Ноябрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Қандай қилиб 2021 йилда кўпроқ кун дам олиш мумкин
2021 йил 2 январь ва 4 сентябрь дам олиш кунлари деб эълон қилинган . 2021 йил учун таътил ҳисоб-китобида 6-кунлик иш ҳафтасида уларни чиқариб ташлаш зарурми?
Buxgalter.uz илтимосига биноан саволга “Норма”нинг кадрлар масалалари бўйича эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:
- Қонунчилик “ишланмайдиган кунлар” ва “қўшимча дам олиш кунлари” тушунчаларини аниқ ажратади . Жумладан:
- 2 январь, 20 март ва 4 сентябрь (шанба кунлари), шунингдек 22 март (душанба) – иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ташкилотлар учун ишланмайдиган кунлар этиб белгиланди;
- 2 ва 3 сентябрь (пайшанба ва жума) – бу барча учун қўшимча дам олиш кунлари. Айнан ушбу икки кун бюджет ташкилотларида ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлигини қисқартириш ҳисобига қопланади.
Шу боис таътил кунлари ҳисоб-китобига фақат қўшимча дам олиш кунлари – 2 ва 3 сентябрь киритилмайди, 2021 йил учун барча тоифалар учун белгиланган умумий ишланмайдиган кунлар эса унга киритилиши керак .
“Таътил пули” миқдорини аниқлашда унга қўшимча ишланмайдиган кунларни (фақат 2020 йил 2 ва 3 сентябрь кунлари) қўшган ҳолда ҳар йиллик меҳнат таътилининг ҳақиқий давомийлигини ҳисобга олинг.
Ҳар йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги қисқартириш ҳисобга олинган ҳолда 15 иш кунидан кам бўлмаслиги керак. Ҳисоб-китоб тартибида “олти кунлик”лар учун истисно мавжуд эмас.
Таътиллар графигини тузишда ходимларнинг розилиги билан шундай ҳисоб-китоб билан меҳнат таътиллари тақдим этингки, улар байрам дам олиш кунидан кейин бошлансин ёки байрамлар арафасида тугасин. Шу тариқа, ходимлар учун дам олиш кунларининг (таътилнинг эмас) умумий сони узаяди.
Агар таътил режалаштирилган бўлиб, бошқа, байрам дам олиш вақтига тўғриланмаган вақтда фойдаланилаётган бўлса, у 6-кунлик иш ҳафтасидан келиб чиқиб одатдаги тартибда ҳисобланади . Байрам кунлари эса ПФ-6122-сон Фармонга асосан тўлиқ ҳажмда фойдаланилади.
Хусусий ташкилотларда қўшимча дам олиш кунлари меҳнат таътилига қўшимча бошқа кунлар билан бир қаторда молиявий имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, жамоа шартномалари ёки иш берувчилар томонидан касаба уюшмаси қўмиталари билан келишиб қабул қилинадиган бошқа локал ҳужжатларда белгиланади.