Ходимнинг “бизнесни ривожлантириш” учун харажатларини тўғри компенсация қилиш

preview

Корхона ходимларнинг мижозлар ва ҳамкорлар билан ишлаш харажатларини қоплаб беради. Бундай харажатларни қандай тўғри таснифлаш мумкин? Улар қандай ҳужжатлар билан расмийлаштирилади? Бунда корхонада ва ходимда қандай солиқ оқибатлари юзага келади? 

Саволларга “Норма” эксперти Ольга БУСАРОВА жавоб берди:

 

“Компания ходимларни тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш ва муносабатларни ўрнатиш учун компаниянинг бизнес ҳамкорлари ва мижозларини байрамларга, санаторийларга, товарлар ва хизматларни тарғиб қилиш тадбирларига таклиф қилишга рағбатлантиради. Шундан сўнг компания ходимларга қилинган харажатларни қатъий тақдим этилган чеклар бўйича қоплайди ва пулларни пластик картага ўтказиб беради. Агар раҳбар уларни ички тизим бўйича почта орқали маъқуллаган бўлса, компания бундай харажатларни вакиллик харажатлари сифатида таснифлайди. Ташриф қоғозлари, фотоҳисоботлар, расмий таклифномалар ва тадбирлар дастурларисиз - фақат буйруқ ва чеклар тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади”.

– Меҳнат кодексида ходимларга меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиш назарда тутилган :

  • хизмат сафарларида бўлганда;
  • сайёр ва кўчиб юриш хусусиятига эга ишларда, шунингдек дала шароитларида ёки вахта усулида ишлаганда;
  • иш берувчи билан олдиндан келишувга кўра бошқа жойдаги ишга кўчиб ўтганда;
  • иш берувчининг йўлланмаси билан касбий тайёргарликдан, қайта тайёрлаш, малака ошириш ва стажировкадан ўтганда;
  • ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда;
  • ходим мажбурий тиббий кўрикдан ўтганлиги муносабати билан;
  • ходим Кодекс 234-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларига мувофиқ фойдаланмаган йиллик меҳнат таътили учун;
  • иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ходимни огоҳлантириш муддати мутаносиб пул компенсацияси билан алмаштирилиши муносабати билан.

Агар ходим ишда ўз мол-мулкидан фойдаланса, унга амортизация харажатлари ва фойдаланиш харажатлари компенсация қилинади .

МКнинг 286-293-моддаларида назарда тутилмаган мақсадлар учун харажат ва тегишинча, ходимга пул маблағларини компенсация қилишни Меҳнат кодекси тўғридан-тўғри назарда тутмайди. Бироқ, жамоа шартномасига ёки бошқа ички ҳужжатларга бошқа компенсация тўловлари ҳам киритилиши мумкин .

Кўриб турганимиздек, меҳнат тўғрисидаги қонунчилик иш берувчига сиз “вакиллик харажатлари” деб номлаган харажатларни қоплаш мажбуриятини юкламайди. Бироқ уни қоплашни тақиқламайди ҳам, башарти бу жамоа шартномасида тасдиқланган бўлса.

Эътибор беринг
Солиқ агентларининг жисмоний шахслар фойдасига қилган вакиллик харажатлари солиқ тўловчининг даромадлари сифатида қаралмайди .

Бунда, бугунги кунда норматив ҳужжатларда “вакиллик харажатлари” тушунчаси белгиланмаган. Корхона мустақил равишда ички ҳужжат - Вакиллик харажатлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолда харажатларни СКнинг 305-моддасига мувофиқ фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириладиган харажатлар деб эътироф этиш учун ушбу харажатлар:

1) ҳужжат билан тасдиқланган, яъни қуйидаги тарзда расмийлаштирилган бўлиши керак:

  • Ўзбекистон қонунчилиги ёки улар чиқим қилинган ҳудуддаги чет давлат қонунчилигига мувофиқ;
  • ўзгача шаклда, шу жумладан - хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ, йўл ҳужжатлари, шартномага мувофиқ кўрсатилган хизмат тўғрисида ҳисобот билан;

2) иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган бўлиши, яъни ҳеч бўлмаганда қуйидаги шартлардан бирига мувофиқ келиши керак:

  • даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;
  • шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаб туриш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ёхуд хизмат қилса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси аниқ асосланган бўлса;
  • қонун ҳужжатларининг қоидаларидан келиб чиқса.

Энди юқорида баён этилган вазиятга қайтамиз. Корхонада бундай харажатлар етарли даражада ҳужжатлар билан тасдиқланмаганлиги саволнинг ўзидан маълум бўлмоқда. Уларни иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган дейиш ҳам мушкул:

  • қонунчилик корхонага ходимларга мижозлар ва ҳамкорлар билан умумий овқатланиш шохобчалари ва санаторийларга ташриф буюришга қилган харажатларини компенсация қилиш мажбуриятини юкламайди;
  • ишлаб чиқариш жараёни, хом  ашё, товарлар ва ҳ.к.ни сотиб олиш аниқ равишда даромад олишга қаратилган фаолият ҳисобланади;
  • харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан алоқаси кўринмайди.

Шу боис ходимларга кўрсатилган тўловларни қуйидагича таснифлаш тўғрироқ бўлади:

  • моддий наф тарзидаги даромадлар , агар ходимлар онда-сонда бундай даромадлар олса;
  • меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар , агар тўловлар мунтазам бўлса.

 

Солиқ оқибатлари

ЖШДС

Ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадларидан ЖШДС ушлаб қолинади .

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ЖШДС ушлаб қолинади ва ижтимоий солиқ ҳисоблаб чиқилади .

 

Фойда солиғи

Иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаган харажатлар ҳақида юқорида ёзилди.

Яна бир бор эслатиб ўтамиз: қуйидагилар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига киритилади:

  • солиқ тўловчининг жисмоний шахснинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланган харажатлари ;
  • даромад олишга қаратилган фаолият билан боғлиқ бўлмаган харажатлар .

 

ҚҚС

Вакиллик харажатлари учун товарларни (хизматларни) харид қилишда тўланган ҚҚС суммалари ҳисобга олинмайди .

 

 

 

 

ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ ЖШДС ва ижтимоий солиқ /uz/publish/doc/text179407_hodimning_biznesni_rivojlantirish_uchun_harajatlarini_kompensaciya_qilish