Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Мулкдор-директор билан меҳнат шартномаси тузиш керакми?
“МЧЖда – ягона таъсисчи, унинг ўзи – директор. У билан билан меҳнат шартномаси тузиш керакми? У ким билан шартнома тузади – ўзи биланми?”.
Саволга меҳнат ҳуқуқи бўйича «Норма» эксперти Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди:
- Директор ташкилотнинг ягона таъсисчиси бўлган тақдирда у билан меҳнат шартномаси тузиш зарурати (имконияти) тўғрисидаги масала бўйича анчадан буён мунозара олиб борилмоқда.
Агар МКнинг 82-моддасига мурожаат қилинса, ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун асос эса – ходим билан тузилган меҳнат шартномаси.
Корхона раҳбарини ишга қабул қилиш -корхона мулки эгасининг ҳуқуқи. Ва ушбу ҳуқуқини у бевосита, шунингдек ўзи вакил қилган органлар орқали ёки корхонани бошқариш ҳуқуқи берилган корхона кенгаши, бошқаруви ёхуд бошқа органлар орқали амалга оширади .
Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади .
Агар раҳбар – ташкилотнинг ягона раҳбари бўлмаса, у билан меҳнат шартномаси тузиш сўзсиз ҳисобланади, меҳнат шартномасини албатта расмийлаштириш лозим. Бу МКнинг 82-моддаси ва кодекснинг бошқа моддалари маъносидан келиб чиқади. Жумладан, МКнинг 100-моддасида ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати, бошқалар қаторида, корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси билан белгиланиши кўрсатилган. МКнинг 208-моддасида эса меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган корхона раҳбари томонидан корхонага етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида айтилган.
Шу тариқа, Меҳнат кодексида раҳбар ва корхона мулкдори ўртасида тузилган меҳнат шартномаси тўғрисида бир неча марта зикр қилинган.
Шунингдек, "Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида"ги Қонуннинг 39-моддасида ҳам жамиятнинг яккабошчилик асосидаги ижро этувчи органи вазифасини амалга оширувчи шахс билан меҳнат шартномаси тузиш зарурати тўғрисида айтилади.
Инсон – бир нафар, шахслар эса – иккита!
Раҳбар (директор) ва ягона таъсисчи – айнан битта шахс бўлса, меҳнат шартномаси тузиш зарурми? Агар инсон ўзи билан ўзи меҳнат шартномаси тузса, бироз ғалати эшитилади. Бироқ, бу қанчалик беъмани кўринмасин, биз барибир буни бажаришни маслаҳат берамиз. Мана нима учун:
1. Айтганларидек, “нур устига нур”. Шу боис, агар меҳнат шартномаси бўлса, яхшироқ бўлади. Меҳнат кодекси директор-ягона таъсисчи билан меҳнат шартномаси тузишга тақиқни ўз ичига олмаган.
2. Бу фақат бир қарашда айнан битта шахс иштирокида меҳнат шартномаси тузилаётгандек туюлади. Бироқ юридик нуқтаи назардан аслида шахслар – иккита: жисмоний шахс (директор) ва юридик шахс (ташкилот).
Юридик шахс ўзининг ҳуқуққа эга бўлиш қобилиятига эга ва ҳуқуқий муносабатларда таъсисчилар номидан эмас, балки ўз номидан ҳаракат қилади. Иш берувчи мазкур ҳолда – жисмоний шахс сифатида директор ҳам, таъсисчи ҳам эмас,балки ташкилотдир.
3. Ягона таъсисчи томонидан ўзи билан ўзи меҳнат шартномаси тузилганлиги учун жавобгарлик мавжуд эмас.
4. Агар баён қилинаётган вазиятда меҳнат шартномаси тузилмаса, давлат меҳнат инспекцияси буни маъмурий ҳуқуқбузарлик деб ҳисоблаши ва меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши учун жавобгарликка тортиши мумкин .
Агар шартнома бўлмаса
Агарда барибир МЧЖнинг ягона таъсисчиси ва директори битта шахс тимсолида меҳнат шартномаси тузмаган бўлса? Демак, у – директор эмас ва у имзолаган ҳужжатлар ҳақиқий эмасми?
Йўқ, ундай эмас. У билан меҳнат шартномаси тузилган ёки тузилмаганлигидан қатъи назар у ҳар қандай ҳолатда ҳам раҳбар ҳисобланади ва ташкилот ташкил этилган пайтдан эътиборан унга раҳбарлик қилади. МКнинг 82-моддаси 6-қисмига асосан эса ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади. Яъни ташкилот раҳбарлигига ҳақиқатда киришган пайтдан эътиборан ягона таъсисчи директор сифатида ўз ваколатларига эга бўлади.
Шунингдек таъкидлаб ўтамизки, МЧЖ ўз фаолиятини раҳбарсиз амалга ошира олмайди, сабаби давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида ягона таъсисчи ваколатли органга ташкилот раҳбари ким бўлишини маълум қилади. Ахир рўйхатдан ўтказувчи органлар шахс рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига, бошқалар қаторида, раҳбар (раҳбар вазифаларини бажарувчи шахс) тўғрисидаги маълумотларни беришлари шарт .
Корхона раҳбари билан меҳнат шартномасини қандай тузиш тўғрисида бу ерда батафсил ўқинг”.