Декабрь ойидаги бухгалтер учун фойдали ахборот:
Текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарнома олганда қандай чора кўрилади?
Солиқ тўловчилар солиқчилардан солиқлар бўйича қўшимча ҳисоблашлар ҳақида хабар берилган текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича навбатдаги хабарномаларни олдилар.
Вuxgalter.uz илтимосига кўра солиқ маслаҳатчиси Гулнора ЭРГАШЕВА вазиятга ойдинлик киритди:
– Бундай хабарномалар кўп бухгалтерларнинг норозилигига сабабчи бўлди: қандай қилиб уларда текширув ўтказмай солиқларни қўшимча ҳисобладилар?
2022 йил 1 январдан СК 138-моддасига солиқчилар камерал текширув ўтказилиши бошлангунига қадар текширувдан олдинги таҳлилни ўтказишга ҳақли эканлигини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганини эслатиб ўтмоқчиман. Уни ўтказиш қоидалари ҳам СКнинг ушбу моддасида белгиланган. Шу ўринда 2022 йил октябрь–ноябрь ойларида текширувдан олдинги таҳлил натижалари бўйича хабарномалар юборилаётганини, улар йил бошида ҳам юборилганини айтиб ўтиш жоиз.
Қандай муносабат билдириш лозим?
Тақдим этилган солиқ ҳисоботи ва солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотнинг автоматлаштирилган таҳлилини ўтказиш ҳақида сўз бормоқда. Уни солиқ органлари ахборот тизимларидан фойдаланиб, солиқ тўловчининг иштирокисиз ва солиқ органи раҳбарининг (ёки унинг ўринбосарининг) буйруғисиз ўтказадилар.
Ҳар қандай ҳолатда хабарномани олган пайтингиздан бошлаб 10 кун муддат ичида унга муносабат билдиришингиз лозим. Солиқчиларнинг хулосаларига қўшилсангиз, қўшимча ҳисобланган солиқларни тўланг. Уларга қўшилмасангиз, асосланган жавобни йўлланг.
Бухгалтерлар қўйилаётган талаблар юзасидан ёрдам беришни сўраб менга мурожаат қилдилар. Шахсий кузатувимга асосланган ҳолда бир нечта маслаҳат бермоқчиман. Юзага келган вазиятда улар ёрдам беради деб умид қиламан.
Биринчидан, йил бошида олган хабарномани кўтаринг.
Ундаги айрим эътирозлар янгисида қайта кўрсатилган. Бухгалтерлар нима учун солиқчилар худди шу масала юзасидан яна уларга мурожаат қилаётганликларидан норози бўладилар. Аслида унга йил бошида жавоб берганларида солиқчилар тақдим этилган далилларга қарши бўлмаган эдилар.
Асосийси – хотиржам муносабатда бўлиш! Муаммо янги «автокамерал» дастури билан боғлиқ бўлса керак, солиқчилар йил бошида олинган тажрибага асосланиб уни такомиллаштиришда давом этмоқдалар. Бунга эса вақт керак...
Бундай талабга жавобан февраль ойида ёзганларингизни қайтаришингиз мумкин. Бунда уни сўзма-сўз кўчириб ёзишни маслаҳат бермайман. Жавоб устида яна бир бор ўйлаб кўринг, балки позициянгиз ўзгарар.
Иккинчидан, янги талабларни олган бўлсангиз… Одатда, қуйидаги ҳолларда шундай бўлади:
- ҳисоб-китобларни қайта топширган ва солиқларни қўшимча тўлаган бўлсангиз;
- сизга нисбатан талаблар қўйилган, бироқ солиқчилар билан мулоқот натижасида улар қайта кўриб чиқилган бўлса;
- қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритилган;
- ташкилот молиявий ҳисоботни ҳар чоракда топширса.
2021 йилда айланмадан олинадиган солиқни тўлаган, сўнг ҚҚС ва фойда солиғига ўтган тадбиркор яқинда менга мурожаат қилганини мисол сифатида келтирмоқчиман. Ўтиш пайтида юзага келган вазият натижасида пеня тўлашга тўғри келди. У октябрь ойида олган талабномада Фойда солиғи ҳисоб-китобида 4 млн сўм кўпроқ пеняни акс эттириши керак бўлгани қайд этилган. Ҳозир шахсий ҳисобварақлар карточкаларини кўтариб, ҳисоб-китобларни қайта текшираяпмиз.
Қонун ҳужжатларидаги ўзгартиришлар туфайли жуда кўп низоли вазиятлар юзага келмоқда. Мисол учун, 2022 йил 1 январдан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш тартибига бир қатор янгиликлар киритилгач, уни ҳисоблаб чиқариш учун зарур ҳисоб бухгалтерия ҳисобидан янада кўпроқ фарқлана бошлади. Бу солиқ тўловчиларда ҳам, солиқчиларда ҳам кўп қийинчиликлар туғдирмоқда.
Ушбу ҳолатларнинг барчасида вазиятни батафсил ўрганиш, шундан кейингина солиқ органлари талабига қўшилиш ёки қўшилмаслик ҳақида қарор қабул қилиш лозим.
Учинчидан, «кўр-кўрона» жавоб берманг.
Февраль ойида солиқ тўловчилар ДСҚ сайтида формулани кўра олганлар, унинг натижаларига кўра уларда хато аниқланган ва солиқлар қўшимча ҳисобланган. Бу сафар нимагадир ушбу формулаларни ҳамма кўра олмаяпти. Солиқчилар уларнинг сайтда кўринмаётганлигини техник ишлар ўтказилаётгани билан изоҳламоқдалар. Бироқ, уларсиз ким ҳақли эканини англаш мушкул.
Аслида формулани олиш мумкин. Бунинг учун инспекциянгиз хабарномасида кўрсатилган телефонлар орқали инспектор билан боғланинг.
Формуласиз ўз позициянгизнинг аниқ асосини тайёрлай олмайсиз. Формуладаги нуқсонларни кўрсатиб, хулосаларингизни қонун нормалари билан асосласангиз, одатда, солиқчилар позициянгизга қўшиладилар ва талабни қайта кўриб чиқадилар. Кўпинча бу масала солиқ тўловчининг фойдасига ҳал қилинади.
Солиқчиларга шундай истак билдирмоқчиман:
1. Солиқ тўловчига битта талабни такроран юбориш ҳолатларига йўл қўймасликка ҳаракат қилишингиз керак. Ахир ўтган сафар асосланган жавобни олиб, унга рози бўлдингиз. Шундай ҳолат юз берган бўлса, дастурни, формулаларни такомиллаштиришингиз зарур.
2. Кўпинча кам миқдордаги – 10 сўм ёки 100 сўм атрофидаги қўшимча ҳисоблаш ҳолатларига дуч келиш мумкин, одатда бу маълумотларни яхлитлаш натижаси бўлади.
Барча ҳолатлар учун солиқ маъмуриятчилигида яхлитлаш қоидаларини бирхиллаштириш, воз кечса бўладиган миқдорларни белгилаш зарур. Яъни, масалан, 1–10 сўмлик тафовутни қонунбузарлик деб ҳисобламаслик керак.
3. Солиқ тўловчи тўғрисидаги, унинг бизнес-жараёнлари спецификаси тақозо этган маълумотлар шаклланиши учун дастурнинг мустақил ривожланишини таъминланг. Бу илгари асосланган жавоби олинган савол билан яна унга мурожаат қилмаслик имконини беради.
Мисол учун, тадбиркор иккита онлайн-НКМга эга, у фақат биттасида ишлайди, иккинчиси захирада бўлиб, зарурат юзага келмагунча қўлланилмайди. Зеро бу нормал вазият, онлайн-НКМ сонига оид ҳеч қандай чеклов йўқ.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.