Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Диққат! Ҳомийлар учун камерал хатарлар
Карантин шароитларида тадбиркорлар муҳтожларга фаол ҳомийлик ёрдами кўрсатишмоқда. Ҳомийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентнинг 2020 йил 27 апрелдаги ПФ-5986-сон Фармони билан имтиёзлар тақдим этилган. Бунда бухгалтерларда савол туғилади: оқибатда камерал назорат чоғида муаммо бўлмаслиги учун бундай харажатлар қандай ҳисобга олинади ва ҳисобот топширилади. Buxgalter.uz портали тушунтиради:
- Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 1 октябрга қадар "Маҳалла", "Саховат ва кўмак", "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" фондларига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз бериладиган:
- пул маблағлари ва товарлар (хизматлар)га - фойда солиғини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади;
- товарлар (хизматлар) - ҚҚСдан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солиш объектига киритилмайди.
Шунингдек белгиланишича, "Маҳалла", "Саховат ва кўмак", "Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик" фондларидан, шунингдек юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган беғараз ёрдам (пул маблағлари, товарлар ва хизматлар)га, агар ёрдам олувчи шахслар ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган жисмоний шахслар рўйхатига киритилган бўлса, жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди.
ДСҚнинг солиқ солиш бўйича маслаҳатлар бошқармаси бош давлат солиқ инспектори Жаҳонгир ҚАМБАРОВ buxgalter.uz мухбири билан телефон орқали сўзлашувда таъкидлаб ўтганидек, “ҳомийлик фаолияти далили камерал текширув ўтказиш учун асос ҳисобланмайди. Камерал текширув учун номзодлар – бу, биринчи навбатда, олдинги солиқ даврига нисбатан солиқ бўйича ҳисоблашлари кескин камайиб кетган корхоналардир”.
Тадбиркор солиқ ҳисоботларида кўрсатадиган барча ҳомийлик фаолияти тўғрисидаги ахборот камерал назорат чоғида текширилади. Ва у солиқ органлари бошқа манбалардан оладиган маълумотларга тўғри келиши керак. Хусусан, бундай ахборотни фондлар тақдим этади.
Жисмоний шахсларга кўрсатилган ёрдамга нисбатан, ДСҚнинг расмий сайтида жойлаштирилган ахборотга асосан, ҳомийлар имтиёзни фақат saxovat.argos.uz тизимида улар тўғрисидаги ахборот мавжуд бўлган жисмоний шахсларга нисбатан қўллашлари мумкин. Ҳомийлар ва ёрдам олувчилар тўғрисидаги ахборот saxovat.argos.uz га ҳар куни ҳомийлик фаолиятини мувофиқлаштиришга жалб қилинган секторлар котибиятлари томонидан киритилади.
Нима учун тафовут бўлиши мумкин
Сизнинг ҳисоботингиздаги маълумотлар ва бошқа манбалардан олинган ахборотдаги тафовут учун сабаблар талай бўлиши мумкин. Ва улардан бири – маълумотлардаги хатолар.
Агар мазкур хато ҳомийлик ёрдамини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектига тегишли бўлса, у аниқлаштирилган ҳисобот топшириш ҳуқуқига эга. Хато ҳомийлик фондларининг маълумотларига ёки saxovat.argos.uz тизимига кириб қолган бўлса, мураккаброқ кечади. Бу ҳолда ҳомийлик кўрсатаётган ташкилот бухгалтери ўз маълумотлари ҳаққонийлигини ҳужжатлар билан тасдиқлаши лозим бўлади.
Ҳозирча нима тушунарсиз?
Вазият ДСҚ томонидан тушунтирилишини тақозо этади. Бундай тушунтириш бухгалтерларда юзага келаётган саволларга жавоб берган ва ҳомийлик бўйича имтиёзлар қўлланилишининг бир хил амалиётига кўмаклашган бўлар эди.
Қуйидаги саволларга ойдинлик киритиш зарур:
1. Имтиёз барча ҳомийларга эмас, балки фақат муайян доирадагиларга тақдим этилиши келиб чиқадиган 27 апрелдаги ПФ-5986-сон Фармонга мувофиқ кимлар имтиёз олиш ҳуқуқига эга?
Масалан, амалиётда одамлар кўпинча “Маҳалла” ҳайрия фонди” билан “маҳалла қўмитаси”ни чалкаштиришади. Бу айнан бир нарса эмас. Имтиёзлар фақат фондга ёрдам бераётганларга берилади.
2. Ҳомий ташкилот бухгалтерида назорат қилувчи органларда савол туғдирмайдиган кўрсатилган ёрдам ҳажмлари тўғрисидаги ҳужжат қўлида бўлиши учун ёрдам тариқасида бериладиган товарлар, айниқса – бепул кўрсатилган хизматларни қандай тўғри расмийлаштириш лозим?
Бунда жисмоний шахсларга кўрсатиладиган ёрдамни расмийлаштиришга айниқса эътибор бериш керак. Ҳомий ёрдам олувчидан қандай ҳужжатларни талаб қилиб олиши мумкинлигини, асосийси эса – агар, масалан, олувчи ётиб қолган бемор бўлса, у қандай ва ким орқали олиши мумкинлигини алоҳида ёзиш зарур.
Ким ёрдамга муҳтож ва ушбу ёрдамнинг ўзини топширишни тўғри расмийлаштиришга йўналиш олишига ёрдам беришлари учун тадбиркор кимга ва қандай мурожаат қилиши керак.
3. Ҳомийлик харажатлари солиқ ҳисоботида қандай акс эттирилади? Ҳомийлик ёрдами олувчи жисмоний шахснинг СТИРисиз ЖШДС бўйича солиқ ҳисоботи шаклини тўлдира олмайди.
Умид қиламизки, Давлат солиқ қўмитаси яқин вақтда бундай тушунтиришларни тақдим этади ва ҳомий корхоналарда кейинчалик камерал текшируви билан ортиқча муаммолар юзага келмайди.
Олег ГАЕВОЙ