Ходим номига берилган ишончномани муддатидан олдин бекор қилиш

preview

Ташкилот ўз ходимларига ишончнома бериб, уларга ташкилот манфаатларида муайян ҳаракатларни амалга оширишга (директор йўқлигида ҳужжатларни имзолаш, судда манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳ.к.) ваколат беради. Бироқ ходим  ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги билан ўзининг инсофли эканлигига шубҳа уйғотадиган вазиятлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолда қандай қилиб ходимнинг ваколатини тўхтатиш ва ишончномани чақириб олиш мумкин? 

Саволга buxgalter.uz илтимосига биноан юрист Аслан РАЖАББЕКОВ жавоб берди:

 

– “Ишончнома берган шахс истаган вақтида ишончномани унинг муддати тугагунга қадар бекор қилишга (унинг амал қилишини тўхтатишга) ҳақли . Бунинг учун ташкилот раҳбари уни бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқаради.

Буйруқда ишончнома бекор қилинадиган кунни кўрсатинг.

Ишончнома берган шахс салбий оқибатларнинг олдини олиш учун унинг бекор бўлганлиги ҳақида учинчи шахсларни ҳам хабардор қилиши шарт .

Ишончнома берилган шахсни унинг бекор қилинганлиги ҳақида имзо қўйдириб хабардор қилиш тавсия қилинади. Агар бундай қилинмаса, ходимнинг учинчи шахсларга нисбатан қилган ҳаракатлари ишончнома берган ташкилот ва унинг ҳуқуқий ворислари учун ўз кучини сақлаб қолади. Ва унинг учун ҳуқуқ ва мажбуриятларини юзага келтиради.

Шуниси эътиборга моликки, юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга бериладиган ишончномаларни нотариал тарзда тасдиқлаш талаб этилмайди . Бироқ, агар ишончнома нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилса, у нотариал тасдиқланган бўлиши керак ”.