўзининг оралиқ молиявий ҳисоботида молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламини эълон қилса, ушбу ҳисоботнинг шакли ва таркиби 1-сон БҲХСдаги молиявий ҳисоботнинг тўлиқ тўпламига нисбатан белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.


10. Агар ташкилот ўзининг оралиқ молиявий ҳисоботида қисқартирилган молиявий ҳисобот тўпламини эълон қилса, ушбу қисқартирилган ҳисобот камида мазкур стандартда талаб этилган унинг энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботида қайд қилинган сарлавҳаларнинг ва оралиқ суммаларнинг ҳар бирини ҳамда танланган тушунтириш изоҳларини қамраб олиши лозим. Қўшимча моддалар ва изоҳлар, агар уларнинг тушуриб қолдирилиши қисқартирилган оралиқ молиявий ҳисоботни чалиғитадиган қилса, киритилиши лозим.


11. Ташкилот 33-сон БҲХС "Бир акцияга тўғри келадиган фойда" нинг қўллаш доирасида бўлганда, оралиқ давр учун фойда ёки зарарнинг компонентларини тақдим этадиган ҳисоботда ушбу давр учун бир акцияга тўғри келадиган фойда- базавий ва суюлтирилган кўрсаткични тақдим этиши лозим**.


11A. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳририда)нинг 10А-бандида изоҳлангандек, фойда ёки зарар моддаларини алоҳида ҳисоботда тақдим этса, у ушбу алоҳида ҳисоботда бир акцияга тўғри келадиган фойда - базавий ва суюлтирилган кўрсаткични тақдим этади.


12. 1-сон БҲХС (2011 йилдаги таҳририда)да молиявий ҳисоботнинг тузилиши бўйича кўрсатма келтирилган. 1-сон БҲХС бўйича қўллаш кўрсатмаси молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот, умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот ва хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисоботнинг тақдим этилиш йўлларини изоҳлайди.


13. [Чиқариб ташланган]


14. Агар ташкилотнинг энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботи консолидациялашган ҳисобот бўлса, оралиқ молиявий ҳисобот ҳам консолидациялаш асосида тайёрланади. Бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботи энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботда тақдим этилган консолидациялашган ҳисобот билан номутаносибдир ёки улар билан қиёслана олмайди. Агар ташкилотнинг йиллик молиявий ҳисоботи консолидациялашган молиявий ҳисоботга қўшимча тарзда бош ташкилотнинг алоҳида молиявий ҳисоботини ҳам қамраб олган бўлса, мазкур стандарт ташкилотнинг оралиқ молиявий ҳисоботига қўшимча тарзда бош ташкилотнинг алоҳида ҳисоботини қамраб олишини талаб ҳам этмайди, тақиқламайди ҳам.



Аҳамиятли ҳодисалар ва операциялар


15. Ташкилот оралиқ молиявий ҳисоботда энг сўнгги йиллик ҳисобот даври якунидан бошлаб юзага келган молиявий ҳолатдаги ва молиявий натижалардаги ўзгаришларни тушуниш учун аҳамиятли бўлган ҳодисалар ва операцияларни қамраб олиши лозим. Ушбу ҳодисалар ва операцияларга боғлиқ тарзда ёритиб берилган маълумотлар энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботда тақдим этилган тегишли маълумотларни янгилаши лозим.


15A. Ташкилот оралиқ молиявий ҳисоботининг фойдаланувчиси мазкур ташкилотнинг энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботидан фойдаланиш имкониятига эга. Шунинг учун, энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботнинг изоҳларида эълон қилинган маълумотларга нисбатан аҳамиятсиз янгиланишларни оралиқ молиявий ҳисоботнинг изоҳларида тақдим этишнинг зарурати йўқ.


15Б. Қуйидагилар, агар улар аҳамиятли бўлса, ёритиб берилиши талаб этиладиган ҳодисалар ва операциялар рўйхатига киритилади (лекин булар билан чекланмайди):

(a) захираларни соф сотиш қийматигача камайтириш ва бундай камайтиришнинг қайта тикланиши;

(б) молиявий активлар, асосий воситалар, номоддий активлар, харидорлар билан шартномалардан келиб чиқадиган активлар ёки бошқа активларнинг қадрсизланишидан зарарни тан олиш ва бундай қадрсизланишдан зарарнинг қайта тикланиши;

(в) реструктуризация бўйича ҳар қандай баҳоланган мажбуриятларнинг қайта тикланиши;

(г) асосий воситаларнинг ҳарид қилиниши ва ҳисобдан чиқарилиши;

(д) асосий воситаларни сотиб олиш бўйича шартномавий мажбуриятлар;

(е) суд низоларини ҳал қилиниши;

(ё) ўтган давр хатоларининг тузатилиши;

(ж) ташкилот молиявий активларини ва молиявий мажбуриятларини ҳаққоний қийматда ёки амортизацияланган қийматда тан олишидан қатъий назар, бундай активлар ва мажбуриятларнинг ҳаққоний қийматига таъсир этадиган бизнес ва иқтисодий ҳолатлардаги ўзгаришлар;

(з) ҳисобот даври охирида ёки ундан олдин тартибга солинмаган ҳар қандай қарз дефолти ёки қарз келишувининг бузилиши;

(и) боғлиқ томонлар билан операциялар;

(й) молиявий инструментларнинг ҳаққоний қийматини баҳолашда фойдаланилган ҳаққоний қиймат иерархияси даражалари ўртасидаги ўтказмалар;

(к) молиявий активдан фойдаланиш мақсадининг ўзгариши натижасида уларнинг таснифланишидаги ўзгаришлар; ва

(л) шартли мажбуриятлар ёки шартли активлардаги ўзгаришлар.


15В. Алоҳида МҲХСларда 15Б бандда қайд қилинган кўпгина моддалар бўйича маълумотларни ёритиб бериш талабларига тегишли кўрсатмалар берилган. Энг сўнгги йиллик ҳисобот давридан бошлаб юзага келган ташкилотнинг молиявий ҳолатидаги ва молиявий натижаларидаги ўзгаришларни тушуниш учун ҳодиса ёки операция аҳамиятли бўлса, унинг оралиқ молиявий ҳисоботи энг сўнгги йиллик ҳисобот даврининг молиявий ҳисоботида келтирилган тегишли маълумотларга нисбатан тушунтиришни ва янгиланишни таъминланиши лозим.


16. [Чиқариб ташланган]



Бошқа ёритиб бериладиган маълумотлар


16A. 15 - 15В бандларга мувофиқ аҳамиятли ҳодисалар ва операцияларни ёритиб беришга қўшимча тарзда, ташкилот ўзининг оралиқ молиявий ҳисоботига изоҳларда ёки оралиқ молиявий ҳисоботнинг бошқа жойларида қуйидаги маълумотларни келтириши лозим. Қуйидаги ёритиб бериладиган маълумотлар оралиқ молиявий ҳисоботда ёки бир оралиқ молиявий ҳисоботда ва бир вактнинг ўзида молиявий ҳисобот фойдаланувчилари фойдаланиши учун мавжуд бўлган, оралиқ молиявий ҳисоботдан бошқа баъзи ҳисоботларга (Раҳбарият шарҳи ёки риск бўйича ҳисобот) ҳавола қилиш орқали берилади. Агар молиявий ҳисобот фойдаланувчилари бундай ҳавола қилиш орқали берилган маълумотлардан юқоридаги шартларда ва бир вақтнинг ўзида фойдаланиш имкониятига эга бўлмаса, оралиқ молиявий ҳисобот тўлиқ ҳисобланмайди. Қуйидаги маълумотлар одатда молиявий йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган даврга тақдим этилиши лозим:

(a) оралиқ молиявий ҳисоботда ҳам энг сўнгги йиллик молиявий ҳисоботда қўлланилган ҳисоб сиёсати ва усулларининг қўллангани тўғрисидаги баёнот ёки агар ушбу сиёсат ва усуллар ўзгарган бўлса, ўзгаришнинг характери ва таъсирининг тавсифи.

(б) оралиқ операцияларнинг мавсумийлиги ва даврийлиги тўғрисидаги тушунтириш изоҳлари.

(в) характери, кўлами ёки таъсири туфайли ғайриоддий бўлган активлар, мажбуриятлар, хусусий капитал, соф фойда ёки пул оқимларига таъсир қиладиган моддаларнинг характери ва суммаси.

(г) жорий молиявий йилнинг ўтган оралиқ молиявий ҳисоботида эълон қилинган ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришларнинг ёки ўтган молиявий йилларда эълон қилинган ҳиоб баҳоларидаги ўзгаришларнинг характери ва суммаси.

(д) қарз ва улушли қимматли қоғозларнинг чиқарилиши, қайта сотиб олиниши ва қайта тўланиши.

(е) оддий акцияларга ва бошқа акцияларга тўланган дивидендлар (жами ёки бир акцияга).

(ё) қуйидаги сегмент маълумотлари (агар 8-сон МҲХС "Операцион сегментлар"га мувофиқ ташкилотдан унинг йиллик молиявий ҳисоботида сегмент маълумотларини ёритиб бериши талаб этилса, унинг оралиқ молиявий ҳисоботида сегмент маълумотининг ёритиб берилиши талаб этилади):

(i) ташқи харидорлардан олинадиган тушумлар, агар улар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан кўриб чиқиладиган сегмент фойдаси ёки зарарини баҳолашга киритилган бўлса ёки бошқа йўл билан операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига мунтазам равишда тақдим қилинса.

(ii) сегментлар аро тушумлар, агар у операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органи томонидан кўриб чиқиладиган сегмент фойдаси ёки зарари таркибига кирса ёки бошқа йўл билан операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига мунтазам равишда тақдим қилинса.

(iii) сегмент фойдаси ёки зарари кўрсаткичи.

(iv) маълум бир ҳисобот сегменти учун активлар ва мажбуриятларнинг умумий миқдорий кўрсаткичи, агар бундай маълумотлар операцион қарорларни қабул қилувчи бошқарув органига мунтазам равишда тақдим қилинса ва ушбу ҳисобот сегменти учун энг сўнгги молиявий ҳисоботда ёритиб берилган сумма бўйича муҳим ўзгариш бўлса.

(v) сегментлаш асосида ёки сегментнинг фойда ёки зарарини баҳолаш асосида энг сўнгги молиявий ҳисоботдан фарқларининг тавсифи.

(vi) ҳисобот сегментлари фойдаси ёки зарари суммасининг умумий қиймати билан ташкилотнинг фойда солиғи харажати (фойда солиғи даромади) ва тугатилган фаолиятидан олдинги фойдаси ёки зарари cолиштирмалари. Лекин, агар ташкилот ҳисобот сегментларига фойда солиғи харажати (фойда солиғи даромади) каби моддаларни тақсимласа, ташкилот ушбу моддаларни ҳисобга олган ҳолда, сегмент фойдаси ёки зарари суммасининг умумий қиймати билан ташкилотнинг фойдаси ёки зарарини солиштириши мумкин. Муҳим фарқ қиладиган моддалар ушбу солиштирмада алоҳида аниқланиши ва тавсифланиши лозим.

(ж) оралиқ даврнинг молиявий ҳисоботида акс эттирилмаган оралиқ даврдан кейинги ҳодисалар.

(з) оралиқ давр мобайнида ташкилот тузилишидаги ўзгаришларнинг таъсири, жумладан, бизнес бирлашувлари, шуъба ташкилотлари ва узоқ муддатли инвестициялар бўйича назоратга эга бўлиш ёки унинг йўқотилиши, реструктуризациялар ва тугатилган фаолият турлари. Бизнес бирлашувлари ҳолатида, ташкилот 3-сон МҲХС "Бизнес бирлашувлари" талаб этган маълумотларни ёритиб бериши лозим.

(и) молиявий инструментлар учун 13-сон МҲХС "Ҳаққоний қийматни баҳолаш"нинг 91 - 93(ж), 94 - 96, 98 ва 99-бандлари ва 7-сон МҲХС "Молиявий инструментлар: маълумотларни ёритиб бериш"нинг 25, 26 ва 28 - 30 бандлари талаб этган ҳаққоний қиймат тўғрисида ёритиб бериладиган маълумотлар. Маълумотларни ёритиб бериш.

(й) 10-сон МҲХС "Консолидациялашган молиявий ҳисобот"да таърифланганидек, инвестиция ташкилотлари сифатида ташкил этилган ёки бундай бўлишдан тўхтаган ташкилотлар учун 12-сон МҲХС "Бошқа ташкилотлардаги улушларни ёритиб бериш" нинг 9Б-бандига мувофиқ ёритиб бериладиган маълумотлар.

(к) 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум"нинг 114 - 115 бандларида талаб этилган, харидорлар билан шартномалардан тушум бўйича батафсил маълумотлар.


17-18. [Чиқариб ташланган]



МҲХСларга мувофиқликни ёритиб бериш


19. Агар ташкилотнинг оралиқ молиявий ҳисоботи мазкур стандартга мувофиқ бўлса, ушбу маълумот ёритиб берилиши лозим. Оралиқ молиявий ҳисобот МҲХСларнинг барча талабларига мувофиқ бўлмагунча, у МҲХСларга мувофиқ деб тавсифланмаслиги лозим.



Оралиқ молиявий ҳисобот тақдим этилиши

талаб этилган даврлар


20. Оралиқ ҳисоботлар қуйидаги даврлар учун (қисқартирилган ёки тўлиқ) оралиқ молиявий ҳисоботни қамраб олиши лозим:

(a) жорий оралиқ даври охири ҳолатига молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисобот ва бевосита олдинги молиявий йил охири ҳолатига молиявий ҳолат тўғрисида қиёсий ҳисобот.

(б) жорий оралиқ давр учун ҳамда кумулятив тарзда жорий молиявий йил бошидан ҳисобот санасигача давр учун фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот, шу билан бирга, бевосита олдинги даврнинг қиёсий оралиқ даврлари учун (жорий ва йил бошидан ҳисобот санасигача) фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисобот. 1-сон БҲХС (2011 йил таҳририда)га мувофиқ, оралиқ ҳисобот ҳар бир давр учун фойда ёки зарар ва бошқа умумлашган даромад тўғрисидаги ҳисоботни ёки ҳисоботларни тақдим этиши мумкин.

(в) кумулятив тарзда жорий молиявий йил бошидан ҳисобот санасигача давр учун хусусий капиталдаги ўзгаришлар тўғрисидаги ҳисобот, шу билан бирга, бевосита олдинги даврнинг қиёсий йил бошидан ҳисобот санасигача давр учун қиёсий ҳисобот.

(г) кумулятив тарзда жорий молиявий йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган давр учун пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот, шу билан бирга, бевосита олдинги молиявий йилнинг қиёсий йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган давр учун қиёсий ҳисобот.


21. Фаолияти юқори даражада мавсумий бўлган ташкилотлар учун оралиқ даврининг охиригача ўн икки ой учун молиявий маълумотлар ва олдинги ўн икки ойлик давр учун қиёсий маълумотлар фойдали бўлиши мумкин. Шу туфайли, фаолияти юқори даражада мавсумий бўлган ташкилотлар олдинги бандда келтирилган маълумотларга қўшимча тарзда, бундай маълумотларни тақдим этишни кўриб чиқишлари маъқулланади.


22. Мазкур стандартнинг намунавий мисолларининг А қисмида ҳар ярим йилда ҳисобот тақдим этадиган ташкилотлар ва ҳар чоракда ҳисобот тақдим этадиган ташкилотлар томонидан тақдим этилиши талаб этилган даврлар тавсифланган.



Муҳимлик


23. Оралиқ молиявий ҳисоботда тақдим этиш мақсадларида моддани қандай тан олиш, баҳолаш, таснифлаш ёки ёритиб беришни ҳал қилишда, оралиқ даврнинг молиявий маълумотларига нисбатан муҳимлик баҳоланиши лозим. Муҳимликни баҳолашда оралиқ кўрсаткичлар йиллик молиявий маълумотлар кўрсаткичларига нисбатан ҳисоб баҳоларига кўпроқ даражада боғлиқ бўлиши мумкин.


24. 1-сон БҲХСда муҳим маълумот таърифи берилган ва муҳим моддалар, шунингдек тугатилган фаолият бўйича маълумотлар ёритиб берилиши талаб этилган ва 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"да ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар, хатолар ва ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича маълумотларни ёритиб бериш талаб этилган. Ушбу стандартлар муҳимликка нисбатан миқдорий кўрсатмани ўз ичига олмайди.


25. Муҳимликни баҳолашда доимо мулоҳаза қилиш талаб этилади, шу билан бирга мазкур стандарт оралиқ кўрсаткичларни тушунарли бўлиши учун тан олиш ва ёритиб бериш тўғрисидаги қарорни фақат оралиқ даврнинг маълумотларига асосланишини кўрсатади. Шунинг учун, масалан, ёритиб берилмаслиги натижасида чалғитадиган хулосаларни олдини олиш мақсадида, ғайриоддий моддалар, ҳисоб сиёсати ёки ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар оралиқ давр маълумотларига нисбатан муҳимлик асосида тан олинади ва ёритиб берилади. Пировард мақсад шуки, оралиқ молиявий ҳисобот ташкилотнинг оралиқ даврдаги молиявий ҳолатини ва молиявий натижаларини тушуниш учун ўринли бўлган барча маълумотларни қамраб олишини таъминлашдир.



Йиллик молиявий ҳисоботда

маълумотларни ёритиб бериш


26. Агар оралиқ даврда эълон қилинган қийматнинг ҳисоб баҳоси молиявий йилнинг охирги оралиқ даврида аҳамиятли даражада ўзгарса, лекин ушбу охирги оралиқ давр учун алоҳида молиявий ҳисобот эълон қилинмаса, ҳисоб баҳосидаги ушбу ўзгаришнинг характери ва суммаси ушбу молиявий йил учун йиллик молиявий ҳисоботга изоҳларда ёритиб берилиши лозим.


27. 8-сон БҲХС жорий даврда муҳим таъсирга эга бўлган ёки кейинги даврларда муҳим таъсирга эга бўлиши кутиладиган ҳисоб баҳосидаги ўзгаришнинг характерини ва (агар амалий имкони бўлса) суммасини ёритиб беришни талаб этади. Мазкур стандартнинг 16А(г) банди оралиқ молиявий ҳисоботда ҳам шундай маълумот ёритиб берилишини талаб этади. Мисол тариқасида, молиявий йилнинг олдинги оралиқ даврида тақдим этилган захиралар қийматини камайтиришлар, реструктуризация ёки қадрсизланишдан зарарларга оид охирги оралиқ давр ҳисоб баҳосидаги ўзгаришларни келтириш мумкин. Олдинги бандда талаб этилган маълумотларни ёритиб бериш 8-сон БҲХС талабига мос келади ва унинг қўллаш доираси тор бўлиб, фақат ҳисоб баҳосидаги ўзгаришга нисбатан қўллашни назарда тутади. Ташкилотдан унинг йиллик молиявий ҳисоботида қўшимча оралиқ даврнинг молиявий маълумотларини тақдим этиш талаб этилмайди.



Тан олиш ва баҳолаш


Йиллик ҳисоботдаги каби бир хил ҳисоб сиёсати


28. Ташкилот оралиқ молиявий ҳисоботга ҳам ўзининг йиллик молиявий ҳисоботида қўллаган ҳисоб сиёсатини қўллаши лозим, кейинги йиллик молиявий ҳисоботда акс эттириладиган ва энг сўнгги йиллик молиявий ҳисобот санасидан кейин ҳисоб сиёсатига киритилган ўзгаришлар бундан мустасно. Лекин, ташкилот ҳисоботининг даврийлиги (йиллик, ярим йиллик, чораклик) унинг йиллик фаолият натижаларини баҳолашига таъсир этмаслиги лозим. Ушбу мақсадга эришиш учун оралиқ ҳисобот бўйича моддаларни баҳолаш йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган давр учун бўлиши лозим.


29. Ташкилотдан оралиқ молиявий ҳисоботда йиллик молиявий ҳисоботда қўлланган ҳисоб сиёсатини қўллашни талаб этиш оралиқ давр баҳолашлари худди ҳар бир оралиқ давр мустақил ҳисобот даври каби амалга оширилгандек кўрсатиши мумкин. Лекин, ташкилот ҳисоботининг даврийлиги унинг йиллик натижаларини баҳоланишига таъсир этмаслиги сабабли, 28-банд оралиқ даврни кенг миқёсдаги молиявий йилнинг бир қисми эканини тан олади. Йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган даврга ўтказилган баҳолашлар жорий молиявий йилнинг олдинги оралиқ даврларида эълон қилинган суммаларнинг ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришларни ўз ичига олиши мумкин. Аммо, оралиқ даврлардаги активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатлар бўйича тан олиш тамойиллари йиллик молиявий ҳисоботдагидек бўлади.


30. Изоҳлаш учун:

(a) оралиқ даврдаги захиралар қийматини камайтиришлар, реструктуризация, қадрсизланишдан зарарларни тан олиш ва баҳолаш тамойиллари ташкилот фақат йиллик молиявий ҳисоботни тайёрлаганда риоя этадиган тамойиллар билан бир хил бўлади. Лекин, агар бундай моддалар бир оралиқ даврда тан олиниб ва баҳоланиб, ушбу молиявий йилнинг навбатдаги оралиқ даврида унинг ҳисоб баҳоси ўзгарса, дастлабки ҳисоб баҳоси навбатдаги оралиқ даврда қўшимча зарар суммасини ҳисоблаш орқали ёки олдин тан олинган суммани тикланиши орқали ўзгартирилади;

(б) оралиқ давр охирида актив таърифига жавоб бермайдиган сарф, у актив таърифига мос келишини акс эттирадиган келгуси маълумотларни кутиш учун ёки молиявий йилда оралиқ даврлар бўйича фойда кўрсаткичларини тенглаштириш учун молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда кечиктирилган сарфлар тарзида тан олинмайди; ва

(в) фойда солиғи харажатлари ҳар бир оралиқ даврда тўлиқ молиявий йил учун кутиладиган, ўртача тортилган йиллик фойда солиғи ставкасининг энг тўғри баҳосига асосланган ҳолда тан олинади. Агар йиллик фойда солиғи ставкасининг ҳисоб баҳоси ўзгарса, бир оралиқ даврда ҳисобланган фойда солиғи харажатларига ушбу молиявий йилнинг кейинги оралиқ даврида тузатиш киритилиши мумкин.


31. "Молиявий ҳисоботларни тақдим этишнинг концептуал асоси" (Концептуал асос) бўйича тан олиш бу молиявий ҳисоботнинг бирор элементи таърифига ва тан олиш мезонига жавоб берадиган моддани молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда ёки молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот(лар)да акс эттириш жараёнидир. Активлар, мажбуриятлар, даромадлар ва харажатларнинг таърифлари ҳам йиллик, ҳам оралиқ молиявий ҳисобот даврларида тан олишнинг фундаментал асослари ҳисобланади.


32. Оралиқ даврларда ҳам, ташкилотнинг молиявий йили охирида ҳам активларга нисбатан келгуси иқтисодий наф бўйича бир хил тестлар қўлланади. Ўз характерига кўра, молиявий йил охирида активлар сифатида таснифланмайдиган сарфлар оралиқ даврларда ҳам активлар сифатида таснифланмайди. Худди шундай тарзда, оралиқ ҳисобот даври охиридаги мажбурият, йиллик ҳисобот даври охирида акс эттирилгандек, ушбу санадаги мавжуд мажбуриятни акс эттириши лозим.


33. Даромад (тушум) ва харажатларнинг аҳамиятли жиҳати бу улар билан боғлиқ активлар ва мажбуриятларнинг келиб тушиши ва ҳисобдан чиқарилиши аллақачон амалга оширилганлигидадир. Агар бундай келиб тушишлар ва ҳисобдан чиқарилишлар содир бўлган бўлса, тегишли даромадлар ва харажатлар тан олинади; бошқа ҳолларда улар тан олинмайди. Концептуал асос актив ва мажбурият таърифига жавоб бермайдиган моддаларни молиявий ҳолат тўғрисидаги ҳисоботда тан олишга рухсат бермайди.


34. Ташкилот ўзининг молиявий ҳисоботида акс эттирилган активлар, мажбуриятлар, даромадлар, харажатлар ва пул оқимларини баҳолашда, ҳисоботни фақат йиллик асосда эълон қиладиган ташкилот молиявий йил давомида мавжуд бўлган маълумотларни ҳисобга олиши мумкин. Унинг баҳолашлари, умуман олганда, йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган давр учун амалга оширилади.


35. Ярим йиллик ҳисоботни тақдим этадиган ташкилот йил ўртасида ёки ундан кейинги қисқа муддатдан сўнг мавжуд бўлган маълумотлардан биринчи олти ойлик давр бўйича ўзининг молиявий ҳисоботида ҳамда йил якунида ёки ундан кейинги қисқа муддатдан сўнг мавжуд бўлган маълумотлардан ўн икки ойлик давр бўйича ўзининг молиявий ҳисоботида моддаларни баҳолашни амалга оширишда фойдаланади. Ўн икки ойлик давр учун моддаларни баҳолаш биринчи олти ойлик даврда тақдим этилган суммаларни ҳисоб баҳоларидаги эҳтимолий ўзгаришларни акс эттиради. Биринчи олти ойлик давр бўйича оралиқ ҳисоботда тақдим этилган суммаларга ретроспектив тарзда тузатиш киритилмайди. Лекин, 16А(г) ва 26-бандлар ҳисоб баҳоларидаги ҳар қандай аҳамиятли ўзгаришларнинг характери ва суммаси ёритиб берилишини талаб этади.


36. Ярим йилликдан кўра кўпроқ даврлар учун ҳисобот тақдим этадиган ташкилот молиявий ҳисоботнинг ҳар бир тўпламини тайёрлашда мавжуд бўлган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ҳар бир оралиқ давр учун даромадлар ва харажатларни йил бошидан ҳисобот санасигача бўлган давр учун баҳолайди. Жорий оралиқ даврда даромадлар ва харажатларнинг тақдим этилган суммалари молиявий йилнинг олдинги оралиқ даврларида тақдим этилган суммаларнинг ҳисоб баҳоларидаги ҳар қандай ўзгаришларни акс эттиради. Олдинги оралиқ даврларда тақдим этилган суммаларга ретроспектив тарзда тузатиш киритилмайди. Лекин, 16А(г) ва 26-бандлар ҳисоб баҳоларидаги ҳар қандай аҳамиятли ўзгаришларнинг характери ва суммаси ёритиб берилишини талаб этади.



Мавсумий, даврий ёки тасодифий олинадиган тушумлар


37. Молиявий йил давомида мавсумий, даврий ёки тасодифий олинадиган тушумлар, агар ташкилотнинг молиявий йили якунида олдиндан тан олиш ёки кечиктирилган модда тарзида акс эттириш ўринли бўлмаса, оралиқ сана ҳолатига олдиндан тан олинмаслиги ёки кечиктирилган модда тарзида акс эттирилмаслиги лозим.


38. Мисол тариқасида, дивиденд бўйича даромадлар, роялти ва давлат грантларини келтириш мумкин. Шунингдек, баъзи ташкилотлар изчил тарзда молиявий йилнинг муайян оралиқ даврларида бошқа оралиқ даврларига нисбатан кўпроқ тушумларни олиши мумкин, масалан, чакана савдо ташкилотининг мавсумий тушумлари. Бундай тушумлар, улар юзага келган пайтда тан олинади.



Молиявий йил давомида нотекис амалга оширилган сарфлар


39. Ташкилотнинг молиявий йил давомида нотекис амалга оширилган сарфлари, фақат ва фақат бундай сарфларни молиявий йил якунида олдиндан тан олиш ёки кечиктирилган модда тарзида акс эттириш ўринли бўлса, оралиқ ҳисобот мақсадларида олдиндан тан олиниши ёки кечиктирилган модда тарзида акс эттирилиши лозим.



Тан олиш ва баҳолаш тамойилларини қўллаш


40. Мазкур стандартда келтирилган мисолларнинг Б қисмида 28 - 39 бандларда белгиланган умумий тан олиш ва баҳолаш тамойилларининг қўлланиши бўйича мисоллар келтирилган.



Ҳисоб баҳоларидан фойдаланиш


41. Оралиқ молиявий ҳисоботда қўлланадиган баҳолаш тартиби тақдим этиладиган маълумотлар ишончли бўлишини ҳамда ташкилотнинг молиявий ҳолатини ёки молиявий натижаларини тушунишда ўринли бўлган барча муҳим молиявий маълумотлар тегишли тарзда ёритиб берилишини таъминлаши лозим. Йиллик ва оралиқ молиявий ҳисоботдаги моддаларни баҳолаш одатда асосланган ҳисоб баҳоларига асосланганлигига қарамай, оралиқ молиявий ҳисоботнинг тайёрланиши, умуман олганда, йиллик молиявий ҳисоботга нисбатан ҳисоб баҳолари усулларидан кўпроқ фойдаланишни талаб этади.


42. Мазкур стандарт намунавий мисолларининг В қисмида оралиқ даврларда ҳисоб баҳоларидан фойдаланиш бўйича мисоллар келтирилган.



Олдин тақдим этилган оралиқ

даврларнинг қайта ҳисобланиши


43. Ўтиш қоидаси бирор янги МҲХС томонидан белгиланган ўзгаришдан ташқари, ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш қуйидагича акс эттирилиши лозим:

(a) жорий молиявий йилнинг ўтган оралиқ даврлари бўйича ҳамда 8-сон БҲХСга мувофиқ йиллик молиявий ҳисоботда қайта ҳисобланадиган ҳар қандай ўтган молиявий йилларнинг қиёсий оралиқ даврлари бўйича молиявий ҳисоботни қайта ҳисоблаш орқали; ёки

(б) молиявий йилнинг бошида янги ҳисоб сиёсатининг барча олдинги даврларга нисбатан қўлланишининг кумулятив таъсирини аниқлашнинг амалий имкони бўлмаса, янги ҳисоб сиёсатини амалий имкони бўлган энг олдинги санадан бошлаб қўллаш учун жорий молиявий йилнинг олдинги оралиқ даврлари бўйича ҳамда олдинги молиявий йилларнинг қиёсий оралиқ даврлари бўйича молиявий ҳисоботга тузатиш киритиш орқали.


44. Олдинги бандда келтирилган тамойилнинг мақсади бутун молиявий йил давомида операцияларнинг маълум синфига нисбатан ягона ҳисоб сиёсатини қўлланишини таъминлашдир. 8-сон БҲХСга асосан, ҳисоб сиёсатидаги ўзгариш, ўтган даврнинг молиявий маълумотларини амалий имкони бўлган энг олдинги санага қайта ҳисоблаган ҳолда, ретроспектив тарзда қўллаш орқали акс эттирилади. Лекин, олдинги молиявий йилларга тегишли тузатишнинг кумулятив суммасини аниқлашнинг амалий имкони бўлмаса, 8-сон БҲХСга асосан янги ҳисоб сиёсати амалий имкони бўлган энг олдинги санадан бошлаб перспектив тарзда қўлланади. 43-банддаги тамойилнинг таъсири жорий йил давомида ҳисоб сиёсатидаги ҳар қандай ўзгариш ретроспектив тарзда қўлланишини ёки, агар бунинг амалий имкони бўлмаса, перспектив тарзда молиявий йилнинг бошидан кечиктирмасдан қўлланишини талаб этади.


45. Ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришларни молиявий йил давомида оралиқ сана ҳолатига акс эттиришга рухсат берилиши бир молиявий йил давомида операцияларнинг маълум синфига нисбатан икки хил ҳисоб сиёсатини қўллашга олиб келиши мумкин бўларди. Бунинг натижасида, оралиқ даврлар бўйича тақсимлаш қийинчиликлари, фаолият натижаларидаги янглишликлар ва оралиқ давр маълумотларининг таҳлили ва тушунарли бўлишида мураккаб вазиятлар юзага келиши мумкин бўларди.



Кучга кириш санаси


46. Мазкур стандарт ташкилотлар томонидан 1999 йил 1 январдан бошланадиган ёки ундан кейинги даврлар учун қўлланиши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллаш маъқулланади.


47. 1-сон БҲХС (2007 йил таҳририда) бўйича МҲҲСларда фойдаланилган атамалар ўзгартирилган. Шу билан бирга, бунда 4, 5, 8, 11, 12 ва 20 бандларга ўзгартиришлар киритилган, 13-банд чиқариб ташланган ва ва 11А бандлар киритилган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2009 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Агар ташкилот 1-сон БҲХС (2007 йил таҳриридаги)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


48. 3-сон МҲХС (2008 йилдаги таҳририда) бўйича 16(з) бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2009 йил 1 июль ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга нисбатан қўллаши лозим. Агар ташкилот 3-сон МҲХС (2008 йил таҳрири)ни олдинги давр учун қўлласа, мазкур ўзгартиришлар ушбу олдинги давр учун қўлланиши лозим.


49. 2010 йилнинг май ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"га асосан 15, 27, 35 ва 36-бандларга ўзгартиришлар киритилган, 15А - 15В ва 16А бандлар киритилган ва 16 - 18 бандлар чиқариб ташланган. Ташкилот мазкур ўзгартиришларни 2011 йил 1 январь ёки ушбу санадан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


50. 2011 йилнинг май ойида чоп этилган 13-сон МҲХСга асосан 16A(и) банд киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 13-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


51. 2011 йилнинг июн ойида эълон қилинган"Бошқа умумлашган даромад моддаларини тақдим этиш" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар) га асосан 8, , 11А ва 20 бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2011 йил июнда ўзгартирилган 1-сон БҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


52. 2012 йилнинг май ойида эълон қилинган "2009-2011 давр учун йиллик такомиллаштиришлар"га асосан, 1-сон БҲХС "Молиявий ҳисоботни тақдим этиш"га ўзгартиришлардан келиб чиққан натижавий ўзгартиришлар сифатида 5-бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


53. 2012 йил май ойида эълон қилинган "2009-2011 давр учун йиллик такомиллаштиришлар" бўйича 16А бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2013 йилнинг 1 январидан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


54. 2012 йилнинг октябр ойида эълон қилинган "Инвестиция ташкилотлари" (10-сон МҲХС, 12-сон МҲХС ва 27-сон БҲХСга ўзгартиришлар) га асосан 16А бандга ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзгартириш ташкилот томонидан 2014 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. "Инвестиция ташкилотлари"ни бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинги даврга нисбатан қўлласа, у шу даврга нисбатан "Инвестиция ташкилотилари"га киритилган барча ўзгартиришларни ҳам қўллаши лозим.


55. 2014 йилнинг май ойида эълон қилинган 15-сон МҲХС "Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум"га мувофиқ 15Б ва 16A бандларга ўзгартиришлар киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 15-сон МҲХС билан биргаликда қўллаши лозим.


56. 2014 йилда эълон қилинган "2012-2014 йиллар учун МҲХСлар бўйича йиллик такомиллаштиришлар"га мувофиқ 16А бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришни ретроспектив тарзда 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 2016 йилнинг 1 январидан ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврлар учун қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агарда ташкилот мазкур ўзгартиришни олдинги давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим.


57. 2014 йил декабрда эълон қилинган "Маълумотларни ёритиб бериш ташаббуси" (1-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 5 бандга ўзгартириш киритилган. Мазкур ўзгартириш ташкилот томонидан 2016 йил 1 январдан ёки ундан кейинги йиллик даврлар учун қўлланиши лозим. Ушбу ўзгартиришни бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади.


58. 2018 йилда эълон қилинган "МҲХСлардаги "Концептуал асос"га ҳаволаларга ўзгартиришлар" бўйича 31 ва 33 бандларга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2020 йил 1 январ ёки ундан кейин бошланадиган йиллик даврларга қўллаши лозим. Агар ташкилот бир вақтнинг ўзида "МҲХСдаги "Концептуал асос"га ҳаволаларга ўзгартиришлар" бўйича киритилган барча ўзгартиришларни қўлласа, бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Ташкилот 8-сон БҲХС "Ҳисоб сиёсати, ҳисоб баҳоларидаги ўзгаришлар ва хатолар"га мувофиқ 34-сон МҲХСга ўзгартиришларни ретроспектив тарзда қўллаши лозим. Лекин, ташкилот ретроспектив қўллаш амалий имконсиз ёки ортиқча сарф ёки ҳаракат талаб этилишини аниқласа, 34-сон МҲХСга киритилган ўзгартиришларни 8-сон БҲХСнинг 23 - 28, 50 - 53 ва 54Е бандларига мувофиқ қўллаши лозим.


59. 2018 йил октябр ойида эълон қилинган "Муҳимлик таърифи" (1-сон БҲХС ва 8-сон БҲХСга ўзгартиришлар) бўйича 24 бандга ўзгартириш киритилган. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 2000 йил 1 январь ёки ундан кейин бошланадиган даврлар учун перспектив қўллаши лозим. Бундан олдинроқ санадан бошлаб қўллашга рухсат этилади. Агар ташкилот ушбу ўзгартиришларни олдинроқ давр учун қўлласа, у ушбу фактни ёритиб бериши лозим. Ташкилот ушбу ўзгартиришларни 1-сон БҲХСнинг 7-банди ва 8-сон БҲХСнинг 5 ва 6-бандларидаги муҳимлик таърифига ўзгартиришлар билан биргаликда қўллаши лозим.


60. [Ушбу банд кучга кирмаган ўзгартиришларни назарда тутади ва шунинг учун ушбу таҳрирда келтирилмаган.]

          

          

-------------------------------------------------

*) Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари қўмитаси ўрнини Бухгалтерия ҳисобининг халқаро стандартлари Кенгаши эгаллаган бўлиб, у ўз фаолиятини 2001 йилда бошлаган.


**) Ушбу банд 2008 йилнинг май ойида эълон қилинган "МҲХСларга такомиллаштиришлар"га асосан, 34-сон БҲХСнинг қўллаш доирасини аниқлаштириш учун ўзгартирилган.

          

       

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2022 йил 13 декабрь