Февраль ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Онлайн-НКМ чекида комитентнинг товарини сотиш, бўнак ва бўлиб-бўлиб тўлаш қандай акс эттирилади
![Онлайн-НКМ чекида комитентнинг товарини сотиш, бўнак ва бўлиб-бўлиб тўлаш қандай акс эттирилади preview](https://static.buhgalter.uz/free/publish_img_free.jpg)
ДСҚ онлайн-НКМ чекларида комитентнинг товарини бўнак тўлови ёки бўлиб-бўлиб тўлаш билан (кредитга) сотишни акс эттириш имконини берадиган янги техник ечимни жорий қилмоқда. ДСҚ Ахборот-коммуникация технологиялари департаменти бошлиғи Ҳаётжон НАСРУЛЛОЕВ бу ҳақда батафсил гапириб берди:
- Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар аҳоли билан барча пуллик ҳисоб-китобларда қўлланилиши керак. Тадбиркорлик субъекти товарлар ва хизматларнинг чакана харидоридан ҳар гал пул қабул қилишда, у онлайн-НКМ (виртуал касса) чекини бериши керак . Онлайн-НКМ ва виртуал кассалар сотувлари тўғрисидаги маълумотлар айланмадан олинадиган солиқ ва ҚҚС ҳисоб-китобларида автоматик тарзда акс эттирилади. Улар асосида солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинетида сотувлар бўйича аналитика шакллантирилади.
Сўнгги бир неча ойларда бундай имконият фақат товарларни воситачилик шартномаси, бўлиб-бўлиб тўлаш асосида, шунингдек бўнак тўловини қўллаган ҳолда реализация қиладиган тадбиркорлик субъектларида мавжуд эмасди. Энди улар ушбу функциядан фойланишлари мумкин.
Ундан фойдаланиш учун ўзингизнинг ТХКМга мурожаат қилинг ва онлайн-НКМ ёки виртуал кассани қайта созланг, шунингдек кассирларни ўқитинг.
Мазкур тоифадаги тадбиркорлар янги функционал билан солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда онлайн-НКМ бўйича маълумотлар тўғри акс эттирилиши учун бир томонлама ЭҲФ тақдим этишлари зарур бўлади, барча маълумотлар автоматик тарзда “ўтиради”.
Бу қандай ишлайди
Чекларга иккита янги реквизит киритилмоқда:
- комитентнинг СТИРи/ЖШШИРи (воситачилик шартномаси асосида реализация қилинган товарлар учун);
- тўлов тури.
Мисол учун, чек бўйича учта турли товар реализация қилинган, улардан бири - воситачилик шартномаси асосида. Воситачилик товари остида комитентнинг СТИРи/ЖШШИРини кўрсатиш зарур бўлади.
Онлайн-НКТ тизими товар қийматини автоматик тарзда комитентнинг солиқ бўйича ҳисоботига жўнатади.
Тўлов тури - барча товарлар учун мажбурий реквизит. Қуйидаги 4 та турдан бирини танлаш лозим:
- сотиш;
- қайтариш;
- бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит);
- бўнак.
Тўлов тури |
Қачон танлаш керак |
Сотиш |
Харидор сотувчи билан ҳисоб-китобларда қийматини тўлиқ тўлайди ва товарни (хизматни) олади. Бундай чекнинг “Товарнинг нархи/қиймати” устунида кўрсатилган барча суммаси солиқ бўйича ҳисоб-китобда автоматик тарзда ўтиради |
Қайтариш |
Харидор илгари сотиб олинган товарни, сотувчи эса - товарга ҳақ тўлаш ҳисобига қабул қилинган пулларни қайтаради. Солиқ базаси қайтариш амалга оширилган ҳисобот даврида қайтариш чекида кўрсатилган суммага камаяди |
Бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) |
Сотувчи харидордан бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) шартномаси асосида тўловни қабул қилади. Сотувчи биринчи чекда кредит шартномасининг тўлиқ қийматини кўрсатади ва у автоматик тарзда ҳисоб-китобда ўтиради. Кейинги тўловларни қабул қилишда чекда харидор томонидан тўланаётган сумма кўрсатилади, ушбу чеклар бўйича маълумотлар эса солиқлар бўйича ҳисоб-китобларда энди ўтирмайди. |
Бўнак |
Сотувчи ва харидор бўнак тўловини қўллаган ҳолда ҳисоб-китобни амалга оширади. Солиқ бўйича ҳисоботда харид учун тўлиқ ҳисоб-китоб ҳолати бўйича чек ўтиради. Унда “Товарнинг нархи/қиймати” устунида сотувчи харидор томонидан шартнома асосида тўланган барча суммани кўрсатади” |
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади