Неустойка қандай тартибда сўндирилади ва ҳисобда акс эттирилади

preview

Корхона товар олган, бироқ ўз вақтида унинг учун ҳақ тўлай олмаган. Етказиб берувчи шартномага асосланиб, неустойка тўлашни талаб қилмоқда. Шартномага ҳақиқатан ҳам тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,5% миқдорида тўлов тўлаш тўғрисидаги банд киритилган бўлса, тўланган неустойка қандай ҳужжатларда кўрсатилади?

 

Икром АБДУЛҚОДИРОВ, юрист: – «Ҳаммаси тарафлар шартномада низоларни қандай тартибга солишни келишиб олганлигига боғлиқдир.

Ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилган хўжалик юритувчи субъект уларни бузган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан даъво беришга ҳақлидир . Тарафлар томонидан шартномага юзага келган низоларни тинч йўл билан ҳал этиш шарти киритилган бўлса-ю, бироқ уларни тартибга солиш таомиллари назарда тутилмаган бўлса, низони даъво тартибида ҳал этиш мажбурий ҳисобланмайди ОСПнинг .

Даъво билдирилган хўжалик юритувчи субъект:

  • даъво олинган кундан бошлаб 15 кун ичида унга жавоб қайтариши шарт;
  • даъво ихтиёрий тартибда тўлиқ ёки қисман тан олинганда талабгорга тан олинган сумма ҳисоблаб ўтказилади . Бунда тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилишга, шунингдек қонунда, қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади .

Шу тариқа, корхонанинг бухгалтерия хизматига неустойкани тўлаш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • аввалбошдан хўжалик шартномасида унинг шартлари бузилган ҳолатлар учун белгиланган неустойка миқдори;

ёки 

  • етказиб берувчининг (кредиторнинг) қарздор томонидан тан олинган неустойкани тўлаш тўғрисидаги даъво талаби.

 

Бухгалтерия ҳисоби

Татьяна ЛИМАРЕВА, «Норма» компанияси эксперти: – «Қарздор томонидан тўланган ёки тан олинган неустойка суммаси шартнома шартларини бажармаганлик учун белгиланган жарима санкциялари жумласига киради. У:

  • бошқа операцион харажатларга киритилади ;
  • чегирилмайдиган харажатлар таркибига киритилади ;
  • Фойда солиғи ҳисоб-китобига 2-илованинг 0130-сатри 3 ва 4-устунларида акс эттирилади».
Мисол
Тан олинган неустойкани қарздорнинг бухгалтерия ҳисобида акс эттириш
Корхона даъвога жавобан кредиторнинг 3 000 минг сўм миқдорида неустойка тўлаш талабини тан олди.

Бухгалтерия проводкалари қуйидагича бўлади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

Счётлар корреспонденцияси

Сумма,
минг сўм

Дебет

Кредит

Неустойка тан олинди

9430

6960

3 000

Неустойка тўланди

6960

5110

3 000