СКдан ташқари имтиёзлар мавжуд бўлганда мол-мулк ва ер солиқларини 1% миқдорида тўлаш

05.09.2022

СКнинг 483-моддаси ёки Президентнинг ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан мол-мулк ва ер солиқларини тўлашдан тўлиқ озод қилинган юридик шахслар – мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчилар жорий йилнинг август ойидан бошлаб ушбу солиқларни ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўлайди. 

Бироқ ҳам Солиқ кодекси, ҳам бошқа НҲҲ бўйича имтиёзларга эга бўлган ташкилотлар мавжуд. Улар ушбу солиқларни тўлашлари зарур ёки зарур эмаслигини Молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадларини прогнозлаштириш департаменти ходимлари – ресурс солиқлари ва мол-мулк солиғи методологияси бўлими бошлиғи Зарема МЕНАЛИЕВА ва бош мутахассис Муҳиддин ХОЛМУРОДОВ тушунтиришди:

 

– Саволга бериладиган жавоб солиқ тўловчи ушбу солиқлар бўйича имтиёзларни қайси қонун ҳужжати бўйича қўллашига боғлиқ.

Мисол учун, 15.09.2017 йилдаги ПҚ-3276-сон қарорга асосан, мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2025 йил 1 январгача бўлган муддатда барча солиқ турларини тўлашдан озод этилган. Бу – мақсадли имтиёз бўлиб, бўшайдиган маблағлар муайян мақсадларга йўналтирилади .

Шу билан бирга, СКга асосан:

  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича база таълим объектларининг қийматига камайтирилади ;
  • таълим объектлари эгаллаган ерлар юридик шахсларнинг солиқ солинмайдиган ер участкалари жумласига киради .

Солиқ тўловчи солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёки фойдаланмасликни  мустақил ҳал қилишга ҳақли (ҚҚСдан озод қилинадиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бундан мустасно) . Бинобарин, агар мактабгача ёки умумий ўрта таълим нодавлат ташкилоти имтиёзларни:

  • Президентнинг қарорлари бўйича қўлласа - у мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисобланган сумманинг 1%и миқдорида тўлайди ;
  • Солиқ кодекси бўйича қўлласа (СКнинг 483-моддасидан ташқари) - у мазкур солиқларни тўламайди.
Эътибор беринг
Қўлланиладиган имтиёзлар турлари солиқ солиш мақсадидаги ҳисоб сиёсатида акс эттирилади.

 

 

Экспертлар ўз нуқтаи назарларидан келиб чиққан ҳолда тушунтириш берганлар, бу Сизнинг мустақил қарор қабул қилишингиз учун асос бўлади.
Buxgalter.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг