СКга ўзгартиришлар: хизматлар соҳаси учун ижтимоий солиқ, тураржой биноларини нотураржой биноларга ўтказиш

preview

Молия вазирлиги 26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан СКга киритилган янгиликларни тушунтиришни давом эттиради. Ушбу материалда - хизматлар соҳасидаги ташкилотлар учун ижтимоий солиқни пасайтириш ва тураржой биноларини хизматлар кўрсатиш мақсадида нотураржой биноларга ўтказишда мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкаси ҳақида:

 

Хизматлар соҳасидаги ташкилотлар учун ижтимоий солиқ 12%дан 1%гача пасайтирилади

Имтиёз 27.01.2022 йилдаги ПҚ-104-сон қарор билан белгиланган ва Солиқ кодексининг 483-моддасида кўзда тутилган.

Масалан, ташкилот ўз ходимларига ойига 20 млн сўм иш ҳақи ҳисоблайди. Аввал ижтимоий солиқ 2,4 млн сўмни (20 х 12%) ташкил этган бўлса, эндиликда ижтимоий солиқ суммаси 0,2 млн сўмни (20 х 1%) ташкил қилади.

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан 2025 йил 1 январга қадар амал қилади. Уни қуйидаги соҳаларда хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар қўллаши мумкин:

  • чакана савдо;
  • умумий овқатланиш;
  • меҳмонхона (жойлаштириш) хизматлари;
  • автотранспортда йўловчи ва юк ташиш
  • транспорт воситаларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш;
  • компьютер хизматлари;
  • маиший техникани таъмирлаш;
  • агро ва ветеринария хизматлари;
  • кўнгилочар масканларда хизматлар.

 

Имтиёзни қўллаш шартлари:

  • белгиланган фаолият турларини кўрсатишдан олинган даромадлар жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 60%ини ташкил этиши керак;
  • солиқ ҳисоботида барча ходимларни акс эттириш керак.

Ходимлар сонини яшириш ҳолатлари аниқланганда ёки жами даромадда  хизматларни кўрсатишдан олинган даромаднинг улуши 60%дан кам бўлиб қолса, имтиёз қўлланилмайди.

 

Тураржой биноларини хизматлар кўрсатиш мақсадида нотураржой биноларга ўтказишда жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкаси ўзгармайди

Жисмоний шахсларнинг биноларидан аниқ хизмат турларини кўрсатиш учун фойдаланилганда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи худди шу даражада сақланиб қолади  .

Имтиёз аниқ хизматлар турларини кўрсатиш мақсадида нотураржой бинога ўтказиладиган ва маҳаллалараро савдо-хизмат кўчалари бўйида жойлашган тураржой биноларига қўлланилади. Бундай кўчаларнинг рўйхати Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

Агар ушбу биноларда қуйидаги хизматлар турлари кўрсатилса, имтиёзни қўллаш мумкин:

  • чакана савдо;
  • умумий овқатланиш;
  • компьютер хизматлари;
  • маиший техникани таъмирлаш;
  • агро ва ветеринария хизматлари.

Тураржой бинолари ва ушбу бинолар эгаллаган участкалар учун белгиланган мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкалари 2024 йил 1 январга қадар сақланиб қолади.

Тураржой бинолари учун мол-мулк солиғи ставкаси майдони ва жойлашган жойига боғлиқ ҳолда уларнинг кадастр қийматининг 0,25 – 0,44%ини ташкил қилади. Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилаётган нотураржой бинолари бўйича жисмоний шахслар мол-мулк солиғини 1,5% ставка бўйича тўлайди. Юридик шахслар ҳам солиқни шу ставка бўйича тўлайди.

Агар тураржой биноси юқорида кўрсатилган хизматларни кўрсатиш мақсадида нотураржой бинога ўтказилган бўлса, жисмоний шахс мол-мулк солиғини тураржой бинолари учун белгиланган ставка бўйича тўлашда давом этади.

Масалан, уй-жойнинг кадастр қиймати 100 000 минг сўмни ташкил қилади. Жисмоний шахс мол-мулк солиғини 0,25% ставка бўйича тўлайди, бу 250 минг сўмни (100 000 х 0,25%) ташкил қилади. Бинодан тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилган тақдирда жисмоний шахс мол-мулк солиғини 1 500 минг сўм (100 000 х 1,5%), яъни 6 баравар кўп тўлаган бўларди.

Имтиёз жисмоний шахсга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганда мол-мулк солиғини худди шу миқдорда сақлаб қолиш имконини беради.

Ер солиғи бўйича имтиёз ҳам худди мол-мулк солиғи бўйича имтиёз каби қўлланилади.

26.07.2022 йилдаги ЎРҚ-785-сон Қонуни билан СКга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар юзасидан тушунтиришлар бериш бўйича ишлар давом эттирилади.

Молия вазирлиги

Ахборот хизмати