Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабномани 1 ойда кўриб чиқишлари мумкин

preview

Шунингдек,  муҳофазага лаёқатлилик ахборотини излаш вақти чекланди. Бу адлия вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 1988-4, 08.10.2021 й.) билан назарда тутилган, у Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидаларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритди.

 

Белгиланишича:

1. Талабнома берувчининг хоҳишига кўра талабноманинг экспертизаси ваколатли орган  - Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги  томонидан тезкор тартибда - талабнома кўриб чиқишга қабул қилинганлиги тўғрисида қарор чиқарилган кундан эътиборан 1 ой мобайнида ўтказилади. Бу ҳақдаги илтимоснома талабнома берувчи томонидан талабнома билан бир пайтда ёки у топширилган санадан эътиборан 3 ой давомида тақдим қилиниши керак.

2.  Ифодаланган белгининг муҳофазага лаёқатлилик ахборотини излашга расмий экспертиза якунланган кундан бошлаб 10 кун ажратилади. Унинг натижалари бўйича ҳисобот тузилади, унда қуйидагилар акс эттирилади:

  • излаш ўтказилган талабнома рақами;
  • талабнома топширилган сана;
  • талабномада кўрсатилган белгининг товар ва хизматларнинг халқаро классификацияси (ТХХК) бўйича синфлари;
  • ахборотни излаш ўтказилган белгининг тасвири;
  • маълумотлар базалари, луғатлар, махсус адабиётлар рўйхати;
  • библиографик маълумотлар кўринишидаги ахборотни излашга алоқадор ҳужжатлар, муайян синфларга ҳаволалар;
  • ахборотни излаш якунланган сана.

 

Белгиланишича, оммага маълум бўлган ҳар қандай маълумотлар ахборот излашнинг ҳажмига киритилиши мумкин.

Бошқа ўзгартиш ва қўшимчалар ҳам киритилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 08.10.2021 йилдан кучга кирди.

Norma.uz материаллари асосида