Чет эллик мутахассислар масофадан туриб ишлаганда нималарни инобатга олиш зарур

preview

Масофадан туриб ишлайдиган ва маош оладиган чет эллик мутахассисни ташкилотга ишга қабул қилмоқдалар.

«Profi Training» бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) расмийлаштириш вариантига (меҳнат шартномаси ёки ФҲШ) қараб барчасини қандай тўғри расмийлаштириш, бунинг солиқ оқибатлари қандай бўлиши ҳақида махсус buxgalter.uz учун тушунтириш берди:

 

– Чет эллик жисмоний шахс Ўзбекистон юридик шахслари билан меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузиб, улар учун ишлар ва хизматларни масофадан туриб бажариши мумкин. Иккала вариантни кўриб чиқамиз.

 

1. Меҳнат шартномаси тузилган бўлса

Чет эл фуқаролари билан меҳнат муносабатлари Меҳнат кодекси ва 20.10.2020 йилдаги 642-сон ЎРҚ билан тартибга солинади.

Хорижда туриб масофавий шаклда, меҳнат шартномаси бўйича ишловчи ходим Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқлаши керак эмас .

Чет эллик ходим аналогик шароитларда ишловчи Ўзбекистон фуқаролари каби имтиёзлар, ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эга  .

Чет эллик ходимни штатга қабул қилаётганда унга my.mehnat.uz тизимида меҳнат дафтарчасини очинг . Ходимнинг корхонадаги барча лавозим ўзгаришлари меҳнатни ҳисобга олиш тизимида акс эттирилиши керак.

Эътибор беринг

Чет эл фуқароси ЖШШИРни Давлат хизматлари маркази ёки ИИБнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими орқали олиши лозим.

Бунинг учун қуйидагилар талаб этилади:

  • паспортнинг сканерланган нусхаси;
  • электрон кўринишдаги оқ фондаги фотосурат;
  • ишончнома (чет эл фуқароси учун ЖШШИРни вакил олганда).

Ходим билан тузиладиган меҳнат шартномасида иш, дам олиш вақти, меҳнат таътилини бериш ва меҳнатнинг бошқа шартлари, шу жумладан алоҳида шартларни қайд этинг . Масофадан туриб ишлашига қарамай, унга нисбатан иш берувчининг иш режимида назарда тутилган барча мажбуриятлар татбиқ этилади.

Ходим ва иш берувчи турли минтақаларда бўлса, иш берувчида бундай ходимнинг иш вақтини назорат қилиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Шу сабабли иш берувчи ишланган соатларга эмас, балки ходимнинг корхона фаолиятига қўшган ҳиссаси натижаларига бевосита боғлиқ бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини танлагани маъқул:

  • ишбай тўлов тизими;
  • тарифсиз тизим;
  • ўзгарувчи маош тизими.

Иш ҳақини ҳисоблаш учун бирламчи саналадиган ички ҳужжатни ишлаб чиқинг. Бунга ҳисобга олиш дастурида (1С, 1UZ ва ҳ.к.) назарда тутилган иш вақти ҳисобини юритиш табели тўғри келмайди.

Эътибор беринг

Иш ҳақининг чет эл валютасида тўланиши Ўзбекистон ҳудудида рухсат этилган ҳисоб-китоблар сирасига кирмайди  . Қуйидагиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бундан мустасно:

  • тузилган шартномалар доирасида «LG CNS Uzbekistan» ҚКга ишга жалб этилган чет эл фуқаролари ;
  • Ислом Каримов номидаги ТДТУ ҳузуридаги Ўзбекистон-Япония ёшлар инновация марказининг чет эллик ходимлари .

Иш ҳақини ходимнинг пластик картасига ўтказинг. Ходим уни олганда мустақил равишда ўзига зарур валютага айирбошлаб олади.

Корхона локал ҳужжатларга мувофиқ ходимларга мукофотлар, бонуслар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловларни тўлаши мумкин. Чет эллик ходимга ҳам таътил пули, тунги соатларда ва дам олиш кунлари, ишдан ташқари вақтда ишлагани учун тўловлар ҳисобланади ва тўланади. Тўловлар корхонанинг бирламчи ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.

Корхона чет эл фуқаросининг ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини ҳисоблаш ва тўлаш ёки вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги учун ҳақ тўлаш мақсадида бошқа давлатда ёзиб берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини асос қилиб ололмайди. Бироқ, ходим бошқа давлатда бўлган пайтида касал бўлиб қолса, иш берувчи унинг даволаниш, дори-дармон ҳақини қоплаши – молиявий ёки моддий ёрдам кўрсатиши мумкин. Бундай тўловлар тизимини корхонанинг локал ҳужжатларида қайд этиб, ходимни улар билан таништиринг.

 

Солиқ солиш

Иш берувчи корхона солиқ агенти сифатида солиқ базасидан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ходимнинг ЖШДСни ҳисоблаб чиқариши, ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши керак . Резидентлар ва норезидентлар учун ЖШДС ставкаси 12%ни ташкил этади  . Жисмоний шахслар – юқори малакали мутахассислар учун 2023 йил 1 январгача белгиланган ставканинг 50%и миқдорида ЖШДСнинг имтиёзли ставкаси – 6% амал қилади .

Ходим Ўзбекистонда бўлмай, масофадан туриб ишлаши боис жорий солиқ даврида резидентга айланмаслиги мумкин. Бу ҳолда унинг даромадларига у резиденти бўлган давлат билан Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларини ҳисобга олган ҳолда солиқ солинади .

Тўлов манбаида ЖШДСни ушлаб қолмасдан ёки пасайтирилган солиқ ставкасини қўллаган ҳолда даромад тўлаш мумкин. Бунинг учун ходим солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни компанияга тақдим этиши керак. Бундай ҳужжатга қўйиладиган талаблар СК 358-моддасида белгиланган.

 

2. Чет эллик мутахассис ФҲШ бўйича ишлаётган бўлса

Бу ҳолда у билан буюртмачи корхона ўртасидаги муносабатлар Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади. Бунда чет эл фуқароси ўзини ўзи банд қилган ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши керак эмас.

Корхона ФҲШ бўйича ходимга меҳнат дафтарчасини очмайди, шартномада белгиланган ҳақ суммасидан ташқари бошқа даромадлар ёки тўловлар бўйича ҳеч қандай мажбуриятларни зиммасига олмайди, ходимнинг иш режимини назорат қилмайди. Чет эллик мутахассис солиқ ҳисоботини топшириш учун ЖШШИР олиши керак.

Бундай ижрочининг хизматлари бир марталик тусга эга бўлиши керак. ФҲШ узоқ муддатга тузилса, мазкур чет эл фуқароси учун рухсатнома олиш зарур.

 

Кўрсатилган хизматлар учун ҳақ шартномада кўрсатилиши ва чет эл валютасида тўланиши мумкин.

Агар бу шартномада назарда тутилмаган бўлса, буюртмачи ҳар ой ҳақ тўлаш мажбуриятига эга бўлмайди. ФҲШ бўйича ижрочига тўланадиган барча тўловлар иккала тараф имзолаган бажарилган ишлар далолатномаси билан тасдиқланиши керак. Ҳужжатлар электрон кўринишда расмийлаштирилиши ва исталган мессенжерлар, электрон почта орқали юборилиши мумкин.

Буюртмачи кўрсатилган хизматлардан қониқмаса, ижрочи нуқсонларни бартараф этмагунча ҳақ тўланмайди.

Шартнома валютада тузилган бўлса, уни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказиш лозим. Бажарилган ишлар далолатномаси ҳам ишлар бажарилишига, хизматлар кўрсатилишига қараб, шартномада белгиланган ишлар, бажариш муддатлари ва суммаларни «ёпиб» рўйхатдан ўтказилади.

 

Солиқ солиш

ЖШДС солиш мақсадида ФҲШ бўйича тўлов меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга тенглаштирилади . Буюртмачи ҳақ суммасидан ижтимоий солиқ тўлайди , тўлов манбаида ЖШДС ҳисоблаб чиқаради, ушлаб қолади ва бюджетга ўтказади.

Бу ҳолда ҳам иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш тўғрисидаги халқаро шартнома бўйича преференциядан фойдаланиш – солиқни пасайтирилган ставкада ушлаб қолиш ёки тўловларга Ўзбекистонда солиқ солмаслик мумкин. Ижрочи ҳам солиқ резидентлигини тасдиқловчи ҳужжатни буюртмачига тақдим этиши керак. Унга қўйиладиган талаблар СК 358-моддасида белгиланган.

Эътибор беринг

ФҲШ бўйича бажарилган ишлар учун ҚҚС ҳисобланмайди.

СКда чет эллик жисмоний шахслар кирмайдиган ҚҚС тўловчиларнинг ёпиқ рўйхати белгиланган . Бинобарин, чет эллик жисмоний шахсдан хизматларни олувчи ҚҚС бўйича солиқ агенти деб тан олинмайди.

 

Шартномаларнинг турлари бўйича солиқ солиш жадвали:

Т/р

Шартноманинг тури

ЖШДС

ШЖБПҲ

Социальный налог

НДС

1

Меҳнат шартномаси

 

 

 

 

 

Юқори малакали мутахассис

6%

Йўқ (хоҳишга кўра)

12%

Нет

 

Оддий мутахассис

12%

Йўқ (хоҳишга кўра)

12%

Нет

2

ФҲШ

12%

Йўқ

12%

Нет