Хорижлик юқори малакали шифокор даромадларига қандай солиқ солинади

preview

Тиббиёт клиникаси юқори малакали мутахассислар – шифокорлар ва бошқарув ходимларини ишга таклиф қилмоқда. Ушбу хорижлик ходимлар тиббиёт университетида дарс ҳам бермоқчилар. Хорижлик тиббиёт муассасалари ходимлари учун қандай имтиёзлар назарда тутилган? Ушбу имтиёзлар ўриндошларга нисбатан татбиқ этиладими? Клиника меҳнат шартномалари доирасида хорижлик мутахассислар учун квартираларнинг ижара ҳақини тўлайди. Бундай даромадларга қандай солиқ солинади?».

Ушбу саволларга buxgalter.uz илтимосига кўра «Profi Training» бизнес-тренери Юлия ПАКИДИШЕВА (ACCA DipIFR, CAP) жавоб берди:

 

Тузилган меҳнат шартномалари доирасида даромадлар бўйича ЖШДС

– Ўзбекистонда меҳнат шартномалари бўйича ишловчи хорижий мутахассислар, тиббиёт муассасалари ходимлари учун ПҚ-2863-сон – «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Унда, хусусан, қуйидагилар белгиланган:

  • хусусий тиббиёт муассасаларида ишлаш учун жалб этиладиган хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассислар тузилган меҳнат шартномалари доирасида олинадиган даромадлар бўйича ЖШДСни тўлашдан озод этилади;
  • хорижлик шифокорлар ва замонавий тиббиёт асбоб-ускуналарига хизмат кўрсатадиган техник мутахассисларга тузилган меҳнат шартномалари доирасида тўланадиган даромадлар ягона ижтимоий тўловдан (2020 йилдан – ижтимоий солиқдан) озод этилади;
  • хусусий тиббиёт муассасаларининг хорижлик ходимлари бошқарув персонали сифатидаги фаолиятидан оладиган даромадлари ЖШДСдан озод этилади.

Ушбу НҲҲга асосан хорижлик ходимлар – шифокорлар, техник мутахассислар ва бошқарув таркиби меҳнат шартномалари бўйича даромадлар қисмида ЖШДСдан озод этилган, ушбу ходимлар ишлайдиган тиббиёт муассасалари эса ижтимоий солиқни тўлашдан озод этилади.

Ушбу имтиёз – муддатсиз, ПҚ-2863-сон қарорда унинг тугаш муддати кўрсатилмаган. Шу сабабли юридик шахс – солиқ агенти бошқа НҲҲ билан расман бекор қилингунга қадар ундан фойдаланиши мумкин.

 

Уй-жой ижараси бўйича солиқлар

Корхона ходимларнинг квартиралари ижара ҳақини тўласа, ижара ҳақи суммалари жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадларига киради . Иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ижара бўйича мажбуриятини қайд этишига қарамай, ушбу даромадларга меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар сифатида қаралмайди ва ПҚ-2863-сон қарор бўйича имтиёз уларга нисбатан татбиқ этилмайди. Тиббиёт клиникаси – иш берувчи моддий наф тарзидаги даромадлардан ижтимоий солиқни ҳисобламайди  .

Клиниканинг хорижлик ходимлари юқори малакали мутахассислар деб ҳисобланса, моддий наф тарзидаги даромадларга нисбатан ЖШДСнинг пасайтирилган ставкасини – 6% қўллаш мумкин . Имтиёз 2023 йил 1 январгача амал қилади .

 

Тиббий олий таълим муассасаларида ўриндошлик бўйича дарс берувчи шифокорларга солиқ солиш

Хорижлик ўқитувчилар учун ПҚ-2909-сон – «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинган. Унда қуйидагилар белгиланган:

  • олий таълим муассасалари, тармоқ марказлари ўқув жараёнига жалб қилинадиган хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари ЖШДС тўлашдан озод этилади;
  • олий таълим муассасалари, тармоқ марказлари ўқув жараёнига жалб қилинадиган хорижий олим, ўқитувчи ва мутахассислар тузилган меҳнат шартномаси доирасида олинадиган даромадлари ягона ижтимоий тўловлардан (2020 йилдан – ижтимоий солиқдан) озод этилади.

Меҳнат муносабатлари Меҳнат кодекси ва 20.10.2020 йилдаги ЎРҚ 642-сон Қонун билан тартибга солинади.

2021 йил 1 январдан бошлаб 24.08.2020 йилдаги ПФ-6044-сон Фармонга асосан хорижий ишчи кучини жалб этиш учун рухсатнома олиш бекор қилинган. Шу сабабли иш берувчи хорижий ходим учун фақат Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиши керак. Уни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги беради.

Юқори малакали ва малакали мутахассислар ишга жойлашишда имтиёзлар олдилар . Улар юқорида тилга олинган тасдиқномасиз ўриндошлик асосида ишлашлари мумкин .

Бозорда талабгир бўлган хорижлик мутахассис қуйидагиларга эга бўлса, олий таълим муассасасида ўриндошлик асосида ишга жойлашиши мумкин:

  • асосий ишидан бўш вақт;
  • талабаларни ўқитиш истаги;
  • талаб этиладиган малака.

Иш берувчи ўриндошларни ишга олаётганда 18.10.2012 йилдаги 297-сон Низомга амал қилиши керак. Хусусан, хорижлик ходим иш берувчига қуйидагиларни тақдим этиши керак:

  • паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат;
  • Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича асосий иш жойидан маълумотнома.

Шунингдек махсус билимларни талаб қилувчи ўриндошлик асосидаги ишга қабул қилиш чоғида иш берувчи ходимдан диплом ёхуд маълумоти ёки профессионал тайёргарлиги ҳақида бошқа ҳужжатни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли.

Кўриб чиқилаётган мисолда хорижлик ходимнинг меҳнатга ҳақ тўлашдан даромадлари асосий жойи бўйича ҳам, ўриндошлик бўйича ҳам солиқ солиш объекти деб ҳисобланмайди. Иш берувчи корхона ҳам унинг даромадларидан ижтимоий солиқ тўламайди (бошқарувчи сифатида жалб этилган хорижий шахсдан ташқари).

 

Муаллиф фикри: ҳатто тиббий олий таълим муассасаси хусусий бўлса ҳам, яъни ПҚ-2863-сон қарорга ўхшаб, тиббий хизматларни ривожлантириш мақсадини кўзлагани учун юқорида тилга олинган имтиёзлар (20.04.2017 йилдаги ПҚ-2909-сон қарорнинг 1-б. ва 4-б. ҳисобга олган ҳолда) қўлланиши керак деб ўйлайман. Бунда хусусий тиббий олий таълим муассасаси Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилган бўлиши керак .

Эслатиб ўтамиз
Хорижий фуқароларнинг Ўзбекистонда олинган ва ЖШДСдан озод этилган даромадларидан ШЖБПҲ ихтиёрий асосда – ходимнинг хоҳишига кўра ушлаб қолинади .