Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб квитанция маълумотларини онлайн-НКМ ёки виртуал кассага олиб ўтиш мумкин
Агар онлайн-НКМ ёки виртуал касса носоз бўлса, харидорлардан пулларни махсус квитанциялар дафтарчасидан квитанциялар берган ҳолда қабул қилишга йўл қўйилади. Кассанинг ишини тиклагач, тадбиркорлик субъекти 1 иш куни мобайнида амалга оширилган сотувлар тўғрисидаги маълумотларни онлайн-НКМга (виртуал кассага) киритиши керак.
Ушбу ахборотни қандай тўғри олиб ўтиш керак? Квитанциялар бўйича реализация қилиш суммасига битта чек уриш мумкинми?
Buxgalter.uz илтимосига биноан вазиятни “RIG” МЧЖ директори Рустам ЁҚУБОВ тушунтирди:
– Онлайн-НКМ тўғрисида Низомда тадбиркорлик субъектининг онлайн-НКМ ёки виртуал касса созлангандан ёки захирадаги касса ўрнатилгандан сўнг квитанциялар асосида амалга оширилган савдолар тўғрисидаги маълумотларни унга киритиш мажбурияти бириктирилган . Аммо ушбу ахборотни қай тарзда олиб ўтиш юзасидан аниқ йўриқнома мавжуд эмас. Мазкур масала тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрига кўра амалга ошириладигандек туюлади. Бироқ мазкур вазифани ҳал қилишда ўзига хос жиҳатлар мавжуд, уларни албатта инобатга олиш лозим.
Моҳиятига кўра, ҳар бир берилган квитанция чекнинг ўрнини босади. Ахборотни қоғоз шаклидан онлайн-НКМ ёки виртуал касса тизимига олиб ўтиш чоғида ҳар бир квитанцияга алоҳида чек шакллантириш тўғри бўлади.
Солиқ ҳисоботлари ва онлайн-НКМда шакллантирилган ахборотда бузиб кўрсатиш бўлмаслиги учун буни амалга ошириш муҳимдир.
Нима учун квитанциялар бўйича бутун реализацияга битта чек уриш эмас, балки ҳар бир квитанцияга алоҳида чек уриш тўғрироқ бўлади? Биринчидан, харидор сиздан касса чекинини талаб қилиши мумкин. Ҳа, сиз савдо пайтида квитанция бергансиз, бироқ харидор Soliq мобиль иловаси ёрдамида кешбэк олмоқчи, бунинг учун эса унга онлайн-НКМ ёки виртуал касса чеки керак бўлади. Кассангизнинг иши тикланганидан сўнг харидор сизга касса чекини бериш учун мурожаат қилишга ҳақли. Квитанциялардан савдолар бўйича ахборотни олиб ўтишда сиз квитанцияларнинг умумий суммасига чек урдингиз, мижоз эса ўзининг хариди учун чек талаб қиляпти, деб фараз қиламиз. Агар харидорга чек урсангиз, сизда солиқ ҳисоботида сумма ошириб кўрсатилади.
Иккинчидан, ҳар бир квитанцияга чек урган ҳолда чекда товарлар рўйхати ва уларнинг МХИКни акс эттириш тўғрисидаги талабни бажариш осонроқ бўлади. Масалан, агар ўзингизни ортиқча уринтирмай, умумлаштирилган чекда барча товарларни бир сатр билан ёзсангиз (мисол учун, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший техника ва ҳоказо) – сиз қонун ҳужжатлари талабини бузасиз . Ҳар бир позицияни битта чекда уриш эса мураккабдир. Агар ҳар бир квитанцияга алоҳида чек шакллантирилса, вазифани бажариш имконияти ошади.
Квитанциянинг шаклида МХИК учун устун мавжуд. Унинг тўлдирилиши юзасидан эътироз мутлақо асосли бўлади. Қандай қилиб сотувчи ҳар бир товар учун МХИКни ёдда сақлаши мумкин? Агар маълумотномадан қидиришни бошласа – навбатда турган мижозларнинг норозилигига сабаб бўлади. Квитанциядаги МХИК устунини тўлдирмасдан қолдириш мумкин, деб ҳисоблайман. Асосийси, ёзув бўйича қандай товар ҳақида гап бораётганлиги тушунарли бўлиши керак. Чекни шакллантириш чоғида эса товарнинг номини танлайсиз ва касса товарнинг МХИК сатрини автоматик тарзда тўлдиради.
Агар сизнинг ассортиментингизда улар бўйича товарни ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчидан то якуний истеъмолчига қадар кузатиб бориш тўғрисидаги норма амал қилувчи мажбурий рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарлар (мисол учун, сигаретлар, алкоголь) мавжуд бўлса, ҳеч қандай ҳолда эътибордан четда қолдирмаслик лозим бўлган яна битта жуда муҳим жиҳат мавжуд. Бундай товарларни квитанциялар дафтарчасини қўллаган ҳолда қандай сотиш кераклиги юзасидан йўриқномалар ҳозирча йўқ. Кассани ўрнатмагунларича савдо тўхтатиб турилмайди-ку! Боз устига харидор келган бўлса. Сизга бундай тарзда ҳаракат қилишни маслаҳат бераман:
- рақамли маркировкаланиши лозим бўлган товарнинг ҳар бир қадоғидаги Data Matrixни смартфонга фотосуратга олинг;
- сурат қандай олинганлигини дарҳол текширинг. Кейинчалик штрих-код сканер ёрдамида ўқилиши учун у аниқ бўлиши керак;
- фотосурат қайси квитанцияга тегишли эканлиги юзасидан ўзингиз учун белги қўйинг;
- ахборотни квитанциядан онлайн-НКМга киритиш чоғида фотосуратдан Data Matrixни сканер қилган ҳолда, ҳар бир чекни алоҳида уринг.