ДМ билан боғлиқ бўлмаган норезидентларга даромадлар тўласангиз, ўқиб чиқинг:
2023 йилда фойда солиғини қандай тўлаймиз
2023 йил анъанавий тарзда Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш билан бошланди. Уларни тезроқ тушуниб олиш учун “Норма” экспертларининг йўл-йўриқларидан фойдаланинг. Ушбу материалда – фойда солиғи бўйича сақлаб қолинадиган ва янги қоидалар:
Нима сақлаб қолинади:
Қуйидагилар сақлаб қолинади:
- солиқ ставкалари;
- солиқни ҳисоб-китоб қилиш ва тўлаш тартиби;
- солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатлари.
Ноль даражали ставка тўғрисида
1. 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган фойдага, экспортдан олинган даромаднинг жами даромаддаги улушидан қатъи назар, ноль даражали ставка бўйича солиқ солинади. Энди ушбу норма СКга киритилди.
2. 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб доимий муассасалар орқали фаолиятни амалга оширувчи Ўзбекистон норезидентларига хизматлар кўрсатишдан олинган фойда бўйича ноль даражали ставка қўлланилмайди.
Ставкани 50%га пасайтириш ҳуқуқи пайдо бўлади
Қуйидаги тўловчилар учун солиқ ставкасини 50%га пасайтириш ҳуқуқи берилади:
- 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин биринчи марта фойда солиғини тўлашга ўтган айланмадан олинадиган солиқ тўловчиларга - солиқ тўловчи солиқ тўлашга ўтган йилдан кейинги битта солиқ даври давомида. Бунда шарт мавжуд: пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган солиқ даврида солиқ тўловчининг жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган бўлиши керак. Солиқ тўловчиларниг мазкур тоифаси солиқ базасини соддалаштирилган тартибда жами даромаднинг 25%и миқдорида белгилашга ҳақли.
Мисол. 2022 йилнинг 1 октябрида (яъни 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин) фойда солиғини тўлашга ўтган солиқ тўловчи, башарти 2023 йилда унинг жами даромади 10 млрд сўмдан ошмаган тақдирда, солиқ тўловчи 2023 йил (1 йил) давомида фойда солиғини 7,5 фоиз ставкаси бўйича тўлашга ҳақли бўлади.
- 2022 йилнинг 1 сентябридан кейин жорий солиқ даври давомида жами даромади биринчи марта 10 млрд сўмдан ошган солиқ тўловчиларга - 2 йил (жорий солиқ даври ва кейинги солиқ даври) давомида. Бунда ҳам шарт мавжуд: пасайтирилган солиқ ставкаси қўлланадиган ушбу 2 йилда жами даромад 100 млрд сўмдан ошмаган бўлиш керак.
Мисол. 2023 йилнинг 9 ойи якунларига кўра солиқ тўловчининг жами даромади биринчи марта 10 млрд сўмдан ошди. Солиқ тўловчининг 2023 ёки 2024 йилдаги жами даромади 100 млрд сўмдан ошмаса, у 2023 йил учун 7,5% миқдоридаги ставкани қўллаган ҳолда фойда солиғини тўлайди ва 2024 йилда пасайтирилган ставкани (7,5%) қўллайди.
Бунда пасайтирилган ставка:
- ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни;
- акциз солиғини тўловчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.
Пасайтирилган ставка:
- солиқ тўловчи тугатилган;
- пасайтирилган солиқ ставкасини қўллаш учун солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олган даромадларини икки ва ундан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ўртасида тақсимлаш (бўлиш) далиллари аниқланган тақдирда қўлланилмайди.
Тоғ жинсларини олиб ташлаш ишлари алоҳида амортизация активлари гуруҳига ўтказилди
Фойдали қазилмалар кавлаб олинадиган конларда тоғ жинсларини олиб ташлаш ишлари истиқболни кўзлаб амалга оширилишини инобатга олган ҳолда, улар алоҳида амортизация активлари гуруҳига ўтказилди.
Ушбу харажатлар мазкур амортизацияланадиган актив бўйича амортизация нормасини, бироқ бир йилда жамғарилган харажатлар суммасининг 33%идан ортиқ бўлмаган миқдорда, қўллаш орқали жами даромаддан амортизация ажратмалари кўринишида чегирилади.
Доимий муассасалар дивидендлар бўйича қандай пасайтирилган ставкани қўллайдилар
2022 йилдан бошлаб фаолиятни ДМ орқали амалга оширувчи норезидент тасарруфида солиқ тўланганидан кейин қоладиган соф фойда дивидендларга тенглаштирилган ва унга 10% миқдоридаги солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади.
Фаолиятни ДМ орқали амалга оширувчи норезидент дивидендлар кўринишидаги даромадлар бўйича Ўзбекистоннинг халқаро шартномасига асосан пасайтирилган солиқ ставкасини қўллашга ҳақли.
СКга аниқлаштириш киритилди: агар халқаро шартномада бир нечта пасайтирилган солиқ ставкаси назарда тутилган бўлса, уларнинг энг паст бўлгани қўлланилади.
Монтаж қилиш ва ишга тушириш-созлаш ишлари бўйича даромадни аниқлашнинг янги тартиби
Асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун импорт контрактида норезидентнинг монтаж қилиш ва (ёки) ишга тушириш-созлаш хизматлари ва бошқа шунга ўхшаш хизматларни кўрсатиши назарда тутилиши мумкин. Агар уларнинг қиймати алоҳида кўрсатилмаса, у ҳолда норезидентнинг солиқ солинадиган даромади бундай хизматларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб аниқланади. Илгари асбоб-ускуналар қийматининг 20%и миқдорида аниқланган.
Бўнак маълумотномасини топшириш муддати ўзгарди
2023 йилнинг 1 январидан бошлаб у жорий чоракда олиниши кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб кейинги чоракдаги биринчи ойнинг 15-санасидан кечиктирмай белгиланди (илгари 10-санасигача).
Масалан, I чорак учун бўнак тўловлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этишнинг охирги куни – I чоракда олиниши кутилаётган фойда суммасидан келиб чиқиб 2023 йилнинг 16 январи саналади (15 январь - дам олиш куни).