Солиқ назорати кучайтирилади

preview

Жорий йил 4 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги Президент Шавкат Мирзиёевнинг чиқишидан ана шундай хулоса чиқариш мумкин.                

I чоракда республика бюджетига тушумлар прогнози тўлиқ ҳажмда бажарилди. Даромадлар ўтган йилнинг мос давридаги тушумларга нисбатан 2 баробар кўп ўсди. Шунга қарамай, Президент мавжуд резервларни кўрсатиб, давлат бюджетига тушумлар суръати ва ҳажми қониқарсиз даражада эканлигини таъкидлади.

Резервлар сирасига қуйидагилар киради:

  • барча ҳудудий тузилмаларнинг прогноз топшириқларни тўлиқ бажариши. Биринчи чоракда, хусусан, республиканинг 9 та тумани ва шаҳари, Тошкентнинг 11 та туманидан 7 таси уларни бажармаган. Ушбу туманлар солиқ инспекциялари раҳбарлари лавозимларидан озод этилди. ДСҚга қатор туман ва шаҳар солиқ идоралари раҳбарларининг лавозимига лойиқлигини танқидий кўриб чиқиш топширилди;  
  • барча тадбиркорларнинг соядан чиқиши;
  • солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш.

Президент ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш механизмларини соддалаштириш заруратини ҳам қайд этди. Йил бошидан ҚҚС тўловчилари сони қарийб 5 бараварга ошган. Бироқ солиқ ҳисоботларини тузиш мураккаблиги сабабли янги тизимга ўтган 26 мингта корхонадан 9 мингтаси уларни топшира олмаган.   

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, юқорида кўрсатилган муаммолар ўз вақтида бартараф қилинса, йил охирига қадар бюджетга қўшимча камида 6 трлн сўм тушишини таъминлаш мумкин.

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий мақсади солиқ юкини тенг тақсимлашдан иборат. Давлатимиз раҳбари солиқ ислоҳотларини самарали амалга ошириш учун жуда кўп вазифалар турганини таъкидлади.

Вазирлар Маҳкамаси ва ДСҚга бир ой муддатда солиқ ислоҳотларини амалга оширишда вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда экспорт, божхона тартиб-таомиллари масалалари ҳам кўтарилди, бу ҳақда norma.uz сайтида ўқинг.