Давлат органлари карантинга доир саволларга жавоб берадилар – 3

preview

Коронавирус инфекцияси пандемияси муносабати билан берилган имтиёзларни қўллаган ҳолда солиқларни қандай тўлаш мумкин?  Карантин пайтида қандай қилиб ходимларга тўғри таътил бериш ва иш ҳақини тўлаш мумкин? Вuхgalter.uz шу ва бошқа саволларга жавобларни эътиборингизга ҳавола этади.

Музаффар НАЗАРОВ,  ДСҚ бошқармасининг бошлиғи:

Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда солиқлар ва иш ҳақи тўлагандан кейин счётларида маблағ етмагани туфайли иш ҳақини тўлаш билан боғлиқ қийинчиликлар юзага келмоқда. Нима сабабдан Ўзбекистонда, кўплаб бошқа мамлакатларда бўлганидек, карантин пайтида ижтимоий солиққа доир имтиёзлар, шунингдек даромад солиғи ва ҚҚСни тўлаш бўйича имтиёзлар жорий этилмади ёки уларни тўлаш муддати кечиктирилмади?

– Тадбиркорларга имтиёз ва преференциялар бериш тўғрисида Президентнинг иккита фармони қабул қилинган.

Жорий йил 19 мартдаги 5969-сон Фармонга мувофиқ, солиқ имтиёзларини бериш тўғрисида 11 та норма қабул қилинди: уларнинг учтаси жисмоний шахслар; 8 таси тадбиркорлар учун мўлжалланган.

3 апрелдаги 5978-сон Фармон билан солиқ имтиёзлари ва преференциялари билан бевосита боғлиқ бўлган яна 12 та норма жорий этилди.

Хусусан:

  • мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни тўлаш 6 ой муддатга кечиктирилади ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби жорий этилади;
  • айрим соҳа корхоналари (масалан, туризм) йил охиригача ер ва мол-мулк солиқларини тўламайдилар, ижтимоий солиқни белгиланган 12% ўрнига 1%лик ставкада тўлайдилар;
  • айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган кичик бизнес ҚҚСни ҳар ойда эмас, балки чоракда бир марта тўлайди;
  • товарлар реализациясидан тушум 50%дан кўпроққа камайган тақдирда ижтимоий солиқ тўлови 1 октябрга қадар кечиктирилади, кейин эса тўлов 6 ой давомида тенг улушларда тўланади.

Ушбу имтиёзлардан фойдаланиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали солиқ органларига ариза йўлланг.

Менга тегишли кўчмас мулкдан фойдаланмаётганим сабабли унга ер ва мол-мулк солиғининг оширилган ставкасида солиқ солинади. Эшитишимча, Президентнинг янги Фармони билан фойдаланилмаётган бинолар учун мол-мулк ва ер солиғини оширилган ставкада ҳисоблаш тўхтатилибди. Ушбу масала юзасидан ким билан боғланишимиз керак?

– Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони билан фойдаланилмаётган объектларга 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар мол-мулк солиғи ва ер солиғини оширилган ставкаларда ҳисоблаш тартиби тўхтатилди.

Шунингдек ушбу солиқлар бўйича қарздорликка нисбатан пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилади.

Ушбу имтиёзлардан фойдаланиш учун нима қилиш керак? Ҳеч нима қилиш керак эмас, улар автоматик равишда тақдим этилади.

2019 йилда корхонамиз айланмаси 5 млрд сўмдан ошгани сабабли солиқ органлари 2019 йил IV чорагидаги даромад солиғи суммасидан келиб чиқиб 2020 йил I чораги учун бўнак тўловларини жорий этдилар. 2020 йил 20 мартдан карантин туфайли савдо айланмамиз қисқарди. 2020 йил I чорагида ҳисобланган солиқ суммаси сабабли II чорак учун даромад солиғи бўйича бўнак тўлови йиғими компанияда молиявий муаммони юзага келтиради. 19 мартдаги қарорда мазкур ҳолатда биздек корхоналар учун истисно назарда тутилмаган. 

– СК 340-моддасига мувофиқ, даромадлари миқдори 5 млрд сўмдан ошадиган солиқ тўловчиларга 2020 йил I чораги учун фойда солиғи бўйича бир йўла тўловлар солиқ органлари томонидан ҳисоблаб чиқарилган.

Президентнинг 2020 йил 3 апрелдаги ПФ-5978-сон Фармони 15-бандига мувофиқ, 2020 йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб фойда солиғини аввалги чорак якунлари асосида ҳисоблаш тартиби бекор қилинди.

Энди солиқ тўловчилар кутилаётган ҳажмлардан келиб чиқиб фойда солиғи бўйича аванс тўловлар суммаси тўғрисида маълумотнома тақдим этиш ҳуқуқига эга.

2020 йилнинг II чорагида фойда солиғи бўйича бир йўла тўлов корхонангиз тақдим этган маълумотнома асосида ҳисобланади.

Шуни қайд этиш лозимки, мазкур ҳуқуқни суиистеъмол қилиш ҳолатлари аниқланганда солиқ органлари корхона тақдим этган маълумотномага ўзгартиришлар киритади.

Гулруҳ НИЁЗМЕТОВА, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Давлат меҳнат инспекциясининг инспектори:

Кеча раҳбарим қўнғироқ қилиб, сўнгги ҳафта мобайнида масофадан туриб ишлаганим  туфайли шу ҳафта учун иш ҳақининг ярми тўланишини маълум қилди. Масофадан туриб ишлаганлик учун иш ҳақининг атиги ярми тўланадими?

– Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомнинг 22-бандида айтилишича, масофадан туриб ишлаётган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

  • соатбай меҳнатга ҳақ тўлаш асосида – ходим масофадан туриб ишлашга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим маоши)дан келиб чиққан ҳолда;
  • ишбай меҳнатга ҳақ тўлаш асосида.

Бинобарин, сиз билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасида белгиланган тартибда сизга тўлиқ ҳажмда иш ҳақи тўлашлари керак.

Темир йўлда ташиш тизимида ишлайман. Карантин туфайли корхонамиз вақтинча ёпилди, кадрлар бўлими раҳбари 15 кунга ҳақ тўланмайдиган таътил сўраб ариза ёзишимизни сўради. Мен шошиб ариза ёздим. Бироқ ОАВда карантин пайтидаги таътил учун шартномага мувофиқ тўлиқ ҳажмда иш ҳақи тўланиши кераклиги ҳақида гапирмоқдалар. Ушбу вазиятда қандай ҳуқуқий тартибот қўлланилади?

– Меҳнат кодексининг 150-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 176-сон қарори 2-бандига амал қилиш лозим.

Иш берувчилар идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, карантин пайтида ходимларни меҳнат таътилига чиқаришлари, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини эса максимал даражада масофадан туриб (онлайн режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чораларини кўришлари шарт.

Ходимга фақат унинг розилигига кўра иш ҳақи сақланмайдиган таътил берилиши мумкин.

Иш берувчи иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришни сўраб ариза ёзишни талаб қилишга ҳақли эмас. Бундай талаб қўйиш қонунга зид.

– Раҳбар масофадан туриб ишлашим кераклигини айтди. Мен рози бўлдим. Бироқ у масофадан туриб ишлашим учун шарт-шароит яратиб бермади, тегишли топшириқ ҳам бермади. Энди эса маош тўламайман деяпти. Шундай қилиши тўғрими? Бекор туриб қолганим учун айбдор эмасман-ку.

– Меҳнат кодексининг 159-моддасига мувофиқ, масофадан туриб ишлаганда иш берувчи ходим учун шарт-шароит яратмаса ва топшириқ бермаса, ходим ўз айбисиз бекор туриб қолган деб ҳисобланиб, унинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Январь ойида меҳнат таътилимдан фойдаланиб бўлганман. Директор менга яна меҳнат таътили бера оладими ёки ҳақ тўланмайдиган таътил олишим керак бўладими?

– Мактабгача ёки мактаб ёшидаги болаларингиз бўлса, иш берувчига қуйидаги мазмундаги ариза билан ёзма равишда мурожаат қилишингиз мумкин:

  • иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш ҳақида;
  • масофадан туриб ёки мослашувчан иш графигида ишлашга ёхуд вақтинча уйда ишлашга ўтказиш ҳақида.

Иш берувчи ходимга аризада кўрсатилган санадан бошлаб шу давр учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши шарт. Ушбу меҳнат таътили қанча давом этишидан қатъи назар, ходимнинг иш стажига қўшилади.