Резидентга айланган чет эллик ходимнинг даромадига ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш мумкинми

preview

Кўп компанияларда Ўзбекистоннинг резидентига айланган чет эллик мутахассислар ишлайди. Уларнинг фарзандлари хусусий мактабларда ўқишади. 

Бундай ходимларга СКнинг 378-моддасига асосан мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида таълим олиш учун тўлов бўйича имтиёз татбиқ этиладими? Буни Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ “Норма” учун махсус тушунтирди:

 

– Норезидентлар бўлган жисмоний шахсларнинг даромадларига ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилмайди .

Агар сизнинг чет эллик ходимларингиз солиққа доир мақомни аниқлаш мезонларига риоя қилинишини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистоннинг резидентларига айланган бўлса, уларнинг даромадларига ЖШДС бўйича имтиёз, хусусан – СКнинг 378-моддаси 16-банди билан белгиланган имтиёз қўлланилади.

Фарзандларига нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва (ёки) мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ота-она (фарзандликка олувчилар) томонидан тўловга йўналтириладиган ходимларнинг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммасига – ҳар бир фарзанд учун ойига 3 млн сўм доирасида ЖШДС солинмайди.

Ушбу мақомни жорий йилнинг 1 апрелига қадар олган Ўзбекистоннинг резиденти бўлган чет эл жисмоний шахси, унинг даромадларидан ЖШДС ушлаб қолиниши ёки ушлаб қолинмаслигидан қатъи назар, жами йиллик даромад тўғрисидаги декларацияни тақдим этиши шарт .

Резидентлар бўлган жисмоний шахслар учун декларацияда кўрсатиладиган жами даромад Ўзбекистондаги ва унинг ҳудудидан ташқаридаги манбалардан ҳисобот (солиқ) даври мобайнида олинган даромадлардан иборатдир.

Декларация СКнинг 397-моддасида назарда тутилган тартибда ва муддатларда тақдим этилади.

Резидент бўлган ходим бундай ҳуқуққа эга бўлган, лекин уни қўлламаган давр учун ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаш учун у декларация билан бирга солиқ органларига ўз фарзандларига Ўзбекистоннинг нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар кўрсатадиган таълимга оид хизматлар учун ҳақиқатда тўловни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни (чеклар, квитанциялар ва ҳоказо) тақдим этиши керак.

 

Мавзуга доир материаллар: